Оқланмаган ишонч қиссаси (2-7)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.

(ismatkhushev@yahoo.com)

Иккинчи китоб.


“ҲАЁТ ВА ИҚТИСОД”

Еттинчи боб.

Коллективга мени таништиришди. Ўша ҳаяжонлар сира эсимдан чиқмайди. Узоқ йиллар Бош муҳаррир бўлиб ишлаган Николай Ковинов деган одам бошқа ишга ўтказилган экан. Мен борганда Бош муҳаррир йўқ эди, аммо мен аслида йўқ бўлган “Бош муҳаррир” ўринбосари бўлдим. Кейин “и.о” бўлдим…

Журналнинг хизмат машинаси билан “вертушка”си (ҳукумат телефони) бор эди. Бирин-кетин ходимларни ишдан бўшатиб, жамоани янгиладим. Менга қадар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида идеология котиби Оқил Умурзоқович Салимовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Геннадий Павлович Мара-Новикни ўзимга ўринбосар қилиб олдим. У яхши одам эди: катталарга қуллуқ қилишни ҳам, ўз ўрнини ҳам, ишнинг кўзини ҳам биларди. Бўшаб қолган ўринларга ёш ўзбек журналистларини жалб этдим. Хуллас, 15-20 нафар янги ходимлар билан ҳамжиҳатликда биз журнални чиқара бошладик.
Ҳаёт жуда қизиқ экан.

Ўша пайтгача мени ишдан ҳайдамоқчи, партиявий йўл билан жазоламоқчи бўлиб юрган одамлар бирдан ҳайрихоҳларим – яқин маслаҳатчиларимга айланиб қолишди. Биласиз. Янги журнал ташкил этиш, унинг моҳиятини ўзгартиришнинг ўзи бўлмайди. “Ҳаёт ва иқтисод”ни оёққа қўйиш жараёни ҳам беш-олти ой давом этди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1990 йил 5 январь сонида “Янги нашрларимиз” рукни остида “Аввал иқтисод…” номли мақолам эълон қилинади. Менимча, бу мақола журналистиканинг бир тармоғи ҳақидаги тарихий маълумот сифатида ҳамон ўз қимматини йўқотган эмас.

Мана, ўша мақола:
“Ҳар бир эзгу ишнинг хайрли самараси бор. Қайта қуриш сиёсатининг хайрли самараларидан бири шуки, ўзбек тили жумҳуриятимизнинг давлат тили деб эълон этилди. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг шарофати шуки, ўзбек тилида яна бир журнал чиқадиган бўлди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Бюроси “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 20 молласига амал қилиб, 1989 йилнинг 23 ноябрида жумҳурият давлат тилида “Ҳаёт ва иқтисод” журналини нашр этишга қарор қилди.

Бу журнал етмиш беш йилдан бери “Экономика и жизнь” номи билан рус тилида чиқиб келаётган эди. Бироқ, қайси тилда чиқишидан қатьий назар, мазкур нашр Ўзбекистондаги иқтисодий муносабатларни тартибга сола олмади. “Ҳаёт ва иқтисод” журнали тугал оёққа туриб олмоғи ва ўз овозига эга бўлмоғи учун биз таниқли публицистлар, мутахассис ва олимлар, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий турмуш билимдонларининг кўмагига муҳтожмиз.

Ҳозирча қуйидаги рукнларимиз мавжуд. Улардан бири “Тарих ва иқтисод” деб аталади. Бу рукн остида биз Ўзбекистон тарихининг иқтисодий ҳаётга доир қирраларини ёритамиз. Суғориш тарихи, боғдорчилик ва деҳқончилик, жумладан, пахтачилик тарихи, ички ва ташқи савдо тарихи масалалари мазкур рукн табиатига мувофиқдир.

Мавзу қатьий қилиб белгиланмайди. Буёғи муаллифларнинг дунёқарашига боғлиқ. “Иқтисод ва жамият”, “Иқтисод ва табиат”, “Иқтисод ва маданият”, “Иқтисод ва маънавият” ҳамда “Иқтисод ва табобат” каби рукнларимиз борки, мазкур рукнлар остида биз ўз асримизнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, миллий-маданий ва маънавий манзараларини баҳоли қудрат таҳлил этишга уринамиз. Буёғи тағин муаллифнинг ғайрат-шижоатига, истак-жасоратига боғлиқ.

Шунинг учун таҳрир ҳайъати аъзолари сафини Нуриддин Муҳиддинов, Шукрилла Мирсаидов, Ўткир Ҳошимов, Раъно Убайдуллаева, Нурислом Тўхлиев, Нурали Қобул, Мурод Шарифхўжаев, Пирмат Шермуҳаммедов, Эркин Шайхов, Галина Ҳожибоева, Мурод Муҳаммад Дўст, Расулмат Ҳусанов, Евгений Березиков, Пўлат Ҳабибуллаев, Мирза Кенжабоев, Ғуломқодир Турсунов, Карим Баҳриев каби сиёсат, маданият, иқтисод ва илм-фан оламининг етук ва билимдон вакиллари ҳисобига кенгайтириш ниятидамиз. Журналимизнинг ўзбек тилидаги илк сони 1990 йилнинг март ойида босмадан чиқади. Апрель ойидан бошлаб жумҳуриятимизнинг барча алоқа бўлимларида унга обуна эълон қилинган.

Битта сонниг баҳоси – 50 тийин. Олти ойга – 3 сўм. Тўққиз ойга – тўрт сўм эллик тийин.

Азиз муштарий дўстлар! “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деб бежиз айтилмаган. Гарчи бизнинг журналимиз очнинг қорнини тўйғизиб, ялонғочнинг эгнига кийим бўлолмаса-да, лекин у тегишли идораларнинг режали, илмий асосланган хулосалар асосида тўғри ишлашига туртки бўлар деб умид қиламиз. Сизга ана шу кенг маънавий майдон ва шу баланд маънавий минбар муборак бўлсин!

Исмат Хушев,
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Экономика и жизнь”
журнали Бош муҳаррир ўринбосари.
Редакциядан илова:
“Газетамизнинг собиқ мухбири, фаол журналист, “Номус ўғрилари”, “Иффат керакми?”, “Ижодкорга ҳурмат шуми?”, “Маҳкумалар”, “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” сингари кўплаб ахлоқий-маънавий мавзудаги мақолалар ва фелъетонлар муаллифи И.Хушевни янги журнални нашр этишга жалб этилганлиги билан муштарийларимиз номидан самимий қутлаймиз”.

Демак, журнал ҳақидаги Қарор ва менинг номзодим Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Бюросида тасдиқланади. Республикамизнинг барча газеталарида янги журналнинг йўналиши, ўз олдига қўйган мақсадлари тўғрисида менинг мақолаларим кетма-кет эълон қилинади. Нафақат менинг мақолаларим, ҳатто “Ҳаёт ва иқтисод” журналини қўллаб-қувватлайдиган, уни халқ орасида тарғиб этишга мўлжалланган хабарлар, нуфузли инсонларнинг чиқишлари уюштирилади. Хусусан, “Ёш ленинчи” газетасининг 1990 йил 20 июль сонида “Ҳаёт ва иқтисод”га бағишланган махсус саҳифа уюштирилади.

Унда менинг муштарийларга мурожаатимдан ташқари, Ислом Абдуғаниевичнинг тавсиясига кўра республика Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозимига тайинланган Шукрилла Мирсаидовнинг “Уйғониш лаҳзаси” номли дастурий мақоласи, атоқли адибимиз Эркин Воҳидовнинг “Ҳисобли дўст айрилмас” номли мақоласи, туркиялик ватандошимиз Собир Сайхоннинг табрикномаси, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг иқтисод тўғрисидаги “Фақирлик нимадан ҳосул ўлур?” номли тарихий мақоласи ҳам чоп этилади.

Менимча, ўша пайтларда Республикамиз раҳбарининг жасоратли саъй-ҳаракатлари туфайли халқимиз онгида мустақиллик ғояларини тарбиялашга қаратилган дадил қадамлар ташланганини англаш учун ҳам ўша мақолаларни кўздан кечирсак, фойдали бўларди. Зеро, шунда Ислом ака аввал бошдан Ўзбекистонни иқтисодий ва сиёсий мустақиллик томон мардона бошлаб борганини кўришимиз мумкин.

“Ҳурматли дўстлар”

Дунёда иқтисоди кучли бўлмаган ҳеч бир миллат сиёсий соҳаларда ютуққа эришмаслиги барчага маълум. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўз она тилингизда “Ҳаёт ва иқтисод” ойлик журналини чиқаришга уринган масъул ўртоқларга ва ходимларга раҳмат дейман ҳамда уларни шу фахрли воқеа муносабати билан қутлайман.
Собир Сайхон,
Истамбул, “Болалар дунёси” тижорат идорасининг раҳбари.
“Уйғониш лаҳзаси”

Ҳисоб-китобни билган халқ хор бўлмайди. Афсуски, биз узоқ йиллар давомида иқтисодий саводсизликка гирифтор бўлдик. Шунинг учун бугун режалаштирилаётган ислоҳатлар қийинчилик билан амалга ошаётир. Ўйлайманки, янги журнал ўз кучини элимизнинг иқтисодий билимини оширишга, халқни ўз ҳақини ҳисоблашга ўргатишга сарфлайди. Жамиятда қарор топаётган янгиланиш муҳити иқтисодчилардан, умуман, элнинг раҳбарларидан мунтазам, изчил иқтисодий сиёсат юргизишни талаб этмоқда. Яшириб нима қилдик, бугунги кунга биз оғир аҳволда етиб келдик. Жумҳуриятнинг қарийб ярим аҳолиси қашшоқлик даражасида кун кечирмоқда. Ишсизлар кўпайди. Дўконларнинг пештахталари бўм-бўш.

Корхоналар замонавий технология билан жиҳозланишга муҳтож. Иттифоқ планлаштириш, нарх-навони белгилаш ташкилотлари йиллар бўйи белгилаган қилвир сиёсат натижасида деҳқончилик, чорвачилик билан кун кўриб бўлмай қолди. Жумҳурият ҳудудида жойлашган иттифоққа бўйсунувчи корхоналар ер, сув ва ҳавони бузганлари баробари йиллар давомида бу ерларнинг, сувларнинг эгалари бўлмиш халқимизга ҳеч нарса бермадилар. Пулнинг қадри тушди.

Янгича иқтисодий сиёсатни биз ана шундай шаротида бошлаётирмиз. Ўтмиш кўзда тутаётган бозор муносабатлари ҳукуматдан юксак масъулият талаб этади. Сир эмас, жумҳуриятимиз кўпгина кўсаткичлар бўйича иттифоқ даражасидан паст турибди. Шунинг учун аввал жумҳуриятимизнинг иқтисодий даражасини ҳеч бўлмаганда ўртача иттифоқ даражасига етказиб олиш тўғрисида ўйлашимиз керак.

Турғунлик иқтисодимизни инқирозга олиб келди. Энг катта фожеа шудир. Бундан қутулишнинг йўлини – ҳаёт ўзи тақозо қилаётгани – иқтисодий мустақилликка ўтишдан бошлаш керак. Халқ ўз ерига, ўз эркига эга бўлсагина эркин меҳнат қилади. Шундан кейингина фаровонлик бўлиши мумкин. Ана шунинг учун журнал халқни иқтисодий фикрлашга ўргатиши лозим. Шу йўлда омад сизга ёр бўлсин!
Шукрилла Мирсаидов,
Ўзбекистон Жумҳурияти Вазирлар Маҳкамаси Раиси,
Иқтисод фанлари доктори.

“Ҳисобли дўст айрилмас”
Мен иқтисодчи эмасман. Қўлимда жумҳурият бойликларининг аниқ ҳисоб-китоби йўқ. Пахтамиз, тилламиз, пилламиз, қоракўлими, маъданларимиз, мева-чеваларимиз, саноатимиз мустақиллик шароитида ўзимизни боқишга етадими-йўқми, буни олимларимиз мендан яхшироқ биладилар. Улар билан баҳс қилиш ниятим йўқ. Лекин яқинда Госпланимиз раиси ўртоқ Мирсаидов ҳузурида йиғилган иқтисодчиларимизнинг хулосаси менга, ростини айтсам, маъқул бўлмади. Уларнинг кўпчилиги иқтисодий мустақиллик биз учун ҳозирги шароитда мақбул эмас, деган фикрни айтдилар. Балки улар ҳақдир. Лекин мен ҳисоб-китоб билан эмас, ички туйғу билан, жаннат юртимиз имкониятлари ва меҳнатсевар, уддабурон халқимиз қудратига комил ишонч билан айтаманки, мустақиллик шаротида биз ҳозиргидан анча дуруст яшаймиз.

Аввало, иқтисодчиларимиз ҳисоб-китоби узоқ йиллар давомида марказ томонидан ўтказилган, қон-қонимизга сингдирилган ўта ғоявийлашган “экономика” асосига қурилган. Бу иқтисодиёт инсонни мулк эркинлиги, олди-сотди эркинлиги, танлаш эркинлигидан маҳрум қилувчи иқтисодиётдир. Сиёсатга бўйсунган илм –илм эмас, иқтисод – иқтисод эмас! Ҳозирги колхоз, савхоз тузимининг қулдорликдан нима қарқи бор? Мардикор бир кунда йигирма беш сўм пул топади, уч маҳал овқати, ҳатто ичкилиги ҳам тайин. Хўжайин унга яхши муомила қилиб, кечқурун раҳмат айтади, қилган меҳнатингизга рози бўлинг, дейди.

Колхозчига эса биров бир пиёла чой тутмайди, бир сўмдан уч сўмгача пул олади, ҳеч кимдан раҳмат эшитмайди. Лекин сиёсий баҳо берилганда, мардикор эксплуатация қилинган одам, колхозчи озод меҳнат кишиси бўлиб чиқади. Бу қандай мантиққа тўғри келади? Мавжуд иқтисодиётимизда на товарнинг, на ишчи кучининг белгили баҳоси бор. Бозор йўқ жойда қандай соғлом иқтисод бўлсин?

Агар одамлар ўз ерига, мулкига, дўкон-дастгоҳига, ўзъаро ва бутун жаҳон билан алоқа қилиш имконига эга бўлсалар турмуш тамоман бошқача бўлади. Ҳозир биз ҳақиқатдан “қоп”дамиз. Лекин токайгача бизни мушук болаларидек қопга солиб юрадилар? Токайгача уйимизни тополмайдиган қилиб адаштирадилар? Америкада, Туркияда, Афғонистонда, Араб мамлакатларида ўзбекларни кўрганман. Улар ҳамма ерда ҳам ўз уддабуронлиги, ишбилармонлиги билан анча дуруст яшайдилар.

Мен уларни кўрганда Муқимийнинг байтини эслайман:
Мулки Ҳинду Марвдан келсам топардим эътибор,
Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман…
Ватандошларимиз юртимиздаги хўжасизликдан қайғурадилар. Айниқса, боғларимизнинг кесилиб кетганидан хафа бўладилар. “Биргина субҳон ўриги, – дейди америкалик Абдурауф Мақсудий, – Ўзбекистонни боқа олади”.

Иқтисодчилар1 Халқнинг кўзи, умиди сизларда. Бизга иқтисодий мустақиллик концепциясини ишлаб беринглар. Руҳланган халқ тоғни талқон қилади. Токайгача “ким кимни боқяпти” деган савол луқмамизни заҳарлайди? Халқимизда, ҳисобли дўст айрилмас, деган гап бор.
Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон халқ шоири”.

Кўриниб турибдики, Ислом Абдуғаниевич жуда қисқа фурсат ичида иқтисодий мустақиллик масаласини мардонавор кун тартибига қўяди. Ш.Р.Мирсаидов Госплан раиси бўлиб турган пайтда иқтисодчиларнинг йиғилишини ўтказдиради.

Бироқ, Эркин Воҳидов тўғри таъкидлаганидек, иқтисодчилардан тайинли гап чиқмайди. Улар эскича фикрлайдилар, советчасига аравани қуруқ олиб қочадилар. Шундан сўнг Ислом ака ҳукумат тизиман самарали фойдаланишга киришади ва ишончли одам сифатида Шукрилла Раҳматович Мирсаидовни ҳукуматнинг янги раиси вазифасига тайинлайди. Энди иқтисодий мустақилликни қўллаб-қувватлайдиган жамоатчилик фикрини уйғотиш лозим эди. Бунда Ислом ака Эркин Воҳидовга ўхшаган илғор фикрли зиёлиларга суянади. Чунки халқни ишонтирмасдан, боз устига, ўз куч-қудратига ишонтирмасдан ҳеч қандай ўзгариш ясаб бўлмасди.

Ислом Каримов миллат келажагини кўзлаган доно раҳбар сифатида иқтисодий мустақилликка замин ҳозирлай бошлайди. “Ҳаёт ва иқтисод” журнали эса юртбошимизнинг эзгу ниятлари йўлида баҳоли қудрат камарбаста бўлади.

(давоми бор)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares