(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
(Ёки Чироқчидаги кўпкари)
Тўққизинчи боб.
Халқимизнинг “кўпкарига ҳамма тушади, аммо улоқни бир киши олади” деган мақоли бор. Совет даврида Маҳмуд Сатторов бу мақолни андак ўзгартириб, киноя билан: “кўпкарига ҳамма тушади, бироқ улоқни пулини тўлаган олади” деб қўярди…
1990 йил 18 февраль куни Ўзбекистон халқ депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Бу шу пайтгача республикамизда ўтказилган энг демократик руҳдаги сайлов эди. Тўғри, илгари СССР халқ депутатларининг сайлови бўлиб ўтганди. Бироқ, унда норасмий ташкилотларнинг бирорта аъзоси ҳам лоақал номзод сифатида рўйхатга олинмаган эди.
СССРнинг бошқа жойларида сайловлар қизғин мунозаралар остида ўтган бўлса-да, лекин бизда Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилаётган Компартиянинг ҳукмронлиги остида ўтади. Натижада кўплаб тасодифий кишилар Ўзбекистондан СССР халқ депутати гувоҳномасини қўлга киритиб, “тажовузкор кўпчилик”ни, “индамас кўпчилик”ни ташкил этади. Ўша “индамас кўпчилик” ҳатто ўз сафидаги илғор фикрли депутатларнинг минбарга чиқиб сўзлашига ҳам, Ўзбекистон дардини баралла айтишига ҳам изн бермасди. Шу ўринда биргина мисол келтириб ўтмоқчиман.
Маълумки, ўша пайтлардаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубовнинг СССР халқ депутатлари съездидаги нутқи кўпчиликни эсида қолган воқеа бўлади. Одил Ёқубов ўзбек халқининг дардини Иттифоқ миқёсига олиб чиқади. Лекин Одил акага “регламент” бўйича сўз навбати берилавермайди. Умуман, у кишининг нутқ сўзлашига Ўзбекистон раҳбарияти (Нишонов, Анишчев) тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатади. Шунда Одил аканинг маърўзаси мазмунидан хабардор бўлган Ислом Абдуғаниевич ўзининг навбатини оқсоқол ёзувчимизга беради (у пайтларда Ислом Каримов обком котиби эди).
Кейинчалик Одил ака Ислом Абдуғаниевичнинг съезд кунларидаги сабот-матонати тўғрисида мароқ билан ёзганлар…
Хуллас, 1990 йил 18 февраль куни Ўзбекистон халқ депутатларининг сайлови демократик руҳда ўтади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки ўз олдига катта мақсадларни қўйган Ислом Каримов халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган профессионал парламент билан самарали ҳамкорлик қилиш мумкинлигини яхши биларди. Элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган кишиларнинг халқ ноиби бўлишини истарди.
Шунинг учун у киши сайловларнинг максимал даражада демократик тамоиллар асосида ўтишини таъминлайди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кейинги илк сайловлар демократик руҳда ўтганини шу нарсадан ҳам билса бўладики, аксарият ҳолларда битта ўрин учун беш-олтитадан, ҳатто ўнтадан номзод кураш олиб боради. Шу боис айрим округларда иккинчи турдан кейин ҳам ғолиб аниқланмайди. Натижада янгитдан сайлов ўтказилади. Ўша пайтлардаги “Сайлов тўғрисидаги Қонун”га мувофиқ икки турдан сўнг ҳам етарли етарли миқдорда овоз ололмаган номзодлар қайтадан рўйхатга олинмасди. Жумладан, 231-Чироқчи сайлов округида ҳам қайта сайлов бўлади.
Тепадагилар билан маслаҳатлашиб, мен Қашқадарёдан ўз номзодимни депутатликка қўйишга қарор қилдим. Яширмайман, бу биринчи раҳбарнинг хайрихоҳлиги билан бўлди. Тартиб бўйича Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ташкилий ишлар бўлимидан жойларга рўйхат берилар экан. Рўйхатга киритилганимдан сўнг Қаршига бордим. Мен энди раҳбарман, республика миқёсидаги нашрга Бош муҳаррирман. У пайтларда Қашқадарё обкомининг иккинчи секретари Михаил Филиппович Солдатов эди.
Биринчи бўлиб унга учрашдим. У киши аниқ бир гап айтолмади. Ўшанда Озод Давронов (обком парткомиссияси раиси) Ғузор районига биринчи секретарь бўлиб кетган экан. Ғузорга бориб, Озод акага учрашдим. Ҳар тугул маҳаллий шарт-шароитларни у мендан кўра яхшироқ биларди.
-Қамашида ўрин бўш экан, Чироқчида ҳам ўрин бўш. Бошқа жойлардан депутатлар сайланибди, – дедим Озод акага. – Номзодимни қаердан қўйсам маъқулроқ?
-Агар сен Қамашидан номзодингни қўйсанг, мен қариндош-уруғларимдан ажралиб қоламан. Сен Қамашидан номзодингни қўйма! – деб маслаҳат берди Озод ака.
Орадан кўп йиллар ўтиб, Озод аканинг ўшанда менга нисбатан самимий бўлмаганини пайқадим. Чунки Қамашидан биров яхши билмайдиган Расул Раҳмонов номзоди қўйилди ва у осонгина депутатликка сайланди.
Номзодимни Чироқчидан депутатликка қўйдим. Бунинг сабаби шуки, Китоб ва Шаҳрисабз районларининг прокурорлари Чироқчидан эдилар. Улар менга хайрихоҳ кишилар эди. Китобда – Ҳасан Эштемиров, Шаҳрисабзда – Амир Янгибоев прокурор эдилар. Биз жуда қадрдон эдик. Уларнинг ёрдамига ишониб, номзодимни Чироқчидан қўйишга қарор қилдим. Менинг энг катта хатоим ҳам шу бўлди.
Тумандан ўнта номзод қўйилган экан, мен ўн биринчиси бўлдим. Кейинчалик бир киши ўз номзодини қайтариб олади, ўн киши қоламиз. Толмас Тиллаев деган районнинг собиқ биринчи секретари молиявий ишкалликлар айби билан, катта пул аралашиб, қамалиб чиққанди. У ниҳоятда пулдор , бадавлат киши эди. Шу одам ҳам “кўпкари”га кирганди. Тиллаев истаса, сайловчиларнинг овозини сотиб олиши мумкин эди.
Чироқчи район газетасининг редактори ҳам ўз номзодини қўйган экан. Тошкентда телевиденияда ишлайдиган таниқли журналист Ўрол Ўтаев ҳам номзодини қўяди. Пахта заводининг директори, автобазанинг директори, “ОПС”нинг директори, хуллас, жамики йирик маҳаллий раҳбарлар номзод сифатида рўйхатга олинган. Овозлар тақсимотини чамалаб кўрсам, яққол устунликка эга бўлган одам йўқ экан. Таваккали худо деб, отни қамчиладим.
Биринчи турда депутатликка сайланган истеъдодли шоира Ҳалима Худойбердиева, Ҳамза театрининг таниқли актёри Ёқуб Аҳмедовлар менинг ишончли вакилларим бўлишди. Марказқўмнинг Ишлар бошқармасида молия секторининг бошлиғи бўлиб ишлайдиган Мавлон Умурзоқов бошчилигида биз Чироқчини забт этгани отландик.
Ажиб даврлару, қизиқ вақтлар экан. Ўшанда Шаҳрисабз район партия комитетининг биринчи секретари Фармон Омонов эди. Абдураҳмон Ашуров – иккинчи секретарь эди. Биласиз, мен Шаҳрисабзда ҳам ишлаганман.
Ҳар куни горкомнинг ўша – Березиков мени армияга жўнатиб юборишдан олдин меҳмон қилган сўлим дачасида бизга дастурхон мунтазир, жой тайёр.Шаҳрисабздан Чироқчи 25-30 чақирим бўлса, Шаҳрисабздан Китобгача атиги 5 чақирим, холос. Остимизда хизмат машиналари. Кечалари горком дачасида дам оламиз, кундуз кунлари сайловчилар билан учрашамиз. Учрашув пайтлари қизиқ ҳолатлар бўларди. Ўрол Ўтаевнинг ишончли вакили бўлиб таниқли журналист Шуҳрат Жабборов (ҳозир “Халқ сўзи” газетасида Бош муҳаррир ўринбосари) борганди.
Сайловчилар билан учрашув чоғида ҳамма номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бирга қатнашарди. Шунда Шуҳрат жабборов гапни аввал бошқа номзод, яъни мендан бошларди: Исмат Хушев зўр журналист, курашчан ижодкор ва ҳока-зо.
-Бундан ташқари Исматжон Анатолий Собчакка ўхшайди! – деб таърифлайди Шуҳрат ака. Кейин Ўрол Ўтаевни ҳам мақтайди. Лекин кимни ёқлаб овоз бериш тўғрисида лом-мим демайди. Албатта, Шуҳрат Жабборовнинг гапларидан кейин сайловчилар мен томонга оғиб кетади. Учрашувлардан сўнг Ўрол ака: “Нега мени кам мақтайсиз? Кимнинг ишончли вакилисиз ўзи?” деб Шуҳрат акадан хафа бўлган экан…
Менинг ишончи вакилим сифатида Ҳалима опа сўзга чиқардилар. “Саодат”даги тўполонлардан кейин биз опа билан хийла қалинлашиб, у кишининг хўжайинлари Мавлон Умурзоқов билан ака-ука бўлиб қолгандик. Сайловчилар билан номзодлар якка-ёлғиз учрашмасди. Бирданига ўнта номзод белгиланган учрашувга биргалашиб боришга мажбур эди. Мақтаниш эмас-у, аммо сўзга чиқадиган номзодлар орасида энг кўп қарсакни ўзим олардим. Нутқим яхши эди. Одамлар эшитишни истаётган гапларни топиб айтишни билардим.
Қайта сайлов белгиланган кун (1990 йил 14 апрель) гача Тошкентда қандайдир анжуман бўлади. Эски депутатларнинг охирги сессиясими ёки янги депутатларнинг биринчи сессиясими, аниқ эсимда йўқ. Мен ҳам депутатлар қаторида барча сессияларда қатнашар эдим. Қисқаси, ўша анжуманда танаффус пайтида Ислом Абдуғаниевичнинг ёнига бориб:
-Ислом ака, мен албатта депутат бўламан. Лекин Толмас Тиллаевнинг тоши оғирроқ экан. Агар уни бирёқлик қилиб берсангиз, ғолиб келишимга ҳеч қандай тўсиқ қолмасди, – деб айтганим ҳамон эсимда.
-Менга Темур Хидиров билан Солдатовни тезда топиб кел! – дедилар Ислом ака.
Бир пасда айтилган одамларни олдимга солиб келдим. Шунда Ислом Абдуғаниевич Солдатовга қараб:
-Агар манави йигит депутатликка ўтмай қолса, – менга имо қилдилар, – сен ишдан кетасан! Тиллаев у ерда нима еб юрибди?! – дедилар рус тилида.
Ислом аканинг гапидан сўнг қанот боғлаб Қашқадарёга учиб келдим. Яна сайлов олди муҳорабасига шўнғиб кетдим. Сайловчилардан бирови:
-Бизда темир йўл йўқ, Тошкентга борадиган бўлсак, аввал Шаҳрисабза боришимиз керак, – деб шикоят қилади.-
Бу масала бўйича бошқа номзодлар сўзга чиқиб, тайинли бир гап айтолмайди. Чунки ўттиз чақирим жойга темир йўл келтириш учун қанча сарф-харажат зарурлигини ҳамма яхши биларди. Бироқ сайловчиларни сарф-харажат эмас, балки аниқ-лўнда жавоб қизиқтирарди. Мен буни билардим.
-Бўпти, депутат бўлганимдан сўнг уч кундан кейин ўзим Чироқчига темир йўл келтириб бераман! – дедим тўлқинланиб. – Керак бўлса, поездни ҳайдайдиган машинист ҳам, йўловчиларга хизмат қиладиган проводниклар ҳам ўзларингиздан бўлади! Нима, ўттиз чақирим жойга темир йўл келтириш шунчалик қийин эканми? Ҳеч қийин эмас! Битта рельснинг узунлиги эллик метр келади. Ўнтаси – беш юз метр, йигирматаси – роппа-роса бир чақирим бўлади. Йигирмани ўттизга кўпайтирсак, олти юз бўлади. Демак, бир минг икки юзга рельс бўлса, олам гулистон! Темир йўл муаммосини уч кунда ҳал қилиш мумкин…
Ажабки, ўзимнинг фантазиямга ўзим ҳам ишонардим. Одам ўзи ишонмаган гапга бошқаларни ишонтира олмайди. Гулдурос қарсаклар янграрди. Чироқчи халқи ҳозиргача ўша учрашувларда сўзлаган нутқларимни мароқ билан эслаб юришаркан. Одамлар мени кўргани, гапимни эшитгани йиғилишларга келар экан. Чунки мен порахўрлик, ноҳақлик тўғрисида очиқ-ошкор гапираверардим. Сайловчилар менга жуда кўп саволлар беришарди.
Раҳбарият Толмас Тиллаевни ўз номзодини қайтариб олишга мажбур қилди. Шундай бўлса-да, сайлов натижаларига кўра мен учинчи ўринга тушиб қолдим. Биринчи ўринни Ўрол Ўтаев олди, район газетасининг редактори иккинчи ўринга чиқди, мен учинчи бўлдим. Манаман деган бойваччалар қуйи ўринларга тушиб кетишди. Аслида, Чироқчи шароитида учинчи ўринни эгаллаш ҳам жуда катта ютуқ эди. Чироқчиликлар очиқ кўнгил, мард халқ келар экан-у, лекин меҳр қўйиб, минг қарсак чалгани билан барибир ўзларининг уруғдошларига овоз бериб юбораверар экан.
Қолаверса, диний раҳнамоларининг чизган чизиғидан чиқмас эканлар. Боз устига Ўрол Ўтаев телевидениянинг мусиқа бўлимини бошқарарди. Ўзбекистоннинг атоқли хонандалари ҳар куни навбат билан Чироқчида концерт беришарди. Сайлов пайтида Чироқчи концертхонага айланиб кетганди. Одамлар деярли ҳар куни умрларида кўрмаган машҳур артистларни кўриб, маза қилиб бепул концертлар томоша қилардилар…
Сайловолди кампаниясида рўй берган яна бир воқеа ҳануз эсимда. Ҳалима опа билан Мавлон ака ўша куни қаёққадир кетдилар. Қашқадарёда уларнинг мухлислари жуда кўп эди, эҳтимол бирови чойга таклиф қилгандир.
Хуллас, биз горкомнинг дачасида Фармон Омонов, Абдураҳмон Ашуров, мен ва яна уч-тўрт киши ўтирган эдик. Шунда нимадандир гап чиқди-ю, Мирсаидов билан гаплашгим келиб қолди. Биласиз, горком дачаларида телефон трубкасини кўтарган пайтингизда шаҳар алоқа бўлимида ўтирадиган қизлар дарҳол: “Лаббай!” деб жавоб берадилар.
-Яхшимисизлар, қизлар? Менга Совмининнг раиси Шукрилла Раҳматовични улаб беринглар, – деб илтимос қилдим. Ишонасизми-йўқми, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас телефонда Мирсаидов пайдо бўлди.
-Эшитаман, – деган таниш тўлқинли товушни эшитдим.
Шу пайт Фармон Омонов ўрнидан сапчиб туриб кетди, Абдураҳмон Ашуров эшикдан қочиб чиқди, бошқа шаҳар мулозимлари ҳам бир-пасда тум-тарақай бўлиб юқолиб қолишди. Улар мени ҳозир Совминнинг раиси билан гаплашишим мумкинлигини асло кутишмаган эди.
-Шукрилла Раҳматович, яхшимисиз? Шукур ака, илтимос, Ислом акага айтиб қўйинг, мен албатта депутатликка ўтаман, – дедим.
– Чепуха! – деди Шукур ака. – Ука, сиз ҳушёр бўлинг! Чироқчи сиз ўйлаган жой эмас. Биздаги прогнозларга қараганда, ишларингиз унчалик яхши эмас…
– Мана кўрасиз, Шукур ака, мен депутат бўлман! – дедим ҳовлиқиб.
Телефонда гаплашиб бўлганимиздан кейин роса ичганмиз. Билмадим, ўшанда маҳаллий раҳбарларга бир ўзимни кўрсатиб қўймоқчи бўлганманми. Ҳар ҳолда, ўша воқеадан сўнг ҳамманинг капалаги учиб кетади…
Сайлов куни мен Китобда айланиб юрдим. Кечки пайт телефондан бирин-кетин нохуш хабарлар кела бошлади. Тнги соат бирларда мен узил-кесил мағлубиятга учраганимни билдим. Нима учундир хўрлигим келди. Йиғлаб юбордим.
-Ҳа, ўғлим, нима бўлди? – деб сўради онам бояқиш ҳайрон бўлиб.
-Мени сайлашмабди…
-Қуриб кетсин ўша сайловларинг! Бир ойдан бери озиб-тўзиб кетдинг-ку, болам.
-Барибир сайлашмабди…
-Нима, энди ишингдан ҳам бўшатишадими? – дейди онам соддалик билан.
Сайловдан ўтмай қолган раҳбарларни ишдан олиш ҳам мумкинлигини ўшанда биринчи марта онамнинг оғзидан эшитгандим. Лекин бу гапга парво қилмадим. Мағлубият ва уят ҳажрида ёниб, бола-чақаларим билан худди биров кўриб қолишидан қўрққандек, тунги соат иккиларда эски “Москвич”имни миниб Тошкентгача йиғлаб келган эдим. Нима учундир кўп йиғлаганман. Алданганим учунми, Ислом аканинг ишончини оқлай олмаганим учунми, ўксиб-ўксиб йиғлагандим.
Тошкентга келганимдан сўнг анча вақтгача давраларга қўшила олмагандим, уялганимдан редакциядан ташқарига чиқмасдим…
Шуни айтишим керакки, республика матбуотида Исмат Хушевнинг номзоди беармон тарғиб қилинган эди. “Совет Ўзбекистони”, “Правда Востока”, “Ўқитувчилар газетаси”, “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва бошқа газеталарда суратларим билан мен тўғримда мақолалар эълон қилинади. Энг яхши мақолани Карим Баҳриев ёзган эди.
Х Х Х
Карим Баҳриев: “Жасорат лаҳзаси”.
-Мен унинг ўзидан олдин у ҳақдаги ярим афсона, ярим ҳақиқат ривоятларни эшитиб юрардим. Қарши педагогика институтида раҳбарнинг эркатой қизини пиёда далага олиб чиқибди, Москвада ўқиганида бемор ётган халқ шоирининг палатасига атлас кўйлак кийган қизларни олиб бориб, шоирнинг шеърларини ёддан ўқитиб, мадад берибди. Талабалар ётоқхонасида очиқ шеърхонлик ўтказибди… Менинг кўз ўнгимда алпқомат йигит намоён бўларди.
Уни биринчи марта Тошкентга келганида, “Саодат” журналида ишлай бошлаганида кўрдим: ўрта бўйли, гапга чечан йигит экан. Унинг дўстлари кўп, аммо ғанимлари ҳам етарли. Мени яқинлигимни билиб, айримлари: “Сиз қандай қилиб у билан иноқ бўлишингиз мумкин, ахир у даб-дурустдан ташланиб қолиши ҳам мумкин-ку?” дейишади. Ҳа, у ёниб турган гулханга ўхшайди. Яқин юрсанг, куйиб қоласан, аммо узоқ юрсанг тафтини қўмсайсан. Мен унинг кескин хулқ-атвори, ёзган ўнлаб мақолалари, бетгачопарлиги учун у ишхонадан бу ишхонага ўтиб юрган пайтлари ҳақида батафсил айтиб ўтирмайман. Буларнинг ҳаммаси ҳақида ёзишмоқда.
Хўш, мен нега шундай номзод бугунги кунда депутатликка лойиқ деб ўйладим? У анчайин андишасиз йигит. Ахир биз андишали бўлиб Иттифоқ халқи кўз ўнгида қўрқоққа саналдик. Мўмин-мусулмонлигимиз учун оғзимиздагини олдириб яшадик. Исмат ўз ҳақини бериб қўймайдиган, яхшиликча берса – берди, бўлмаса, тортиб ҳам оладиган жангари йигит. Ўйлайманки, чироқчиликлар, бутун жумҳурият халқи манфаатини ҳам шундай ҳимоя қилади.
Модомики, чироқчиликлар унинг номзодини депутатликка кўрсатишган экан, мен бу жумҳуриятдаги энг оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган районлардан бирининг аҳолисига умид қилишлари мумкинлигини айтмоқчиман. Бугун ортиқча ваъдалар, катта, ваҳимали мулоҳазалар эвазига депутат бўлиб олиш истагида юрганлар жуда кўп. Чироқчиликлар мулоҳаза қилиб, энг муносиб кишини ўзлари танлаб оладилар. Бир лаҳзалик инъом-эҳсонларга алданмайдилар деб ўйлайман.
Исмат ҳақида ўйлаганда унинг бу қадар тез тил топиб кета олишидан ҳайрон қоламан. Унга истеъдодли шоирлар шеър бағишлаган. Муҳаммад Раҳмоннинг Исмат ҳақидаги шеърини бағишлов билан Москвада босилиб чиққанида ўқигандим:
Бемаҳалда тақиллар эшик,
Ва кўринар таниш бир чеҳра.
Кириб келар хонамга тирик –
Ҳаяжон, завқ у билан бирга…
Мирза Кенжабоевнинг шеъри боя мен айтган юзидаги кулгу ва ботинидаги ситам ҳақидадир:
Бахтиёрдир, дарди йўқдек,
Ҳамроҳи – кулгу.
Ҳамроҳидир қаҳқаҳалар,
Бор ҳайқириқлар.
Ётар чоғи тўшагига
Кирар экан у,
Кўзларида жимирлайди
Пинҳон оғриқлар…
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов эса унга жасорат тилаган:
“Сира кўрма алам, сира кўрма ғам, Оламда қанотинг ёзиб юр, болам…”
Қашқадарё жуда кўп ўғил-қизларни вояга етказиб, пойтахтга бериб қўйибди. Лекин бу юрт ҳали рўшнолик кунини кўргани йўқ. Энди янги замондан умидлар қиламиз”.
(“ЎзАС”, 1990 йил, 13 апрель)
Маҳмуд Сатторов: “Мен журналист бўлишим керак!”
Ёш журналистга катта ишонч билдирилди. У “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналларининг Бош муҳаррири вазифасини бажармоқда. Бутун ғайрат-шижоати ташкилий-ижодий ишга йўналтирилган мутахассис янги вазифада катта илҳом ва ташаббус билан иш олиб бормоқда.
Исматни ҳозир ҳам хуш кўрмайдиганлар йўқ эмас. Сабаби, у гуруҳбозлик билан бир томоннинг нуқтаи назарида “содиқ” турмайди. Унинг бош мезони – адолат, суянгани – ҳақиқатдир. Бу йўлда у ўз отасини ҳам аямаслиги рост. Гап отасига келиб тақалган экан, у ўз феъл-атворидаги бу фазилат ва “нуқсон”ларнинг деярли барчасини ўз отаси Маҳмуд ака Хушевдан олганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Шахсан мен Исматга, унинг халқпарвар, юртпарварлигига ишонаман. Ишонганимдан шу мақолани ёздим.У ҳали 13 ёшидаёқ “Мен журналист бўлишим керак!” деб ўз ҳаёт йўлини тўғри белгилаб олганди. Журналист бўлди. Журналист – ижодкорлар иттифоқда қайта қуришни бошлаб беришди, собитқадамлик билан давом эттиришмоқда. Эндигина 30 ёшга кирган Исмат Хушевнинг жамиятда ўз муносиб ўрни бўлгани учун ҳам унга ишониш керак!”
(“Ёш ленинчи”, 1990 йил, 10 апрель)
Маматқиём Саломов: “Эътиқодга содиқлик”
-Баъзан ўйлаб қоламан: ўттиз ёш озми, кўпми? Ва шу мезонни Исматга қиёслагудек бўлсам, унинг қисқа муддатда анча ишлар қилганини эътироф этгам келади. Аввало, ундаги журъат, шижоатни қадрлаш, алоҳида фазилат сифатида тилга олиш лозим деб ҳисоблайман. У кўнглидаги гапни ҳеч қачон яшириб ўтирмайди. Очиқчасига, шартта-шартта айтиб қўяверади. Ижодда ҳам худди шундай, бор фикрини қоғозга туширади. Тўғрисўзлиги учун, албатта, баъзиларга ёқмайди. Шу боисдан унга ниҳоятда қийин бўлаётгани ҳам сир эмас…”
“Ўқитувчилар газетаси” 1990 йил, 14 апрель)
Раҳимжон Ирисов: “Кимга ишонч билдирилади?”
Ўн йиллар муқаддам Тошкентда – талабалар шаҳрида таҳсил олган ва истиқомат қилганлар Исмат Хушевни яхши билишади. Унинг журналистикани севиши, адабиётни қадрлаши, кишига ғамхўр ва меҳрибонлиги ўшандаёқ аниқ эди бизга.
Тўғрисини айтсам, Исматнинг эрта бир кун келиб обрў-эътиборли киши бўлишини ҳаммамиз билардик. Ҳозир шу тўғрисида ўйлар эканман, Исматдай йигит-қизлар қайта қуришнинг катта оқими учун нақадар зарурлигини ҳис этаман…
(“Совет Ўзбекистони”, 1990 йил, 10 апрель).
Муҳаммад Раҳмон: “Ошаяпмиз бизлар ўттиздан…” (Исмат Хушевга)
Бемаҳалда тақиллар эшак,
Ва кўринар таниш бир чеҳра.
Кириб келар хонамга тирик –
Ҳаяжон, завқ у билан бирга.
Қичқирар у останодаёқ,
Усти боши шалаббо, башанг:
Ташқарида ёмғир, дўл, чақмоқ
Сиз бўлсангиз, яшанг-е, яшанг!
Уникидир доим уй тўри,
Таклифни ҳам турмайди кутиб.
Тиниб-тинмас ўсмир сурури,
Қўяр мени тамом гангитиб.
Дам кулади, дам берар савол.
Баланд қўйиб овозларини.
Ҳушёр тортар кўриб бир маҳал,
Столдаги қоғозларимни.
Жилмаяди гуноҳкорона,
Борай энди, мен кетдим, хайр!
Жўнайди у яна мастона,
Кўчаларда этгали сайр.
Термуламан маъюс ва карахт,
Анчагача у кетган издан.
Ёмғир – вақт, дийдор – вақт, гул ҳам – вақт,
Ошаяпмиз бизлар ўттиздан…
(“Қашқадарё ҳақиқати” 1990 йил, 7 апрель).
(“Вдохновение” журнали. Москва, 1990 йил, декабрь сони).
Матбуотда мен тўғримда босилган мақолаларнинг кўплигидан ҳам расмий доиралар каминани қўллаб-қувватлаётганини билиш мумкин эди. Лекин ҳаёт бошқа экан. Чамамда, мен номзодимни қаердан қўйиш борасида хато қилдим. Умуман, агар оз-моз сиёсий тажрибага эга бўлганимда эди, ўн кишининг ўртасида талаш бўлаётган жойга зинҳор-базинҳор ўзимни урмас эдим. Нега деганда, ҳали демократик сайловларга кўникма ҳосил қилмаган одамлар ким нима деса ишониб кетаверарди, мўмай инъом-эҳсонлар ҳам айрим кишиларнинг ақлини шошириб қўяди. Агар мен депутат бўлганимда зиммамга юклатилган масъулиятни теранроқ ҳис этардим. Эҳтимол, ўшанда қамалиб ҳам кетмасдим.
Юрагимда ажиб бир армонлар пайдо бўлди. Бу менинг сиёсий майдондаги биринчи мағлубиятим, қоқилишим эди…
Шу ўринда бир нарсани айтиб қўйишим керак. Мен сайловда енгилдим. Сайловда енгилган одам билан кўпчилик алоқани узади. Одатда, шундай бўлади. Лекин Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ғамхўрлиги шундаки, у киши депутатликка ўтолмаган машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзолигига сайлайди; мени эса Тошкент обкоми аъзолигига сайланишимни таъминлайди. Азбаройи, ижодкорнинг кўнгли ўксимасин деб шундай қилади…
(Давоми бор)
http://yangidunyo.com/




