Моҳинбону
Мустақил журналист
Мен туғилиб катта бўлган жой – туман марказидан 5-6 километр олисдаги Жийдали қишлоғида “Браганза тоға” оиласи билан яшайди. Бу қишлоқда охирги йилларда Ўзбекистон телеканалларининг “Интеллектуал ринг”, “Заковат” деб ном берилган билағонлар телеўйинлари машҳур, бунга “Браганза” тоғанинг оиласи ҳам
сабабчи десак бўлади.
Бошида нима учун Жийдалида Абдужалил акани “Браганза тоға”га айлангани ҳақида айтиб берсам.
Мен Абдужалил акани “Ажойиб хаёлпараст” филмидаги Бахтиёр Ихтиёров ролини ўйнаган бош қаҳрамонга ўхшатаман.
Бугун унинг ёши элликдан ошган, шу пайтгача у бошини тутган касб қолмади, ҳисоб. Ёшлик йиллари газеталарнинг жамоатчи мухбири ҳам бўлди, сураткашлик билан ҳам пул топишга уринди, бир неча ихтиролар қилганини “исботлаб”, Тошкентдаги ҳар хил идораларга ихтиролари мазмунини ёзиб юбориб, бир неча йилни ўша ихтироларига муаллифлик тасдиғини бесамар кутиш билан ҳам ўтқазди. Ўзбекистон раҳбариятининг тадбиркорликка тўла йўл очиши ҳақидаги ваъдаларига ишониб, ўзини бизнесменликка ҳам урди. 4-5 йил давомида бир неча марта қарзларга ботишга ҳам улгурди. Бугун эса фарзандлари билан томорқасида картошка-сабзи экиб, бозорга олиб чиқиб сотиш билан рўзғор тебратиш даромад топишнинг ишончли, беминнат йўли деган тўхтамга келган..
Жийдаликлар картошка ёки сабзи пишган пайтларда келишиб оладилар – автомобил ёки трактори бор кишининг уйига ҳамқишлоқлари картошка ёки пиёз тўлдирилган қопларини олиб келиб қолдиришади, бу қоплардан бозорда улгуржи “қутулиб келган” “ГАЗ-53” ёки “тележка” эгаси эгаларига пулларини тарқатиб чиқади.
4-5 қоп сабзини Абдужалил ака ҳамқишлоғиникига олиб борса, уйда фақат ёш болалар бор экан. Қопларни қолдиришга қолдирган Абдужалил ака – ўзининг феъли-атвори билан қишлоққа яхши танилган Абдужалил ака-да, қопларнинг кимники эканлигини айтмасдан ҳам кетворган. Ота-онаси уйда йўқлигидан эртага бозорга олиб чиқилиши зарур сабзи қоплари эгаларининг рўйхатини ёзиб ўтирган ўсмир бола эса Абдужалил аканинг ўғли Бобур билан бирга ўқийди, синфдошини “Бобби” деб аташга ўрганган.
Бир кун илгари эса телевизорда Ҳиндистоннинг машҳур “Бобби” филмини кўрсатишган экан. Ҳамма ҳинд филмларининг ишқибози, деярли ҳамма “Рамаяна”нинг кейинги серияси ҳафтанинг қайси куни, қайси соатда телевизорда қўйилишини ёддан билади. Абдужалил ака кетганидан анча вақт ўтиб, ўсмир бола сабзисини қолдирганлар рўйхатига қараб ўйланиб қолади: “Боббининг отасининг исми нима эди?” Овозини баландлатиб, опасига беради бу саволни. “Браганза-да”, деган овоз эшитилади ошхонадан.
Сабзилари пулларини тарқатишга киришган ота ҳар қанча уринмасин, рўйхатдаги “Браганза тоға” ким эканлигини ҳеч эслолмайди, рўйхатни тузган ўғил эса уйда йўқ. Орадан бир неча кун ўтгандан кейингина “Браганза тоға” 4-5 қоп сабзиси сотилгани-сотилмагани, сотилган бўлса, нега пулини ололмаётгани билан қизиқиб қолади. Шу-шу Абдужалил акани “Браганза тоға” дея чақира бошлайдилар, ҳазил-ҳазил билан унинг ўзи ҳам янги исмига кўниккан.
“Браганза тоға” жуда китобсевар, уйида яхшигина кутубхонаси бор, китобни яхши кўриш ундан бошқа оиласи аъзоларига ҳам “юққан”. Тўрт фарзандини ҳам Жийдали қишлоғи мактабининг аълочилари деб билишади.
Тошкентдан борганимизни эшитиб, бизнинг қариндошимиз бўладиган адабиёт ихлосманди – “Браганза тоға” хонадонига таклиф этди. Қиш ойлари – қишлоқ аҳли учун дала ишлари камайган пайтлар эмасми, одамлар бўш вақтини ўтказиш учун машғулот қидирган дамлар. Шу сабаб биз Жийдалидаги «Браганза тоға”нинг уйига кириб борган вақтда у ерда 4-5 “чақирилмаган меҳмон” – ёш-яланг ҳам йиғилган эканлар ва уларнинг жуда банд эканликларининг устидан чиқдик.
“Браганза тоға”нинг хонадони бугун Жийдалидагина эмас, қўшни қишлоқлар одамлари орасида ҳам қизғин шахмат мусобақалари ўтадиган жойга айлангани билан машҳур. Хонадон эгаларидан талаб қилингани фақат қор-ёмғир, шамолдан пана жой – айвонларига шахматчилар учун жой ҳозирлашган, кучли “гроссмейстер”лар – Абдужалил ака ёки ўғли Бобурдек уй эгалари бўлмасалар ҳам ишқибозлар ўзлари айвонга кириб, ўзаро ўйинни бошлаб юбораверишар экан, мағлуб ўрнини томошабин эгаллайвериши ёзилмаган қонунга айланган. Ҳеч ким “ҳозир “Браганза тоға”нинг уйига кириб борсам-у, уй эгаларидан бирор киши ҳам бўлмаса”, деб истиҳола ҳам қилиб ўтирмас экан.
Мен Жийдалида билимдонликнинг даромад келтириши инсонларни ўз билимини оширишга рағбатлантиришининг аниқ мисолини кўрдим. Шахмат тахтаси устида икки киши ўйга толган, қолганлар эса бир-бирининг билимини синашга, балки ўзи билмаган нарсани билиб олишга ҳаракат қилади:
-Христофор Колумб Америка қитъасини нечанчи йилда кашф қилган?
-1492 йил.
-“Лой жанги” қайси йили, қаерда бўлган?
– 1365 йилда, Тошкент билан Чиноз ўртасида.
– 14 феврал машҳур кишилардан кимнинг туғилган куни?
– 14 феврал – Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун.
Жийдаликлар ўзининг тўрт фарзандига машҳур тарихий инсонларнинг исмини қўйган “Браганза тоға”нинг ўғли Бобурни телевизорда кўришган – билағонлар ўйинида. Ўшанда Бобур ғолиб чиқмаган бўлса-да, бу Жийдали қишлоғи учун катта воқеага айланган. “Браганза тоға” эса 4-5 йил илгариги ўғли билан Тошкентга саёҳатини, кўрсатувни қандай қилиб тасвирга туширишганини, телеўйиннинг қайси иштирокчисининг хатоси билан ўғли ҳам финалга чиқолмай қолганинини ҳар доим такрор-такрор, аммо фахр билан ҳикоя қилади. Бобур Тошкентдан кичик бир совға билан қайтган, лекин жийдаликлар уни мағлуб қилганларнинг бир неча юз минг сўмлик совға эгалари бўлишганини кўришган ва хулоса қилганлар: “демак, билиминг кучли бўлса, қимматгина совғанинг эгаси бўлишинг мумкин экан”.
Шу зайл баъзан эрталабгача тугамайдиган шахмат мусобақалари, деярли ҳар бир газета эълон қиладиган кроссвордларни ечиш, жавобларини имкон қадар тезроқ таҳририятга юбориб, ғолиб бўлиш истагидаги ёшлар, баъзан эса катта ёшдагиларнинг ҳам ўзаро суҳбатлари ҳамда баъзи илмий анжуманлардагидай тусга кирадиган баҳслари “Браганза тоға”хонадони аъзолари учун оддий нарсага айланган. Улар эрталаб уйқудан уйғонишганида айвонларида электр қуввати ўчирилганидан ўзлари билан олиб келган шам ёруғида шахмат тахтаси устида ўтирган бегоналарни кўриб ҳайратланишмайди ҳам.
Билағонликка ҳавасмандлар эса, табиийки, китоб-адабиёт қидиради, ўзига зарур маълумотни топиш учун мутолаа қилишга мажбур. Бунинг учун “Браганза тоға”нинг балки бир неча минг китоб йиғилган кутубхонасининг айвондан атиги бир неча қадам нариги хонада эканлиги айни муддао.
Жийдаликларни бу хонадонга жалб этаётган сабаб охирги пайтда яна кўпайган – 18 ёшли Бобур ҳамқишлоқларининг бир неча телевизор, мобил телефонларини таъмирлаб берган.
– Ҳаммаси унинг ўзининг қизиқувчанлиги. Унга ҳеч ким ҳеч нарса ўргатмаган”, дейди онаси, “Браганза тоға”нинг рафиқаси Мавлуда опа.
Ҳозир Бобур алоқа коллежида ўқияпти. Жийдалидан марказга – Бобур ўқийдиган коллежгача бўлган масофа 20 километрдан ошади.
-Аммо ўқишга кирганидан бери бир кун ҳам дарс қолдиргани йўқ, дейди онаси.
“Браганза тоға”нинг хонадонидаги меҳмондорчиликда у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтирарканмиз, ўтган йилнинг ўзида Жийдалининг 14 та мактабни тугатган ўғил-қизи университет, институтларга “ўзларининг кучлари билан ўқишга киришган”ини ифтихор билан айтишди.
“Атрофингдаги муҳитнинг таъсири муҳим экан”, деган хаёл ўтди бошимдан – жийдаликларнинг телевизордаги “Интеллектуал ринг” кўрсатувида ўз ҳамқишлоқларини кўрганлари ва ундан кейинги “маҳалладаги дув-дув гап”лар Абдужалил ака хонадонига келадиганлар сонини кўпайтирган. Бу ерда қўшни қишлоқдаги каби эрталабгача қарта ўйналмайди, 4-5 ёш йигит бирор жойда бекиниб олиб, арзон винохўрлик қилишмайди, балки шахматда “мот” қилаётганлар ўйини томоша қилинади ёки билағонлик мусобақаси бошлаб юборилади.
Абдужалил аканинг қўшниси, ёши 25 лардаги Дилшод ҳам охирги пайтда бундай мусобақаларнинг кўпинча ғолибига айланиб қолипти. У – Жийдалидаги фермер хўжаликларидан бирининг аъзоси, аммо у яқинда намойиш этилган бадиий филмнинг таниқли ўзбек ёзувчиси қиссасига мос келмаган жойларини ўзининг таъбирича, “тўрт-бешта аргумент” билан шу қадар исботлаб ташладики, филмнинг ўзини кўрмаганим учун мен бирор бир эътироз билдиролмадим.
Бугун қаерга борманг, дастурхон устидаги асосий мавзу “кун кўришнинг оғир бўлиб бораётгани”га “бурилиши”га кўникиб қолгандекмиз. “Браганза тоға”никида эса бу йил ҳамқишлоқлари нималарни экиб, даромад кўрганлари, жийдаликлардан неча киши автомобил сотиб олишгани ҳақида айтиб беришди.
– Ўтган йилги картошка, сабзимизнинг ҳали анчаси кўмиб қўйилган. Оз-оздан бозорга олиб чиқаяпмиз. Ана шундан етарли пул жамғарса, Бобур ўзига компютер сотиб олмоқчи, дейди Мавлуда опа.
Жийдалидан қайтарканмиз, бу қишлоқ ёшларини шаҳардаги тенгқурлари билан қиёсладим. Қишлоқ болаларининг аксари қишу-ёз эрта тонгдан туриб, мол-ҳолга қарашади, дала ишларига ота-оналарига кўмаклашадилар, мактабга боришади, у ерда яхши баҳо олишга эмас, чиндан-да ниманидир ўрганишга интиладилар. Ҳам қишлоқ шароитига хос оғиру-қийин ишларни уддалаяптилар, ҳам яхши билимли бўлишга иштиёқлари кучли. Шаҳар болаларида эса мен бунинг аксини кўргандек бўлдим – уйда иш йўқ, бўш вақт ҳам кўчада тенгдошлари билан соатлаб суҳбатлашиш, мобил телефонга ўрнатилган ўйинларни ўйнаш билан ўтаяпти. Ўтган ёзда институтга кириш тест имтиҳонидан “йиқилиб қайтган”, бу йил ёзда Тошкентга “ўқишга кириш”ни режалаётган, бироқ телевизордаги телесериалнинг бирорта ҳам сериясини ўтқазиб юбормаслик хаёлини кўпроқ банд қилган қўшнимиз ўғли Сардорни кўриб, Жийдалидаги савол-жавобни эсладим. Сардорга кўчада тенгдошлари билан фойдасиз суҳбат қургандан кўра, тестга тайёрланиш муҳим эканини кўнглини оғритмасдан тушунтириш истагида савол бердим:
– 14 феврал машҳур кишилардан кимнинг туғилган куни?
– Валентин куними?




