Жаҳондаги энг кекса инсон – 128 ёшли Тўти Юсупова Ўзбекистонда яшайди


Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги овуллардан бирида яшаётган 128 яшар Тўти момо Юсупова дунёдаги энг кекса инсон бўлиши мумкин.
Либерал-демократик партиянинг Тўрткўл шаҳри раҳбари Сафар Ҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон мустақиллигини нишонлаш арафасида ёши 100 дан ошган инсонлар ҳужжатларини текшираётган пайтда Тўти момо Юсупованинг ёшига эътибор қаратган.

Мавжуд ҳужжатларга кўра, Тўти момо Юсупова 1880 йилнинг 1 июлида туғилган.

«Ҳозир опамиз 128 ёшда», деб айтган Сафар Ҳакимов.

Тўти момо 17 ёшда турмушга чиққанини айтади.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, Тўти момо икки фарзанд кўрган – бир қиз, бир ўғил.

Турмуш ўртоғи 1940-йилларда вафот этган.

Тўти момо ҳозир набиралари билан истиқомат қилади.

Момо ўзининг соғлиги яхшилигини, бироқ қулоғи тузук эшитмаслигини айтади.

Шу пайтгача энг узоқ умр кўриш рекорди 122 йил дея қайд этилган.

Тўти момонинг 128 ёшда экани тўла тасдиқланмагунча, уни энг узоқ умр кўрган инсон сифатида рўйхатга олмоқчи эмаслар.

Тўти Юсупова ҳақида тайёрланган видеолавҳа(инглиз тилида)

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares