Яна бир маҳбуснинг жасади уйига қайтарилган

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, Тошкентдаги «Сангород» маҳбуслар шифохонасидан яна бир маҳбуснинг жасади яқинларига қайтарилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг даъво қилишларича, «Ҳизбут-Таҳрир» диний оқимига аъзоликда айбланиб, бундан уч йил олдин 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган 41 ёшли Абдулатиф Аюпов ўлимига қийноқлар ҳам сабаб бўлган.

Марҳум қамоқхонада оғир сил хасталигига чалингани ҳам айтилмоқда.

Ўзбекистон Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, марҳумнинг тобути жорий йилнинг 18-январида келтирилган ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг талаби билан тезликда дафн этилган.

Унинг оиласи Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилган.

Би-би-си Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов билан боғланиб, марҳумнинг жасадида қандай қийноқ излари бўлгани ҳақида сўраган:

Сурат Икромов: Биз кеча бориб келдик уйларига. Яқин қариндошлари билан учрашдик. Танасида қийноқлар борлиги тўғрисида айтишни улар жуда лозим топишмаяпти. Яъни, улар қўрқишаяпти айтишга. Нимагаки, ўша милиция мулозимлари ва жасадни олиб келиб берганлар гапирмасликани талаб қилган экан. Шундан сал чўчишаяпти ва айрим қариндошлари «йўқ, ҳеч нарса бўлмаган, деб қўя қолинглар» деган гапларни ҳам гапирди бизга.

Би-би-си: Мана Сиз ўз хабарингизда ҳуқуқ-тартибот идоралари жасадни зудлик билан дафн этишни талаб этганларини билдиргансиз, марҳумнинг яқинлари унинг жасадини кўришга муваффақ бўлишганми?

Сурат Икромов: Ҳа, уларнинг гапи бўйича уни кўришган. Энди ман фақат аёллар билан гаплашдим. Албатта, жасадни ювиш пайтида аёллар бўлмаган. Уларнинг гаплари бўйича, шу кўкрак, ўпка жойи кесилгани бўлган. Лекин танасида бирор нарса борлиги тўғрисида бир нарса дея олмаймиз деган гапларни гапиришди.

Би-би-си: У ҳолда, Сурат ака, Сиз нимга асосланиб, Абдулатиф Аюповнинг қийноқлардан ўлгани хусусида хабар тарқатаяпсиз?

Сурат Икромов: Гап шундаки, у иккинчи марта қамоққа олиниши- биринчи марта 1998 йилда қамалган, 2001 йилда амнистия билан озод қилинган. Қаттиқ сил касали бўлгани учун амнистия қилишга мажбур бўлишган. Лекин, бир йилдан кейин яна қамоққа олинган у. Энди мана шунча пайт ичида ман кузатиб кўрдим, унга нисбатан яхши медицина хизмати кўрсатилмаган. Ва яқин қариндошларидан дори-дармон олмаганлиги тўғрисида бизга маълум бўлди, фақат шприц олишаркан. Ўзи аслида касал бўлганидан кейин қамоқхона вакиллари уни қонун бўйича озодликка чиқариб юборишлари керак эди.

Би-би-си: Сурат ака, Сиз тарқатган хабарда айтилишича, шафқатсиз қийноқлар ортидан Абдулатиф ўтган йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳридаги маҳбуслар шифохонасига ўтказилган. У ўз яқинларига қандай қийноқларга солинганлиги борасида бирор шикоят қилганми?

Сурат Икромов: Мана шу масала бўйича биз яқинлари билан гаплашишга мувофиқ бўлолмадик. Нимага десангиз, улар қўрқишаяпти бизга гапиришга умуман.

Би-би-си: Маҳбуснинг ўлимига оид ҳужжатда ўлим сабаблари нималар билан изоҳланган?

Сурат Икромов: Шу уйдаги аёлларнинг айтишлари бўйича, уларга қоғозини беришмаган, ўпкаси узилиб кетган дейишган. Бошқа ҳеч нарсадан хабарлари йўқ.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares