
Президент Қурманбек Бакиев Қирғизистон ҳукумати пойтахт Бишкек яқинидаги Америка ҳарбий базасини ёпиш қарорини олганини эълон қилди.
Қирғизистон раҳбари бу ҳақда Москвада Россия Президенти Дмитрий Медведев билан бўлган учрашуви ортидан айтди.
Икки давлат раҳбарлари учрашуви чоғида Россия Қирғизистонга икки миллиард доллардан кўпроқ қарз ва бошқа молиявий ёрдамларни ажратишга ваъда қилган.
Президент Бакиев Америка ҳарбий базасини ёпиш ҳақидаги ҳукумати қарорини қуйидагича изоҳлади: «Биз америкалик ҳамкорларимиз билан Қирғизистонга иқтисодий тўловлар мавзусини бир неча бор муҳокама қилганмиз. Лекин Қўшма Штатлар тарафидан тушуниш билан ёндашув бўлмади».
Айни пайтда Қўшма Штатлар расмийларига кўра, Қирғизистон ҳукумати ўз қарори борасида Америка томонини ҳозирга қадар расман огоҳлантирмаган.
Улар «Манас» ҳарбий базаси юзасидан музокараларнинг давом этишига умид билдирганлар.
Американинг Марказий Осиёдаги ягона ҳарбий базаси ҳисобланган «Манас» Афғонистондаги Америка ва НАТО қўшинларининг асосий таъминот нуқтаси сифатида кўрилади.
Москвадаги Би-би-си мухбирининг айтишича, Қирғизистон қарори Американинг Афғонистондаги амалиётлари учун қаттиқ зарба ва Россия учун муҳим дипломатик ғалабадир.



