
Пиримқул Қодиров XX аср ўзбек адабиётининг энг йирик вакилларидан бири. Адибнинг «Уч илдиз», «Қора кўзлар», «Олмос камар», «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони» сингари романлари халқ орасида севиб ўқилади.
Ўзбек халқининг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, адабиётшунос олим Пиримқул Қодиров 1928 йил 25-октябрда Тожикистон Республикаси Шаҳристон
туманидаги Кенгқўл қишлоғида дунёга келган.
1951 йилда Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тугатган. Кейин эса, М.Горький номидаги жаҳон адабиёти институтининг аспирантурасида таҳсил олади.
Ёзувчи «Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди» мавзусида номзодлик илмий ишини ҳимоя қилган.
1954-1963 йилларда Иттифоқ Ёзувчилари уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963 йилдан Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими вазифаларида фаолият олиб борган.
Унинг биринчи асарлари талабалик кезлари босмадан чиқади. «Студентлар» ҳикояси 1950 йилда, кейинроқ эса, «Жон ширин», «Кайф», «Олов» каби ҳикоялари ва «Мерос», «Нажот», «Саргузаштлар» номли қиссалари яратилади.
Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романи 1958 йилда яратилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар севиб ўқилади.
Унинг нафақат ўзбек миллати, балки қардош халқлар орасида ҳам машҳур «Юлдузли тунлар» тарихий романи 70-йилларда яратилди.
«Бобур Мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар чексиз. Бу уммонда ўнлаб, юзлаб адабий кемалар сузиши мумкин. «Юлдузли тунлар» ана шу маъжозий кемалардан бири тарзда юзага келди. Уни 1972 йилда илк бор ёзиб нашрга топширганимда тоғдай бир юк елкамдан тушгандек бўлган эди»,-деб ёзганди ёзувчининг ўзи.
Аммо, «Юлдузли тунлар» 1978- йилгача «мустабит тузим тазйиқи остида» чоп этилмайди.
Ва ниҳоят асар «раҳматли Шароф Рашидовнинг ёрдами билан» китоб бўлиб чиқади.
Ўшандан бери китоб ўзбек ва рус тилларида бир неча марта қайта нашр этилган. Бундан ташқари у ҳинд, урду, турк, қозоқ, уйғур ва туркман тилларига ҳам ўгирилган.
Пиримқул Қодиров 1982 йил «Юлдузли тунлар» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлади. Сўнгра Бобур ва унинг авлодлари ҳаёт йўлига бағишланган «Авлодлар довони» асари дунё юзини кўради.
Сўнгги йилларда Пиримқул Қодировнинг «Она лочин видоси» романи, «Амир Темур сиймоси» илмий-тарихий асарлари китобхонларга ҳавола этилди.
«Она лочин видоси» романида Амир Темурнинг суюкли ўғли Шоҳруҳ ва келини Гавҳаршодбегим билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган.
Адиб Л.Толстой, А.Чехов, К.Федин, Х.Деряевлар ижодидан қатор асарларни ўзбек тилига ўгирган.
Пиримқул Қодиров кўплаб адабий-танқидий, илмий асарлар муаллифи ҳамдир.
Ёзувчи 1994-йил «Шуҳрат» медали, 1998-йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени ҳамда 2006- йил «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Таниқли адиб Пиримқул Қодировнинг тингловчиларимиз саволларига жавоблари
Би-би-си: Канададан савол йўллаган Нўъмонжон исмли тингловчимиз ёзибдилар: «Ассалому алайкум Пиримқул ака! Энг аввало миллий адабиётимиз учун қилган барча меҳнатингиз учун Сизга миннаддорчилик билдирмоқчиман. Замонавий ўзбек адабиёти Сиздек забардаст ёзувчилар билан қад ростлаган десам хато бўлмайди. Айтингчи, ҳозирги 21 аср ўзбек шеърияти ва прозасида ёш йўлбошчилар сифатида кимни тилга олган бўлардингиз? Ташаккур!
Пиримқул Қодиров: Энди «оққан дарё яна оқади» деган мақол бор, катта адабиётимизнинг мухлислари орасидан етишиб чиқаётган ёш талантлар бор. Мана ҳозир прозада Тоҳир Маликни кўпчилик тан олаяпти. Кейин Улуғбек Ҳамдам деган «Мувозанат» деган роман ёзди. Ўша йигит яхши келаяпти. Поэзияда ҳам жуда яхши шоирларимиз бор. Ҳар қалай мен келажакка умид ва ишонч билан қарайман.
Би-би-си: Лондонлик Ўзбекойим номи билан хат йўллаган мухлисимиз: «Ассалому алайкум, ҳурматли Пиримқул ака, мен Сизнинг ижодингизни жуда севувчи мухлисман. Менга айниқса, «Юлдузли тунлар» ва «Авлодлар давони» асарларингиз жуда ҳам манзур. Бу асарлар орқали тарихий шахсларни шу қадар жонлантириб бергансизки, уларни қайта-қайта таъсирланиб ўқийман. Нима учун тарихий роман яратиш учун айнан Бобур ва бобурийлар сулоласини танлагансиз? Яна тарихий романлар яратиш режангиз борми ва агар бор бўлса, қайси тарихий воқеаларни танламоқчисиз?
Пиримқул Қодиров: Иккита савол экан. Биринчиси энди, гап шундаки, Бобур Мирозодек ва унинг авлодлари, айниқса, Акбардек улуғ сиймолар тарихда ўзи жуда кам, дунё тарихида. Француз адиби Ренан, Эренст Ренан айтадики, «мана шу уч киши- Бобур Мирзо, Ҳумоюн, Акбар тарихда ҳеч бетакрор шаклда бирининг ишини бири жуда яхши давом этказиб кетдилар», дейди. Ҳақиқатдан ҳам, улар Ҳиндистондек катта мамлакатни обод қилиб, юксалтириб ўтдилар. Шунинг учун, мен улар ҳақида асар ёзишга нафақат Ўзбекистон, балки Шарқ халқлари учун ҳам ибратли ҳодиса деб қараган эдим. Эндиги ниятларим, агар умрим етса, Худо хоҳласа, Шоҳжаҳон ҳақида ҳам бир нарса ёзмоқчиман.
Би-би-си: Катта раҳмат, Пиримқул ака! Ўзбекойимнинг кейинги саволлари: «Қора кўзлар» романингизда чўпонлар ва қишлоқ ҳаётини жуда яқиндан яратгансиз, бу ҳаётий тажрибадан келиб чиққанми ёки ижодингиз маҳсулими?»
Пиримқул Қодиров: Бу- ҳаётий тажрибадан ва ижод маҳсули, иккови қўшилганидан келиб чиққан. Чунки, ман ўзим ўша романда тасвирланган Ойкўл қишлоғига ўхшаш Кенгқўл деган қишлоқда туғилиб ўсганман. Отам чўпон бўлганлар, акам чўпонлик қилганлар, ўша тоғларда мен ўзим ҳам қўй боққанман. Шунинг учун, мен ўзим болаликдан яхши билган, яхши кўрган табиат манзараларини, яхши кўрган ҳалол меҳнаткашларини ўша романда тасвирлашга ҳаракат қилганман.
Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Мубинахон сўрабдилар: «Мунаққиднинг гапини кўпроқ инобатга оласизми ёки китобхоннинг? Қайси мунаққидлар асарларингиз ҳақида фикр билдиришган?» Марҳамат Пиримқул ака…
Пиримқул Қодиров: Энди китобхоннинг фикри биз учун биринчи ўринда туради. Чунки, жуда холисона фикр айтилади китобхонларнинг мактубларида, баъзи-бир чиқишларида. Энди танқидчиларимиз орасида ҳам масалага жуда чуқур ёндашадиган, яхши фикрлар берадиган дўстларимиз бўлган. Уларнинг орасида ман Озод Шарофиддиновни ҳурмат қилар эдим. Матёқуб Қўшжонов деган танқидчимиз ҳам ўтдилар, улар ҳам жуда яхши (эдилар). Ҳозир Умарали Норматов, Абдуғофур Расулов деган яхши танқидчилар борки, мен уларнинг фикрлари билан ҳисоблашишга ҳаракат қиламан.
Би-би-си: Катта раҳмат, Пиримқул ака! Мубинахон яна иккита савол йўллаганлар. Иккинчи саволлари: «Қайси тарихий асар муваффақиятли ёзилган деб ўйлайсиз, аксинча-чи?»
Пиримқул Қодиров: Энди бошқаларнинг ижоди ҳақида гапириш жуда кўп вақтни талаб қилади. Энг яхши ўзбек тарихий романи-«Ўтган кунлар», албатта. Ойбекнинг «Қутлуғ қон», «Навоий» романи…Бошқа асарлар ҳам кўп, ман ҳаммасини санасам, вақтни кўп олиб қўяман…
Би-би-си: Мубинахоннинг учинчи саволлари: «Юлдузли тунлар» асарингизни нега бундай номлагансиз?»
Пиримқул Қодиров: Энди…Улуғ аждодларимизнинг энг ёрқин вакиллари ўлмас ном қолдирадилар. Осмондаги юлдуздек порлаб турадилар улар. Ўтмишнинг қоронғу кечаларини ёритган ёруғ юлдузлардан бири Бобур Мирзо эди. Яна бир унинг авлодлари Ҳумоюн, Акбар эди. Шунинг учун мен уни (китобни-Би-би-си) «Юлдузли тунлар» деб атаган эдим.
Би-би-си: Раҳмат Пиримқул ака. Исмларини ёзмаган мухлисимиз: «Юлдузли тунлар» асарингизни анча пайтгача босмадан чиқара олмаган экансиз. Сабаб нима бўлган эди?» деб ёзибдалар.
Пиримқул Қодиров: Сабаб энди, у мустабит тузум даврида, шўро даврида бизнинг улуғ аждодларимизни унча суймас эдилар. Чунки, агар ўша улуғ авлодлар ҳақида хотирамиз уйғонса, биз мустақиллик талаб қилиб қолишимиз мумкин эди. Шу талаб бўлмаслиги учун Амир Темурга нисбатан ҳам, унинг авлодлари Бобур Мирзо, Акбарларга нисбатан ҳам муносабат тоталитар тузум даврида ёмон бўлди. Шунинг оқибатида олти йил битта роман, иккинчиси уч йил босилмай қолиб, мен 9-10 йил кўп овора бўлдим. Бу қийинчиликдан мени истиқлолимизнинг ғалабаси қутқарди.
Би-би-си: Вашингтондан Калонбек Маҳкам сўраяптилар: «Ассалому алайкум, Пиримқул ака! Бобурнинг миллати ким бўлган эди?»
Пиримқул Қодиров: Бобур ўзини туркий халқларнинг вакили деб ҳисоблаган. У пайтлар ҳали ўзбек халқи шаклланиб улгурмаган пайт бўлган. Шунинг учун, улар ўзларини туркийзабон, Турон, туркистонлик арбоблар деб ҳисоблашган. Бобур Мирзо ҳам ўзининг «Хатти Бобурий» деб ёзганида айтадики, «шу хатти туркий сенга насиб этмаган экан, «Хатти Бобурий» эмассан, «Хатти Сиғноқий» дерур», яъни у мана шу туркий халқлар яшаган минтақаларни ўзининг ватани деб билган, она тилини туркий тил деб билган. Энди жаҳонда бир ноаниқ тушунча борки, улар муғуллар, улуғ муғуллар деган…Улуғ муғуллар у- Чингизхон авлодлари, улар бошқа. Муғулистон мустақил давлат, унинг ўз улуғ одамлари бор. Бобур Мирзо- Амир Темурнинг авлодлари, улар ҳаммаси бизнинг Туркистон, Туроннинг фарзандларидир. Шуни мумкин қадар дунёга тушунтиришимиз керак.
Би-би-си: Пиримқул ака, катта раҳмат Сизга! Собир исмли мухлисимиз сўраганлар: «Мана сиз темурийлар ҳақида тарихий асарлар яратгансиз, нима учун темурийлар бошқа тарихий сулолаларга қараганда, масалан, чингизийларга қараганда кам умр кўрган деб ўйлайсиз?»
Пиримқул Қодиров: Аксинча, чингизийларга нисбатан темурийлар авлоди кўпроқ умр кўрди. 150 йил Туркистон ва Афғонистон атрофларида бўлса, қолган 330 йил Ҳиндистонда…Бобурийлар сулоласи ҳам Амир Темур сулоласининг давоми эди. Чингизийлар сулоласи унча узоқ умр кўрган эмас. 150 йилнинг ўзида йўқ бўлиб, тамом бўлган.
Би-би-си: Собир яна сўраяптилар Пиримқул ака, «оилангиз ҳақида гапириб берсангиз».
Пиримқул Қодиров: Тўрт фарзандимиз бор. Ҳаммаси олий маълумотли мутахассислар. Уларнинг ичида инглиз тили бўйича мутахассис катта қизим. Бошқалари Эрон, афғон тилларини ўрганган. Шу жаҳон тилларини ўрганишга алоҳида эътибор беришади оиламизда фарзандларимиз.
Би-би-си: Катта раҳмат Пиримқул ака, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз учун! Энди Би-би-си мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат!
Пиримқул Қодиров: Энг катта тилагим шуки, ҳақиқатни билишимиз керак-да биз ҳамма нарса тўғрисида. Шу ҳақиқатни тўлиқ етказиш…баъзи бировлар уни ўзининг манфаатига хизмат қилдирмоқчи бўлади, бу йўлдан эмас, ҳақиқат бу илоҳий бир қудратнинг давомидай бўлиши керак. Ҳақиқатга муқаддас нарса деб қарашимиз керак. Ва уни ҳамиша аслидек, тўлиқ халққа етказиб беришмиз керак. Мана шу йўлда мен Би-би-си ижодкорларига катта, янги муваффақиятлар тилайман. Ва Би-би-си тингловчиларининг ҳаммасига, мана янги 9-чи йил кириб келди, янги йилда бахт-саодат, омад ва оилавий баркамоллик тилаб қоламан!
Би-би-си: Катта раҳмат Пиримқул ака! Эзгу ниятларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин!



