(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
САРОЙ ИНТРИГАЛАРИ
(ва каминаи нодон…)
Ўн биринчи боб.
Хуллас, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар бошланди. Табиийки, Бош муҳаррир сифатида кўпгина ўзгаришларга мен ҳам бевосита гувоҳ бўлардим. Хўш, булар нималарда кўринди?
Биринчидан. Раҳбарият халқ томон юз бурди. Ҳар хил жиддий масалалар халқ вакиллари иштирокида ошкора муҳокама этиларди, юқори доираларда юзма-юз суҳбатлар уюштириларди. Албатта, бундай суҳбатларга матбуот ходимлари ҳам жалб этиларди. Вазирлар Маҳкамасида ярим йиллик, бир йиллик якунлар бўйича мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиларди.
Одатда, ҳисобот йиғилишларини Ислом Каримовнинг шахсан ўзи бошқарарди. Ислом ака иқтисодни, ижтимой ҳаётнинг барча соҳаларини ниҳоятда теран тушунар эди. Ҳар қандай мавзуни маромига етказиб таҳлил этиб берарди. Рус тилида жуда яхши гапирарди, боз устига, қоғозга қарамай гапирарди. Аста-секин ўзбек тилида ҳам мукаммал гапиришни ўрганади.
Масалан, Қурилиш вазиридан ҳисобот сўралса-ю, унинг жавоблари қониқарсиз бўлса, Ислом ака бу соҳага доир шундай фикр-мулоҳазалар билдирардики, фақат қурилиш соҳасини беш қўлдай биладиган тажрибали мутахассисгина бундай фикр юритиши мумкин эди. Ёки бўлмасам, Соғлиқни сақлаш вазирини саволга тутиб қолса, табобат соҳасини яхши биладиган инсон сифатида баҳслашарди. Солиқ қўмитасининг раиси билан гаплашадиган бўлса, “бирор харажатни қоплаш, ёрдам кўрсатиш ёки бошқа бирор мақсадда ўзъаро келишиб кўпчиликка сочилган тўлов”нинг ҳар бир сўми халқнинг ризқ-насибасидан қийиб олинаётган ҳалол луқма эканини, шу боис ҳар бир сўм авайлаб-асрашни тақозо этишини бот-бот таъкидларди.
Агар у киши ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари билан мулоқотга киришса, суд-прокуратура-милиция тизимига тегишли муаммоларни ҳам, камчиликларни ҳам елкасига зарҳал погон тақиб юрган валломатлардан яхшироқ билишини намоён қиларди…
Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримов мамлакатнинг том маънодаги раҳбари сифатида кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўла бошлайди. Ислом акани, таъбир жоиз бўлса, локомотивга ўхшатиш мумкин эди. У зил-замбил юкни кўтаролмай бир жойда ерга қапишиб турган вагонларни жон-жаҳди билан тортиб, кўзланган манзил томон этишга ҳаракат қиларди.
Ўзбекистонда чинакамига истиқлолга замин ҳозирланаётган, миллий истиқлолнинг мустаҳкам пойдевори ўрнатилаётган муборак кунларнинг бирида мамлакатимизга Белоруссия Олий Советининг раиси Станислав Шушкевич расмий ташриф билан келади. Янглишмаса, у пайтларда ҳали Москвада ГКЧП (давлат тўнтариши) рўй бермаганди. Музокаралардан ва тегишли шартномалар имзолангандан сўнг давлат раҳбарлари матбуот ходимлари билан учрашадилар. Ўша матбуот конференцияси тўғридан-тўғри телевидения орқали намойиш қилинади. Нима учун айнан ўша матбуот конференцияси аниқ эсимда қолганига сабаб шуки, мен ўшанда “қовун тушириб” қўйганман. Ҳозир кимдир “қовун тушириб” қўйса, кўрсатув оҳиста таҳрир қилинади ёки “қовун”нинг ўрнига чиройли бир реклама қўйиб юборадилар.
Анҳор бўйида – Марказқўм биносида “Кичик зал” бор эди. Ҳозир – “Қабул уйи” дейилади. Бу ерда чет давлатларнинг раҳбарлари кутиб олинарди, музокаралар олиб бориларди. Сўнг айнан шу ерда матбуот конференцияси бўларди. Ана шу матбуот анжуманига тўпланишдан олдин бир воқеа рўй берганди. Адолат ҳаққи-ҳурмати учун ўша воқеани айтиб ўтишим керак.
Гап шундаки, Ўзбекистон Компартияси қизғин фаолият кўрсатаётган пайтда Мавлон Умрзоқов Марказқўмда ташкилий ишлар бўлимининг бошлиғи эди. У кишига жуда катта ишонч билдирилади: Марказқўмда “Кадрлар бўлими” – ташкилий ишлар бўлими ташкил этилиб, Мавлон Умрзоқов бўлим мудирлигига тайинланади. Шу ўринда Мавлон аканинг сиёсий қиёфасига чизгилар бериб ўтиш лозим. Акс ҳолда, “коса остидаги ним коса”ни тушуниб бўлмайди. Афсуски, ўша пайтларда “ним коса”ни ўзим ҳам тушунмаганман. Тушунмаганим учун ҳам “қовун” туширганман…
Айтишларича, Мавлон Умрзоқов узоқ йиллар Молия вазирлиги қошидаги “КРУ”да ишлаган. “КРУ” – бу ревизорлар ташкилоти экан. Мавлон ака бу бўлимда республика олий ўқув юртлари ишини тафтиш қилиш бўйича масъул ҳисобланган. Мавлон акани бу “мойли” бўлимга ишга олиб келган “КРУ”нинг ўша пайтдаги раҳбари боғдодлик ажойиб инсон Ўлмас ака ўз ҳамюрти Иномжон Бузрукович Усмонхўжаевнинг ёрдамида Совминга Бош бухгалтер бўлиб кетгач ўрнига Мавлон Умрзоқовни қолдириб кетади. Ундан кўп ўтмай Марказқўмга ишга олинади. Эшитишимга қараганда, ишлар бошқармасининг бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров уни ўзига молия сектори мудири қилиб ишга олади.
Кейинчалик Зелемхон ака Марказқўмдан бошқа ишга ўтгач, Мавлон Умрзоқов у кишининг ўрнига Ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлади. Кези келганда шуни айтиш керакки, асли Сирдарёдан бўлган Зелемхон ака ўз ҳамюрти Мавлон Умрзоқовга жуда катта яхшилик қилади. Оғир-босиқ, истараси иссиқ, раҳбарларнинг назарига жуда тез тушадиган бу жонон йигитни республиканинг биринчи раҳбарига тавсия қилади. Ислом Каримов 1990 йилда илк маротаба Ўзбекистон Президенти этиб сайлангач, тузилажак янги девоннинг барча ташкилий ишлари учун Зелемхон Ҳайдаров мутасадди этиб тайинланади. У кишининг ўрнида Ишлар бошқармасининг бошлиғи бўлиб қолган Мавлон Умрзоқов орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ташкилий ишлар бўлими мудирлигига кўтарилади. Умуман, Мавлон ака ҳамиша Зелемхон аканинг ўрнига ўтиб келаверган. Бу албатта Зелемхон аканинг хайрихоҳлиги ва қўллаб қувватлаши натижаси эканини алоҳида таъкидлаш керак. Улар жуда қадрдон оғайни бўлишган. Мен буни бировдан эшитмаганман, аксинча уларнинг дўстона ва ишонч руҳи билан йўғрилган бу самимий ва яқин муносабатларига ўзим кўплаб маротаба шоҳид бўлганман. Чунки мен ҳам тақдир тақозоси билан республикадаги биринчи раҳбарнинг энг яқин одамлари орбитасига аралашиб қолган эдим…
Қисқаси, кутилмаганда Мавлон Умрзоқовнинг Президент девонида ташкилий ишлар бўлимига мудир бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Чамаси, бу орада Ислом Каримов уни атрофлича ўрганган кўринади. Лекин шу топда ёдимга тушган яна бир эпизод тўғрисида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.
Ташкилий ишлар бўлимига мудир этиб тайинланишидан аввал Мавлон акани Ислом Абдуғаниевич суҳбатга чақирган экан. Лекин ўша суҳбатдан сўнг орадан бир ярим-икки ой ўтган бўлса-да, Ислом ака қатьий бир тўхтамга келмайдилар. Бир куни Мавлон ака менга: “Шунақа суҳбат бўлди. Кадрлар бўлимига ўтишим керак экан, шекилли. Лекин, нима учундир буйруқ чиқмаяпти”, дедилар. Равшанки, мен Мавлон аканинг ўша вазифага тайинланишини жуда истардим. Чунки биз аллақачон иноқлашиб кетгандик. Боз устига, Ислом ака билан муносабатларимиз ҳам яхши эди. Буни Мавлон ака ҳам биларди.
Ўша пайтлари Ислом ака “ГАЗ-31” маркали “Волга”да юрарди.
Машинанинг давлат рақами, адашмасам, “20-36” эди, шекилли. Зиёдулла деган битта қўриқчиси бўларди. У асли қашқадарёлик бўлиб, узун бўйли, қорачадан келган, барваста йигит эди. Кейинчалик у бир муддат Қашқадарёда миллий хавфсизлик хизматидами ва ё божхонадами раҳбарлик қилган дейишади. Шу йигит дастлабки йиллари Ислом аканинг ёнида юрган. Ислом аканинг “Волга”си панжарали дарвозадан ўтиб, тўппа-тўғри Марказқўмнинг подезд-йўлагига борарди. Уни кузатиб келадиган милиция машиналари ичкарига кирмасди.
Ўша кезлари Ислом ака менга тез- тез турли-туман топшириқлар бериб турарди. Масалан: “Ука, Қашқадарёга борганингда иккита нарсани билиб келгин. Биринчидан, халқнинг кайфияти қанақа? Иккинчидан, қайси раҳбар менинг сиёсатимга доғ туширяпти, яъни адолатга хиёнат қиляпти? Ким халқнинг ҳақини еяпти, порахўрлик қиляпти? Менда буни билиб оладиган расмий манбалар етарли, лекин сен ҳам менга мана шу икки нарсани тўғри айтсанг бўлди”, деган эдилар.
Шунда мен нима жин урди-ю, “Аёллар масаласида-чи, Ислом ака?” деб сўраганим ҳамон ёдимда. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда Ислом ака: “Бировларнинг шахсий ҳаётига аралашиш яхши эмас. Аввало, ҳар бир кишига худонинг ўзи инсоф берсин, қолаверса, бировларнинг тўшагини титиб, айб қидириш ҳеч кимга обрў келтирмайди”, дегандилар. Биламанки, Ислом ака бировларнинг айбини тополмаса, тирноқ остидан кир қидиришни ёмон кўрарди, у киши жирканч ишлардан ҳазар қиларди…
Кейинчалик Россияда рўй берган “кўрпанинг остидаги жанглар”, “ҳаммом можаролари” Ельцин сиёсатини ниҳоятда беобрў қилди. Россия адлия вазири Ковалёв билан Бош прокурор Скуратовлар айнан ҳаммомдаги ишқий саргузаштлари туфайли ишдан кетади. Уларнинг яширин камера орқали пинҳона сувратга олинган бу “фаолияти” телевидения орқали қайта-қайта намойиш этилади. АҚШнинг собиқ ва кўркам Президенти Бил Клинтоннинг “Оқ уй”да стажировка ўтаган Моника Левинская билан бўлган ишқий муносабатлари бир йилдан кўпроқ миридан-сиригача матбуотда шов-шув қилинади, ҳатто Конгрессда сенаторлар томонидан обдон муҳокама этилади…
Мавзудан бир оз узоқлашиб кетдик, чамамда. Яна анави масалага қайтамиз. Бир куни Мавлон ака: “Исматжон, ҳозир Сизга муҳим бир гапни айтаман, шуни зудлик билан Ислом акага етказиш керак”, деб қолди. “Нима гап, ака” дедим. “Шуни Ислом ака бугун билиши керак”, деб таъкидлади Мавлон ака. “Ҳа, бўпти, ака, нима гап ўзи?” дедим. “Бакирхонов деган йигит Марказқўмнинг Ишлар бошқармасидан Президент девонига ишга ўтаётган пайтида жуда кўп ноёб гиламларни, стол-стулларни, бир қанча қимматбаҳо буюмларни ўзлаштириб юборди. Буни Зелемхон Ҳайдаров ҳам билади, лекин индамади”, деди.
