Таълим тизимидаги “ўзига хос ва ўзига мос” муаммолар-2.
“Бирдамлик” ҳаркати фаоли Асилбек
Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистон таълим тизимида фаолият олиб бораётган малакали педагоглар кундан-кунга камайиб бормоқда.Сабаб мамлакатдаги иқтисодий инқироз ва қолаверса авж олган коррупция Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Агарда исталган бирон-бир Олий ўқув юртига кириб суриштирсангиз, ҳар бир декан ёки домла кимгадир пора бериш ортидан ишга киргани маълум бўлиб қолади. Ҳеч кимга пора беришни истамаган ва ўз ҳаракати билан ишга жойлашмоқчи бўлган педагоглар эса аллақачон Россия ва ёки ўзга хорижий давлатларга иш излаб кетиб қолишди.
Чунки тушунарлики, мамлакатимизда “шапкасини” бермасдан туриб бирон-бир ишга жойлашиб бўлмайди. Шу ўринда савол туғилади. “Юқоридагилар”га пори бериб ишга жойлашган ва келажагимиз давомчилари бўлмиш эртанги кун вакилларига таълим бераётган домлалардан таҳсил олаётган талабалар эртага ким бўлишади? Ўз муттахасисликларини қандай қилиб удаллай олишади, зероки уларга таълим уқтирилмаган бўлса?
Бугунги кун талабаси билан бундан йигирма йил олдинги талабалар орасида осмон билан ерча фарқ бор. Бугунги кун талабасини ўқиш эмас, бугунги кунинг қандай ўтиши кўпроқ қизиқтиради. Ҳар тонг эрта билан дарсга келган талаба бугун қандай мавзу ўтилиши ва бу мавзунинг келажакдаги аҳамияти қандай бўлиши билан иши йўқ. Уни фақатгина диплом қизиқтиради ва “дипломимни қўлимга олсам, фалон лавозимда ишлайман” –дея хаёл суради. “Агар билими ёмон бўладиган бўлса, ўша лавозимни эгаллай олмаслигим мумкин” -деган фикр хаёлига ҳам келмайди. Сабаб биладики отаси соққасини яхшироқ узатса, ўша лавозим аниқ унга насиб этади.
Мамлакат раҳбари ўзининг ҳар сафарги чиқишида:
-Келажагимиз давомчилари бўлмиш ёшларни сифатли таҳсил олишлари учун қўлимиздан келган барча имкониятни амалга оширайлик, -деб такрор ва такрор айтади. Бироқ таълим тизимидаги ва шунингдек ўзга тизимларда ҳам давом этаётган коррупцияга қарши курашиш керак, -деб бирор марта гапирмайди. Чунки балиқ бошидан сасиган. Яъни давлатни ноқонуний равишда бошқараётган жанобнинг ўзи коррупция ботқоғига ботиб бўлган.
Кейинги вақтларда кузатилаётган ноқонуний ҳолатлардан яна бири абутурнтлар тест имтиҳонлари топшириётган вақтларида содир бўлмоқда. “Тест имтиҳонларини топшириш ва натижаларини одилона текшириш” ҳақидаги қонунга кўра имтиҳон вақтида ҳеч ким тайёр жавоблар ёзилган қоғозларни (шпаргалкаларни) тест ўтказилаётган хонага олиб кирмаслиги керак. Бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён, кимнингки “орқаси” кучли бўлса тест вақтида очиқчасига шпаргалкадан фойдаланмоқда. Кимнингки отаси амалдор бўлса у тест вақтида ҳаттоки уяли алоқа воситас билан кимгадир қўнғироқ қилиб билмаганини сўраб билиб олмоқда.
Бу қонунга кўра қаттиян ман қилинган. Бироқ долмалар ва тест олиш раҳбарияти фаоллари ҳам бу каби ҳолатларни кўриб туриб, ўзларини кўрмасликка олишади. Билишадики амалдорнинг эркатойига:
-Ҳой йиғиштир уяли алоқангни, -деб қолса тамом. Ўша домла эртасига-ёқ ишдан олинади. Мана шунақанги вазият ҳукумрон бугунги Ўзбекистон таълим тизимида. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, таълим тизимидаги муаммоларни санаб адоғига етиш қийин. Маҳаллий аҳоли вакиллари эса йиллаб шунақанги тизим ҳукумрон бўлган давлатда истиқомат қилганлари учун бугунги кунга келиб ноқонуний ҳолатларга деярлик кўникиб қолишди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, юртимиз аҳолиси томонидан порахўрлик бугунги кунда оддий бир ҳолатдек қабул қилинмоқда.




