Фермерларнинг машаққатлари.

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Асилбек.

Юртимизнинг жанубий вилоятларида ҳам гарчи ҳали қиш фасли давом этаётган бўлсада баҳор ҳавоси сезилиб қолди. Эрта тонгдан шаҳри Термиз ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олган ҳар қандай инсон баҳорий шабада юзларини майин силаётганини ҳис этади. Ҳа, баҳор келишини кўпчилик орзиқиб кутади.Чунки баҳор бу янгиланиш фаслидир. Эрта баҳорда йўл четида ўсиб турган бойчечакни кўриб инсонинг баҳри дили очилиб кетиши табиийдир. Лекин юртимизда шундай бир қатлам вакиллари борки, улар баҳор келишлари билан ўз оромларини йўқотишади. Ушбу қатлам вакиллари фермер ва деҳқонлар қатламидир.

Улар баҳор келиши билан ўз оромларини йўқотишади ва кунига 12-14 соатлаб далаларда қолиб кетишади. Сабаб тирикчилик қилиш Ўзбекистонда ўта ҳам мушкул бир машаққатга айланган. Мамлакатимизда деҳқончилик билан шуғулланаётган инсонлар қийинчилигини ёритадиган бўлсак, бир неча томлик асар ёзиш мумкин. Масалан эрта баҳор билан ерни парвариш қиладиган ҳар қандай деҳқон ҳосилнинг зўр бўлишига умид қилади ва ҳосил яхши бўлса, қилган меҳнати орқасидан роҳатга эришади. Лекин надоматлар бўлсинким, Ўзбекистонда ундай эмас. Деҳқон ва фермерлар ерни ҳар қанча парваришлашмасин ҳосилнинг зўр бўлиш эҳтимоли жуда ҳам кам. Сабаб ерлар шўрланиб кетган.

Қайсидир бир фермернинг пешонаси ялтираб, унга шўр босмаган ер тушиб қоладиган бўлса ҳосил яхши бўлиши мумкиндир, лекин бари-бир ҳосилнинг яхши бўлганидан фермер фойда кўрмайди. Чунки ҳукумат амалдорлари бир пасда ҳосилни фермернинг ўзига йиғдириб оладирадида, ҳукуматга пахта ва ёки ғалла сотиш режасини ортиғи билан бажардингиз, айнан шунинг учун дароматингизни исталган вақтингизда ўз ҳисоб рақамингизга тушириб олишингиз мумкин дея, -кўздан ғойиб бўлишади.

Фермер бечора чор атрофга зир югуриб, пулни қайси банкдан олиши кераклигини аниқлайди. Терлаб-пишиб банкни аниқлаганидан кейин банк ходимлари унга:
-Банкда пул йўқ, -дейишади.
Фермер биладики пора берса пул дархол бор бўлади. Ҳа, коррупциялашиб кетган давлатдаги ўзига хос ва мос таомил шунақа. Лекин фермер пора бериб, давлатга сотган маҳсулоти пулини фақатгина расмий ҳисоб рақамига тушириб олиши мумкин холос. Пешона териси билан топган пулини қўлига нақд олиши жуда ҳам мушкулдир. Сабаб юртбошининг махсус қарорлари эълон қилинган. “Банкдан ташқари пул айланмасини янада қисқартириш” ҳақида.

Расмий ҳисоб рақамлардаги пулни нақд пул қилиб олишнинг ҳам йўли бор. Лекин ўша пулнинг 20 фоизини банк ходимларига ҳадия этилиши керак. Қарабсизки, минг машаққатлар билан меҳнат қилиб, ҳосил етиштирган фермер хизмати эвазига сарф харажатини ҳам қопламайдиган озгина пулни қўлга киритади. Кейинги вақтларда мамлакатимизда янги бир тартиб қоида жорий этилди. Ушбу тартибга кўра, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари давлатдан сотиб олган кимёвий озуқаларини ерга сепиб бўлгунларига қадар уларни ички ишлар ходимлари кузатиб туришади. Бу тушунарсиз ҳолатнинг сабаби шундан иборатки, ички ишлар ходимлари фермерлар кимёвий озуқа ҳисобланмиш селитрадан портиловчи моддалар ясашлари мумкин, -деб хавфсирашади.

Ҳа, ҳукумат ҳар бир элементар воқейликдан хавфсирайди. Чунки, ҳукумат ич-ичидан емирилиб бўлган. Айнан шунинг учун ҳам фермерлар етиштирган ҳосилнинг харидори ягона ҳукуматдир. Агарки фермерларга ҳосилини сотиб олиш имконига эга муқобил харидор топиш имконияти яратиб берилса Каримов ҳукумати чок-чокидан бўлиниб кетади. Зеро ўзбек ҳукумати монополиялашган ҳукуматдир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares