Оқланмаган ишонч қиссаси (2-14)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)

Исмат Хушев, Канада.

(ismatkhushev@yahoo.com)

Иккинчи китоб.


ЁТОҚХОНАДАН МЎҲТАШАМ МЕҲМОНХОНАГА

Ўн тўртинчи боб.

1991 йилда Туркияга иккинчи маротаба сафар қилдим. Ҳозирги хавфсизлик кенгашининг котиби Миракбар Раҳмонқулов, Алишер Шайхов (ўшанда Вазирлар Маҳкамасида Иқтисодий департаментнинг бошлиғи эди, шекилли) ва мен – уч киши Ўзбекистон мустақиллигининг илк қадамлари ҳақида Турк парламенти ва юқори идораларининг масъул мулозимлари ҳузурида маърўза қилиш учун Истанбул ва Анқарага бордик.
1991 йилда шахсий ҳаётимда ҳам ўзгаришлар бўлди. Шу йили Чарос деган қизим туғилди. Маълумки, 1987 йилда Ҳулкар қизим, 1989 йилда Ислом ўғлим туғилган эди.

Учинчи фарзандим 1991 йилда дунёга келди. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтишим керак. Бу Ислом Каримовнинг одамгарчилигини кўрсатадиган ёрқин мисол бўла олади. Эҳтимол, Шукрилла Раҳматович Ислом ака билан бамаслаҳат менга ёрдам берган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳартугул, иккови ҳам қандай ҳаёт кечираётганимни яхши билишарди.

Ўша пайтларда Иброҳим Ғафуровнинг тавсиясига кўра Маданият ишлари вазири Ўлмас Умарбеков менга ажратиб берган Хадрадаги оилавий ётоқхонада истиқомат қилардим. Каталакдек битта хона – бўйи уч метр, эни икки ярим метр бўлса керак; ёнимда “Ҳамза” театрининг актёри Муҳаммадали Абдуқундузов (кейинчалик Бобир ролини қойиллатиб ижро этган истеъдодли санъаткор) оиласи билан яшарди. Муқимий театри актёри Насриддин ҳам оиласи Гулнора билан ( кейинчалик уларнинг қизлари Дилдора телевидениянинг машҳур дикторларидан бирига айланди) бизга қўшни эди.

Тўртта оилага битта ҳожатхона, битта ванна, ошхона умумий…

Ҳмма нарса учун қаторлашиб навбат кутиш зарурлиги ўз-ўзидан тушинарли. Бизнинг аҳволимиз ҳам машҳур ёзувчи Гарсиа Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” романида мароқ билан тасвирлаган кулгили ва ачинарли навбат кутиш машмашаларидан қолишмасди…
Карим Баҳриев ҳам рўпарамизда яшар, лекин у ҳали уйланмаганди. Қулмон Очилов билан Абдимўмин Тиловов каби ном қозониб келаётган журналистлар ҳам бизга ўхшаб яшардилар. Том маънодаги каталакдек хонада беш жон яшаши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Боз устига, мана шу хонада бурчакка қараб ўтириб мақола ёзишим – ижод қилишим лозим эди…

Бир куни ана шу ғаройиб ётоқхонамиз тўс-тўполон бўлиб кетди. Одамлар йўлакдан у ёқдан-бу ёққа югуриб қолишди, ғўнғир-ғўнғир товушлар эшитилди. Кутилмаганда тўққизинчи қаватдаги “хонадон”имизга Мавлон Умурзоқов ташриф буюрди. Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси ташриф буюргач, албатта, уни муносиб кутиб олиш лозим. Биз шошиб қолдик.

Хонтахта, бешик хонанинг ўртасида, икки четда каровотлар қаторлашиб турибди. Келинингиз бўлса, меҳмонни қаерга ўтқазишни билмайди. Ҳажми икки яриму уч метрдан иборат хонада меҳмон кутиш мумкинми? Йўли топилди: тахмоннинг орасига бир донагина “Андропов” ароғини яшириб қўйган эканман, дарҳол хонтахтага қўйдим. Мавлон акани кўрпачага омонатгина ўтқазиб, ўзим косагуллик қилдим. Икки пиёладан ароқ ичилди.

