(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
Бешинчи боб
Энди “Россия” меҳмонхонасида ярим яширин ҳолатда яшай бошладим. Республика раҳбариятининг ғазабига учраган бўлсам-да, лекин ҳеч ким мени яккалаб қўймади. Россия “Регионлараро депутатлар гуруҳи”нинг ва Ўзбекистон норасмий ташкилотларининг вакиллари билан тез-тез учрашиб турардим. “Россия” меҳмонхонаси барча демократик кучларнинг марказига айланиб қолган эди.
Ўша кунларда Ислом Абдуғаниевич билан ҳам тез-тез кўришиб турардик. Бир куни у киши мендан:
-Усмон Азимов тўғрисида қандай фикрдасиз? – деб сўраб қолдилар.
-Яхши йигит. Зўр шеърлари бор. Шеър ўқиётганда кўпинча Маяковскийга ўхшаб кетади. Ўзи ҳам Гуржистон Ёзувчилар уюшмасининг Маяковский номидаги мукофотига сазовор бўлган ягона ўзбек шоири, – дедим.
– Бир гал Қаршида норасмий гуруҳларни ёқлаб менга учрашган эди, – деди Ислом Абдуғаниевич.
-Жуда яхши йигит, куюнчак, – дедим.
Ислом Абдуғаниевич шоирнинг характерини ёқлаяптими ёки уни яқиндан билишни истаяптими, англай олмадим. Орадан йиллар ўтгач маълум бўлдики, Ислом ака шоирни ёқтириб қолган экан.
-Абдулла Орипов-чи, – деб сўрадилар кулимсираб, маънодор оҳангда.
-Катта шоир, зўр шоир, буюк шоир, – дедим эпитетларга урғу бериб.
Ислом ака товушимдаги истеҳзони дарҳол пайқади.
-Тушунтириброқ гапиринг, нима демоқчисиз ўзи?
-Нима ҳам дердим, Ислом ака! Мен у кишини ҳаммадан ортиқ яхши кўрардим. Аммо кейинги пайтлар нимагадир тўнини тескари кийиб олди. Москвада инфаркт бўлиб касалхонага ётганида қирқ кунгача кунига икки-уч мартадан хабар олганман. Ўшанда: “Сендан бошқа яқин одамим йўқ экан, борингга шукр!” деган одам қандай қилиб иш раҳбаримга “Исматни ишдан қувинг!” деб қўнғироқ қилганини, ўлай агар, ҳанузгача тасаввур қилолмайман…
Очиғини айтсам, ўша кунларда Абдулла Ориповдан ранжиб юргандим. Табиийки, у ҳақда ижобий фикр билдира олмасдим.
Ислом ака гапларимни эшитиб бир оз ўйланиб ўтирдилар-да, сўнг битта воқеани ҳикоя қилиб бердилар.
Москвада СССР Халқ депутатларининг биринчи съезди бошланиши арафасида Тошкентдаги студентлар шаҳарчасида қашқадарёлик талабалар нарх-навонинг кўтарилиб кетгани учунми, норозилик билдиришиб тўполон бошлайдилар. Ўша кунларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро йиғилиши чақирилади. Р.Н.Нишонов Ислом Абдуғаниевични йиғилишдан чиқариб юборади: “Агар анави жўжахўрозларингизни дарҳол тинчитиб келмасангиз, масалангизни Бюрода муҳокама қиламиз!” деб огоҳлантиради у.
-Абдулла Орипов билан университетнинг Маданият саройига бордик, – деб давом этди Ислом ака. – Тошкентда ўқийдиган барча қашқадарёлик талабалар шу ерда тўпланган экан. Уларни гиж-гижлайдиган айрим домлалари ҳам бор эди. Қайсар ёшлар билан уч соатга яқин юзма-юз суҳбатлашдик. Жуда қийин бўлди. Лекин, охири тил топишдик. Ўшанда Абдулла Орипов менга жуда катта ёрдам берган эди. (Ўша учрашув тўғрисида Маҳмуд Сатторовнинг “Миллий Тикланиш” газетасининг 1998 йил 18 август сонида босилган “Озодлик элчиси” номли мақоласида батафсил маълумот олишингиз мумкин: – И.Х.)
-Тўғри, Ислом ака, шеър ўқиб, даврани ром этиб олиш масаласида Абдулла Ориповга тенг келадиган шоир йўқ. Лекин одамгарчилик масаласида…
-Шошманг, сиз билан мана бундай келишиб олсак, – деб Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлди, – ука, бугундан бошлаб майда гаплардан устун туринг. Сизга ярашмас экан. Биз миллатнинг улуғ вакиллари ҳақида фақат яхши гапларни айтишга ўрганишимиз керак!
Очиғини айтсам, жуда қаттиқ ўсал бўлдим. Ахир, кечагина “миллатимизнинг улуғ вакиллари”дан бири бўлмиш академик Сахаров тўғрисида нотўғри гапларни айтиб юборган депутатларимизнинг не аҳволга тушганини ўзим кўрдим-ку! Аслида, Ислом ака мени эмас, балки ҳақоратланган Сахаровнинг ҳаққи-ҳурмати меҳмонхонада яширинча ётиб юришимга рухсат бермадими? Мен қашқадарёлик депутатларга ажратилган хоналардан бирига жойлашган эдим. Агар менинг “подполье”даги ҳаётим республика раҳбариятининг қулоғига етиб борса, оқибати ёмон бўлиши аниқ эди. Лекин Ислом Абдуғаниевич буюкликни ҳимоя қилгани учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олганди. Мен бўлсам, кечаги саъй-ҳаракатларимни унутиб, бугун яна бир буюк инсон тўғрисида майда гапларни “дастурхон” қилиб ўтирибман. Эҳ, нодон бола…
Мен ўз фикр-хаёлларим билан овора бўлиб ўтирган чоғимда тўсатдан эшик зарб билан очиди-ю, Ислом Абдуғаниевичнинг обком секретарлари учун мўлжалланган маҳобатли ва шинамгина хонасига Аҳмаджон Мухторов эмин-эркин кириб келди. У ўзини шу қадар эркин тутардики, остонадаёқ товушини баланд кўтариб, шеър ўқиб кирди:
“Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,
Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас…”
Шу ўринда Аҳмаджон Мухторов билан бизнинг муносабатимиз тўғрисида қисқача изоҳ бериб ўтишим керак. Бу зот республикада Журналистлар уюшмасининг раиси эди. Назаримда, у бу лавозимга мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида иш бошлаганимдан кейин сайланганди. Чунки “Саодат” журналида “Паркентдан келган хатлар” номли танқидий мақолам босилгач, Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Назиров менга қарши от қўйган кезларда А.Мухторов умуман аралашмаганди. Демак, ўша лавозим вақтинча бўш турган бўлса ҳам ажабмас.
Кейин мен Журналистлар уюшмасига аъзо бўлиш учун ариза бердим. Лекин уюшманинг Тошкент вилояти ва шаҳри бўйича котиби бўлган Н.Насимов (ўша пайтларда “Тошкент ҳақиқати” газетасининг Бош муҳаррири эди); “Ие, ука ҳали матбуотда ишлаётганингизга беш йил тўлмабди-ку! Беш йил ишлаганингиздан сўнг уюшмага қабул қиламиз”, деб аризамни қайтаради. Шунда кимдир: “Аҳмаджон Мухторовга учрашинг, чапани ва дангал одам”, деб маслаҳат беради. Мен “Қишлоқ ҳақиқати” газетаси жамоаси жойлашган бинонинг бешинчи қаватига чиқдим ва Бош муҳаррир котибасининг рухсати билан Аҳмаджон аканинг кенг ва шинам хонасига кирдим. У кишига мақсадимни тушунтирдим. Бахтимга, ўша кунларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида менинг “Маҳкумалар” номли мақолам чоп этилиб, яхшигина шов-шув бўлаётганди. Аҳмаджон Мухторов ҳам ўша мақолани ўқиган экан.
-Э-э, Исмат Хушев ўзингизми? Табриклайман! Бўш келманг, ука! – деб дарҳол керакли телефон рақамини терди-да, “Тошкент ҳақиқати” газетасининг котибасидан; – Нўъмон борми? – деб сўради. Бироз сукут сақлагач: – Нўъмон дўстим, “Адабиёт”нинг жума кунги сони борми? “Маҳкумалар” номли мақолани ўқидингми? Энди ўқиётган бўлсанг, бўпти, сенга ярим соат муҳлат бераман, ярим соатдан кейин яна телефон қиламан. Қолган гапларни ўшанда гаплашамиз, – деб трубкани жойига қўйди.
Аҳмаджон ака котибасига чой дамлашни буюрди. Чой дамлангач, ўзи менга чой қўйиб узатди. Ярим соатлар чамаси уёқдан-буёқдан суҳбатлашиб ўтирдик. Сўнг тағин Нўъмон Насимовга телефон қилди.
