«Бирдамлик» ҳаракати фаоли Анварбек
Мана бугун яна бир йилни ортда қолдиган ҳолда янги 2009-йилнинг биринчи ойига ҳам қадам ранжида қилдик. Шуни ҳис этган барча инсонларда ортга бир назар ташлаб олиш ва ўтган кунларни сарҳисоб қилиш истаги пайдо бўлади.
Ўтган 2008-йил давомида ҳам афсуслар бўлсинким мамлакатимиз иқтисодиётида ва фуқароларимиз ҳаёт тарзида жиддий ўзгаришлар рўй бермади. Тинимсиз равишда гапираётган юртбоши ва тинимсиз равишда унинг гапларини мақуллаб қарсак чалиб турган лаганбардорлар ўз ўрниларида қолишди. Нафақат иқтисодий вазият балким ижтимоий ва экологик вазият ҳам ўзгаришсиз қолди. Лекин “Экосан” экология ва саломатлик ҳалқаро ташкилоти мустақил журналистлар ва ҳалқаро кузатувчиларнинг бу каби хулосаларини кескинлик билан рад этмоқда ва ўз якунига етган “Ёшлар йили” вазифаларини бажаришда мамлакатимизнинг давлат ва жамоат тузилмалари фаоли иштирок этиб улкан мувафақиятларга эришганларини баралла айтмоқда.
Тўғри ўтган 2008-йил давомида “Экосан” экология ва саломатлик халқаро ташкилоти томонидан ташкиллаштиришган 24 та саломатлик поезди юртимизнинг турли нуқталарига жўнатилди. Тўхталиб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акционерлик компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли нуқталарига жўнатилаётган ушбу саломатлик поездларига юкланган мурувват юклари таркибида кийим-кечак, пойабзал, санитария-гигиена воситалари ва бошқа истеъмол товарлари бор. Бу юклар асосан юртимизнинг экологик ҳолат мураккаб бўлган чекка ҳудудларига жўнатилди.
Бироқ ушбу юклар ўз эгаларига яъни кам таъминланган ёш оилаларга, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган ёш аёлларга шунингдек Оролбўйи ҳудудидаги мактаб ўқувчиларига етиб бормаяпти. Биргина мисол ўтган 2008-йилнинг 1-ноябр куни пойтахт Тошкент шаҳридан Хоразм вилоятига жўнатилган умумий қиймати 80 миллион сўм бўлган ёрдам керакли манзилга етиб борган бўлсада, эгаларига топширилмаган.
Аниқланишича ушбу юкларни Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган расмийлар ўз ҳисобларига ўзлаштириб олишган ва пора берган шахсларга беминнат ва бепул ёрдам,- деб тарқатишмоқда. Айнан шунинг учун ҳам кам таъминланган оилаларга берилиши керак бўлган ёрдамларни турли хил муассаса вакиллари ва тиббиёт ходимлари ўзлаштириб олишган.
Хўш, биргина маълум бўлган ва жамоатчилик олдида ошкор бўлган ушбу ҳолатдан кейин ким 2008-йил давомида мамлакатнинг турли нуқталарига юборилган ўзга инсонпарварлик ёрдамлари расмийлар томонидан ўзлаштириб юборилмаганига кафолат бера олади? Қолаверса шу кунга қадар барча инсонпарварлик ёрдамлари ўз эгаларга, оддий халқга етиб борганда бугунги кунга келиб вазият бу қадар оғир бўлмаган бўлар эди. Вазият оғир эканлигини фактлар ёрдамларида исботлаб берадиган бўлсак. Ўтган йил дамомида Қорақолпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган 21 784 нафар аҳоли экологик вазият оғирлиги сабаб қўшни Қозоғистонга доимий яшаш учун кўчиб кетган.
Сурхондарё вилоятида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари ТАЗ (Тожикистон Алюминий Заводи) нинг иш фаолияти юксалгани сабаб ерларнинг ифлосланиш даражаси кучайганини айтишмоқда. Бу каби ҳолатлардан бохабар бўлган “Экосан” экология ва саломатлик халқаро ташкилоти амалий ишга ўтмасдан, таъбир жоиз бўлса маҳаллий амалдорлар билан келишган ҳолда инсонпарварлик ёрдамларини “арра” қилмоқда ва бундан кейин ҳам “арра” қилишда давом этаверади. Зеро мамлакатимиздаги тизим шундай. Ахир бекорга балиқ бошидан сасийди дейишмаган-ку!




