“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек.
Юртимизда ишлаб чиқариш кундан-кунга оқсаб бормоқда. Янадан аниқроқ айтадиган бўлсак, ишлаб чиқариш кун сайин ортга кетмоқда. Биронта ҳам соҳада мустақилликдан буён олдин силиш ёки тараққий этиш кузатилгани йўқ. Шу жумаладан чорвачилик соҳасида ҳам. Мамлакатимизнинг асосан чорвачиликка мослашган минтақларидаги аҳволга назар ташлар эканмиз, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўламиз.
Навоий вилояти Мурат қишлоқ хўжалиги раҳбари Қосим Турлибековнинг айтишича Қозоғистонга яқин бўлган ушбу аҳоли пунктининг асосий даромати чорвачиликдан кўрилган фойда ортидан келади.
-Қишлоқ хўжалигимиз вилоятимиз маркази ҳисобланмиш Навоий шаҳридан 254 км узоқликда жойлашган бўлиб, бу ердан Қозоқ-Ўзбек чегарасигача 4 км. Қишлоғимизнинг асосий даромад манбаи чорвачиликдир. Ҳозирги кунда ушбу соҳага ихтисослашган фермерликларда 1200 дан зиёд қорамол ва 1400 дан зиёд қўй-қўзи парвариш қилинмоқда. Давлат олдидаги шартнома режаларимизни ҳамиша ошиғи билан бажариб келмоқдамиз. Биргина мисол ўтган йил давомида давлатга 980 литр сифатли сут ва 457 дона сифатли қоракўл териси топширдик, -дейди ушбу қишлоқ хўжалик рахбари Қосим Турлибеков 19-январ куни “Халқ сўзи” газетасига берган интервьюсида.
Қосим Турлибеков ўзнинг хисоб-китоб қилишича давлат олдидаги шартномани ортиғи билан бажараётган бўлиши мукиндир, лекин аслида эса чорвачилик соҳасига талуқли бўлган шарномаларни бажариш кўрсаткичлари мустақилликдан илгариги вақтга нисбатан бир неча баробар пасайиб кетган. 1985-87 йилларда биргина Сурхондарё вилоятида йилига 2600 бош қорамол автоматлаштирилган цехларда сўйилиб, озиқ-овқат дўконларига гўшт етказилиб берилар эди. Ҳозирги кунга келиб эса Сурхон воҳаси давлатга йил давомида 340 бош қорамол сотмоқда. Таққослаб кўринг, кўрсаткич нақадар пастлаб кетган!
Қашқадарё вилоятида 1986 – йил охирида ўтказилган текширувга кўра жами бўлиб 1457 та чорвачиликка ихтисослашган совхозлар фаолият олиб борган. Ҳозирги кунга келиб эса бор-йўғи 342 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлар фаолият олиб бормоқда. Ўзбекларнинг “даҳо” шоири Абдулла Орипов таваллуд топган Қашқадарё вилоятининг Косон шаҳрида истиқомат қилаётган ишончли манбанинг www.birdamlik.info ахборот марказига хабар беришича ўтган йили ушбу вилоятда кузатилган қурғоқчилик оқибатида Қашқар воҳаси чорвачилиги катта зарар кўрган. Яъни чорва молларининг ўз вақтида суғорилмаслиги ортидан кўплаб наслдор қўйлар қўзиламаган. Оқибатда эса сифатли қоракўл териси етиштириш кескин ортга кетган.
Чорвачилик соҳасининг кундан-кунга оқсаб бораётганига сабаб бўлаётган ҳолатлардан яна бири шундан иборатки, фермерлар қорамоллар ва моллар учун сифатли озуқаларни ўз вақтида етказиб бора олишмаяпти. Ҳа, ҳозирги кунда чўнтагида пули бор бўлган фермерлар ҳам чорва учун зарур бўлган сифатли озуқани қаердан олишларини билмай лол-у ҳайрон бўлиб юришибди. Зеро кўкламга қадар чорвани беталофат парваришлаш учун сифатли ем-хашак зарур. Қудратдаги ҳукумат раҳбарлари эса бу каби ҳолат мавжуд эканлигини кескин рад этишмоқда. Уларнинг такидлашларича барча соҳаларда жумладан чорвачилик соҳасидан ҳам тинимсиз равишда тараққий этиш кузатилмоқда.
Расмийларнинг ушбу иддаоларини биргина факт билан ёлғон эканлигини исботлашим мумкин. Совет даврида деярлик ҳар бир дўконларда, махсус идишларга солинган ҳолда сотилувчи қўй сутини бугунги кунга келиб дўконлардан тополмайсиз. Айнан шунинг учун ҳам кўплаб дардларга даво бўлган ва витаминларга бой бўлган қўй сути истемол қилишни ўзбек ҳалқи деярлик унитиб бўлди.



