Поездга чиқмаган ‘дембел’га ҳамроҳлик

Янги йилни ота-онамиз билан кутиб олишга қарор қилиб, байрамолди «Тошкент» темирйўл вокзалига чиқдик.

Декабр ойининг охирги кунларида пойтахтдан вилоятларга қатнайдиган автоуловлар ҳайдовчилари йўл ҳақини икки-уч бараваргача ошириб юборишган, шу боис вокзал биноси манзилига арзон етиб олиш илинжидаги одамларга тўлган эди.

Кассаларга яқинлашишнинг имкони йўқ, бироқ барча чипталар сотилганини эълон қилиб туришипти.

Темирйўл соҳасида ишлайдиган қўшнимиз жонимизга «оро» кириб, икки-уч мобил телефонидаги сўзлашувлардан кейин чиптали бўлдик.

Битта чипта қарийб йигирма минг сўмга тушди, бу – ҳар қалай енгил автомобил учун 40-50 минг сўм тўлагандан яхши-да.

Чипталаримиз плацкарт вагонига эди.

Йўловчилар поездга чиқиб, ўзларининг жойларига жойлаша бошладилар.

Ҳамроҳларимиздан бири 20-22 ёшлардаги йигит, Тошкент институтларидан бирининг 1-курс талабаси Баҳодир экан.

У вагон ичидаги ҳамма нарсага қизиқиб боқар, ғалати-ғалати саволлар берарди.

– У ерда ҳам одамлар ўтиришадими?- сўраб қолди у иккинчи қаватдаги ётоқ ўринларига ишора қиларкан.

Уни биринчи қаватдаги жой тагида буюмларни солиб қўядиган сандиқ борлиги чиндан-да ҳайратлантирди.

Поезд йўлга тушганидан кейин ҳамроҳларимиздан бири хизмат сафарига йўл олган зобитлигини билиб, Баҳодир суҳбат бошлади.

«Янги «призив» менга ёқмади. Энди «дембел»лар йўқ, армия нуқул олифталарнинг маконига айланади. Йигитлар «латта» бўлиб қайтиб кетишади»,- дея армиянинг катта билағонидек хулоса қилди у.

Бу йилдан Ўзбекистонда ҳарбий хизматга бир йилда бир марта чақириладиган бўлди. Илгари худди Совет замонидек, баҳорги, кузги чақириқлар бўларди. Баҳодир янги йил олдидан эълон қилинган ана шу ўзгаришга муносабатини билдирарди.

35 ёшлардаги ҳарбий зобит армияда «дух»лар,»дембел»лар бўлмаслигини ёқлаб гапирди.

– 3 йил ўқишдан йиқилганимдан кейин армияга кетдим. Тошкентда хизмат қилдим. Шу йил хизматни тугатганимдан кейин армиянинг «лгота»си билан институтга кирдим. Бундан кейин армияга фақат шу «лгота»си учун боришади-да,- деди Баҳодир.

Менинг ёдимга эса жияним Шуҳратнинг ҳарбий гувоҳномасиз бирор бир ишга жойлашолмай қийналгани тушди. Шуҳрат Тошкентдаги Ирригация институти қошидаги коллежни тугатган, енгил ва юк автомобилларини ҳайдаш гувоҳномаси бўлгани учун ҳайдовчилик қилиши ёки автомобилларни таъмирлаши мумкин эди. Лекин ҳарбий гувоҳномаси бўлмагани учун бир неча корхона-ташкилотдан рад жавобини олди. Ниҳоят, ҳарбий хизматга чақириш идорасига талаб қилинган бир неча юз минг сўм тўлаб, уйимизга яқин туманда бир-икки ойлик курсга бориб, «военний билет»ли «бўлиб» қайтди.

– «Лготам» туфайли институтга кириш тест имтиҳонида 159 балл тўпладим. 102 балл тўплаганлар ҳам кириб кетди. Мен «контракт»га тушдим. Ота-онам нафақада. 1 миллион 200 минг сўмни қаердан олишади? Ўзимни ўзим Тошкентда эплаб юрибман. Армияда йиққан пулларим бор эди, шу кунгача ҳам улар асқотди. Ўқишга деярли бормайман, устачилик қилиб, пул топаман, – ҳикоясида давом этади Баҳодир.

– Армияда аскарларга шунча кўп пул беришадими, – сўрадим Баҳодирдан.

– Э, йўқ. Армияда «дух»лар «дембел»ларга пул тўлаши шарт. Бу ҳозир ёзилмаган қонун. Мен ҳар ой «дух»лардан 300 минг сўмдан йиғиб олардим. Қайтгунимча анча тўпланиб қолувди, – ўзининг фахрланишга арзийдиган иш қилганига комил ишонч билан жавоб қайтарди собиқ «дембел».

Мен Совет армиясидаги каби Ўзбекистон армиясида ҳам бугун «дедовшина» кенг тарқалгани ҳақида эшитгандим, аммо уйига қайтар арафасидаги аскарларнинг ўзларидан кейин келганлардан бу тариқа «ўлпон» йиғишлари мен учун янгилик эди. Баҳодир эса ўзини бундай «чиниқиш» мактабидан «мардона» ўтган тажрибали аскар ҳисобларди. У «дух»ларнинг танаввул маҳали иккинчи пиёла чойни сўрашларга изн берилмаслиги, мабодо бирор аскар сўраб қоладиган бўлса, у бир челак чойни ичишга мажбурланиши, «дух»лар тунда казармада «дембел»ларни «массаж» қилишлари шартлиги ҳақидаги армия «тартиб-қоида»ларини ҳикоя қиларкан, унга савол бердим:

– Бундай ноинсоний ишлардан виждонингиз қийналмадими?

Бир йил илгари армияда бошидан кечганларини қаҳрамонлик санаб, оғиз тўлдириб гапираётган собиқ аскар учун бу саволим мутлақо кутилмаган эди.

– Энди …биз «дух» бўлганимизда бизни ҳам шуларга мажбурлашган-да, – оҳанги ўзгарди Баҳодирнинг.

Ора-орада «мавзуни қизитиб» келаётган зобит ҳам ерга қараб, жим қолди.

– Биз ҳам «дембел»ларнинг ҳамма айтганини қилардик. Мисол учун, биз оғзимизни очиб турардик, қўлида ип-игнаси билан ниманидир тикаётган «дембел» игнани юзингиздан суқиб, оғзингизнинг ичидан, икки жағингизнинг орасидан ўтқазиб «тикиш» қиларди. Оёқ сонингизнинг гўштли жойидан игнани ўтказишарди. Миқ этолмайсиз. Бизнинг «призив»дан бир боланинг сонида игна қолиб кетган экан, айтишга қўрқипти. Оёғи қорасон бўлди, кесиб ташлашди,- ўзини оқлаш оҳангида деди Баҳодир.

– Унда энди армияда «дембел», «дух» деган нарса қолмайдиган бўлса, жуда яхши бўлипти, – дедим мен.

Бир неча соат илгари армия ислоҳотига қарши бўлган собиқ «дембел» ҳеч қандай эътироз билдирмади.

Шу орада поездимиз тунги Самарқанд шаҳрига кирди. Кимдир ташқарига чиқди, кимдир эса вагонларга ёпирилиб кирган Самарқанд нонини сотаётган қизлар билан савдолашишни бошлади. Поезд қадимги шаҳардан жилганда эса плацкарт вагон йўловчиларининг ҳаммаси ўз тўшагини эгаллаган, ҳеч кимда армия ҳақида суҳбатлашиш истаги йўқ эди.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares