Газпром Украинага сотиладиган газни Марказий Осиёдан сотиб олади
Россиянинг «Газпром» ширкати мулозимлари Украинага сотиладиган Марказий Осиё, жумладан, ўзбек газининг нархлари борасида келишувга эришилганини маълум қилишган, аммо янги нархнинг қанча эканини айтишмаган.
Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари Ўзбекистон билан газ нархлари борасида келишувга эришганликларини маълум қилганлар.
Уларга кўра, 2009 йилда ўзбек газининг ҳар минг кубометри учун 240 доллар ҳақ тўланади.
Келишув ҳақида узоқ давом этган музокаралардан сўнг эълон қилинган.
Жумладан, қирғиз ҳайъати ўзбек томони билан газ нархини келишиш учун Тошкентга тўрт бор сафар қилган.
Матбуот хабарларига кўра, ўзбек томони аввалига газ учун 300 доллар ҳақ талаб қилган, аммо музокаралар жараёнида нархни туширган.
Тожикистон давлат нефт ва газ ширкати раҳбари Шавкат Шоимов газ нархининг жуда ҳам баланд эканини айтган.
Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги музокаралар тафсилотларини ошкор этмаган.
Баъзи хабарларга кўра, «Газпром» ширкати 2009 йилда ўзбек газининг минг кубометрини 315 доллардан сотиб олишга келишган.




