“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Асилбек
Юртимиз ичкарисидан олинган маълумотларга қаранганда бу йил қиш мавсуми у қадар совуқ келмаган бўлса ҳам, юртимизнинг аксарият ҳудудларидаги мактаб ўқувчилари декабр ойининг ўрталаридан январ ойининг ўрталарига қадар мактабларга боришмаган. Сабаб мактаб ўқитувчиларининг ўзлари ўқувчиларга мактабга келмасликлари учун бир ойлик таътил беришган. Таътил беришганинг сабаби эса мактабларда иситиш тизими ишламаслиги билан боғлиқдир.
Бу каби ҳолат яъни мактаблар истиш тизимининг яхши ёки умуман ишламаслиги бугун ёки кечадан бошлаб кузатилаётган ҳолат эмас. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён шу аҳвол кузатилмоқда. Биринчи қор ёғиши билан пойтахт ва вилоят марказларидаги мактаблардан ташқари барча туман мактаблари ўқувчиларига узоқ муддатли таътил беришади. Сабаб педагоглар ҳам тушунишадики, агар ўқувчиларга узоқ муддатли таътил беришмаса зах ва намлик юқори бўлган синф хоналарида таълим олаётган ўқувчилар тезда турли хил касалликка чалинишади ва бунинг оқибатида ўқувчиларнинг ота-оналари орасида мактаб маъмуриятига нисбатан норозилик пайдо бўлади. Табиийки, бир ҳафталик қишки таътилнинг бир ойга чўзилиб кетгани ўқувчилар соғлигини турли хил касалликларга чалинишидан сақлаб қолгани билан ўқувчиларнинг билим савияси пасайиб кетишига хизмат қилади. Лекин мамлакатда бирон-бир тизим нормал ҳолатда ишламаётган бўлса на чора?
Ўқувчиларнинг тўлиқ таълим олишига тўсқинлик қилаётган яна бир ҳолат борки, бу мавзуни тилга олмаслик хатоликдир. Бу болалар меҳнатига доир муаммодир. Сентябр ойининг иккинчи санаси бошланиши ортидан янграйдиган биринчи қўнғироқ қулоққа чалиниши билан тўртинчи синфдан юқори бўлган барча ўқувчилар далага ҳайдалишади ва аксарият ҳолларда қиш фасли бошлангунга қадар далаларда қолиб кетишади. Мабодо ўқувчилардан бирортаси далага чиқишни исташмаса “дело” сини қўлига тутқазишади. Шу ўринда тушунтириш бериб ўтишим керакки, “дело”сини қўлига тутқазиб мактабдан ҳайдаш усули фақатгина ўртаҳол ва мискин оила фарзандларига нисбатан қўлланилади. Ўзига тўқ амалдорларнинг фарзандлари эса пахтага боришмаса ҳам ҳеч кимдан дашном эшитишмайди.
Мавзуга қайтадиган бўлсак, мактаб бошланиши билан бир вақтда бошланадиган пахта ҳашари ҳам ўқувчиларнинг тўлиқ ва асосли таълим олишига тўсқинлик қилади. Кўпинча декабр ойининг биринчи ҳафтасига қадар далаларда меҳнат қилган болалар мактабга қайтиб таҳсил олишни бошлашлари билан орадан ҳеч вақт ўтмай биринчи қор ёғади ва қишки таътил бошланади. Қизиқ, бу каби муаммолар билан Ўзбекистон таълим тизими қаёққа қараб кетаёганини ҳукумат раҳбари билармикан?
Шахсан менинг фикримча нафақат ҳукумат раҳбари балким унинг атрофида бўлган бир гуруҳ амалдорлар ҳам таълим тизими қаёққа қараб кетаётганини, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак юртимизнинг олий ва ўрта махсус таълим тизими юксалиш ўрнига қуйига қараб шўнғиётганини билишади. Бироқ… ҳеч бир амалдор бунга аҳамият бермайди. Чунки амалдорлар улкан ишлар ва улкан тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш билан бандлар. Зеро янгидан-янги ислоҳатлар ҳақида бош қотиришмаса мамлакатимизнинг тараққий этиб бориш имконияти тўхтаб қолади. Лекин ҳеч ким ишни тўғрироғи ислоҳатни қоқ яримидан эмас, балким бошидан бошлаш кераклигини идрок этмайди. Чунки мамлакат раҳбари такидлагани каби ҳамма ишни “ўзига хос ва ўзига мос” тарзда олиб бориш керак. Таълим тизими ҳам “ўзига хос ва ўзига мос” тадбирлар билан ислоҳ этилаётгани боис ўзига хос ва ўзига мос муаммолар гирдобида қолган.