Ҳозир ўша йигитнинг номи аниқ эсимда йўқ, ҳатто Зелемхон аканинг номини тилга олганини ҳам аниқ эслолмайман. Лекин имо-ишорадан ва умуман бундай нохуш воқеадан сўнг калтакнинг бир учи Зелемхон акага келиб тегиши аниқ эди (яна қайтариб айтаман, “ним коса”ни мен орадан кўп йиллар ўтгач англадим). “Шу гапларни Ислом ака бугун билиши керак!” деб такрорлади Мавлон ака. Мен унинг кабинетида ўтиргандим. Мавлон Умрзоқовнинг Ташкилий ишлар бўлими мудири этиб тайинланиши тўғрисидаги буйруқнинг чиқишига бундай иғвогорона гапларнинг қандай алоқаси борлигини ҳеч тасаввур этолмасдим. Кейинчалик билсам, жуда катта алоқаси бор экан. Ҳанузгача аниқ билмайман-у, лекин сездимки, тасдиқланмай юрган одамга қандайдир туртки керак эди. Нима бўлганда ҳам ёшлик қилдимми, тажрибасизлик қилдимми, ишқилиб жуда катта хато қилдим.
Бу воқеа шундай бўлган эди. Тартиб-қоида бўйича Президент девонга кираётган пайтда ҳам, чиқаётган пайтда ҳам бир пайтнинг ўзида Давлат маслаҳатчиларига, соқчиларнинг бошлиқларига, давлат раҳбарининг қабулхонасида ўтирган биринчи ёрдамчига ва албатта ташкилий бўлим раҳбарига бу ҳақда хабар етказилади. Мавлон акага ҳам шундай хабар етиб келди. Шунда у киши: “Исматжон, Президент келяпти, ҳозир олтинчи қаватга чиқади”, деб қолди. “Нима қилай?” дедим. “Тезда лифтнинг ёнига бориб туринг, агар улгурсангиз, шундай-шундай деб айтинг!” деб йўл кўрсатди Мавлон ака. Мен у кишининг кабинетидан шитоб чиқиб лифтнинг ёнига бордим.
Ва тугмачани босган заҳотим эшик очилди-ю, мен лифтга кириб олдим. Биринчи қаватга тушдим. Лифтдан чиқишим билан остонада оппоқ “Волга” келиб тўхтади. Югуриб бориб чаққонлик билан машинанинг эшигини очдим. Аслида, бу мумкин эмас экан. Эшикни соқчи Зиёдулла очиши керак экан. Ислом ака машинадан тушаётиб менга бир хўмрайиб қаради.
-Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим тавозе билан.
-Ҳа, бу ерда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрадилар.
-Юрибман-да, Ислом ака, муҳим бир гап бор эди, шуни Сизга айтишим керак.
Ислом ака Зиёдуллага имо қилдилар.
-Кирасизларми? – деди Зиёд.
Биринчи қаватда ҳам махсус бир хона бор экан. Биз биринчи хонага кирдик. У ерда ҳеч ким йўқ эди.
-Нима гап? – деб сўради Ислом ака.
Мавлон акадан эшитган гапларимни оқизмай-томизмай айтдим. Менинг гапларимни эшитиб, бирдан Ислом аканинг авзойи бузилди. Шундагина хато қилганимни англадим. Лекин энди ғишт қолипдан кўчган эди.
-Бу гапни Сизга ким айтди? – деб сўрадилар.
-Мавлон ака айтди, дедим дадил.
-Яхши, – дедилар.
Зиёд эшикни очди, сўнг биргалашиб лифтдан тепага чиқиб кетишди. Турган жойимда мулзам бўлиб шалвираб қолдим. Пинг бўлганимча Мавлон аканинг ҳузурига ҳам кирмасдан ишхонамга жўнаб кетдим. Энди жойимга ўтирган эдим, бирдан телефон жиринглаб қолди. Кўтарсам, Мавлон ака экан.
-Исматжон, мени айтмадингизми? – деб сўради у.
-Нега айтмас эканман, айтдим!
-Бекор қилибсиз, – деди норози бўлиб.
Эртаси куни ишга борсам, тўполон бўлиб ётган экан.
Мавлон ака мени уч-тўрт марта сўрабди. Ҳузурига бордим. Маълум бўлишича, кеча Ислом ака ҳаммасини чақириб, Зелемхон акани ҳам, Мавлон акани ҳам тик турғизиб қўйиб, роса койибди. Ҳамма ҳайрон бўлиб зир югурар экан.
-Ислом акага бу гапни ким айтган? Ким у кишига учрашди?..
Крайновдан сўрасалар:
-Ҳеч ким учрашгани йўқ, – дермиш ҳайрон бўлиб.
Хайрият, биринчи қаватда учрашганимни ҳеч ким кўрмаган экан. Ўша куни қаттиқ тўполон бўлади. Саройдагилар бу маълумот кимдан чиққанини аниқлай олмайдилар.
Зелемхон ака менга кўп яхшиликлар қилган одам. Узоқ пайтгача у кишининг олдида хижолат чекиб юрдим. Орадан уч йил ўтиб, Зелемхон ака тўй қилди. “Баҳор” концерт залининг орқасида, Анҳорнинг бўйида шинамгина ошхона бор. Раҳбарлар орасида бу жой – “биринчи кафе” деб аталарди.
Тўй шу ерда бўлди. Бу пайтга келиб Мавлон ака Ташкилий ишлар бўлими мудирлигидан Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси деган ваҳимали унвонга эришган эди. Табиийки, улар Зелемхон ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди. Тўйнинг охирларида кайфим ошиб қолди.
-Ажойиб йигитсиз-да, Исматжон! – деди Зелемхон ака. Ёнида кеннойи ҳам бор эди. Тўйда чин дилдан хизмат қилдим, Зелемхон ака мендан жуда хурсанд бўлди. У кишининг мақтовидан кўнглим эриб, кўп йиллик хижолатвозликдан қутулмоқчи бўлиб:
-Зелемхон ака, мен Сизга бир марта хиёнат қилганман, – дедим дабдурустдан. Даврада Мавлон ака йўқ эди. Лекин бошқаларнинг капалаги учиб кетди.
-Ҳазилни қўйинг, – деб ишонмади Зелемхон ака.
-Ўшанда мен Сизни Президентга ёмонлаганман, – деб воқеани айтиб бердим. Узр сўрадим. Зелемхон ака мени маҳкам қучоқлаб олди.
-Э-э, Исматжон, ўша одам сизмидингиз?! Лекин ўшанда нотўғри маълумот етказилган эди. Президент мени обориб-опкелди. Сизга ўша гапни ким айтган эди? – деб сўрадилар.
У кишига ҳам ростини айтдим:
-Мавлон ака айтган эди, – дедим. – Ака, ўша гапни айтганимга уч йил бўлди, лекин жуда қийналиб кетдим…
-Исматжон, мен Сизни шунинг учун ҳам яхши кўраман,- деди Зелемхон ака.
Эртаси куни Мавлон ака дарғазаб бўлиб менга телефон қилди.
-Дарҳол олдимга етиб келинг! – деди. Ўша гапни мен сизга қачон айтган эдим?!
Девонга бордим. Биргалашиб Зелемхон аканинг кабинетига кирдик. Албатта, Мавлон ака ўша гапни айтганини тан олмади. Зелемхон ака ҳаммасини тушунди, лекин индамади. Мен яна икки ўртада хижолат бўлиб қолдим…
Мавлон Умрзоқовнинг қиёфасига чизги берганда. Унинг камтарлигини, кўнгилчанлигини ҳам айтиб ўтиш жойиз. Хизмат пиллапояларидан тез кўтарилгани учунми, бир қарашда одамда яхши таассурот қолдиради, истараси жуда иссиқ. Кўча-куйда оддий ва одми кийимда учратиб қолсангиз ҳам, рўпарангизда каттакон амалдор турганини ички бир туйғу билан англаб етасиз. Кейинчалик, у киши қамалганидан кейин ҳам, кўп гап-сўзлар бўлди, аммо Мавлон ака қўли тоза одам. Тўғри, у киши зиёфатларга борарди, оз-моз ичарди, бирвнинг меҳмони бўларди, одамлар яқин олиб, костюм-шим совға қилса, қайтармасди (ўзим ҳам келтириб берганман, бу ҳақда қамалганимиздан сўнг терговда ҳам айтганман).
Ертўласидан жуда кўп турли ичимликлар чиққани айтишади. Графиндаги ароқ ва коньякларни одамлар совға қилавергач, у йиғаверган шекилли. Аммо у пул олиб бир иш қилганини билмайман, ҳар тугул порага рўжў қўймаган ҳалол ва ҳалқпарвар одам эди. Ислом акани ниҳоятда ҳурмат қиларди. Биз Мавлон Умрзоқовнинг нима сабабдан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимидан кутилмаганда олиниб, ва яна кутилмаганда, тўсатдан ҳибс этилиши сабаблари ва тафсилотларига ҳали қайтамиз…
(Давоми бор).