-Бўпти, Исматжон, мен кетдим, – деб Мавлон ака ўрнидан турди.
Коридорда аллақачон қаердандир етиб келган ётоқхона директори Тўлқин ака ҳам гуноҳкордек бош экканча у кишини кутиб турарди. Ажаб, Мавлон аканинг ёрдамчиси Исмоил Шодмонқулов ҳам шу ерда экан. Мен Мавлон акани улар билан биргаликда пастгача кузатиб тушдим. Қизиқ, ўша куни Мавлон ака нима мақсадда келганини айтмади. Мен ҳарон бўлдим. Чунки олдиндан огоҳлантирмаган эди.

Эртаси куни ҳаммаси маълум бўлди. Чамамда, Мавлон акани Ислом ака юборган эди: “Бориб, ётоқхонасини кўриб келгин”, деган экан. Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг хўжалик бўлимига тегишли машиналар карвони ётоқхонамизнинг ёнига келиб тўхтайди. Кўч-кўронимизни ўша машиналарга ортиб , Жуковский кўчасидаги Вазирлар Маҳкамасининг мўҳташам меҳмонхонасига кўчириб кетдилар.

Меҳмонхонанинг ёнида мусиқа мактаби бор эди, чорраҳага етмасдан, шундоқ йўл бўйида, кўчанинг чап томонида жойлашган эди. Ҳеч қандай белги қўйилмаган ўша меҳмонхона ҳозир ҳам бор. Унда асосан хориждан келган расмий меҳмонлар яшарди.
Бу пайтга келиб Ислом аканинг ташаббуси билан вилоятлардаги истиқболи порлоқ, истеъдодли кадрлар Тошкентга ишга таклиф этилади. Улар депутатлар билан биргаликда маълум муддат ўша биз кўчиб ўтган Министрлар Советининг меҳмонхонасида яшайдилар. Масалан, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланган Жаҳонгир Маматов ҳам шу ерда яшарди. Самарқандлик яна бир депутат – Эркин Хўжаев ҳам биз билан бирга эди.

У киши Олий Кенгашда Иқтисодий Қўмитанинг раиси бўлади. Кейинчалик эса мустақил Ўзбекистоннинг Эрон Ислом республикасидаги вафқулодда ва мухтор мухтор элчиси этиб тайинланади. Абдурауфиқ Аҳадов ҳам Ўзбекистон “Промбанк”ининг раиси эди, кейин Олий Мажлисда иқтисодий қўмитанинг раиси бўлди. У киши мен билан қарама-қарши хонада турарди. Ислом Ҳайдаров эса Самарқанднинг қайсидир бир районида прокурор эди, лекин Олий Мажлис депутати этиб сайлангач, ҳуқуқ-тартибот қўмитасига ишга ўтиб, Тошкентга келади. Фарғоналик Алишер Отабев – қайсидир бир вазирликда ишлардилар. Биз бу дилбар ва ниҳоятда камтар инсон билан ҳам қадрдон ака-ука бўлиб қолган эдик. Кейинчалик Алишер ака аввал Фарғона шаҳрига, сўнг эса Фарғона вилоятига ҳоким бўлиб кетади.

Ёзувчи Эркин Аъзамовнинг Сурхондарёдан Олий Кенгаш депутати этиб сайланган укаси Фарҳод Аъзамов ҳам биз билан бир муддат ана шу меҳмонхонада умгузаронлик қилган. Кейинчалик, йиллар ўтгач, Фарҳод Термиздаги йирик кўз клиникаларидан бирга раҳбар бўлиб кетганини эшитдим.

Хуллас, оила аъзоларимиз билан Вазирлар маҳкамасининг меҳмонхонасида яшай бошладик. Ростини айтсам, имтиёз деганлари шунчалик бўлса керак. Ўшанда менинг кўк “Москвич”им бор эди- “78-87 КФИ”. “94-40” рақамли эски “Москвич”имни сотиб, ўрнига шуни олгандим. Меҳмонхонани милиция ходимлари қўриқларди. Ўша жойда машиналар турадиган “стоянка” бор эди. Машинам ҳам ўша жойда турарди. Ўзимни эса хизмат машинаси олиб юрарди. Меҳмонхона ҳовлисига киришимизда ҳам, чиқишимизда ҳам милиционерлар “честь” бериб туришарди.

Ўша меҳмонхонага бир борсангиз кўрасиз – ҳар бир оила учун икки ё уч хонали уй: ечинадиган хонаси алоҳида, душ, ваннаси билан ҳожатхонасининг ўзи росмана уйдек келади. Телевизор, музлатгич ва мебеллар муҳайё. Энди Хадрадаги оилавий ётоқхонани кўринг-у, бу меҳмонхонани кўринг! Меҳмонхонанинг биринчи қаватида кенг, ёруғ ва шинамгина ошхонаси ҳам бор эди. Шуниси қизиқки, Вазирлар Маҳкамасининг бу ошхонаси ресторанлардан ҳам тўкин, мўл ва шоҳона эди. Бечора ошпазлар тонгда келиб, фақат менинг болаларим учунгина сутли таомлар, “манний каша”лар пишириб беришарди. Чунки бу ерда биздан бошқа ҳеч ким болалар учун овқатга буюртма бермасди. Аниқроғи, бутун бир оиласи ва ёш болалари билан фақат мен бу меҳмонхонага кўчиб ўтган эдим. Депутатлар ҳам, вазирликда ишлайдиган бошқа ўртоқлар ҳам меҳмонхонада ёлғиз ўзлари турар, дам олиш кунларигина қишлоққа бориб, болаларини кўриб қайтишарди. Хуллас ошхона хизматлари учун ҳам, меҳмонхона учун ҳам арзимас ҳақ тўлардик. Ҳатто қанча тўлаганимизни ҳам эслолмайман.

Демак, эсда қоладиган даражади пул тўламасдим. Назаримда, менинг сарф-харажатларимни ҳам Вазирлар Маҳкамаси (Министрлар Совети) ўз зиммасига олганди. Бу Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовларнинг менга кўрсатган оталарча ғамхўрлиги эди.
Вақт ўтгани сари энг охиригача бу меҳмонхонада оилам билан битта ўзим қолиб кетдим. Олти ойдан сўнг бир киши, етти ойдан сўнг бошқа бир киши, ҳаммаси – Жаҳонгир Маматов ҳам, бошқалар ҳам Тошкентнинг энг шинам жойларидан уй олишиб, кўчиб кетишди. Мен шошмадим. Менга кўп жойларни кўрсатишди, бир неча квартираларни таклиф қилишди. Лекин, мен, шошмадим.

Меҳмонхонада бассейн, сауна бор эди. Бу ерда одам у қадар гавжум бўлмасди. Фақат ҳукумат таклифига кўра бошқа республика ва ё чет эллардан келган меҳмонларгина бу ерда яшарди. Сауна керак бўлса, бир кун олдин буюртма бериларди. Официант қизлар аравачаларни тўлдиришиб, нимани буюртма берсангиз, ҳаммасини муҳайё қилиб, саунанинг дам олиш хонасига киритиб беришарди. Ҳар ҳафтада бир маротаба саунада ўтиришимиз бор эди. Депутатлар яшашни билишарди. Чамаси саккиз-ўн киши навбати билан сауна қилардик. Қизиқ, сауна навбати келишидан кўпроқ чўчийдиган одам мен эдим. Менга кўпинча Абдурафиқ Аҳадов ёрдам берарди, майда-чуйдаларни, ароғини кўтарарди. Баъзан Эркин Хўжаев ҳам қарашиб юборарди.

У кишига ҳам, Жаҳонгир ва Абдурауф акаларга ҳам Самарқанддан кўп нарсалар келарди – қўй, тандир гўшти, барра дегандек. Мен ойликка яшардим, тўкин-сочин дастурхон тузашга қурбим етмасди. Биласиз, қалам ҳақига шоҳона зиёфат уюштириб бўлмасди. Буни депутат қўшниларим ҳам биларди, шекилли, менинг галим келганида улар баҳоли қудрат ёрдам беришарди. Сауна олти-саккиз соат давомида бизнинг ихтиёримизда бўларди. Унинг ёнида кўм-кўк, зилол сувли бассейн бор эди. Менинг болаларим биринчи маротаба ана шу бассейнда сузишни ўрганишган, ўзим ҳам аслида худди шу ерда дурустроқ сузадиган бўлганман.

Шу тариқа ҳукумат имтиёзларидан бекаму-кўст фойдалана бошладим. Мен ана шу меҳмонхонага кўчиб ўтганимдан сўнггина, раҳбарлар нима учун ўз мансабларини бу қадар қаттиқ яхши кўришларини, ўз лавозимларига нима учун бу қадар маҳкам ёпишиб олишлари сабабини англай бошладим…
Бир куни Китобдан Тошкентга – врачларнинг малака ошириш курсига ўқишга келган худо раҳмат қилгур Неъмат акам уч-тўрт ўртоқлари билан саунамизда дам олиб, меҳмон бўлиб кетган эди. Ўшанда акамнинг ҳам, ҳамкасб дўстларининг ҳам менга қилган ҳавасларини бир кўрсангиз эди.

Албатта, ётоқхонада яшаб юрган биздек одамларга шундай жойни бериб қўйган инсонларга минг раҳмат! Журналистларга бундай шароит яратилишини тўғри деб биламан. Бой-бадавлат амалдорлардан кўра, менга ўхшаган фақир журналистларнинг ўша жойда яшагани минг марта яхши. Биз бу имтиёзни қай даражада қадрладик, қай даражада англаб етдик – бу энди бошқа масала…

Хуллас, бу меҳмонхонада икки йилча яшадик. Ҳамма уй-жой олиб чиқиб кетди. Менга ҳам баъзи бир квартираларни таклиф қилишди. Охири, собиқ Герман Лопатин кўчасидан уй олганман. Театр ва рассомчилик институтига, Президентнинг ёзги қароргоҳига бораверишда, ҳукуматнинг “Шелковичная” (ҳозирги “Туркистон”) меҳмонхонасига яқин жойда. “Косманавтлар проспекти” метросидан чиқиб, Ички ишлар вазирлигини айланиб ўтсангиз, Юнус Ражабий кўчасининг шундоққина чап томонида Марказқўм ходимлари учун пишиқ ғиштдан қурилган шинамгина уй бор. У пайтларда Марказқўм ҳали мавжуд бўлиб, Мавлон Умрзоқов у ерда иш бошқарувчиси эди.

Мавлон акадан, Зелемхон Ҳайдаровдан Марказқўм ходимларига атаб қурилган квартиралардан бири бўшаганини эшитдим.
-Шуни сиз олсангиз яхши бўларди, – дейишди улар.
Марказқўмнинг иккинчи котиби Ефимов ўша квартирани битта ўрис аёлга бериш тўғрисида оғзаки фармон берган экан. Ефимовнинг ёрдамчиси Ҳакимжон Ҳамидов ҳам менга хайрихоҳ эди. Агар эсингизда бўлса, у киши мени бир пайтлар Нурали Қобулнинг тавсияси билан Қашқадарё область комсомол қўмитасига ишга йўллаган эди. Хуллас, Мавлон ака билан Зелемхон аканинг катта хизматларини тан олиб айтишим керакки, улар менинг илтимосимни Президентга етказадилар.

-Уйи йўқ бўлса, Исматга беринглар! – дейди Ислом ака.
Ислом Абдуғаниевичнинг шахсан розилиги билан мен ҳозир яшаб турган уйимни бепул олдим. Аввал уйни бир оз ремонт қилдим, сўнг кўчиб ўтганман. Биринчи қаватда жойлашган уч хоналик шинам квартира. Бу менга Президент томонидан кўрсатилган жуда катта марҳамат эди…

(Давоми бор).

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares