(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
(ismatkhushev@yahoo.com)
Иккинчи китоб.
Тўртинчи боб.
Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “ИНСОН” қасидасида бундай мисралар бор:
Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатин ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг!
Шеър 1973 йили ёзилган. Етмишинчи йилларнинг бошларида Совет матбуотида академик Сахаровни бадном этиш компанияси бошланди. Айни ўша пайтларда кенг жамоатчилик Сахаров атом бомбаси кашфиётчиларидан бири эканини билади. Кўпчилик, жумладан, Эркин Воҳидовни ҳайрон қолдирган нарса шу бўладики, Сахаров энди ўзи кашф этган “даҳшат бало”ни бутунлай таъқиқлаш ёки жамоатчилик назорати остида қатьий чеклаш таклифини илгари суради.
Академик Сахаровнинг таклифи шунчаки популизмдан иборат эмасди. У ўзи яратган “зарра” инсоният бошига қандай кулфатлар келтириши мумкинлигини буюк олим сифатида яхши биларди. Бу лаънати “зарра” Ер юзидан ҳаётни батамом йўқотиб юбориш қудратига эга эди!.. Олим ўз кашфиётига одам сифатида қарши чиқади. Сахаров кашфиётлари учун олган Ленин ва Давлат мукофотларини – ўз шахсий ҳисобида сақланаётган пулларни давлат хазинасига топширади.
Бир пайтлар академик Сахаров билан боғ-ҳовлисида қўшни бўлиб яшаган машҳур қўшиқчи Галина Вишнёвская ( янада машҳур созанда Мстслав Ростроповичнинг рафиқаси) ўз хотираларида ёзишича, Сахаров уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Ленин ва Давлат мукофотлари учун олган 150 минг сўмга яқин пулни ўз қўли билан давлат хазинасига қайтириб топширган эди! 150 минг сўм! 70-йилларда бу пулларга дунёнинг талай мол-мулкини сотиб олиш мумкин эди. Бироқ, кассадаги ҳисоб рақамида ҳемири ҳам қолмаган оламшумул олим бозор-ўчарни ҳам уйига ўзи орқалаб келарди, оддий фуқаролар каби метро ва автобусларда осилиб юрарди…
У нафақат хўжакўрсинга “даҳшат бало”дан юз ўгиради, балки ўзи ҳалол меҳнати эвазига ишлаб топган “макруҳ” бойликдан, имтиёзларидан ва янада муҳимроғи – шахсий ҳузур-ҳаловатидан воз кечади! Айнан ҳузур-ҳаловатдан, бола-чақасининг “келажагидан” воз кечолмаган қанчадан-қанча буюк зотлар “оч қорним – тинч қулоғим” қабилида яшашни маъқул кўрадилар. Оқибатда уларнинг ҳаётида ҳалол билан ҳаром аралашиб кетади…
Сахаровлар авлодида бир нечта руҳонийлар ўтган эди. Руҳоний-диндорлар сафини дастлаб академикнинг бобоси Иван Николаевич тарк этади. У адвокат эди, адабиёт ва жамоатчилик ишлари билан машғул бўлади – 1906 йилда “Ўлим жазосига қарши” номли тўпламга ҳомийлик қилади. 1906 йилда Россияда ўлим жазосига қарши бош кўтариш учун кишида отнинг калласидек юрак бўлиши керак эди: ҳарбий-дала судлари инқилобчиларни ушлаган жойида дорга осаётган бир пайтда давлат сиёсатига қарши чиқиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳамма билса керак.
Бўлажак академикнинг отаси – Дмитрий Иванович физика-математика ўқитувчиси, илмий-оммабоп китобларнинг ва бир қанча дарсликларнинг муаллифи эди.
Дунёнинг олтидан бир қисмини ташкил этган (жўғрофий маънода) “озод ва обод” Советлар мамлакатида қатли ом авж олган 1938 йилда Андрей Сахаров ўрта мактабни “аъло” баҳолар билан тамомлайди ва Москва университетининг Физика факультетига ўқишга киради. Иккинчи жаҳон уруши қизғин паллага кирган 1942 йилда университетни ҳам “аъло” баҳолар билан тамомлайди. Уни Волга бўйларига кўчирилган ҳарбий заводга ишга юборадилар. Орадан икки йил ўтгач, Сахаров назарий физика масалаларига бағишланган бир нечта мақола ёзиб Москвага юборади.
Навқирон ва истеъдодли тадқиқотчининг илмий мақолалари олимлар диққатини жалб этади ва Сахаровни Фанлар Академиясининг Физика институти аспирантурасига ўқишга оладилар. 1948 йилда ёш олимни термоядро қуролини тайёрлаётган илмий-тадқиқот гуруҳига аъзо қилиб киритадилар. Кейинги йигирма йил мобайнида ўта махфий ҳолатда қора терга ботиб меҳнат қилади. У атом бомбасидан ҳам бир неча баробар қудратли бўлган термоядро қуролининг яратилишига бевосита алоқадор бўлгани учун бир неча марта энг олий мукофотларга сазовор бўлади. Айни чоғда у “даҳшат балони ижод” этиб қўйганини англаб етади ва ҳайратдан ёқасини ушлайди.
Ўзининг ҳайратланишини “Тараққиёт, тинч-тотув яшаш ва маънавий эркинлик тўғрисида” номли мақоласида тўла-тўкис ифодалайди. Мақола ёзилгач, яъни 1968 йилдан эътиборан Сахаров махфий йўсинда олиб борилаётган ишлардан четлаштирилади. 1970 йилнинг март ойида Сахаров “ҳаммамиз учун ҳурматли бўлган” Л.И.Брежневга “Эслатма хат” жўнатади.
Лекин ўз хатига жавоб ололмагач, орадан 15 ой ўтгандан сўнг, ўша хат нусхасини норасмий ташкилотларга топшириб юборади – Эслатма яширин тарзда омма орасида тарқалиб кетади.
Академик Сахаровни бадном қилиш компанияси айнан 1972 йилда авжига чиқади. 1973 йилда эса “ИНСОН” қасидаси ёзилади…
1975 йилда Сахаровга Тинчликни сақлаш бўйича халқаро Нобель мукофоти берилади. Лекин мукофотни олиш учун академикни мамлакатдан ташқарига чиқармайдилар –“сиримизни фош этиб қўяди” деб хавотирланадилар. 1975 йилнинг 11 декабрь куни академикнинг рафиқаси Елена Боннэр Осло шаҳрида (Норвегиянинг пойтахти, Тинчлик соҳаси бўйича Нобель мукофоти тақдим этиладиган шаҳар) академик Сахаров номидан маърўза қилади. Энг қизиқ жойи шундаки, давлат раҳбарлари Сахаровнинг Нобель мукофоти олишини асло истамайдилар, имкон қадар қаршилик кўрсатадилар, лекин қайсар академик барибир ўша мукофотни олгач, уялмасдан ундан солиқ талаб қиладилар!
Солиқдан ортган пулига эса Сахаров “Москвич” енгил машинаси харид қилади. “Волга” ёки “Жигули” ҳам сотиб олиш мумкин эди, бироқ “рўзғорбоп” улов олишни маъқул кўради. Чунки Сахаров табиатан ҳашаматли ҳаётни ёқтирмасди, камтарони ҳаёт кечиришни афзал кўрарди.
1980 йилда академик Сахаров ҳибсга олинади. Кейин рафиқаси икковини Горький шаҳарчасига сургун қиладилар. Бу шаҳар худди ўзимизнинг Термиз шаҳри каби “ёпиқ зона” ҳисобланарди. У ерга хорижликлар умуман киритилмасди, махсус рухсатномаси бўлган СССР фуқароларигина минг чиғириқдан ўтказиб шаҳарга киритиларди. Хуллас, 1986 йилга қадар Сахаровлар “уй қамоғида” сақланадилар. Фақат 1986 йилнинг декабрь ойидагина Сахаровнинг уйига “қайта қуриш” шабадаси кириб боради.
Кутилмаганда бу хонадонга телефон тушириб беришади, эртаси куни Сахаровга КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари М.С.Горбачёв сим қоқади: “Москвага қайтишингиз мумкин, сургун муддатингиз тамом бўлди”, дейди. Ажабки, орадан уч йил ўтгач, ўша Горбачёв СССР Халқ депутатларининг тарихий Биринчи съездида Сахаров гапираётган пайтда микрафонни ўчириб қўяди в “индамас кўпчилик” томонидан академикнинг “лаънатланиши”га шароит яратиб беради…
Академик Сахаровнинг мухтасар таржимаи ҳоли ана шундай эди. У СССРнинг парчаланиб кетишини кўрмади. 1990 йилда тўсатдан оламдан ўтди. Ўлими олдидан айтган энг охирги сўзлари: “Эртага жанг бўлади!” деган эди. Дарҳақиқат, эртаси куни СССР Халқ депутатларининг Съезди ўз ишини давом эттириши лозим эди, унда муҳим масалалар муҳокама этилиши мўлжалланган эди…
Съездда академик Сахаров биринчи бўлиб Афғонистон тўғрисида гапирганди:
Афғонистондан дарҳол Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилиши лозим. Шунча шарманда бўлганимиз, бутун дунёнинг олдида иснодга қолганимиз етади. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлдик. Мен жавокаш Афғон тупроғида, адоатсиз уруш чоғида ҳалок бўлган совет аскарларини қораламоқчи эмасман. Илоҳим, уларнинг гўрлари нурга тўлсин! Лекин улар калтабин раҳбарларнинг аҳмоқона буйруғини бажараман деб азиз жонларини қурбон қилдилар.
Афсуски, жуда кўп ёшларимиз нима учун урушаётганини ҳам билмасдан бекорга нобуд бўлдилар. Салкам ўн йил мобайнида Афғонистон хонавайрон бўлди, хароб бўлди. Афғонистонни “чекланган миқдордаги совет қўшинлари” хароб қилди. Бу қилмишимиз учун биз тарих олдида жавоб беришимиз керак… Ўртоқлар, келинглар, биз мардона туриб ўзимизнинг мудҳиш хатомизни тузатайлик, Ахир, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани ҳам яхши деган ҳикматли гап бор… дейди Сахаров тутилиб-тутилиб. Мен ҳозир академикнинг нутқини сўзма-сўз эмас, балки эсимда қолган маъносини қоғозга тушираяпман. Сахаров съезд минбаридан туриб гапираётган манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди: “индамас кўпчилик” деб ном олган чаласавод, чалавиждон “халқ ноиблари” бақир-чақир” қилишиб унинг сўзларини бир неча марта бўлиб қўяди, нотиқни адаштириб юборадилар. Устига устак, съездни бошқариб бораётган М.С.Горбачёв ҳам маданиятсиз кимсаларга ўхшаб ўзбошимчалик билан Сахаровга ноўрин луқма ташлайди, “регламент”га амал қилишини талаб этади. Ваҳоланки.
Депутат Сахаров ҳам “индамас кўпчилик” каби ўзига ажратилган вақт мобайнидаистаган мавзусида гапириш ҳуқуқига эга эди.
Энг ёмони – Сахаров ўз нутқини тугатиб, минбардан тушиб кетганидан кейин рўй беради.
Бирдан Ўзбекистонлик депутат Казаковага сўз берилади. Комсамол тарбиялаган, партия чиниқтирган ҳомиладор аёл минбарга кўтарилади:
– Мен сизни лаънатлайман! – дейди у йиғламсираб. – Мен сизга лаънатлар ёғилишини тилайман! – деб ростакамига йиғлаб юборади.
Залда гулдурос қарсаклар янграйди…
Ана холос!
Нима деяётганини, нима қилаётганини англамаётган, тутқаноқ дардига йўлиққан битта ўзбек хотин академик Сахаровни лаънатласа-ю, “индамас кўпчилик” бундан хурсанд бўлиб, жазаваси тутиб қарсак чалиб ўтирса!
Ахир, бу қандай бедодлик?!
Телевизордан бошини елкалари орасига қисиб, ўриндиққа чўкиб ўтирган Сахаровнинг аянчли ҳолатини бир неча марта экранга яқин келтириб кўрсатадилар. Назаримда, ҳатто Марказий телевидениянинг техник ходимлари-ю, операторлари ҳам шу тобда бутун дунё академик Сахаров томонида эканини билишарди. Ўзбекистондан СССР Халқ депутати бўлиб сайланган “қонун чиқарувчи” хотин бўлса, жумлаи жаҳонга нафақат ўзини, балки бутун республикамизни шарманда қилиб ўтирибди! Одатда, бундай ҳолат ҳақида “ўтириб қўйди” дейилади. Ҳа, Казакова хоним расмона “ўтириб қўйганди”.
Янглишмаса, Казакова – Сирдарё вилоятидан сайланганди. Демак, Ислом Абдуғаниевич ўз даврасидан Сирдарё вилояти партия қўмитасининг биринчи секретари Клепиковни бекорга суриб чиқармаган экан-да! Демак, Клепиков “буюртма” асосида ўз вилоятидан Москвага борган депутатларнинг шарманда бўлишига розилик берган экан-да!..
Ўша куни негадир “Лужники”га бормагандим. Эҳтимол, Борис Ельцин билан учрашганимдан сўнг митингбозликдан ҳафсалам пир бўлган бўлса ажаб эмас. Сахаров сўзлаган пайтда мен “Россия” меҳмонхонасининг ўзимга хатлаб берилган шинамгина хонасида телевизорга тикилиб ўтирган эдим. Бояги хонимнинг дод-фарёдини эшитганимдан сўнг бошимдан аланга чиқиб кетди. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Соатга қарасам, икки бўляпти. Демак, депутатлар ҳадемай тушликка чиқишади. Қандай қилиб бўлса ҳам Сахаровга учрашмоғим ва ундан узр сўрамоғим керак. Ҳа, темирни иссиғида босиш керак. Кейин кеч бўлади. Кейин… Сахаровнинг кўнглида ўзбек халқига нисбатан қандайдир нохуш таассурот ўрнашиб қолиши мумкин.
Шундай ўй-хаёллар билан пастга югуриб тушдим. Ажаб, жанговар академикнинг мухлислари аллақачон Кремлдан то “Россия” меҳмонхонасигача “жонли девор” ҳосил қилишиб, қўлларида гул билан ул зоти шарифнинг келишини кутиб турардилар. Ўнлаб телекамералар, юзлаб фотоаппаратлар шай қилиб қўйилганди. Маҳаллий ва хорижлик журналистлар ниҳоятда бетоқат эдилар. Ҳамма Сахаровни интизорлик билан кутмоқда эди…
Ниҳоят олисдан рафиқаси Елена Боннэр ҳамроҳлигида академик Сахаров кўринди. Одамлар қўлларидаги гулларни академикнинг оёқлари остига отдилар. Оқ-қорани таниб қолган, виждони уйғонган халқ вакиллари ноҳақ “лаънатланган” инсоний меҳр-муҳаббат билан кутиб олди.
– Андрей Дмитриевич, азизим, асло хафа бўлманг!
– Раҳмат Сизга!
– Бахтимизга доимо омон бўлинг!
Cахаров боши билан одамларга миннатдорлик изҳор қилиб, аста-секин “жонли девор” орасидан ўтди-да, рафиқаси билан меҳмонхона ресторани томон бурилди. Худди шу пайт, оломон сафини ёриб ўтиб, мен уларнинг йўлини тўсдим:
– Андрей Дмитриевич, мен “Ўзбекистон адабиёти” газетасининг мухбириман! Илтимос, Сиз бизни кечиринг! Бизнинг депутатимиз нонкўрлик қилди. У аҳмоқ хотин, оғзига кучи етмайдиган, кимларнинг дир ноғорасига ўйнайдиган аҳмоқлар ҳамма жайда ҳам топилади-ку! – дедим-у, бирдан ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим.
– Сизга нима бўлди? Ўзингизни босинг… Э-э, парво қилманг, ахир мен умр бўйи бунақа гапларни эшитяпман-ку! – деб менга таскин берган бўлди Андрей Дмитриевич.
Кейин мен бошқа гапира олмадим, кўзларимдан дув-дув ёш тўкиларди, холос…
Биз Сахаров билан юзма-юз турганимизда журналистлар атрофимизни қуршаб олишган эди. Бир нечта фотоаппаратлар дарҳол ишга туширилди. Зийрак мухбирлар бизнинг ўртамизда қандай гап-сўз бўлиб ўтганини ҳам аллақачон ён дафтарларига ёзиб олишганди.
Во ажаб, Москванинг оқшомги газеталарида Сахаров билан менинг юзма-юз турган суъратимиз босилиб чиқди! Барча суъратлар остида: “Ўзбек журналисти академик Сахаровдан кечирим сўраяпти”, деган изоҳ (тагсўз) бор эди…(Суръат берилади).
Ўша куни кечаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Андрей Петрович Анишчевнинг кўрсатмасига биноан мени “Россия” меҳмонхонасидан ҳайдаб чиқаришди. Академик Сахаровдан кечирим сўраганимни Ўзбекистон раҳбарияти кечирмади.
Эртаси куни Тўлқин омонов мени топиб: “Ислом ака, кечалари келиб ётиб юраверсин, лекин раҳбарларнинг кўзига кўринмасин, дедилар”, деб Ислом Абдуғаниевичнинг омонат гапини етказди…
(давоми бор).
http://yangidunyo.com/




