“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек
Умид қиламанки, www.birdamlik.info саҳифаси ўқувчилари ҳам Суқротнинг ушбу доно сўзларини бир неча маротаба эшитишган.
“Ҳар қандай мамлакат бошлиғининг нақадар заиф эканлигини билмоқчи бўлсангиз, ўзининг қўл остидаги соқчиларга нақар эътибор қаратаётганига аҳамият беринг. Зеро ўзига ишонмаган ва одилликдан қочган подшоҳгина соқчиларини улуғлаб мамлакат тизгини ўз қўлида ушлаб туради”.
Буюк донишманд Суқротнинг ушбу айтган гаплари исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бугунги кунга келиб номигагина мустақил бўлган, бироқ аслида эса мустаҳкам қуллик даврини ўтаётган Ўзбекистон давлат тизими ҳам замонавий соқчилар—ИИВ ходимлари, ҳарбийлар ва МХХ ходимларининг кучли назорати билан ўзини қулаб тушиш хафвидан ҳимоя қилиб турибди. Ҳа, юртимизни бамисоли босқинчилардек босиб олган ҳолда, ўз халқини суймасдан бошқариб бораётган шахс ҳақиқатдан қўрқади. Оловдан қўрққандек қўрқади. Айнан шунинг учун хам президентлик муддати аллақачон тугаган “президент” унинг тахтини қўриқлайдиган ҳарбийларга катта шароитлар яратиб бермоқда.
Жумладан жорий 2009-йилнинг 16-январ куни Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган тадбир ҳам ҳарбийларни кўкка кўтариб улуғлашга бағишланди. Ватан ҳимоячилари байрами кунига бағишлаб ўтказилган ушбу тадбирда мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларнинг нуфузи тобора ошиб бораётгани ҳақида, замонавий, профессионал армиянинг шакилланганлиги ва эл-юрт осойишталиги йўлида камарбаста бўлаётган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайиб бораётгани ҳақида баланд-парвоз нутқлар сўзланди.
Тадбирнинг баланд-парвоз нутқлар сўзлаш қисми якунланганидан кейин, ушбу—Навоий вилояти ҳудудида ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ ҳарбийларга янги уй калитлари топширилди. Янги уйга эга бўлган ҳарбийлар табиийки ўз халқини қасддан қириб юбораётган ҳукумат раҳбари раҳнамолигида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнун эканликларини такидладилар.
–Оила аъзоларим ва яқинларимнинг қувончи чексиз, -деди кичик сержант Анвар Жумаев. –Барча қулайликларга эга янги уйлик бўлдик. Бундай эътибор биз, ҳарбийларнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади.
Тўғри, оғзи мойланиб турган ҳарбийлар албатта ўз халқига эмас, ўз ҳукумдорига хизмат қилишади. Лекин шу ўринда яна бир маълумотга эътибор қаратсак.
Ҳаммамизга жуда хам яхшигина маълумки газ саноатида ишлаган ходимлар ўз соғлиқларини жуда хам тез йўқотишади. Қашқадарё вилоятидаги “Шўртангаз” –газ ишлаб чиқариш ҳудудида фаолият олиб бораётган инсонлар ҳам газнинг захарли тасири натижасида ўз соғликларини йўқотиб бораётган инсонлардир. Вазирлар маҳкамасининг раиси И.А.Каримов имзолаган ва 1996-йил кузида чиқарилган қарорга кўра газ саноатида узоқ вақт ишлаб ўз соғлиғини йўқотган инсонлар бепул уй билан таъминланишлари керак.
Бироқ афсуслар бўлсинким, “Шўртангаз” газ ишлаб чиқариш ҳудудида 25-30 йиллаб ишлаган ва ҳозирги кунда нафақаги чиққан инсонлар ҳам шу кунга қадар уй билан таъминланганлари йўқ. Лекин ҳарбийларга бепул уй совға қилиш аллақачон одатий ҳолга айланиб қолди. Гарчи ҳарбийларни уй билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг бирон-бир қонунида кўрсатиб ўтилмаган бўлсада. Бу номантиқий ҳолатнинг сабаби ягона. Ҳарбийлар юртбошининг тахтини қўриқлайди. Газ саноати ходимлари эса йўқ.