-Қалай экан? Зўрми? Зўр бўлса, шундай мақола ёзган йигитни яна беш йил куттириш шартми? Шарт эмас! Дарҳол ҳужжатларини ҳозирлаб аъзоликка қабул қилинсин! – деди қатьий оҳангда. Дарҳақиқат, уч кундан сўнг мен Журналистлар уюшмасига аъзо бўлган эдим…
Орадан хийла вақт ўтгач, ёзганимдан ҳозир ҳам афсусланадиган мақолам – “Олим бўлиш осон…” –
“Совет Ўзбекистони” газетасида босилиб чиқди. Бу мақоланинг чиқишига Аҳмаджон Мухторов қарши эди, лекин нима учун қарши бўлганини менга дурустроқ тушунтирмади, сабабини ҳам айтмади. Хуллас, ўжарлигим тутиб ўша мақолани чоп эттирдим.
Менимча, Ўктам Усмонов ўзининг потенциал рақибидан, яъни Аҳмаджон Мухторовдан шу йўсинда ўч олганди. Чунки Аҳмаджон ака ниҳоятда обрўли раҳбар бўлиб, республиканинг биринчи рақамли газетасига – “Совет Ўзбекистони”га бошлиқ бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасди. Шу лавозимга энг муносиб номзод ҳисобланарди. Ў.Усмонов буни биларди… Ва ҳоказо.
Матбуот оламида зимдан аёвсиз давом этадиган ички зиддиятларни у пайтлари мен ҳали билмасдим. Шу боис ўзим билмаган ҳолди Аҳмаджон Мухторов рақиблари тегирмонига билиб-билмай сув қўйган эдим…
Мана, ўша можаролардан сўнг биз “Россия” меҳмонхонасида, боз устига, Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Абдуғаниевичнинг хонасида учрашиб қолган эдик. Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Аҳмаджон аканинг ҳам бирдан ранг-рўйи ўзгариб кетди, шеър ўқишдан таққа тўхтади. Албатта, Ислом Абдуғаниевич бизнинг муносабатларимиздан бехабар эди, шу боис:
-Мана шу йигитни Сизга топширсам… Ўзи яхши журналист, Фақат қизиққон, эҳтиросга тез берилади. Агар тарбия қилсангиз, худди ўзингиздек яхши инсон бўлиши керак, – дедилар самимий оҳангда.
Аҳмаджон Мухторов янада қорайиб кетганди, гўё ҳозир тутаб кетадигандек бир алфозда эди.
-Бу соплякни яхши биламан! – деди Аҳмаджон ака қўлларини бигиз қилиб. – Бетгачопар, лўттивоз бола! Яхшиликни билмайдиган кўрнамак! Бу нусхани қаердан топдингиз?!
Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Аҳмаджон аканинг гапларидан сўнг ўзимни бошқара олмай қолдим:
-Ислом ака, Сиз мени келиб-келиб мана шу муттаҳам одамга ишониб топширмоқчимисиз? Ахир бу киши ўзига ўхшаган бузуқи, ахлоқсиз кимсаларни ҳимоя қилишдан бошқа нарсага ярамайди-ку! “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деб бекорга айтишмаган! Бу одам ўша мақолам учун ҳамон мени кечиролмаяпти…
Тавба, ҳеч бўлмаса, Аҳмаджон аканинг ёшини ҳурмат қилсам бўлмасмиди? Йўқ, мен аллақачон қуюшқондан чиқиб кетгандим. Менинг важоҳатимни кўрган Аҳмаджон Мухторов шартта орқасига бурилди-ю, эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди. Хонага совуқ бир сукунат чўкди. Қизиқ, бу одам ичида менга нисбатан шунча гина-кудуратни сақлаб юрган экан-да?! Нега бўлмасам, тунов куни ёнма-ён туриб бемалол суратга тушди экан?..
-Бир мақола ёзгандим… Кейин бу киши раддия берди…- деб ўзимни оқламоқчи бўлдим.
– Майли, кейин гаплашамиз. Ҳозир бориб ўзингизни босиб олинг, – деб Ислом Абдуғаниевич мени хонасидан чиқариб юборди…
Тамом, Ислом аканинг олдида энди бир пуллик ҳам обрўйим қолмади, деб ўйладим. Энди у киши мен илтимос қилган Анвар Чориевга ҳам, Қаҳрамон Жўраевга ҳам ёрдам бермаса керак…
Икки-уч кунгача ўзимнинг ёғимга ўзим қовурилиб юрдим. Ислом акага ҳам кўринмадим. Охири бўлмади, бир куни таваккал қилиб Ислом Абдуғаниевичнинг хонасига кирдим. Беодобчилик қилганим учун узр сўрадим. Сўнг Аҳмаджон Мухторов билан орамизда бўлиб ўтган воқеаларни бафуржа гапириб бердим. Ислом ака менинг гапларимни диққат билан тингладилар-да:
-Бундан кейин ҳушёр бўлинг, – дедилар. Ҳаёт зарбаларига эрта учраяпсиз. “Нега шундай бўлаяпти?” деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Характерингизни ўзгартиринг. Одам сал босиқроқ, оғирроқ бўлиши керак. Нима, ёлғиз сиз ҳақ-у, бошқалар ноҳақми? Ундай бўлса ўзингизга бутун дунёни душман қилиб қўясиз-ку, биродар! Тўғри, менга сизнинг муросасизлигингиз, курашчанлигингиз ёқади. Фақат чегарани унутманг, ҳар қандай шароитда ҳам ўзингизни идора қилишни ўрганинг…
-Раҳмат, Ислом ака, – дедим миннатдор бўлиб. Ислом Абдуғаниевичнинг хонасидан гўё қанот бойлаб учиб чиқдим. У киши мени батамом тушунган, демак, кечирган эди…
Орадан яна бир неча кун ўтди. Бир куни Ислом ака мени йўқлаб қолдилар. Хоналарига чиқсам, эшикларини ёпаётган эканлар, қўлларида дипломат-сумка. Юкларини олмоқчи бўлдим, лекин кўнмадилар.
-Овора бўлманг, енгил, – дедилар.
-Бирор ёққа кетаяпсизми? – деб сўрадим.
-Ҳа, Тошкентга бориб келишим керак. Лекин менинг “йўқ” бўлиб қолганимни биров билмагани маъқул.
-Хўп, – дедим.
Шу пайт бошқа бир хонадан Навоий вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Ефимов чиқиб келди. У киши ҳам “парадний” кийиниб олганди. Биз бош ирғишиб сўрашдик. Ефимов орқа эшикдан ташқарига олиб чиқадиган лифт томон юрди.
Ислом Абдуғаниевич чўнтагидан йигирма беш сўмлик бели букилмаган яп-янги пул чиқариб менга бердилар.
-Шаҳарлараро телефондан фойдаланган эдим, ҳақини тўлай олганим йўқ. Илтимос, сиз хонам телефони учун ҳақини тўлаб қўйсангиз. Биз шошиб турибмиз, – дедилар Ислом ака. – Хўп, хайр.
-Хайр, – деб мен уларни лифтгача кузатиб бордим.
Шундай қилиб Ислом ака шошилинч равишда Тошкентга учиб кетдилар.
Дарвоқе, Ислом ака ўша кунларнинг бирида: “Бизни Горбачёв ўз ҳузурига чақириб, Р.Нишоновни Миллатлар Советига раис қилмоқчимиз, илтимос, унинг номзодини қўллаб-қувватланглар, деди. Яқин кунларда Нишонов Миллатлар Советига раис бўлади”, деган эдилар. Мен бўлсам, одатдаги чарслигимга бориб: “Яна бирорта муттаҳамни унинг ўрнига қўядилар-да”, деган эдим. Шу гапимни эшитиб Ислом ака ялт этиб юзимга қараганди-да, маъноли кулимсираб қўйган эдилар. Худо ҳаққи, мен у пайтларда Нишоновнинг ўрнига ким бўлишини мутлақо билмасдим. Боз устига, Ислом Абдуғаниевичнинг шу лавозимга тайинланишини хаёлимга ҳам келтира олмасдим. Бизнинг муносабатларимиз шу қадар самимий эдики, республика раҳбари билан ҳам шундай самимий муносабатда бўлишни, менимча, ҳеч ким тасаввур этолмаса керак.
Ниҳоят, СССР Халқ депутатларининг тарихий биринчи съезди ҳам тугади. Биз Тошкентга қайтиб келдик. Ишхонага бордим. Ҳар хил миш-мишлар қулоғимга чалина бошлади. Афтидан, менинг партиявий масалам тез кунларда тағин муҳокама қилинадиганди. Бечора Иброҳим Ғофуровнинг ҳам боши қотганди. Энди у мени қандай қилиб ҳимоя қилишга ҳайрон эди.
Ана шундай дилтанг кунларнинг бири. Кўнглимга чироқ ёқса ёришмасди. Тушга яқин ҳозирги Мустақиллик кўчасидаги “газета корпуси”дан чиқиб: “Нима қилмоқ керак?” деган хаёллар гирдобида юргандим. Шу пайт рўпарамдан “Правда Востока” газетасининг Бош муҳаррири Рубен Акопович Сафаров чиқиб қолди. У ҳам ўзини норасмий ташкилотларга тарафдор этиб кўрсатиб юрарди, ҳар қалай мен билан муносабати яхши эди.
-Ҳозиргина Марказқўмнинг Пленуми тугади, – деди у кўтаринки кайфиятда. – Сенинг юртдошинг Компартиянинг янги раҳбари этиб сайланди…
Бир муддат серрайиб қолдим. Дарвоқе, бугун Марказқўмнинг Пленуми бўлиши керак эди-ку!..
-Наҳотки, Ислом Абдуғаниевич биринчи котибликка сайланган бўлса?! – дедим қулоқларимга ишонмай.
-Ҳа, Каримов сайланди деяпман-ку, – деб таъкидлади Рубен Акопович.
-Рубен Акопович! – дедим ҳаяжонланиб ва бир сакраб Сафаровнинг бўйнига осилиб олдим. У бўлса менинг оғирлигимни кўтара олмай чўккалаб қолди.
-Исмат, нима бало, ақлдан оздингми?! – деди Рубен Акопович кўзларини катта-катта очиб.
-Э-э, асти сўраманг! – дедиму шартта орқага қайтиб, редакцияга югурдим. Энди менга барибир эди: “Бирлик”чи деб партиядан ўчиришадими, безори дейишадими…
Шодон кайфиятда ишхонага кирсам, газета ходимларидан Камол Матёқубов, Рашид Раупов, Ашурали Жўраевларни учратдим. Ёзувчи Нодир Норматов билан шоир Хуршид Даврон ҳам шу ерда экан.
-Кетдик, оғайнилар, бугун бизнинг кўчамизда байрам! – деб ҳайқирдим. – Юринглар, бугун мен сизларни ресторанда зиёфат қиламан!
Уларни шундоққина “газета корпуси”нинг ёнидаги “Зарафшон” ресторанига бошлаб кирдим. Чўнтагимда юз сўмча пулим бор экан. Оғайниларим билан шинам бир жойга ўтирдик-да, официанткага энг тансиқ таомлар ва мўл-кўл ичимлик олиб келишни буюртма бердик. Меҳмондорчилик бошланди. Зиёфат зўр бўлди. Чамамда, газетамизда ишлайдиган айрим ходимлар: “Исмат ишдан кетишини бўйнига олибди, шекилли. Кетар жафосига тўйиб ичишни ният қилган кўринади. Майли, бола пақирнинг кўнгли чўкмасин”, деб ўйлаётган бўлишса керак.
Ресторандан ширакайф бўлиб чиқдик. Хайрлашдик. Мен тўппа-тўғри Марказий Телеграфга бордим. Бир четда ўтириб телеграмма ёздим. У пайтларда телеграммалар фақат рус тилида ёзиларди. Мен ёзган шошилинчноманинг ўзбекча маъноси мана бундай эди:
“Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари И.А.Каримовга
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич! Сизнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланганингизни эшитганимдан сўнг менда партияга, қайта қуришга ишонч қайтадан пайдо бўлди! Исмат Хушев”.
Москвадаги мулоҳазаларимиз пайтида мен ҳам, Ислом Абдуғаниевич ҳам Ўзбекистон раҳбариятидан кўнглимиз тўлмаётганини кўп бора бир биримизга очиқ-ойдин айтган эдик. Мен ўз телеграммамда айнан ўша гапларга изоҳ бериб ўтган эдим.
Ислом Абдуғаниевич 1989 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари вазифасига сайланади.
Ўзбекистон тарихида янги давр бошланади. Бир оз ўтиб, Ислом Каримов мамлакат Президенти этиб сайлангач, Маҳмуд Сатторов айтган бир гап ёдимда қолган: “Яратганнинг марҳаматини кўринг: қўймижоз ўзбек халқининг пешонасига йўлбарсмижоз подшо битказди…”
(Давоми бор).
http://yangidunyo.com/




