“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек.
Барча давлатларда бўлгани каби Қирғизистонда ҳам бир неча аҳолига уяли алоқа хизмати кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб олган компаниялар бор. Ҳозирги кунда кўпайиб кетган ушбу компаниялар 2006-йилдан бошлаб ўзаро рақобатлаша бошлашди. Ёдимда 2005-йил бошларида турмуш тирикчилиги сабаб Қирғизистонга ўтганимда фақатгина BITEL компанияси қирғизистонликларга хизмат кўрсатар эди. Ўзга уяли алоқа хизмати кўрсатиш компанияларига GSM тизимида фаолият олиб бориш рухсати берилмагани боис BITEL ўз монополиясини ўрнатган ва телефон қўнғироқларини ҳаддан зиёд қиммат қилиб белгилаган эди.
Тўғри BITEL компанияси билан бир қаторда KATEL уяли алоқа компанияси ҳам бу мамлакатда фаолият олиб борар эди, бироқ KATEL нинг фаолият тизими CDMA тизими бўлгани учун GSM тизимида ишлаётган BITEL га рақобатчи бўлолмас эди.
Айнан шунинг учун ҳам 2005-йил бошларида BITEL компаниясининг ичида яъни тармоқ ичида сўзлашувнинг бир минути $ 0,24 эди. Тармоқдан ташқарига яъни BITEL дан KATEL га ва шу мамлакатдаги уй телефонларига қўнғироқ қилишнинг бир минути $ 0,50 эди. Мен ўша вақтларда уяли алоқа хизматининг бу қадар қимматлигини кўриб лол-у ҳайрон бўлган эдим. Яна бир ҳайратланарли жиҳати шундан иборат эдики, МДҲ нинг деярлик барча давлатларида фаолият олиб борадиган ва 100 миллиондан зиёд абонентга хизмат кўрсатувчи BEELINE (билайн) компанияси Қирғизистонда фаолият олиб бормас эди.
2006-йил бошида Россиянинг MegaFon уяли алоқа хизмати кўрсатиш компанияси Қирғизистонда GSM тизимида фаолият олиб бориш рухсатномасини олди ва бу мамлакатда MegaCom бўлиб аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Айнан шу вақтдан бошлаб Қирғизистонда мисли кўрилмаган рақобатлашув бошланди. MegaCom “слава” (шараф) тарифини жорий этиб, тармоқ ичида сўзлашувнинг бир минутини $ 0,09 қилиб белгилади ва шунингдек шу мамлакатда фаолият олиб борувчи ўзга тармоқлардан (BITEL, KATEL) келган ҳар бир қўнғироқ учун ўз абонентлари ҳисобига $ 0,02 ёзилиб, жон койитмасдан фойда олиш имкониятини берди.
Шундан сўнг BITEL учун инқироз даври бошланди ва ушбу компаниянинг абонентлари тезлик билан MegaCom SIM-карталарини сотиб ола бошлашди. BITEL дастлаб бунга аҳамаят бермади ва ўз мижозларидан айирилиб қолиши мумкинлигини ҳис этмади. MegaCom ўз мижозлари сони 25 мингга етганидан кейин отни қамчилаш вақти келганини тушунди ва “ДРУЖБА” (дўстлик) тарифини жорий этиб Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан сўзлашувларнинг нархини $ 0,15 қилиб белгилади. Қирғизистонликларнинг кўплаб фуқаролари ўз оила аъзолари Россия ва ёки Қозоғистонда ишлаб юргани боис улар билан гаплашиб туришга эҳтиёж сезишар эди. Қолаверса бу мамлакат жанубида истиқомат қилаётган аҳолининг яримидан ошиғи ўзбек бўлгани учун вақти-вақти билан Ўзбекистонга телефон қилиб туришар эди. Айнан шунинг учун барча Қирғизистон фуқаролари MegaCom мижозига айланди ва олти ой ичида MegaCom нинг абонентлари 1 миллиондан ошиб кетди. BITEL компанияси эса банкрот бўлди.
Ҳозрги кунда BITEL ўз номини ўзгартирган ва MOBI бўлиб янгидан фаолият кўрсатиб, ҳаммасини нолдан бошлашни ният қилган. Лекин MegaCom ҳам эҳтиёткорликни қўлдан бергани йўқ ва янги тарифлар билан мижозларини ўзида ушлаб қолмоқда. Масалан ҳозирги кунда Қирғизистон ичкарисида туриб Ўзбекистон, АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Канада ва шунингдек Европанинг 15 давлати билан сўзлашнинг энг арзон йўли MegaCom нинг “Соз” тарифига уланишдир. Сўзлашув нархи $ 0,17 холос.




