(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
ИСЛОМ АКАНИНГ БИРИНЧИ ОТДОШИ
Ўнинчи боб.
Ҳокимият тизимида ишлай бошлаганимдан кейин ҳам норасмий ташкилот вакиллари билан алоқани узмадим. Мен уларга тўғрисини айтдим: “Мен Ислом Каримовнинг сиёсатига ишондим, шу кишининг қўлида ишлайман. Сизлар билан ҳам конструктив ҳамкорлик қиламан”.
Шу ўринда менинг Ислом Абдуғаниевичга муносабатим қанчалик самимий, беғараз эканлигини кўрсатадиган бир мисолни айтиб ўтмоқчиман. “Ҳаёт ва иқтисод” журналига эндигина Бош муҳаррир этиб тайинланган пайтимда “Бирлик” ташкилотининг фаоллари пойтахтда митинг ўтказиш учун Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига ариза беришганди. Аризага беш киши: Муҳаммад Солиҳ, Аҳмад Аъзам, мен ва яна икки киши имзо қўйгандик. У пайтлари митинг ўтказиш учун олдиндан ижроқўмга ариза бериларди.
Мен ҳам норасмий ташкилотнинг фаоллари қаторида имзо чеккан эдим. Демак, мен ўз позициямни очиқ-ойдин айтганимдан кейин ҳам улар мени сафларидан чиқариб ташламаган эдилар. Чунки гапларим, ҳаракатларим самимий эканига ишонишарди. Ўшанда шаҳар ижроқўмининг раиси Шоабдураҳмонов деган киши эди. Ниҳоятда камтар ва соддадил бу одам кейинчалик Тошкент метросига бошлиқ бўлиб кетади…
Хуллас, “Бирлик”чилар шаҳарда кўпминг кишилик митинг ўтказмоқчи бўлганлиги тўғрисидаги хабар Ислом Абдуғаниевичга етказилади. Ислом ака эндигина иш бошлаган, Фарғона, Паркент воқеаларининг акс-садолари ҳали босилмаган, республикадаги сиёсий вазият беқарорлашиб турган бир пайт эди. Бундай қалтис шароитда ортиқча ҳис-ҳаяажон ёмон оқибатларга олиб келиши, оломон қуюшқондан чиқиб кетиши мумкин эди. Шу боис ёпиқ бинода митинг ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Лекин аризада очиқ майдонда митинг ўтказилиши айтилган эди. Қонун бўйича, аризага имзо қўйган кишилардан бирортаси: “Очиқ майдонда эмас, ёпиқ бинода, хусусан, газета корпусининг мажлислар залида митинг ўтказилишига рухсат беришингизни сўрайман”, деб аризани қайта ёзиб берса, кейинги ариза инобатга олинар экан. Бир учрашганимизда Шукрилла Раҳматович: “Ислом ака илтимос қиляпти, шу митингни ёпиқ бинода ўтказсаларинг яхши бўларди”, деди.
“Ҳукумат бизга рухсат бермаса керак” деб юрган мухолифатдаги ҳамкорларим шунисига ҳам шукр қилишса керак деган ўйда дарҳол аризани қайта ёзиб бердим. Албатта, норасмий ташкилотнинг бошқа фаоллари менинг ўзбошимчалигимдан қаттиқ норози бўлишди. Бирпас тўполон қилишади. Аммо, ғишт қолипдан кўчган эди – ҳаммаси қонун бўйича бўлаётганди.
– Бўпти, бундан кейин ариза ёзсаларинг мени аралаштирмайсизлар, – деб дашномлардан қутулиб қолганман.
Митинг ёпиқ бинода ўтказилди. Йиғилиш президиумида Аҳмаджон Мухторов, Рубен Сафаров, Аҳмад Аъзам ва мен бор эдик. Хийла бақириқ-чақириқ бўлганди. Ўшандан кейин Ислом ака биринчи марта мендан миннатдор бўлган эди.
Тўғри, норасмий ташкилот фаоллари кейинчалик мендан ўпкалаб юришди. Бироқ, мен уларга ўз позициямни очиқчасига айтганим учун ҳам мени сотқинликда айблай олишмасди. “Токи, Ислом ака республикада биринчи шахс экан, мен у кишининг командасида бўламан”, деб қайта-қайта айтганман.
Адолат юзасидан айтмоқ жоизки, Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Компартиясига биринчи секретарь бўлиб келгач, норасмий ташкилотларга жуда катта эркинликлар бериб қўйди. Улар ҳатто телевидениядан ҳам чиқиб сўзлаш имкониятига эга бўлдилар, уларга эфирда махсус вақт ажратилди. Улар билан музокаралар олиб борилди, баъзи бир ҳукумат йиғилишларига норасмий ташкилотларнинг вакиллари таклиф қилина бошланди. Афсуски, улар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ўзъаро гуруҳбозлик жангларига берилиб кетдилар… Майли, бу ёғи алоҳида мавзу. Ҳозир бошқа нарсани айтмоқчи эдим.
1989 йилнинг 2 август куни менинг иккинчи фарзандим дунёга келади. Туғруқхонага бориб қувонч билан қайтганим ҳамон эсимда. Чунки мен, Ҳулкаримдан кейин, энди, ўғил кўрган эдим. Ўғлимга муносиб исм қидира бошладим…
Бирдан Шукрулла Раҳматович йўқлаб қолди. Шошилиб ҳузурига бордим. Қабулхонада у кишининг ёрдамчилари Туйғун Аъзамович қувонч билан кутиб оларкан, табрикдан сўнг: “Биз унга аллақачон исм ҳам топиб қўйдик” деб мени ичкарига йўналтирди.
– Исматжон, табриклаймиз! Илоҳим, умри билан берган бўлсин! – деди Шукур ака. – Хўш, исмини нима қўймоқчисиз? – деб сўради кулимсираб.
-Аниқ бир тўхтамга келганим йўқ. Сиз нима десангиз шу-да… – дедим қувонч билан мағрур бош эгиб.
-Исматжон, ўғлингиз ўз исми билан дунёга келибди-ку! Унга Ислом аканинг муборак номларини қўямиз! Мен ҳатто Ислом акамга бу ҳақда айтиб ҳам қўйдим. Шошманг, ҳозир ўзингиз гаплашасиз, – деб Ислом ака билан тўғридан тўғри боғланадиган телефон трубкасини кўтардилар-да: – Ислом ака, мана, Исматжоннинг ўзи ҳам етиб келди. Икки оғиз гаплашасизми? Анави митингни ёпиқ бинога кўчириб бергани учун Сизнинг номингиздан раҳмат айтиб қўйдим… Хўп, ҳозир, мана.
Шукрулла Раҳматович трубкани менга бердилар.
-Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим ҳаяжонланиб. У киши ҳам табрикдан сўнг митинг тинч ўтгани учун раҳмат айтдилар. Лекин ўғлимнинг исмини Ислом қўйишимга дастлаб дастлаб розилик бермадилар.
-Ўзим бу ишга янги келган бўлсам, ҳали ҳеч нарса қилишга улгурганим йўқ. Бошқа чиройли исмлар кўп-ку! – дедилар.
-Ислом ака, Сизнинг ҳаётингизга мен ҳавас қиламан! Худо хоҳласа, ҳали буюк мақсадларингиз ҳам рўёбга чиқади. Ўғлим ҳам қайсидир жиҳатлари билан Сизга ўхшашини ният қилганман. Илтимос, йўқ деманг!
-Ният қилган бўлсангиз, майли, розиман. Келинимизни менинг номимдан табриклаб, саломлар айтиб қўйинг! – дедилар Ислом ака. – Келинга албатта салом айтинг! – деб таъкидладилар.
-Раҳмат, Ислом ака! – дедим энтикиб. – Шукрулла ака ҳам Сиздан ниҳоятда миннатдор..
-Шукрулла акангизга айтиб қўйинг, кўнглини бир жойга қўйиб ишлайверсин! Худо хоҳласа, яхши гаплар, яхши ишлар ҳали олдинда турибди, – деди Ислом Абдуғаниевич. – Хайр, саломат бўлинглар!
Шундай қилиб, республикамизда биринчи бўлиб мен Ислом акага меҳр қўйиб 1989 йилнинг 2 август куни туғилган ўғлимнинг исмини “ИСЛОМ” деб қўйганман. Ислом Абдуғаниевичнинг розилиги билан ўғлимга шундай исм қўйдим…
Мен нима учун Ислом Абдуғаниевичга бу қадар ихлос қўйган эдим?
Эҳтимол, бошқалар фақат орқаваротдан билишар, аммо мен тўқсонинчи йиллар бошидаги кўпгина раҳбарларни, лидерларни яқиндан танир эдим. Афсуски, улар орасида миллатнинг бошини қовуштирадиган том маънодаги юртбошини кўрмаганман. Тўғри, улар ҳалол инсонлар эди, ўз ишларини яхши билишарди. Лекин миллатни бирлаштириш учун яхши инсон, малакали мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади. Тарихнинг бурилиш нуқталарида халқни янги истиқбол сари олиб ўтиб кетиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Фақат ҳақиқий раҳнамогина миллат бирлигини сақлаб қолади ва ёруғ кунларга қатьиян ишонади. Жамият устқурмасини бузиб, вайрон этиб ташлаш унчалик қийин эмас. Лекин вайроналар устида янги бино барпо этиш ниҳоятда мушкул вазифадир. Мен, Ислом ака нечоғлик оғир вазифани ўз зиммасига олганини жуда яхши биламан…
Бир куни халқона шоиримиз Тўра Сулаймон: “Ислом акани буюк бир зотнинг руҳи доимо қўллаб-қувватлаб туради”, деган эди жойнамозини йиғиштириб ўрнидан турар экан. Ўшанда ҳалол бир инсон – Тўра Сулаймон – намоз пайтида ҳам юртбошимизни ўйлаганидан, юртбошимиз тўғрисида қайғурганидан сираям ажабланмадим.
Мен Ислом аканинг биринчи отдоши – ўғлим борлиги билан қалбимда ажиб бир фахр туяман…
(Давоми бор)




