Қирғизистонда қишки таътил баҳоргача узайтирилди


Совуқ қиш ва иситиш тизими афтодаҳоллиги боис Қирғизистон ўрта ва олий ўқув юртларида қишки таътил то баҳоргача узайтирилган.
Мамлакат Таълим вазирлиги буйруғига биноан, электр қуввати билан иситиладиган мактаблар иккки ҳафта ўрнига икки ой дам олишади. Яъни бу билим даргоҳлари март ойигача ёпиқ бўлади.

Қайтага, кўмир билан иситиладиган мактаблар одатдагидек икки ҳафталик таътилдан сўнг яна иш бошлашаркан.

Айни пайтда, айрим ўқув юртлари 1 февралдан бошлаб ҳам илм толибларига ўз эшикларини очиши мумкинлиги айтилмоқда.

Махсус буйруқ иловасида об-ҳаво илиқ келса, ўқув юртлари таътиллари фақат бир ойга, яъни февралгача узайтирилиши ҳам қистириб ўтилган.

Буйруқда қишки таътил ёзги дам олиш ҳисобига узайтирилиши ҳам таъкидланади.

Мазкур чора ўқув юртлари биноларини истиш муаммо бўлаётгани ва электр таъминотидаги узилишлар билан изоҳланмоқда.

Масалан, Ўш вилоятидаги 500дан зиёд ўрта мактабнинг 200га яқини электр қуввати билан исийди. Демак, бу мактабларнинг барчаси учун бутун қиш бўйи таътил давом этиши мумкин.

Шу каби ҳолат қўшни Жалолобод ва Боткен вилоятларида ҳам кузатилиши кутилаётир.

Биргина жанубнинг ўзида 70-80 минг ўқувчининг қиш ичи сабоқ олишдан маҳрум бўлиш эҳтимоллари бор.

Минтақадаги мухбиримизга кўра, аксарият ота-оналар совуқ синфхоналарда фарзандлари касал бўлиб қолиши эҳтимоллари туфайли ҳам таътилни чўзиш қароридан хурсандлар.

Ўтган йилги ўта қаттиқ қиш Марказий Осиё мамлакатларида иситиш ва энергия таъминотидаги камчиликларни фош этганди.

Айниқса, энергияни қўшниларидан сотиб оладиган ва минтақанинг энг қашшоқ ўлкалари бўлмиш Тожикистон ҳамда Қирғизистонда аҳоли совуқдан кўп азият чекди.

Шу қаторда, каттагина миқдорда газ, нефть ва электр қуввати ишлаб чиқарадиган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам кўплаб ҳудудларда одамлар етарлича газ ва электр таъминоти бўлмаганидан шикоят этишганди.

Жорий йилги эҳтиёт чоралари эса ўтган йилги каби қаттиқ совуқ тушиб қолгудек бўлса, бироз тайёр туришга интилиш ҳамдир.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares