“Бирдамлик” ҳаркати фаоли Анварбек
17- январ куни эрта тонгдан Республикамизда чиқарилаётган барча газеталар деярлик бир хил мавзуда, яъни “Соғлом келажагимизнинг муҳим омили” номли мавзу остида туркум мақолалар нашр этишди. Зангори экранлар юртбоши Ислом Каримовни кўрсатиб, радиолар Каримов сўзларидан ихтибозлар келтира бошлади. Ҳаёт ташвишлари билан овора бўлиб юрган одамлардан кимдир бунга аҳамият берди. Кимдир эса аҳамият бермади. Сабаб ҳеч ким учун бу каби ҳолат янгилик эмас эди.
Маҳаллий ОАВ ходимларининг бу тарзда Каримов сўзларини улуғлашига туртки бўлган ҳолат шундан иборат эдики, 16- январ куни Оқсаройда Президент раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда сўзга чиққан мамлакатимиз раҳбари мазкур йиғилишдан кўзланган асосий мақсад ўтган йил мобайнида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этишдан иборат эканлигини такидлади.
Президентлик муддати амалдаги Конституцияда кўрсатилган қонунларга мувофиқ аллақачон ўз ниҳоясига етган президент узоқ ва давомли тарзда нутқ сўзлар экан:
-Спорт—соғлом авлод, соғлом келажак деганидир. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади, -деди.
Шубҳа йўқдирким, фақатгина соғлом ҳалқ ва соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади. Бироқ соғлом ҳалқ буюк ишларни амалга ошириши учун тинимсиз равишда давом этаётган геноцидни тўхтатиш керак. Соғлом миллат ўзлигини англаб олиши ва буюк ишларга қодир бўлиши учун миллатни қасддан қириб юбориш ишларини тўхтатиш керак. Маҳаллий ОАВ ходимлари “Мамлакатимиз раҳбари соғлом миллат юзага келиши учун кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Мисол учун 2003 йили мамлакатимиз бўйлаб 97 спорт иншооти қурилган бўлса, 2008 йили 186 спорт мажмуаси бунёд этилди. Шундан 162 таси қишлоқларда қурилди”-деб жар солмоқда. Шунча спорт мажмуаси қурилгани рост.
Бироқ ҳашаматли тарзда қурилган бу спорт иншоатларидан ўртаҳол ва кам таъминланган оила фарзандлари фойдалана олишмаётанини ҳисобга олсак ҳақиқий вазият бир оз бўлсада ойдинлашади. Қишлоқларда қурилган спорт иншоатларига қишлоқ болалари қўйилмайди. Бу иншоатлар фақатгина юқоридан “катталар” келгандагина очилади. Хўш, шундай вазият давом этаётган экан, спорт иншоалари қурилаётгани жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни яратишга бирон-бир имконият яратиб бера оладими?
Ҳар бир гапи гулдурос ва давомли қарсаклар билан тасдиқланиб турган мамлакатимиз раҳбари И.Каримов ўз нутқи давомида:
-Келажак авлоднинг соғлом бўлиши аввало аёлга боғлиқ. Соғлом она—соғлом бола, соғлом бола—соғлом келажак. Ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш асосий вазифамиздир, -деди. Перезидент бу гапларни чин қалбдан эмас, балким ҳалқнинг оми ва содда қисмини лаққиллатиш мақсади ила айтмоқда. Агарки у ростдан ҳам соғлом болаларнинг кўпайишини истаганда махфий қарорлар чиқариб туғруқхоналарга келган ёш аёлларнинг қайта фарзанд кўрмаслигини таъминловчи асбобларни уларнинг ички органларига ўрнатиш ҳақида буйруқ бермаган бўлар эди. Ҳозирги кунда кўплаб биринчи фарзандларини туғруқхонада туққан аёллар қайта фарзад кўрмасдан изтиробда юришибди. Сабаб билишмайдики, махфий топшириққа биноан биринчи марта фарзанд кўраётган вақтларида акушерлар уларни бефарзанд бўлиб қолишларини таъминлаган.
Мана шунақанги бир оғир вазиятни юзага келтириб қўйган И.А.Каримов худди хеч нарсани билмагандек, худди оғир жиноятларни содир этмагандек баланд парвоз нутқлар сўзлашда давом этмоқда.




