Би-би-си меҳмони – Жиззахлик фермер ва инсон ҳуқуқлари фаоли Маъмур Азимов.
49 ёшли Маъмур Азимов 2000 йилдан бери фермерлик билан шуғулланади. У ўз хўжалигида пахта ва буғдой етиштиради.
У айниқса охирги уч йил давомида «фермерларнинг ҳуқуқлари кўп оёқости қилинаётгани» туфайли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритаётганини ҳам айтади.
Маъмур Азимов 2001 йилда фуқароларнинг пахта йиғими кампаниясига жалб этилишига қарши чиқиши ортидан Жиззах туманидаги маҳалла раиси лавозимидан бўшатилган.
У ҳозирда Ўзбекистонда фермер хўжаликларини йириклаштириш бўйича амалга оширилаётган фармойишни ноқонуний ҳисоблаб, ўз ерларини йирикроқ ферма хўжалигига қўшишдан бош тортмоқда.
Ҳукумат назарида ери кам бўлган фермалар самарали иш олиб бора олмайди, қишлоқ хўжалик техникаларини сотиб олишга қурби етмайди ва бу ҳукуматнинг зироат соҳасидаги режаларига салбий таъсир қилади.
Бутун Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий ҳокимиятлар 80 гектардан камроқ ери бўлган фермерларни йиғиб, улардан «еримни туман заҳирасига топшираман ва 30 йиллик ижара шартномасини бекор қиламан» қабилидаги аризаларни ёздириб олишган.
Бу жараён турли вилоятларда турлича усуллар билан, яъни баъзи жойларда мажбурлаш, таҳдид ва тазйиқлар, бошқа жойларда эса мулойимроқ тушунтириш ишлари билан олиб борилаётгани айтилади.
Ўтган октябрь ойида Президент Ислом Каримов ҳукуматга Ўзбекистондаги барча ферма хўжаликларининг самарадорлигини аниқлаш бўйича комиссия тузишни буюрганди.
Бу билан самарасиз фермалар йирик ва ҳосилдор фермаларга қўшилиб, «йириклаштирилиши» кўзда тутилади.
Ўзбекистон президенти ва ҳукумати 2008 йилнинг пахта ва буғдой ҳосили ёмон келиши ортида самарасиз кичик фермалар турибди деб ишонишади.
Бироқ, ер эгалари ёмон ҳосилга сув танқислиги ва ёзнинг қуруқ келиши сабаб бўлганини айтишади.
Маъмур Азимовга кўра, Жиззахда охирги йилларда 10 мингтача фермер хўжалиги фаолият юритган бўлса, 2008 йил охирига келиб уларнинг 5 мингтаси ёпилган.
Унинг айтишича, бу амалиёт Ўзбекистонда шундоқ ҳам ишсизлик даражаси абгор вазиятда ишсизлар сонини яна оширади.
Маъмур Азимов фермерларнинг ер эгалиги борасидаги шартномалари бекор қилиниб, «йириклаштириш» амалга оширилаётганини ноқонуний амал деб билади.
Унга кўра, ҳокимият томонидан олиб борилаётган мажлисларга ери тортиб олинган фермерлар чақирилмаяпти, ички ишлар ҳодимлари уларнинг муҳр ва штампларини ҳам тортиб олишган.
Кўп таҳлилчилар ҳукуматнинг бу амалини маҳкама ва терговсиз ернинг мусодара этилиши дея баҳолашмоқда.
Уларга кўра, бу қарор билан Совет Иттифоқи қулаши ортидан давлатнинг қаттиқ назорати остида қолиб келган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳеч яхшиланмайди, уни яхшилаш учун эса фермерларга эркинлик бериб, уларни юқори даромад олиши учун шароитлар билан таъминлаш керак.
Маъмур Азимов тингловчи ва ўқувчиларимиз саволларига жавоб берди.
Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳмудий ва Британиядан Мансурнинг саволлари ўхшаш экан: Ерингизда қандай маҳсулот етиштиришингиз бўйича тепадан буйруқ бериладими?
Азимов: Нафақат мен, Ўзбекистондаги фермерларда ҳеч қандай ўз ерларига эгалик ҳуқуқи йўқ. Улар ўз ерларига ўзлари хоҳлаган маҳсулотни эка олишмайди. Фермер хўжаликларининг бари марказлаштирилган бўлиб, улар юқоридан бошқарилади. Ҳокимият қандай топшириқ берса – неча гектар ерга пахта, неча гектар ерга ғалла экиш бўйича топшириқ бўлса, фермер фақат шу топшириқни бажаради. Ундан ташқари бир сўтик ерга ҳам бошқа ўз иҳтиёри билан экин экишга ҳаққи йўқ.
Би-би-си: Агар бир фермер мева ё сабзавот етиштирмоқчи бўлса, пахта ё буғдой етиштиришни истамаса, унда нима бўлади?
Азимов: Унда ҳокимиятдан руҳсат олинади, у ҳокимиятга ёзма равишда чиқади. Лекин ҳокимият бунга умуман йўл бермайди. Чунки бизнинг Ўзбекистондаги шароитимизда фақат пахта ва ғалла етириштирилиши керак. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига умуман руҳсат берилмайди. Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, фермерлар ўз иҳтиёри билан ўз майдонларига, икки гектар, беш гектаргача ерларга пиёз ё бошқа маҳсулотни эккан бўлса, ички ишлар ҳодимлари прокуратура ва ҳокимият вакиллари билан биргаликда бориб, ўша ўсиб чиққан мева ё сабзавотларни ҳайдатиб ташлатишган. Мана шундай тазйиқлардан кейин фермерлар қўрқиб, экмайдиган бўлиб қолишган.
Би-би-си: Шотландиядан Сарварнинг саволи ҳукуматнинг амалга ошираётган йириклаштириш сиёсатига, яъни 80 гектардан ери камроқ фермаларни катта фермаларга қўшиш сиёсатига боғлиқ экан. Бу сиёсатнинг даъволаридан бири шуки, кичик фермаларнинг техника сотиб олишга қурби етмайди. Шундай экан, Сарвар сўраяпти, техника ола олмай юргандан кўра, катта фермаларга қўшилса яхши эмасми, шунда ердан яхшироқ фойдаланса бўлади-ю?
Азимов: Ҳозирги Ўзбекистон шароитида фермерларнинг ерини кенгайтиришдан кўра, кичикроқ ер эгалари мавжуд бўлса, улар ўз хўжаликларини бошқаришлари осонроқ бўлади. Катта фермаларнинг ҳар қандай харажатлари ҳукумат томонидан бошқарилади. Улар ўзлари хоҳлаганча ҳисоб рақамларидан пул олиб, ерларига сарфлаш учун ҳақлари йўқ. Ортиқча маблағлари ҳам йўқ. Катта ер эгалари учун ўзлари бошқариш жуда оғир. Катта ер эгаси бўламан дея, кўпроқ даромад оламан деган фермерлар бўлса, улар бунинг уддасидан чиқа олишмайди.
Би-би-си: Сизнинг ерингиз қанча катта? Қурбингиз етадими техника сотиб олишга ёки уни ижарага оласизми?
Азимов: Мен 10 гектар ер майдонига эгаман. Бошқа фермерлар билан ўзаро шартнома тузамиз, шартномага асосан менинг ерларимга келиб агротехник хизматларни қилиб туришади. Катта ер эгаси бўлган фермерларимиз билан гаплашганимиздаям, ўзлари ҳам айтишаяпти, яъни катта ер эгаси бўлиб ферма бошқаргандан кўра, кичикроқ бўлса осонроқ бошқарардик деб.
Би-би-си: Америкадан Акбаршоҳ сиз қилаётган дадил қадамлар келажак фермерлари учун ҳам ўз натижасини кўрсатишига ишонишини айтган. У сизни қўллаб қувватлайдиган бошқа фермерлар ҳам борми йўқлиги ҳақида сўраган.
Азимов: Мен ҳам шундай фикрдаман, менинг ҳозирги ҳаракатларим келажак фермерларига ёрдами тегади деб ўйлайман. Ҳозирча фермерлар ҳамфикр эмаслар, чунки қўрқишади. Фермерларни мажлисга чақирса, шу мажлисда албатта ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, ҳоким, туман прокурорининг ўзлари қатнашишади. Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, фермерларни мажлис залида калтаклашган. Раҳбариятнинг айтганини ўз вақтида бажармаган бўлса, бир неча бор ўзим ҳам гувоҳи бўлганман, ички ишлар ходимлари фермерларни залда турғизиб, уришади. Бундай тазқийлардан қўрққан фермерлар ҳеч қачон ўрнидан туриб, эркин фикр билдира олмайди. Масалан, 2007 йилда туман ҳокими фермерларни йиққанди. Мажлисда 15га яқин ички ишлар ҳодимлари ҳам қатнашган. Ўшанда туман ҳокими 20га яқин фермерга залга олиб чиқиб, навбатга қўйиб, бирма-бир урган. Бир фермерни шундай урдики, унинг оғзи-бурни қонаб кетди. Фермер қочиб чиқиб кетди залдан. Бундай уришлар кўп бўлганидан кейин, фермерларда борган сари қўрқув шаклланиб бораверади. Тазқийларга қарамасдан ўз ҳуқуқлари учун курашмоқчи бўлган фермерлар ҳам бор. Бироқ, улар бармоқ билан санарли. Агар ўқиган бўлсангиз, «Ҳокимнинг темир сандиғи» деган бир мақола чиқди. Мақолада фермаси ёпилган фермерларнинг муҳр ва штампларини ички ишлар ходимлари уйма уй юриб, йиғиб чиқаётгани айтилади. Йириклаштириш бўйича фармонга асосан муҳр ва штамплар йиғиб олинаяпти, бу ҳатти-ҳаракатлар ноқонуний. Кеча бир фермер аёл бизга ариза билан мурожаат қилди. У ўз ферма хўжалигининг ёпилиши бўйича туман ҳокимига ҳеч ариза бермаганини айтади. Улар ўз хоҳишлари билан менинг фермамини бошқа ферма хўжалигига қўшиб юборибди, деяпти. Яқинда ички ишлар ходими унинг уйига бориб, муҳрини топширишни талаб қилибди. Фермер эса ўз фермаси ёпилмаганини айтиб, муҳр ва штампларини топширишдан бош тортаяпти. Бунга жавобан ходим агар фермер ўз бола чақаси қамалиб кетишини ҳохламаса, печатни тошпириб қўйишини айтиб таҳдид қилган. Ҳар куни ички ишлар ходимлари унинг уйига бориб муҳр ва штампни талаб қилар экан. У фермер аёл болалари қўрқиб қолганини айтади. Ҳокимият ҳам унга қулоқ тутмаяпти экан, шу туфайли ёрдам сўраб бизга мурожаат қилди.
Би-би-си: Хенри исмли тингловчи қуйидагича савол йўллаган: Фермерлик қилиб ундан фойда кўриш мумкинми? Эшитишимча, давлат пахта ёки буғдой нархини ҳосил топширилидан 1-2 ҳафта олдин, яъни фермернинг ҳамма ҳаражатлари маълум бўлганидан кейин белгилар экан. Нарх шу даражада белгиланар эканки, фермер бойиб ҳам кетмас экан, ўлиб ҳам кетмас экан. Шу ҳақида фикрларингизни билсак.
Азимов: Қачонки фермер ўз ерининг эгаси бўлиб, мустақил иш юритадиган бўлса, ўшанда бойиши мумкин. Лекин ҳозирги Ўзбекистонда мавжуд фермерларга нисбатан сиёсатни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳокимият 1-2 ҳафта олдин эмас, йил бошидан ҳамма нарсани белгилайди. Йил мобайнида фермер қанча даромад олади, ундан у бойийдими ё йўқ, буларни йил бошидан белгилашади. Шундай белгилашадики, оқибатда фермер бойиб ҳам кетмайди, ўлиб ҳам кетмайди.
Би-би-си: Шу тингловчи яна бир савол йўллаган: Қишлоқ хўжалигини бошқаришда СССР пайтида ишлаган система ҳалиям сақланиб турибди, област, район ҳокимлари қишлоқ хўжалиги учун жавобгар бўладилар, тепадан, Тошкентдан уларга буйруқ қилишади. Шу системани ўзгартириш, замонавийлаштириш пайти келмадими?
Азимов: СССР пайтидаги система ҳозир ҳам сақланиб қолингани, ишлаётгани рост. У пайтда колхоз ва совхозлар марказдан бошқариларди, колхозда раислар бўларди, уларнинг қўлида бир қанча бригадирлари бўларди. Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам шундай давом этаяти десак, муболаға бўлмайди. Ҳар ҳафта, 10 ё 15 кунда бош вазир томонидан кўчма мажлис ўтказилади. Бу республика миқёсида бўлиб, ҳар бир туманда йиғилишлар бўлади, унга фермерлар иштирок этади. Унда нима ишлар қилиниши керак, қанча маблағ ажратилиши керак, шулар белгиланади. Ҳозирги фермерлар СССР давридаги бригадирлар десак ҳам бўлади. Мен ўйлайманки, бу соҳани замонавийлаштириш вақти аллақачон келган. Аллақачон бу системани ўзгартириб, ҳар бир фермер мустақил иш юритиш имкониятига эга бўлиши керак эди. Мустақил иш юритсагина бирон нарса ўзгаради. Мен ўйлайманки, марказлашган система давом этса, фермер ҳам бойимайди, халқ ҳам бойимайди, давлат ҳам бойимайди.
Би-би-си: Америкадан Нозима Ботирова сизга ҳеч тазйиқлар бўлганми, деб сўраган.
Азимов: Менга ҳам тазйиқлар бўлган. Мисол учун, фермерларга пилла қурт боқишни мажбур қилишади. Фермерлар пахта билан бирга пилла қуртини ҳам боқиб беради.
2003 йилда мени ҳам мажбурлашди «пилла қурти оласан» деб. Мен эллик йиллик шартнома тузганимда пилла қуртини боқишни ўз бўйнимга олмаганимни айтиб, рад қилдим. Шунда туман ҳокими ички ишлар ходимлари билан мени ўз ҳузурига олиб бориб, «оласизми йўқми?» деди. Мен рад жавобини қилганимда, ҳоким ёнида турган ички ишлар бошқармаси боғлиғига топшириқ бериб, «бу одамнинг қурган ҳусусий дўкони ва чойхонасини бузиб, текислаб ташланг» деди. Бир неча кун менга бу тазйиқлар давом этди. Мен ўзимни ҳеч ҳимоя қилиш йўлини тополмадим, мен прокурорга ҳам, ички ишларга ҳам шикоят қилолмадим, чунки уларнинг ўзлари менга шу тазйиқни қилишаётганди. Ички ишлар ходимлари уйимга келиб, ҳужжатларни олиб кетишди қурилган дўконларим қанчалик расмий ё норасмий эканини аниқлаш учун. Ҳужжатларим қонуний бўлгани учун ҳам, туман ҳокими муовини қурган чойхона ва дўконларимни бузишдан бош тортди. Шундан сўнг 2003 йил апрель ойида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах тумани бўлимини ташкил қилишга аҳд қилдим. 2003 йил 16 апрель куни Жиззах туманида яшовчи айрим фуқаролар билан йиғилишиб, бўлимни ташкил қилдик, менинг ўзим раис этиб сайландим. Шундан сўнг, бутун ҳокимиятнинг, ички ишлар ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, фермерларга бўладиган тазқийлари тўғрисида маълумотлар тарқатишни бошладик. Мен биринчи навбатда ўзимнинг ҳуқуқимни ҳимоя қилиб, ҳокимиятни маълум бир ёнбосишларга мажбур қилдим. Улар фермерларга бўлган тазйиқларини маълум бир вақтга тўхтатишди. Лекин хозирга келиб бу тазйиқлар янада кучайиб бормоқда.




