“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек
Мен деярлик ҳар куни интернетга кириб тураман. Бугун ҳам эрталабки нонуштадан сўнг интернет клублардан бири томон ошиқар эканман, ўзим учун ўзга бўлган шаҳар кўчалардаги япроқсиз дарахтларга илиб қўйилган янги йил безаклари ва янги йил вақтида осиб қўйилган митти чироқлар йўлсозлар томонидан йиғиштирилиб олинаётганига гувоҳ бўлдим.
Эътироф этишимиз кераки, ўтган 2008-йил ҳам она ватанимиз—Ўзбекистонда бирон-бир ўзгариш ясай олмасдан бизлар билан хайрлашиб кетди. Ёмғир томчилай бошлаган, чор атрофдан баҳорий шабада эса бошлаган кўчалар бўйлаб одилаганимча яна бир оз фикр қилар эканман, юртимизда ўзгариш содир бўлмагани учун ўтиб кетган 2008-йилни айблаш калтабинлик бўлишини идрок этдим.
Интернет клублардан бирига кириб рус тилида қийналиб сўзлаётган, кўринишидан яқин шарқликларга ўхшовчи йигитга, йигирма тўртинчи, -дедиму, йигирма тўртинчи компьютерни эгалладим. “Интернет” –деб номлангувчи ўргимчак тўри бўйлаб кезар эканман бугунги кун янгиликларидан бохабар бўла бошладим. Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятни ўзбек расмийлари қандай баҳолашаётган экан,- дея http://uza.uz/ веб-саҳифасига ҳам мўраладим.
Ҳа, эски ҳаммом эски тос. Расмийларнинг расмий сайтида берилган мақолларга кўз ташлаб юртимиз ростдан ҳам жаннамакон ва Япониядан ҳам яхшироқ тараққий этган юрт эканлигига ишонгим келиб кетди. “Замонавий ўқув маскани” –деб номланган ва Т. Бекназаров қаламига мансуб бўлган мақолани ўқир эканман, юртимизда таълим олаётган ўқувчиларнинг нақадар бахтли эканлигини ҳис этгим келди. Бироқ…. ишонарсиз факт ва далиллар билан берилган маълумотга сира ҳам ишонгим келмади. Мақоладаги сатрларга кўз югуртираман: “Мактаб таълимни ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ўз самамарисини бераётир. Мамлакатимизда моддий-техник базаси мустаҳкам, юқори технологиялар асосида билим бериш учун барча қулайликларга эга замонавий ўқув маскани кўпайиб бормоқда. Жиззах шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ана шундай таълим муассасаларидан биридир”.
Ушбу сатрлар битилган мақолани баландпарвозлик билан ёзилганини исботлаш учун кўп мисол келтиришимиз шарт эмас. Агар ростдан ҳам мақолада ёзилганидек Давлат умумиллий дастурига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ўз самарасини бераётган бўлганида кўплаб педагоглар ҳозирги кунда Ўзбекистондан чиқиб кетиб Россия ва ёки Қозиғистонда мардикорлик қилишмаётган бўлар эди. Мамлакатимизда моддий-техник базаси мустаҳкам, юқори технологиялар асосида билим бериш учун барча қулайликлар эга замонавий ўқув масканлари кўпайиб бораётганида ўзбек ёшлари бугунги кунда билим олиш учун узоқ ва яқин хорижга йўл олишмаётган бўлишар эди.
Республикамиздаги таълим тизими яхши натижалар билан ривожлантирилаётганида Сурхондарё ва Самарқанд вилоятидаги аксарият ёшлар қўшни Тожикистонга ўтиб шу мамлакатдаги олийгоҳларида билим олиш учун ҳужжат топширишмас эди. Мустақил кузатувчиларнинг эътироф этишларича ўтган 2008-йил давомида 2890 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган ёшлар Тожикистондаги олийгоҳларда билим олишга уриниб кўришган. Ушбу ҳолатнинг ўзиёқ Ўзбекистондаги таълим тизими Тожикистон таълим тизимидан ҳам ёмонроқ аҳволда эканлигини исботламоқда. Лекин шундай вазият давом этаётган бўлса-да расмийлар ҳалқни хар-хил чўпчакларга ишонтирмоқчи бўлишияпти. Гарчи ўзлари сира ҳам ишонишмасада.




