1 феврал куни эрталаб “Бирдамлик” ҳаракати фаоллари қитъалараро интернет анжуманида йиғилишди. Унда ҳаракат раҳбари Баҳодир Чориев, ҳаракат раиси ўринбосари Аваз Фаёзов, Голландия бўлими раҳбари Баҳодир Узоқов ва ҳаракатнинг Матбуот Маркази раиси Юсуф Расул иштирок этишди. Йиғилишда “Бирдамлик” ҳаракати фаолиятини янада жонлантириш, янги аъзолар жалб қилиш, мухолифатдаги бошқа партиялар билан ҳамкорликда ишлаш каби каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу куни тушдан кейин “Бирдамлик” ҳаракатининг Европа бўлими фаоллари: Аваз Фаёзов, Баҳодир Узоқов, Шавкат Арипов, Георгий Морозов ва Кудрат Азимовлар интернет орқали бўлган йиғилишда ҳаракатнинг Европа бўлимига янги раҳбар сайлаш, ҳаракатнинг Швециядаги шимолий-минтақавий бўлимига котиб сайлаш ва ўзбек сиёсий маҳбусларини озодликка чиқариш талаби билан ўтказиладиган узлуксиз пикет каби масалаларни муҳокама қилишди.
Дастлаб, “Бирдамлик” ҳаракатининг Европа бўлимига янги раҳбар сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Ҳаракатнинг Европа бўлимига айни пайтда Ҳолландияда яшаётган сиёсатчи ва шоир Баҳодир Узоқов очиқ овоз бериш йўли билан раҳбар этиб сайланди. Олдин бу вазифада ишлаган Георгий Морозов эса ҳаракатнинг Швециядаги шимолий-минтақавий бўлимига котиб ўлароқ сайланди.
Ўзбекистон маҳбусхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан “Бирдамлик” ҳаракати ташаббускорлигида ўтказиладиган умуммуҳолифатнинг узлуксиз пикети йиғилишда кўрилган учинчи масала доирасида муҳокама қилинди. Узлуксиз пикетни Швеция пойтахти Стокҳолмда яқин кунларда бошлаш ҳақида таклифлар билдирилди ва бу масала бўйича ташаббус гуруҳи иш бошлагани маълум қилинди.
“Бирдамлик” ҳаракатининг бутун дунё бўйича фаолияти жонлана бошлагани мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Ҳаракатни Ўзбекистон ичида ҳам жонлантириш муҳим эканлигига эътибор қаратилди. Бошқа мухолифатдаги партия ва гурурҳлар билан ҳамжиҳатликда ишлаш бўйича билдирилган таклифлар қабул қилинди.
“Бирдамлик” Матбуот Маркази.




