Ўтиб бораётган 2008-йил, ЁШЛАР ЙИЛИнинг ушбу декабр ойи ўрталарида Жиззах шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаро Наргиза ва Пахтакор тумани Самарқанд хўжалигида истиқомат қилувчи Бегматова Жамила билан биргаликда Жиззах вилоятидаги Қизил Ярим Ой (ҚЯО) жамиятини изладик. Дастлаб вилоят ҳокимлигига бориб ҚЯО жамиятининг тўлиқ адресини олдик.
Бу ташкилотни излашимизга туртки берган нарса шу бўлдики, фуқаро Бегматова Жамила болаларига қишки иссиқ кийим олиши керак эди. Унинг айтишича бундан олти ой муқаддам Пахтакор туман ҳокимлигига ёрдам сўраб келган ва шундан сўнг Жиззах вилояти Қизил Ярим Ой жамияти раҳбари Эшкуватова Мамлакат Бобоқуловна билан учрашган экан. Ўшанда Мамлакат Бобоқуловна:
-Сизга кийим-кечакдан ёрдам бераман, -деб ариза ёздириб олган.
Узоқ излаганимиздан сўнг, Қизил Ярим Ой жамияти топдик ва жамият раҳбари М.Эшкуватовага учрашдик. Мен аризанинг ижроси нега бунча чўзилиб кетганлигининг сабаблари билан қизиқдим.
М. Эшкуватова Бегматова Жамиланинг тўрт нафар болаларига иссиқ кийимлар ва шунингдек қишки оёқ кийилар берар экан, аризанинг ижроси бу қадар чўзилиб кетганини қуйдагича изоҳлади:
-Мен Жамиладан ариза олгандан буён Пахтакор туман Қизил Ярим Ой жамиятида ҳеч ким ишламаяпти. Бизда хохлаган размердаги, болалар учун хар қандай мавсумга мос кийим ва оёқ кийимлар бор. Қолаверса жойларда бундай кийим-кечакка муҳтож бўлган кам таъминларган оилалар керагича топилади. Фақатгина жамиятимизга кийимларни тарқатишда иштирок этувчи ишчилар етишмайди. Мен бу ҳақда Пахтакор туман ҳокимлигига бир неча бор хат жўнатдим. Афсуски туман хокимлиги бунга эътибор бермаяпти ва биз тавсия этган ишчиларни ишга олмаяпти. Бунинг оқибатида эса ёрдамга муҳтож кам таъминланган оила вакиллари ёрдам ололмай қийналишмоқда ва шунингдек менинг ўзим ҳам кийимларни тарқатишда турли хил қийинчиликлар остида қолмоқдаман.
Айни қиш мавсумида ёрдам, иссиқ кийимлар ва қишлик оёқ кийимлар олган Жамила жуда хурсанд бўлди. Бу ҳолатни гувоҳи бўлар эканман, ўй –хаёлар қуршовида қолдим. Муҳтож оилаларнинг болалари учун иссиқ кийимлар бериш, гўдакларнинг жони ором топдира олиш жуда ҳам катта савобдир. Туман хокимлигидаги расмийлар бу каби хайрли ишларга жиддийроқ эътибор беришиб, юқорида айтиб ўтганимиз савобига шерик бўлишса яхши бўлармиди?
Саида Қурбон.
Навбахор хўжалиги
19.12.2008 йил.




