(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
РАФИҚ НИШОНОВГА ОЧИҚ ХАТ
Ўн учинчи боб.
Маълумки, Ўзбекистонда маҳаллий раҳбариятнинг нотўғри сиёсати туфайли Фарғонада, Паркент ва Бўка туманларида миллий низолар кучайиб кетади. Ҳатто қон тўкилади. Бир сўз билан айтганда, Р.Н.Нишонов лаёқатсиз раҳбар эканини кўрсатади. Ўзбекистон иқтисоди таназзулга юз тутади, ижтимоий ҳаёт издан чиқади. Ўшанда республикамизда фуқаролар уруши ҳам бошланиб кетиши мумкин эди.
Ўзбекистонни боши берк кўчага тиқиб қўйган Р.Нишонов Москвалик ҳомийлари ёрдамида СССР Олий Советида Миллатлар Кенгаши палатасига раис бўлиб олади ва сувдан қуруқ чиқиб кетади. У ўзини иттифоқ сиёсий саҳнасида ишчан, омилкор арбоб сифатида кўрсатишга беҳуда чираниб юради. Аммо СССР халқ депутатлари уни бир тийинга ҳам олишмасди.
Чунки субутсиз “ўйинчи” эканини ҳамма яхши биларди. Сиёсатчилар уни “Рафик Горбачёва”, яъни, Горбачёвнинг миниб юрган “Раф” машинаси деб масхаралашарди. Ҳатто 1991 йилнинг 19-21 август кунлари давлат тўнтариши рўй берганда сайловчилар билан учрашувга ёки таътилга жўнаб кетган депутатлар жойлардан: “Рафик Нишонович, Москвада нима бўляпти?” деб сўрашса, у одати бўйича: “Ҳаммаси жойида, ҳамма хотиржам, ҳамма иш рисоладагидек давом этяпти”, деб жавоб беради.
Кейинчалик депутатлар унинг жавобларини эслатишиб: “Нишонов ҳам фитначиларга ҳамтовоқ эди!” деган даъвони илгари сурадилар. Энг ёмони шундаки, биринчидан, Р.Н.Нишонов ўзининг кулгили ҳатти-ҳаракатлари билан, масхарабозлиги билан ўзбек деган номга доғ тушираётган бўлса, иккинчидан, Ўзбекистоннинг қатьиятли, шижоатли раҳбариятини Марказий матбуотда бадном қилиш орқали обрў қозонмоқчи бўлади. Боз устига, ҳуда-беҳуда Ислом Каримовнинг ҳар бир қадамидан айб топишга интиларди, имкон топилди дегунча уни М.С.Горбачёвга ёмонлар эди. Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар Нишоновга тинчлик бермай қўяди.
“Минуточка” лақабли Раиснинг қутқиси билан Москвада – юқори доираларда Ислом Каримов тўғрисида, Ўзбекистон тўғрисида ёмон фикрлар пайдо бўлади. Ўзбекистонга ва унинг раҳбариятига қарши уюштирилаётган бу кампанияга Р.Нишонов бош-қош бўлаётганини биз яхши билардик.
Мен ҳам ўша пайтларда эндигина ҳокимиятга келган Ислом Каримов билан жуда яқин эдим. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро қарори билан ҳукумат журналига Бош муҳаррир этиб тайинланганимдан сўнг мен ҳам унинг янги командасидаги энг фаол аъзолардан бирига айланиб қолдим. Табиийки, Рафиқ Нишоновнинг Москвадан туриб мен суйган, ишонган ва меҳр қўйган одамга қарши олиб бораётган бу фаолияти мени ҳам анчагина хавотирга солиб қўйди. Бир-икки суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Ислом ака ҳам Москвада пайдо бўлаётган бу носамимий муносабатлардан жиддий хафа экан. У киши менга: “Нишоновга очиқ хат ёз, уни матбуотда уриб чиқ!” деб айтгани йўқ. Лекин нолиб гапирганлари ҳануз ёдимда: “Ука, шу одам юртимизнинг вакили, аммо куткилайвериб ҳоли-жонимга қўймаяпти, ишлашим қийин бўляпти.
Фақат менга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, чидаш мумкин, бироқ, охир-оқибат Ўзбекистон, ўзбек халқи зарар кўради-ку! Москва бизга ўгай кўз билан қарай бошласа, иқтисодни кўтариб бўлмайди, улар бизнинг қонимизни сўриб олишади!” дейди у киши куйиниб.
Ислом Каримовдек республика биринчи раҳбарининг мендек кечагина қишлоқдан келиб, кутилмаганда катта мансаб ва чексиз имтиёзлар оғушига тушиб қолган йигитга айтган бу гаплари энди мени жиддий хавотирга солиб қўйди. Ислом ака билан бўлган ўша суҳбатлардан кейин мен ҳам изтиробга тушиб қолдим. Бир неча кун ўйланиб юриб, охири, Нишоновга очиқ хат ёзишга аҳд қилдим. Аста-секин у ҳақдаги фактларни тўплай бошладим. У биздан СССР халқ депутатлигига сайланган эди ва халқимизнинг ишончи туфайли Миллатлар Кенгаши палатасига Раис бўлиб кетади. “Независимая газета”да, “Московское новости” ва бошқа қатор марказий нашрларда Ўзбекистонга тош отиб ёзилган қатор мақолаларни айнан Нишонов уюштираётгани маълум бўлгач, мен унга очиқ хат ёздим. Бу хатда кўнглимда чўкиб ётган фикр-мулоҳазаларимни яширмасдан, очиқ-ойдин баён этдим. Демак, мақола билан танишамиз.
БАЛАНДПАРВОЗ ВАЪДАЛАР СОЯСИДА
(СССР Олий Кенгаши Миллатлар палатаси раиси
Р.Н.Нишоновга очиқ хат)
Мана сал кам икки йилдирки, ҳурматли Рафиқ Нишонович, серқуёш Ўзбекистонимизнинг содда халқи йўлингизга интизор. Биз аввалига Сизни ғурур ва ҳурмат билан кутдик. Чунки “ўзбеклар иши” ҳақидаги бошимизга тош бўлиб ёғилган қатор тўҳмат мақолалардан сўнг кутилмаган бир пайтда, яъни Советларнинг 1-съездида Сиздек ҳамюртимизнинг мамлакат олий даргоҳидаги муҳим лавозимлардан бирига сайланиши ҳазил гап эмас эди, ахир! Машҳур “бир ликопча қулупнай” воқеасидан сўнг бу тўҳмат ва разолатдан гангиб қолган бўлсак-да, бир бирига қарама-қарши ўй-хаёллар, ғазаб ва маломатлар билан бўлса-да, барибир кутдик. Бошқалар-ку майли, лекин айнан Сиз, Рафиқ Нишонович, қўлингизга депутатлик гувоҳномасини тантанали равишда тутқазган воҳада юз берган, барча мушфиқ халқлар вужудини ларзага солган даҳшатли биродаркушликнинг асл сабабини бутун дунёга Кремлдан туриб дадил ва очиқ-ойдин айтишингиз лозим эди, ахир! Сайловолди йиғилишларида содда халққа жуда кўп ваъдалар бериб, ажабки, ҳанузга қадар бу ваъдаларнинг бирортасини ҳам бажаролмаган, бажармай юрган, ўз халқидан, унинг мунгли ва ўткир нигоҳидан ҳануз қочиб юрган СССР Олий Кенгаши депутати – Миллатлар палатаси раиси бўлмиш Сиз муҳтарам зотни улар ҳамон кутишмоқда. Бир бор кўзингизга тик боқиш учун, нима иш қилганлигингизни, унинг қайси дардига малҳам бўлганингизни ўз оғзингиздан эшитиш учун, ажабки, ҳамон кутишмоқда. Афсуски, уларнинг бу орзулари рўёбга чиқмаса, сароб бўлмаса деб қўрқаман.
Ахир, нима гуноҳ қилибмизки, рашидовчиликнинг энг фаол фош қилувчиларидан бири ҳисобланган, айнан ўша турғунлик даврининг қурбони сифатида иззат-ҳурмат топган киши бирдан бизга – ўз халқига орқа ўгирса. Балки шу боис ҳам ҳамюртларингиз билан кўнгил очиб суҳбатлашишдан қочаётгандирсиз. Эҳтимол, Сизнинг қалбингизда зарур пайтда қалқиб чиқадиган эски ва сийқаланган хотиралардан бошқа ўз халқингизга айтадиган гапларингиз ҳам қолмагандир.
Кўр-кўрона ишонишлар даври ўтди, Рафиқ Нишонович! Сиёсий шовқинлардан бугун одамлар тўйган. Энди уларга аниқ ва равшан амалга ошиши муқаррар ишлар керак. Республикада Сизнинг муборак номингиз билан боғлиқ хайрли ва савобли ишлар эса, афсуски, йўқ! Ҳар қалай, мен уларни эслай олмадим. Эҳтимол, бундай ишларни қилиш хаёлингизга ҳам келмагандир. Эсда қоларли “жўшқин” фаолиятингиз – булар республика ҳукуматининг юқори поғонасидаги кўр-кўрона ва шошма-шошарлик билан амалга оширилган ўрин алмаштиришлар, “рашидовчилар”нинг ўрнига кўпроқ ўзингизга содиқ ва хайрихоҳ кишиларни тайинлашдан иборат бўлган, холос.
Йўқса, Ўзбекистон барча республикалар ичида энг биринчи бўлиб иқтисодий ва сиёсий жарликка тойиб кетмаган, на Фарғона, на Паркент фожеалари ва на шунга ўхшаш бошқа нохуш ҳоллар юз бермаган бўлур эди.
Ҳамма нарса қиёслашда билинади. Ўша – Сиз мамлакат Олий Кенгашига тайинланган пайтда республикадаги оғир аҳволни кўрган киши Ўзбекистон энди бундан баттар аҳволга тушса керак, деб ўйларди. Шунданми, билмадим, республикадан юксак малакали рус тилига мансуб мутахассислар халқ хўжалигининг у ёки бу соҳасини “яланғочлаб” кета бошлашди. Худди шу пайтда бизга Иттифоқ ва хориждаги ҳамкор шерикларимиз ҳадик ва шубҳа билан қарай бошлашди. Бу пайтга келиб “ўзбекистонлик” сўзи – “экстремист”, “қутурган оломон”, “миллатчи” каби бемаъни тушунчалар билан қоришиб кетган эди.
Лекин шукрки, ўрнингизга марказдан буюрилган ишни қилишга Сиз каби итоатгўй бўлмаган, муаммоларни ҳам Сиз каби моҳирона айланиб ўта олмаса-да, лекин ўз ҳаракат дастурига эга, бир оз қаттиққўл ва аччиқ ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган, бир оз чапани, лекин янги ва соғлом кучлар келди. Ўша пайтларда Ўзбекистонда деярли бир миллион ишсиз борлиги ва Фарғона воқеалари ана шу муаммолар билан бевосита боғлиқлиги ҳақидаги адолатли ва тўғри гапларни бутун мамлакат карахтланиб, ҳайратланиб қабул қилгани ҳали-ҳануз ёдимда.
Бироқ, ғишт қолипдан кўчган эди. Иш энди оғизда эмас, балки амалда бажарила бошланди. Ишсизликни бартараф этиш ва Ўрта Осиё халқларининг қадимдан мавжуд ҳунардманчилигини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли тадбир ишлаб чиқилди. Агар ёдингизда бўлса, ўтган йилда марказий рўзномалар мамлакатимизда дастлабки учта хусусий корхона иш бошлагани ҳақида хабар берган эди. Улардан иккитаси Тошкентда, биттаси Самарқандда эди. Халққа ўз истеъдоди ва иқтидорини намойиш қилишга кенг йўл очиб берган “иш билан бандлик” дастурининг амалга оширилиши шундан бошланди.
Мулкчиликнинг ранг-баранглигига, марказий телевидения ва матбуот энг қолоқ деб атайдиган бизнинг республикамизда биринчи бўлиб йўл очиб берилиши билан фахрлансак арзийди.
Шу билан деярли бир вақтда “пахта мустақиллиги учун” шиори остида ўлкамизда амалга оширилган бебошликлардан бутун мамлакат воқиф этилди. Бироқ, бу хабар шов-шув учун ўйлаб топилгани йўқ эди. Унинг ортида пахта якка ҳокимлигини йўқотиш тадбирлари турарди. Ўзбекистон ССР Президентининг аҳолига шахсий фойдаланиш учун ер майдонлари ажратиб бериш тўғрисидаги Фармонлари чиқди. Бу халқпарвар сиёсат меваларини бир мартагина колхоз бозорида бўлибоқ кўриш мумкин. У ерда ўзбек заминида нимаики битса, барчаси бор. Шу билан бирга қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархини оширмаслик чора-тадбирлари кўриб чиқилмоқда. Бутун мамлакатда ҳамма нарса, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам оша бошлаган бир пайтда, нон ва нон маҳсулотлари нархини оширмаслик тўғрисида жумҳурият Президентининг Фармони чиқди. Бошқа жумҳуриятлар билан таққослаганда ҳукуматимизнинг олиб бораётган бундай сиёсати барча аҳолининг ҳурматини қозонмоқда.
Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Йўқ, Рафиқ Нишонович, мен Сизни олдин Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиблигига, кейинроқ жумҳурият Президентлигига сайланган издошингиз билан таққосламоқчи эмасман. Сизларнинг орангизда жуда катта фарқ бор. Бироқ, ўша Рашидов томонидан қувғин қилинганлигингиз ҳақида ҳаммага гапириб юрганингизда, минбарлардан уялмай нутқ айтганингизда, ўз халқингиз дардига шерик бўлиш, амалда бирон хайрли иш қилишингизга нима халақит берганлигини билиш истаги менга тинчлик бермайди, холос.
Ўз ўзидан қалқиб чиқадиган жавоб ҳам нохуш. Сиз ва Усмонхўжаев “рашидовчи” деб атаган “функционер кадрлар”нинг тимсоли ўзингиз эдингиз ва шундайлигича қолдингиз. Ёдингизда борми: “Биринчи”га ёқмай, жумҳуриятдан чиқарилиб элчиликнинг иссиқ ўриндиғида бир-неча йил ўтирганингиз ҳақида доимо гапирардингиз. Агар Рашидов шунчалик шафқатсиз бўлганида Сизни илиқ-иссиқ юртларга тинчгина кетишингизга йўл қўярмиди? Йўқ, албатта!
Ҳокимият тепасига келиб эса Рашидов даврида катта-кичик раҳбарлик лавозимларида ишлаганларни ҳайдай бошладингиз. “Сафларни тозалаш” деб аталган бу фаолиятингизда Сиз ҳаммадан ўтиб тушдингиз. Ваҳоланки, янги раҳбар ўз “команда”сини йиғиши керак деган мантиқингизга кўра Сиз билан бирга ишлаганлар бугун аллақачон ўз лавозимидан кетиши керак эди. Сизнинг “командангиз” аъзолари эса янги “биринчи”нинг даврида ҳам, айтиш лозимки, самарали меҳнат қилишяпти. Бугун Ўзбекистонда раҳбар кадрлар ва мутахассислар сиёсий қарашлари-ю, ҳамда “биринчи”га бўлган садоқатларига қараб танланаётганлари йўқ. Ҳар бир ходим фақат ишда, ҳалолликда синаляпти, холос. Қайта қуриш талаби ҳам, янгича фикрлаш мезони ҳам аслида шу эмасми?
Бир вақтлар бутун мамлакат раҳбарларига хос нарса бўлса-да, Рашидов ва атрофидагиларнинг жуда бой ва ҳашаматли яшаши Сизни негадир жуда қийнарди. Лекин бугунги кунда ўз оилангизнинг ўнлаб хоналари бўлган, Ўзбекистоннинг энг зўр усталари зеб берган икки қаватли кошонада “сиқилиб” яшаётганини қандай тушуниш мумкин? Ёки Тошкентда уй-жой муаммоси тўла ҳал этилган ва ҳар бир оила Ўзбекистон коммунистлари собиқ раҳбарининг оиласи каби фаровон кун кечиряпти деб ўйлайсизми?
Рафиқ Нишонович, Сиз кўп маротаба телевизор экранида ўзингизнинг камтар ва камсуқумлигингиз, ошкораликка хайрихоҳлигингиз ҳақида ишонувчан телетомошабинларнинг раҳмини келтириб жуда кўп бор гапиргансиз. Бироқ, бугун ўз уйингиз эшигида милиция пости қўйилгани қўни-қўшниларингизни ғалати, ноқулай аҳволга тушириб қўяётганлигини негадир ўйламайсиз. Бу янгиланаётган Ўзбекистондаги ягона ўзига хос “ҳурмат белгиси”ми ёки ўзбек тупроғининг биринчи “демократи” тўғрисида кимлардир “ёмон фикрга бориб қолмаслигининг” олдини олувчи тадбирми, билмадим.
Сайловчилар ҳузурига келишга қўлингиз тегмай қолди. Айни бир пайтда эса матбуот орқали Сизни очиқ-ойдин мазах қила бошлашди. Ҳамюртимиз у ёқда турсин, бошқа биров ҳақида ҳам бундай адолатли, лекин аччиқ гап-сўзларни ўқиш бизни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда. Афсуслар бўлсинким, бунақа гаплар ўзингиз фарзанд бўлган, томирингизда унинг қони оқаётган халқ орасида ҳам юрибди…
Мамлакат Олий Кенгаши сессияларида Сизга қараб туриб уялиб кетади киши – бу нотиқми ёки бирор марта ҳам муаммо қўймайдиган, қўйилганини ҳам дипломатик йўл билан айланиб ўтиб кетадиган (тажриба катта, ахир) уста “дикторми?” деган ўйга боради одам. Ўзбекистонлик депутатлар ҳеч балони ўйламайди, нима десанг индамай қўл кўтараверишади ва шунинг учун ҳам бўйсунувчанларга ўхшайди деганда Сизни назарда тутишмасмикан баъзи ўртоқлар.
Майли, сайловчиларингиз ҳузурига келишга Сизнинг вақтингиз (бу ҳар биримизга ёмон таъсир қилса-да) йўқ ҳам дейлик, бироқ газета орқали уларга мурожаат қилиш имкони бордир, ахир. Мамлакатда бебошлик ҳукм сурган шу кунларда “иттифоқ” бўлиши керакми ё йўқми” деган масалалар кун тартибида турган Бутуниттифоқ референдуми арафасида халқимизга сиздан бошқа ҳамма мурожаат қилди. Газета ва журнал редакцияларига телефон қилаётган сайловчиларингизнинг “Нишонов Москвага бориб, ўз халқидан юз ўгирдими?” деган саволига жавоб бериш осон эмас. Ишонинг, Фарғона водийсида бўлганда уларнинг кўзига қараш ва сиз учун ҳисобот бериш жуда қийин. Бугун ҳамма саволлар жавобини журналистлардан сўрашади.
Улар Сизнинг тўраларча “марҳамат” кўрсатишингизга ишонмай қўйишган. Журналистлар эса ҳақиқатни гапиришга бурчли. Биз нима дейлик? Рафиқ Нишонович баландпарвоз ваъдалар соясида ўзини вояга етказган халқдан юз ўгирди, уни унутди дейликми?
Ишни бажаролмаслик мумкин, ҳатто хато қилиш ҳам мумкин – ҳеч иш қилмаган хато ҳам қилмайди. Лекин, аслида қўлини совуқ сувга ҳам урмасдан ўзини қизғин фаолият билан банд қилиб кўрсатиш энди кетмайди! Сизга ваколат бериб, кўпдан-кўп наказлар билан мамлакат парламентига юборишди. Сиз эса бу халқни бутунлай унутяпсиз. Бундай шароитда софдиллик қилиб, халқ ишончи ва ваколатидан воз кечган маъқул эмасми?! Боз устига аллақачонлар бу ишонч намоён бўлмай ҳам қўйган…
Исмат ХУШЕВ,“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири.
(“Молодёжь Узбекистана” рўзномасининг 1991 йил, 26 март сони)
…Ростини айтсам, мен ҳеч қачон Рафиқ Нишонов билан учрашмаганман, у кишини шахсан танимасдим. Фақат телевизор орқали мажлислар олиб боришини кўрганман, холос. Унинг “минуточка” деган иборасини эшитсам, бирдан қон босимим кўтарилиб кетарди. Хуллас, хатда нохуш ҳис-туйғуларимни ҳам яшириб ўтирмадим. Билмадим, бу хат ҳозир қандай таассурот қолдиради-ю, аммо ўша пайтларда Ислом акага маъқул бўлган, шекилли. Чунки, дастлаб “Молодёжь Узбекистана” газетасида эълон қилинган очиқ хатимни икки-уч кун ичида бирча республика газеталари кўчириб босди, ўзбекча нусхаси ҳам чоп этилди. Очиқ хатим эълон қилинган еттита газета шахсий архивимда сақланиб қолган экан – “Халқ сўзи”, “Ёш ленинчи”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда”, “Постда”, “Тошкент оқшоми”, “Вечерный Ташкент” шулар жумласидандир. Булар фақат менда сақланиб қолган марказий газеталар; кейин тармоқ газеталарда ҳам, вилоят ва район газеталарида ҳам эълон қилинганини биламан.
Мақола эълон қилинган пайтда мен Бош муҳаррир эдим. Қизиғи шундаки, агар менинг очиқ хатим 1991 йилнинг 26 март куни эълон қилинган бўлса, 1991 йилнинг 1 апрель куни, орадан роппа роса икки кун ўтаб, “Правда” газетасида “Чем громче льжешь…” (“Қанчалик бақириб алдасанг…”) номли раддиянома мақола босилади. “Маҳаллий матбуотдаги шов-шув” рукни остида берилган бу мақола, албатта, энг камида, Миллатлар Кенгаши палатаси Раиси томонидан “буюртма” берилиб, шошилинч равишда ёзилганини пайқаш мумкин эди. Юқоридан буюртма берилмаса, қисқа муддатда “Правда” дек КПСС Марказий Комитетининг бош нашрида оддий бир мухбирнинг мақоласи бу қадар тез суратлар билан эълон қилиниши ақлга сиғмасди.
Назаримда, В.Артёменконинг ҳам ўша мақоласини, ҳеч бўлмаса ўзбекча нусхада келтириб ўтиш лозим кўринади.
ҚАНЧА КЎП АЛДАСАНГ…
(Маҳаллий матбуотдаги шов-шув)
Республиканинг “Ўзбекистон ёшлари” газетаси биринчи саҳифада “Баландпарвоз ваъдалар ортида” номли катта ҳажмдаги очиқ хатни эълон қилди. Хат СССР Олий Совети Миллатлар Кенгаши палатаси раиси Р.Нишоновга йўлланган эди. Унга “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналларининг бош муҳаррири И.Хушев мурожаат этганди.
Ошкоралик ва плюрализм вақтида бундай хат пайдо бўлишининг ўзи –одатдаги, оддий бир ҳол. Аммо мурожаатнинг ҳақоратомуз, жуда ўзбошимча оҳанги кишини ажаблантиради. Қолаверса, Р.Нишоновнинг ҳаёт ва фаолиятини акс эттиришда ҳам муаллиф ҳақиқатдан йироқлашиб кетган.
Хатни ўқий туриб, фақат бир хулосага келасиз: Нишонов – бу шунчаки бир ишёқмас. Аммо, ахир Рафиқ Нишонович миллионлаб совет кишиларининг доимо кўз ўнгида-ку. Биз уни СССР Олий Совети сессияларида кўрамиз, у мунтазам парламент топшириқлари билан чет эл сафарларига чиқади, Совет иттифоқининг қайноқ нуқталарида бўлади. Матбуотдаги расмий хабарларда ўқиш ва телевизор экранларида кўриш мумкин бўлган ишлар доирасидан ташқари палата раисининг ишлари камми? Яқинда Рафиқ Нишонов билан суҳбатлашиб, шунга ишонч ҳосил қилдим: унинг ишлари ошиб-тошиб ётибди. У депутат бўлган Фарғона вилоятининг худди ўша сайловчилари ўзлари сайлаган одам бугун бутун совет халқи фаровонлиги учун масъулиятли парламаент топшириқларини бажаришига қаршими?
Хушев гўёки Нишоновнинг депутатлик фаолиятидан норози бўлган халққа бир неча бор мурожаат қилади. Аммо, қаерда қолди ўша фарғоналиклар овози? Нега муаллиф ўз хатида биронта ҳам аниқ фикрни келтирмайди? Охир-оқибат, нега у ҳолда газеталарга очиқ хат билан сайловчиларнинг ўзлари мурожаат этмайдилар? Балким, худди шу норозиларнинг ўзи ҳам йўқдир?
Хушев ўз хатида Нишоновнинг кўп йиллик ҳаётини тасвирлаб ёзиб, ҳар қадамда унинг инсофсизлигига, нохолислигига, бехабарлигига таъна қилади. Ҳамма жойда ҳеч тап тортмай алдайди. Мана, айтайлик, ўқувчиларни ҳайратда қолдирадиган далил завқ билан келтирилади: “Нега сизнинг оилангиз аввалгидек бир неча ўнта хонали икки қаватли уйда “тиқилиб яшаяпти?” Бу сатрларни ўқиб, мен худди ўша уйда бўлдим. Йўқ, Нишонов ўз оиласи билан мана қарийб ўттиз йилки, икки қаватли уйнинг тенг ярмисида яшамоқда ва бор-йўғи… тўрттагина хонани эгаллайди. Хушев ўз хатида Ш.Рашидовнинг ҳам ёнини олади. Нишоновнинг ўзи гўёки “энг ёмон кўринишларида рашидовчасига” амал қила туриб, “рашидовчиликни” фош этгани учун уни койийди. Сўнг шундай таъна қилади: Шароф Рашидович Рафиқ Нишоновични “дуобад” билан денгизорти ўлкаларига қўйиб юборганида раҳмсизлик қилганмиди? Йўқ, буни қарангки, у унга яхшилик қилганмиш.
Хўш, ниҳоят, хат оҳанги хусусида айтсам. Бир эмас, иккита журнал муҳаррири, Тошкент обкомининг аъзоси ўзидан икки баравар ёши катта ҳамшаҳрига шундай сўзлар билан мурожжат қилади: “Мамлакат Олий Совети сессияси вақтида Сизга қараб туриб киши уялиб кетади – нотиқми бу ёинки қиёфаси нмаълум “конференсьеми”… У ёғига янада қўполроқ ёзади: “Сиз аввал қандай бўлсангиз, ҳозир ҳам ўша “функционер кадр”нинг ёрқин тимсоли бўлиб қолгансиз. Афтидан, энди Хушев ҳам… “Нишонов учун” меҳнат қилишига тўғри келаётганмиш: “Ишонинг, …сиз учун ҳисобот бериш осон эмас. Энди сизнинг баринчасига марҳаматингизга умид қилмай, журналистларни жавобга чақирмоқдалар…”
Хат муаллифи қатьий ва узил-кесил хулосага келади: “Жўшқин фаолият кўринишини яратиш ва қўлни совуқ сувга урмаслик – маъзур тутасиз-у, бунақаси кетмайди! Бундай вазиятда ҳалол бўлиш ва халқ ишончидан воз кечиш яхшироқ эмасмикан? Бунинг устига, бу ишонч аллақачондан бўён намоён ҳам бўлмай қолган…”
Ана шундоқ – кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Каттакон бир халқ учун, СССР Олий Совети учун ҳамма нарсани шахсан Хушевнинг ўзи ҳал этди-қўйди. Муҳаррир ўз зиммасига ҳаддан зиёд оғир юкни олмадимикан?
В.АРТЕМЕНКО,
“Правда”нинг Ўзбекистондаги ўз мухбири.
(“Правда” газетасининг 1991 йил 1 апрель сони)
“Правда” газетасида Иттифоқ бўйлаб чиққан мақола мени янада машҳур қилиб юборди. У пайтларда “Правда”да урилиб чиқилган одам, ажабки, халқнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўларди…
(Давоми бор).




