Аҳолининг турмуш фаравонлиги ошиб бораётган эмуш!

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек.

Қудратдаги ҳукумат қудратга келганига ҳам мана кўз очиб юмгунча ўн саккиз йилдан ошибди. Ёдимда ўша қайта қуриш вақтларида тез-тез минбарларга чиқиб, баландпарвоз нутқлар сўзловчи Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз чиқишларидан бирида энг кўп истеъмол қилинувчи маҳсулот—ноннинг нархини кўтармасликка қасамиёд қилган эди.

Ислом Абдуғаниевичнинг бу қадар катта ваъда берганини кўриб кимларнингдир унга нисбатан ихлоси ошди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасданоқ Абдуғаниевичнинг сўзи билан иши бир эмаслиги маълум бўлди ва нон нархи кун сайин кўтарила бошлади. Ҳозирги кунга келиб эса нон нархи йигирма баробар ошиб кетди десак асло янгилишмаган бўламиз. Лекин қудратдаги ҳукумат вакиллари бу рад этиб бўлмас ҳақиқатни рад этишмоқда ва Ўзбекистон ҳозирги кунда жуда ҳам тараққий этиб, жаннаннинг нақ ўзига айланганини иддао қилишмоқда.

Биргина мисол ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукумат пропагандасини тарғиб қилиш билан шуғулланувчи “ЎЗ.А” ахборот агентлиги мухбири Ёрқул Умарнинг яқингина “Ўзбекитон овози” газетасида эълон қилинган мақоласида айтилишича мамлакатимиз аллақачон тараққий этган давлатлар қаторидан жой олиб бўлган. Шу ўринда “Аҳоли фаравонлиги ошмоқда” –деб номланган ушбу мақоладан ихтибос келтирсак.
-Янгиқўрғон –Навбаҳор туманидаги обод қишлоқлардан. Бу ерда қарийб саккиз минг аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳлининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, тадбиркорларнинг сафи кенгайиб, бандлик даражаси ошиб бораётгани боис бу ерда турмуш шароити сезиларли даражада яхшиланиб бормоқда.

Мен, “Бирдамлик” ҳаракатининг фаол аъзоси сифатида Ёрқул Умарнинг Республика газетасида ёритган мақоласидаги ушбу маълумотлар нақадар ҳақиқатга яқин эканлиги билан қизиқдим ва Янгиқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Фармонов билан телефон орқали боғландим. Бахтиёр ака дастлаб менинг саволимни диққат билан тинглади-да кейин расмийларга хос касаллик билан мақтана бошлади.
-Жорий йилда қишлоғимизни янада ободонлаштириш, ижтимоий инфратузумасини яхшилаш мақсадида амалга ошириладиган ишларимиз кўп…

Мен Янгиқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг гапи узоқ ва давомли бўлишини билиб мақсадимни янада аниқроқ тушунтирдим ва:
-Шу қишлоқда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқдами, – деб сўрадим. Раиснинг жавоби қисқа бўлди:
-“Ўзбекистон овози” газетасида шундай ахборот берилган бўлса, демак тўғри.
Во ажаб, бундан чиқди “Ўзбекистон овози” газетасида ёзилган ҳар бир маълумот шак-шубҳасиз тўғри бўлар эканда.

Ўзбекистонни тарк этганимга мана бир ярим йил бўлиб қолган бўлсада аниқ биламанки мамлакатимизнинг бирон-бир қишлоғида инфратузилма яхшилангани йўқ ва янги ишчи ўринлари барпо этилгани йўқ. Аксинча мавжуд бўлган ишчи ўринлари ҳам тугатилмоқда. Фикрим тасдиғи сифатида шу нарсани айта олишим мумкинки, ҳозирги кунга қадар иш излаб Россия, Қозоғистон каби давлатларга ҳижрат қилган ўзбек мардикорлари бугунги кунда Қирғизистон ва ҳаттоки Тожикистон давлатларига иш излаб келишмоқда. Бу ҳолат шундан далолат берадики, ҳатто Тожикистон Республикасида иқтисодий вазият Ўзбекистондаги иқтисодий вазитга нисбатан анчагина яхши.

Лекин бу ҳақда “Ўзбекистон овози” газетасида ҳеч нарса ёзилмайди. Сабаб бу ҳақиқатни ҳукумат расмийлари тан олишмайди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares