(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
Олтинчи боб.
Эртаси куни Тошкентда шов-шув бўлиб кетди. Авваламбор, Ислом Каримовнинг навбатдан ташқари Пленумда айтган гапи кўпчиликни ҳайратлантирди. У киши: “Зиммамга қандай масъулият юкланганини ўзим биламан. Сўз бераманки, сизларни шарманда қилмайман!” – дейди. Бу чин юракдан айтилган гап эди.
Шунинг учун ҳам одамларнинг диққатини тортди: хайрият, ниҳоят, фикрлайдиган, ўйлаб гапирадиган инсон раҳбар бўлибди, дейди кўпчилик. Иккинчидан, янги раҳбар нисбатан ёш эди – эндигина элликка тўлганди. Учинчидан, у киши бирор гуруҳ вакили эмас – орқасида тоғ бўлиб турган қандайдир “клан” йўқ эди. Демак, Ислом Каримов мустақил фикрловчи ва иш юритувчи сиёсий арбоб бўлади. Уни бирор гуруҳ юқори лавозимга суриб чиқармагани учун ҳам бировдан тили қисиқ жойи бўлмайди…
Хуллас Ислом Каримов тўғрисидаги дастлабки фикр-мулоҳазалар илиқ-иссиқ эди. Рафиқ Нишонов даврида парокандаликка тушиб қолган кишилар қалбида умид учқунлари йилтиради.
– Прагматик сиёсатчига ўхшайди.
– Гаплари мантиқли.
– Маҳаллийчиликни ёмон кўрар экан…
Назаримда, ўша кунлари ҳеч ким Ислом Каримовни менчалик яхши билмасди. Ўз-ўзидан равшанки, ҳеч ким Ислом Каримовга менчалик ишонмасди. Мен, айниқса Москва сафаридаги мулоқотлардан сўнг бу инсонга қаттиқ ишонардим. Шунинг учун ҳам у кишининг номига телеграмма жўнатган эдим.
Ўша пайтлар Шаҳобиддин Зиёмов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида мафкура бўлимининг мудири эди. Ишонасизми-йўқми, эртаси куниёқ, мени ишхонамдан сўраб-суриштирибди. Бош муҳарриримиз Аҳмаджон Мелибоевга: “Шошилинч равишда Исматжонни топиб, Марказқўмга жўнатинглар. “Катта” шундай топшириқ берди”, дебди. Дарҳол мени топтирдилар. Индинига Ш.Зиёмовнинг қабулига бордим. Илгари ҳам Маказқўмга уч-тўрт марта чақиртирилган бўлсам, у ёқдан фақат дашном эшитиб қайтгандим. Нуқул жанжалларга сабаб бўладиган мақолалар ёзганим учун Маказқўмдагилар ҳам мендан безор бўлганди: “Бу боладан қачон қутилар эканмиз?” дейишарди. Лекин, ажабки, бу сафар мени бошқача мулозамат билан кутиб олишди.
– Э-э, Исматжон, бормисиз?! Бола-чақалар омонми?! – деб қуюқ сўрашди Зиёмов.
-Гўё мен бир думалаб ўзгариб қолгандек эдим.
Аслида, бир кечада Зиёмов ўзгариб қолганди. Чунки: “Сен ўзи қанақа боласан?! Тинч юрасанми-йўқми?! Қайси гўрдан келгансан ўзи?!” деб ўшқирадиган одам бирданига шакаргуфтор бўлиб қолса, ғалати туюлар экан. Лекин сир бой бермадим, қани, яна нима деркин деб сабр қилдим.
-Исматжон, Катта Сиз ҳақингизда яхши фикрда экан, Чақириб гаплашинг, яхшироқ бир иш топиб беринг, деб топшириқ бердилар, – деди у.
Рости, шу тобда Катта мени қабул қилармикан деб ҳовлиқиб турибман.
-Сизга муносиб бир иш топиб беришимиз керак, – деб яна такрорлади Зиёмов.
-Бўпти, мен обкомга биринчи секретарь бўламан, – дедим пинак бузмай. Зиёмовнинг капалаги учиб кетди. Билмадим, у нима деб ўйлади. Чамамда, бирорта область партия ташкилотининг биринчи котиблиги лавозимини сўраяпти деб ўйлади, шекилли. Лекин мен Қарши пединститутининг комсомол ташкилотидан мажбурий равишда ишдан кетган эмасманми, шу боис ҳамон Қашқадарё область комсомол комитетининг биринчи секретари бўлиб бориш орзусида юрардим.
-Қашқадарё область комсомол комитетининг биринчи секретарлигини сўраяпман, – деб изоҳ бердим.
-Э, ука, шунақа демайсанми! Мен партия комитетини сўраяпсанми деб ўйлапман! – деди Зиёмов енгил тин олиб – Бўлмаса, сен шошиай тур, – деди-ю, кабинетда мени ёлғиз қолдириб, ўзи ташқарига чиқиб кетди.
Бир-икки пиёла чой ичиб кутиб ўтирдим. Зиёмов бошқа хонадан Каттага телефон қилдими ёки олдиларига кириб чиқдими, билмайман. Аммо кабинетига қайтиб киргач:
-Бўпти, Қаршига бораверсин, – дебди Ислом ака. – Бориб, Ҳаққуловга учрар экансиз, – деб Зиёмов менга “оқ йўл” тилаб қолди.
Ўша пайтлари Қаюм Жалилович Ҳаққулов Қарши шаҳар партия комитетининг биринчи секретари эди. Кейинчалик у киши Ўзбекистон республикаси Бош вазирининг ўринбосари бўлиб, нефт маҳсулотларини назорат қилади ва шундай масъулиятли вазифада узоқ йиллар хизмат қилади. Сўнгра соғлиги ёмонлашгани туфайли “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшатилади…
Зиёмов Марказқўмдан самолётга “брон” қилдириб берди. Мен Қаршига учиб кетдим. Бир пайтлар ўзим ҳайдалган шаҳарга жуда катта орзу-умидлар билан кириб бордим. Аэропортдан тўппа-тўғри горкомнинг биринчи секретари Қаюм Ҳаққуловга бориб учрашдим.
Қаюм ака қора қош, қора соч, оғир-босиқ, келишган одам экан. У кишига Тошкентдан қўнғироқ қилишган экан. Шундай бўлса-да: “Ислом ака юбордилар”, деб эслатиб қўйишни лозим топдим.
-Обкомга секретарь бўлишим керак, – дедим.
Қаюм ака кулимсираб қўйдилар.
Сўнг:
-Агар сен, Исматжон, горком комсомолининг биринчи секретари бўламан десанг, эртагаёқ фавқулодда Пленум чақириб, ўша вазифани олиб беришим мумкин. Чунки горком комсомол менинг қарамоғимда, аммо обком комсомолнинг хўжайини бошқа киши. Агар обком комсомолга биринчи секретарь бўламан десанг, уни обкомнинг биринчи секретари Алихон Рахматович Отажонов ҳал қилади, – деди.
Бир пайтлар Лозицкий эгалик қилган ва менинг бошимга не не уқубатлар солган бу машҳур кабинетда биз Қаюм Жалилович билан қандай қилиб биринчи секретарь бўлишим тўғрисидаги долзарб масалани узоқ муҳокама қилдик. Айтмоқчи, Ислом ака Қашқадарёга биринчи секретарь бўлиб боргандан сўнг, орадан кўп ўтмасдан, Лозицкийни Қаршидан қувиб юборади. Қайтар дунё, дейдилар. Лозицкий ҳам менинг ортимдан Тошкентга келади, лекин бу ерда ҳам қўним топмасдан қайси гўргадир гумдон бўлади.
Кечга яқин биз Қаюм ака билан обкомнинг шаҳар четидаги сўлим ва сукунатли дачасига бордик. Алихон Раҳматович ўша ерда экан.
Хабарингиз бор, биз у киши билан Москвадаги “Россия” меҳмонхонасида бир дастурхон теварагида ўтириб улфатчилик қилган эдик. Алихон ака у пайтларда “Госплан”нинг раиси эди. Ислом ака Марказқўмнинг биринчи секретари бўлгач, бирор ойлардан сўнг у кишини Қашқадарёга “биринчи” этиб тайинлайди.
Алихон Раҳматович бизни очиқ чеҳра билан кутиб олади, ўтган кетган гапларни эслайди. Суҳбат маромига етгач, муддаога кўчади:
-Исматжон, обком комсомолнинг биринчи секретари Муҳаббат Саидмуродова бўлади. Эҳтимол, бу қизимиз шу кунларда Москвадаги Ижтимоий фанлар Академиясида ўқиётгани учун, сизга шу вазифа таклиф этилгандир, лекин мавжуд тартиб бўйича, М.Саидмуродованинг ўрни сақланиши керак. Сизни вақтинча ишга олиш мумкин, холос. Агар Саидмуродовага бошқа иш топиб берсин десалар, майли, маслаҳатлашиб кўраман. Унгача сизлар ҳам яна бир кенгашиб олинглар, – деди Алихон Раҳматович.
Муҳаббат Саидмуродова, агар ёдингизда бўлса, мени ўз вақтида Лозицкий икки-уч бор ишдан бўшатиб, зуғум қилганида, ҳимоя қилган, ишга қайта тиклаган ва ҳимоя қилган эди. Шу боисми, билмадим, ҳар қалай, аёл киши билан жой талашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим ва эртаси куниёқ Тошкентга қайтиб кетдим. Тошкентга келиб яна Зиёмовга учрашдим. Зиёмов яна Каттанинг олдига чиқиб кетди. Қайтиб тушиб:
-Бўлмасам, Тошкентдан иш топиб беринг, деяптилар, – деди. – Кейин ўйлаб туриб, Мирсаидовга учрашсин, дедилар…
У пайтларда Шукрилла Раҳматович Мирсаидов Марказқўмда Ижтимоий-иқтисодий бўлимнинг мудири эди. Менинг аслида, Қашқадарёда обком комсомолнинг биринчи секретари бўлишга иштиёқим балан эди. Аммо Ислом ака икккинчи маротаба А.Р.Отажоновдан илтимос қилишни истамадилар, шекилли. “Мен айтгандан кейин қўявермайдими!” деб жаҳллари чиққан бўлса ҳам ажаб эмас…
Қисқаси, мен Шукрилла Раҳматовичга учрашадиган бўлдим. Зиёмов рухсатнома ёздириб берди. Марказқўм биносининг тўртинчи қаватига чиқдим. Мирсаидовнинг қабулхонасида қирқ минутча кутиб ўтирдим. Одамлар киряпти, чиқяпти. Мен бўлсам, қачон чақирар экан деб, ўтирибман. Бир пайт қўш қаватли эшик очилиб, ичкаридан аввал паға-паға сигарет тутуни кўринди, сўнг кашанданинг ўзи қабулхонага чиқиб келди. Сигаретни бу қадар жон-жаҳди билан чекадиган одамни биринчи кўришим эди.
-Мана, қирқ беш минут бўлди, – деди у котибасига, – Исмат Хушев деган одам шу пайтгача келмадими?
У ниҳоятда чарчаган, юзлари бўғриқиб кетган, бўйинбоғи бўшатилган бир алфозда эди.
-Исмат Хушев мен бўламан, – дедим ўрнимдан сапчиб туриб. Ажабки, айнан шу киши боядан бери икки-уч марта қабулхонага чиқиб, кабинетига қайтиб кириб кетган эди. Мен уни “Мирсаидовнинг югурдакларидан бўлса керак” деб ўйлаган эдим. Номини кўп эшитган эдим-у, аммо ўзини кўрмагандим.
-Э-э! – деди Шукрилла Раҳматович сигарет тутган қўлини баланд кўтариб. – Сенмисан?! Сани боя кўрган эдим-ку! Лекин Ислом акам юборадиган одамга сира ўхшамайсан-да! – деб худди эски танишлардек қўлимни маҳкам сиқиб сўрашди. – Қани, юр!- Шукрилла Раҳматович мени кабинетига бошлаб кирди. У самимий инсон экан. Мен ҳали унинг олдида ёш бола эдим, қотмагина эдим.
Кабинетга киришимиз билан:
-Мени танийсанми? – деб сўрадилар.
-Таърифингизни кўп эшитганман, Шукрулла ака! Тошкент горкомининг секретари Сатинга қарши курашганингизни ҳамма билади, “Алгоритм” кварталига Россиядан кўчириб келтирилаётган “меҳмонлар”ни аэропортдан орқасига қайтариб юборганингизни ҳам, янги уйларни ўзбекларга, шу жумладан, Нурулла Отахонов деган қўқонлик ёзувчига ажратиб берганингизни ҳам биламан.! Раҳмат, ака! – дедим қўлларимни кўксимга қўйиб.
Шукрулла Раҳматович хурсанд бўлиб кетди.
-Яхши, яхши, хабардор экансан!
-Сиздек миллатпарвар инсон билан учрашиб турганимдан ниҳоятда хурсандман, Шукрилла ака!
Дарҳақиқат, бу кишининг ўзбекпарварлиги ўша пайтларда достон бўлиб кетганди. Ислом ака ҳам бекорга бу инсон билан дастлабки кунлардан эътиборан ҳамкорликни йўлга қўймаган эди.
-Бўлмасам, гап бундай, ука. Ислом ака манга сан тўғрингда яхши гапларни айтди. Биз сани одам қилишимиз керак экан. Шундай қиламиз ҳам. Лекин мен ҳозир шошиб турибман. Ука, сан бир ҳафта дамингни оласан, аниқроғи, беш кун кутасан. Жума куни кечқурун “Ахборот”дан Марказқўм Бюросининг қарорини ўқиб эшиттиришади… – Шукрулла Раҳматович шундай деб мени деразанинг ёнига бошлаб бордилар-да, ҳозирги мустақиллик майдонидаги “Министрлар уйи”ни ва бериги тарафдаги етти қаватли бинони кўрсатди.
-Биламан, – дедим.
-Бериги бинонинг ярмида “Госплан” жойлашган. Мен яқинда ўша жойга Раис бўлиб ўтаман. Фармонни эшитган кунинг ёки эртасига ҳузуримга келаверасан! – деб қўлимни маҳкам сиқиб қўйди-да, қабулхонагача кузатиб чиқди.
Мен у кишининг ҳузуридан қушдай учиб чиқиб кетдим.
Орадан беш кун ўтгач, “Ахборот”дан Ўзбекистон Министрлар Совети Раисининг ўринбосари ва Давлат режалаштириш Қўмитаси Раиси этиб Шукрулла Раҳматович Мирсаидов тайинлангани тўғрисидаги хабар ўқиб эшиттирилди.
Душанба куни галстук тақиб, “Госплан”га йўл олдим. Менинг номимга рухсатнома буюриб қўйилган экан. Соат ўн бирларда Ислом Абдуғаниевич “Госплан” биносига Ш.Р.Мирсаидовни обориб жамоага таништирадилар. Назаримда, Ислом ака: “Мен борган пайтда Исмат ҳам ўша жойда бўлсин”, деб топшириқ берган, шекилли. Бунинг сабаби бор эди. Таништирув маросими ниҳоясига етгач, биз Ислом ака, Шукрулла Раҳматович уччовимиз (Ислом ака менинг қўлимдан ушлаб олган эди) “Госплан” Раисининг хонасига кирдик. Шукрулла Раҳматович ўзининг янги креслосига ўтирди, “Т” шаклидаги столнинг ўнг тарафида Ислом ака, чап томонида мен ўтирдим.
Шу пайт Ислом ака гап бошладилар:
-Ука, сиз мана шу одамнинг қўлида ишлайсиз, – дедилар у киши. – Бу ерда “Экономика и жизнь” деган журнал 1919 йилдан бери фақат рус тилида чиқарилади. Энди сиз шу журнални ўзбек тилида чиқарасиз. Етмиш йил мобайнида русча чиқди. Энди сиз ана шу иқтисод журналига раҳбарлик қиласиз. Майли, илова тарзида русча ҳам чиқиб турсин…
Мен сира ўйламан эдим, бирдан Бош муҳаррир бўламан деб. Шу боис ҳаяжонланиб кетдим, лекин эс-ҳушимни дарҳол йиғиб олдим-да:
-Ислом ака, ишончингиз учун раҳмат! – дедим дик этиб ўрнимдан туриб, қўлимни кўксимга қўйганча. – Бироқ, мен иқтисодни тушунмайман-ку!
-Ука, иқтисодни ҳаммамиз ҳам яхши тушунмаймиз, лекин менга характерингиз ёқди, – деди Шукрулла Раҳматович.
-Ҳа, бизга сизнинг характерингиз керак, – деб давом этди Ислом Абдуғаниевич. – “Госплан”га раис бўлган пайтимда мен ҳам журнал редколлегиясига аъзо эдим. У ерга бир гуруҳ доимий “меҳмонлар” уя қуриб олишган. Улар бизнинг миллатимизни ҳам, иқтисодимизни кўтаришни ҳам ўйлашмайди. Сиз журналнинг йўналишини ўзгартиринг, руҳини ўзгартиринг! Миллийлаштиринг!
Ислом аканинг “Миллийлаштиринг!” деган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди.
Шунда Шукрулла Раҳматович:
-Бир гуруҳ доимий меҳмонлар уя қуриб олишган бўлса, Ислом ака, улар Исматжонни еб қўйишади-ку! – деди. – Уларни ишдан бўшатиб бўлмайди…
Шунда Ислом ака қатьият билан:
-Ундай бўлса, журнални ёпинг-да, сўнг номини “Жизнь и экономика” – “Ҳаёт ва иқтисод” деб ўзгартириб, қайта очинг, ходимларнинг ҳаммасини ишдан бўшатиб, уч ойлик маошини қўлига тутқазинг-да, кераклиларини олиб қолинг ёки маҳаллий кадрлар эвазига янгиланг! Кейин белни боғлаб ишга киришинг! – деб маслаҳат бердилар.
Мен Ислом аканинг гапларидан руҳланиб иш бошладим. “Госплан”да Хайрулла Исматиллаев деган Ишлар Бошқармаси бошлиғи бор эди. У киши Шукрулла Раҳматовичнинг оғайниси бўлиб, ишнинг кўзини биладиган, самимий инсон эди. Хайрулла ака дарҳол керакли ҳужжатларни расмийлаштирди. Қизғин фаолиятга киришиб кетдим.
Ислом акани Москвада кўрганим бўйича Ўзбекистонга раҳбар бўлганидан кейин биринчи марта “Госплан”да кўргандим. Биз Шукур ака, Ислом ака уччовимиз анча гурунг қилган эдик. Ўша гурунг чоғида Шукрулла Раҳматович Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси бўлиб турган Адҳам Иброҳимович Фозилбековни ҳам “янги командага жалб этсак ёмон бўлмасди” деб илтимос қилади.
-Бўпти, чақиринг, – дейди Ислом ака. – Иш топиб берамиз.
А.И.Фозилбеков Москвадан келгач, Тошкент шаҳар кенгашининг раиси, сўнгра узоқ йиллар мобайнида (ҳатто Мирсаидов “урилиб” кетганидан кейин ҳам) пойтахтимизнинг ҳокими бўлиб ишлайди.
Шундай қилиб, “Ҳаёт ва иқтисод” журналида бош муҳаррир бўлиб иш бошладим. Редакция “Фан ва техника” Давлат қўмитаси жойлашган бинонинг иккинчи қаватида жойлашган экан. Дастлаб, мен Бош муҳаррир ўринбосари лавозимига тайинландим. Лекин Бош муҳаррирнинг ўзи йўқ эди. Яъни, ҳамма ишлар ўринбосарнинг қўлида эди. Кейин, бир оз муддат ўтгач, Ўзбекистон Компартияси марказий Комитетининг Бюро қарорига мувофиқ Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи этиб тайинландим. Аввало, жамоани ўргандим. Янгитдан “таҳрир ҳайъатининг аъзолари” танлаб олинди. Ислом Абдуғаниевичнинг тавсиясига кўра, Қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Турдиевич Шайхов билан Тошкент Молия институти ректори Мурод Шарифхўжаевлар таҳририят аъзоси бўлдилар.
Бошқа кишилар ҳам Шукрулла Раҳматович билан бамаслаҳат журналга жалб этилди.
Шундай қилиб, мустақил ҳаётга қадам қўйганимга ўн беш йилдан ошиб кетган бўлса-да, лекин Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайлангач, яна бир бора “Ким бўлсам экан?” деган жумбоққа дуч келдим. Ўрта мактабни битираётган пайтимда менинг олдимда “ким бўлсам экан?” деган савол кўндаланг бўлиб турмаган эди.
Чунки, бешинчи-олтинчи синфларда ўқиб юрган пайтларимдаёқ адолатпарвар журналист бўлишга (отамни ноҳақ фельетон қилишгач) қатьий аҳд қилгандим. Ислом ака Ўзбекистонга раҳбар бўлгач эса мен у кишининг корига бакор келишни ўз олдимга эзгу-мақсад қилиб қўйдим. Негаки, мен бу инсонга ихлос қўйгандим, у кишига чин юракдан ишонардим.
Хуллас, “ким бўлсам экан?” деган саволнинг жавобини Ислом ака топиб бердилар…
(Давоми бор)
http://yangidunyo.com/




