Яхши кунларга етиш орзуси билан яшаётганлар

Моҳинбону
Мустақил журналист

Ҳар гал Тошкентдан борганимизда қариндошлар, дўсту-биродарлар меҳмонга чақиришади.
Бу сафар ҳам янги йилнинг биринчи кунини девор-дармиён қўшнимиз ва яқин қариндошимиз Равшан ака ва Мунаввар опанинг хонадонида ўтказишга тўғри келди. Эрталабдан тўнғич фарзандлари, бир йил илгари турмушга узатилган қизлари Феруза қайнонаси билан янги йил баҳона келишган экан.

Мунаввар опаларнинг уйига ўтдик, мен уларнинг хонадонини болалигимдан яхши биламан.

Меҳмонлар учун ҳозирланган жой меҳмонхонада эмас эди.

– Узр, фақат шу хонада печка бор, – дейди биз – “Тошкентдан келган меҳмонлар”дан ийманиб Мунаввар опа ҳол-аҳвол сўрашиб бўлингандан сўнг.

Ўтган йилги қаҳратон қишнинг “синов”идан ўтган оилалар бу йил ҳам алоҳида тайёргарлик кўришган – емакхона ҳам, ётоқҳона ҳам бир уйга, печкали уйга кўчирилган.

Байрамдан кейинги бир неча кун мобайнида қариндошларнинг хонадонларида бўлганимизда,
ана шундай “меҳмонхона”лар
жонимизга оро кирди.

Нафақат печкалар, балки аксар оилаларнинг уйлари ҳам сизни 2009 йилдан 1950-60 йилларга қайтаргандек бўлади. Болалагимда, бундан йигирма йиллар илгари бу хонадонларнинг бинолари қандай бўлганини яхши эслайман: деворлари оқланган, эшик-ромлари ҳар йили турли рангга бўялиб туриларди. Ҳозир эса бу ранглар униқиб, ёғочда пўст ташлагандек бўлиб қолган, деворларнинг нураб тушган жойлари анчадан буён сувоқланмаган, бир пайтлар узоқдан кўзни қувонтириб турган уйлар чўкиб қолгандек.

Одатда – оиланинг қишга яроқли ягона хонаси меҳмонхона вазифасини ўтамайдигаан пайтларда кечки овқатдан кейин катталар телевизор кўришади. Уйда мактабда ўқийдиган болалар бўлишса, агар эринишмаса, бир чеккада ёнбошлаб, уй вазифасини бажаришлари мумкин. Агар хоҳлашмаса, мактабдан берилган топшириқларни бажаришга ҳеч ким уларни мажбурламайди, катталарнинг ўқувчиларни тергашга ёхуд мактабда савод олишлари қандай кечаётганини кузатиб боришга “имконлари йўқ”. Лекин биз меҳмонда бўлган кунлари болалар қишки таътилда эдилар.

Аслида суҳбатлардан англаганим – болалар йил-ўн икки ой “таътил”да эканлар.

– Болангиз сентябрдан май ойигача бир кун мактабга бормаса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ, – дейди Мунаввар опамнинг қудаси Мақсуда хола. – Пулини бериб қўйсангиз бўлди, чорак баҳосини ўқитувчиларнинг ўзлари чиқариб қўйишади. Бундан ўқитувчилар ҳам хурсанд, ота-оналар ҳам.

Ана шундай таҳсил “натижаси”данми, Мунаввар опанинг ўғли Сардор ўтган йили ёзда институтга кириш тест имтиҳонидан “йиқилиб қайтди”. Ўшандан буён уйда, бекор. Уч-тўрт кун мобайнида кузатганим – унинг асосий иши телевизорда телесериал кўриш эди.

Электр қуввати эрта тонгдан бир неча соат ва кечқурун бир неча соат берилади, кечки соат олтидан кейин деярли барчани телевизордаги сериал ўзига оҳанграбодек тортади. Вилоятларнинг аксарида томоша қилиш мумкин бўлган “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканалларининг кўрсатувлари вақти шундай ташкил қилинганки, бир каналдаги Жанубий Корея фильми тугаши билан бошқа каналда Туркия сериали бошланади. Сериаллар ҳақида атрофдаги энг кичик боладан сўрасангиз ҳам, қаҳрамоннинг қандай оилада туғилгани, ота-бобоси ким, қаерда нима иш қилгани, кимни севиб, ташлаб кетганигача ҳаяжонланиб сўзлаб беради.

Мунаввар опаникига бошқа бир қўшнимиз – яқинда келин туширган Шоҳиста опа ўғли, куёв бўлмиш Рустам ҳамда келини Наргиза билан чиқишди.

Асосий суҳбат мавзуси, табиийки, бугунги рўзғор тебратиш ҳақида бўлади.

Маълум бўлишича, уч оилада ҳам ишсиз эркаклар бор экан.

Шоҳиста опа Равшан акадан даладаги ишлари қандай бораётгани ҳақида сўрайди.

Ҳар доимгидек бирор ҳазил гапни ҳам жиддий оҳангда, ерга тикилиб бошлайдиган Равшан ака жавоб қайтаради:

– “Ишни ўзгартирдик”.

– “Ие, фермерликдан кетдингизми?”, сўрайди Шоҳиста опа.

– Ҳа.

– Қанақа ишга ўтдингиз?

– Директор чистих воздух, дейди уй соҳиби.

Давра бир муддат жавоб маънисини англолмай жим қолади. Мунаввар опанинг изоҳи ортидан эса кулги кўтарилади.

Равшан ака бугун собиқ фермерга айланган. У бир неча йил илгари ерни ижарага олган, буғдой, пахта экиб, рўзғорни наридан-бери тебратиб юрганди. Икки-уч ой олдин фермер хўжаликларини кенгайтиришга қарор қилингани туфайли Равшан ака еридан ажралган.

Куёви Ботир эса заводда қисқартиришга тушганидан кейин уйида қорамол боқаётган экан.

– Молга қараш ҳам иш, дейди онаси Мақсуда хола.

Яқинда уйланган Рустам эса озроқ маблағ топиб, деҳқонлардан картошка-пиёзни улгуржи сотиб олиш, кейин бозорга олиб чиқариб сотиш учун пул топиш илинжида юрипти. Бироқ “янги” келин Наргизанинг қўлида “гулдай ҳунари борлиги” – тикувчилигидан оила аъзолари мамнун. Келин бўлиб тушган маҳалласида у тиккан аёллар кўйлаклари кўпчиликка манзур бўлган, тикувчига буюртмалар кўпайгани оилага дурустгина даромад келтира бошлаган.

Мезбонларнинг оиласида ҳам бугун асосий боқувчи – уй бекаси, оддий мактаб ўқитувчиси Мунаввар опа. Хонадондаги ҳамма ташвишлар – оиланинг еб-ичиши, беш боланинг кийим боши, тўпланиб қолган қарзларни қандай қилиб узиш 46 ёшли аёлнинг ўй-хаёлини эгаллаган. Фақат буларгина эмас:

– Орзу-ҳавасларимиз бор. Худога шукур, Ферузамни узатдик. Энди кичкиналарини ўқишга киритиш керак. Қизларни турмушга чиқариш, ўғилларни уйлантириш учун сарпо-суруқ йиғиш керак. Худойим саломатликни берсин, яхши кунларга етказсин, дея ният қилади Мунаввар опа.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares