Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг янги ҳисоботи

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти чиқарган йиллик ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлар билан боғлиқ вазият абгор қолаётгани айтилган.
Ҳисоботга кўра, ўтган йил ҳам ҳукумат мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва диндорларни таъқиб ва тазйиқ остига олиш ҳамда қамашда давом этган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботи 2007-йил декабр ойида кечган президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг ғалабаси ва умуман, унинг бу сайловда иштирок этишининг қонунийлигини шубҳа остига олиш билан бошланади.

«Мамлакатда қонун устиворлиги тўла амалда деб бўлмайди, адлия тизими мустақил эмас, ожиз парламент ижрочи тизимни текшира олиш даражасида қудратга эга эмас», дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, матбуот ҳам эркин эмас. Ҳукумат эса, ҳамон хорижий журналистларни расман рўйхатга олишдан бўйин товлаб келмоқда. Ўзбекистон ҳақида мустақил ва танқидий фикрларга ўрин бериладиган деярли барча интернет саҳифаларига тўсиқ ўрнатилган.

«Мамлакатда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаётгани ҳам хавотирланарлидир», дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати камида 11 нафар инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни қамоқда ушлаб тургани айтилади.

Улар қаторида 2006 йилдан бери руҳий шифохонада мажбурий қолдирилаётган журналист Жамшид Каримов, гиёҳванд моддаларни сотишда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов номлари тилга олинади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновнинг ҳам сохта айблар билан ўн йилга қамалгани ва уни қийноққа солишгани ҳам ташкилотнинг томонидан танқид остига олинади.

Ҳозир қамоқдалиги айтилаётган таниқли мухолифатчи шоир Юсуф Жума ва унинг ўғиллари тақдири борасида хавотирлар ҳам ҳисоботдан ўрин олган.

Ҳисоботда, шунингдек, ўтган йил давомида етти нафар инсон ҳуқуқлари фаоли афтидан Оврўпо Иттифоқи билан муносабатларни яхшилаш ниятида қамоқдан озод этилгани қайд этилади.

Аммо ташкилотга кўра, уларнинг бари фаолиятларини тўхтатиш юзасидан мулозимларга тилхат ёзиб беришганини айтишган.

Айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар ўз ҳаётларига хавф-хатар туфайли Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Андижон қирғини ва Ўзбекистонлик қочқинлар масаласига ҳам эътибор қаратган Ҳюман Райтс Уотч, қирғиндан кейин юзларча инсонлар қўшни Қирғизистонга қочиб ўтгани, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари уларни ўтган йили ҳам таъқиб қилгани ва ватанга қайтган қочқинлар ҳам тазйиқу сўроқлар остида эканини урғулайди.

Мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилингани ва ҳукумат томонидан инсон ҳуқуқларига доир Ҳабияс корпуснинг қабул этилгани тилга олинар экан, айни қонун адлия тизими мустақил бўлмаган Ўзбекистонда ҳимояга муҳтожлар учун деярли ҳеч нарсани англатмаслиги айтилади.

Худди шундай – «болаларни мажбурий меҳнатга жалб этмасликка доир муҳим халқаро ҳужжатни қабул қилган Ўзбекистонда ҳамон болаларни пахта йиғим теримида мажбурий ишлатилиши асосий муаммолардан бири», деб ёзилади Инсон ҳуқуқлари Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг йиллик ҳисоботида.

Андижон қирғинидан кейин Оврўпо Иттифоқи ўрнатган жазо чораларининг ўтган йил қисман бекор қилинишини ҳам бу ҳисоботда яна бир танқид остига олинган.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares