Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳақлари фаоли Мўътабар Тожибоева раҳбарлигидаги «Ўтюраклар клуби» Франция Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича мукофоти – «Озодлик, тенглик, биродарлик» мукофоти билан тақдирланган.
Парижда Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллиги нишонланган кунда Мўътабар Тожибоева ушбу мукофотни олган.
Мукофотни Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вазири Рама Йаде топширган.
«Ўтюраклар клуби»нинг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун олиб борган саъй-ҳаракатлари, ташкилот фаолиятига бўлган тўсиқлар, қийинчиликларга қарамасдан, ўз принципларимизга содиқ қолганимиз учун клубимиз ушбу мукофотга муносиб кўрилди», деб айтди Мўътабар Тожибоева.
«Ўзбекистон ҳукумати «Ўтюраклар клуби»ни экстремистик ташкилот, конституцион тузумга қарши ташкилот, деб қоралаб, номини булғашга қанча ҳаракат қилган бўлса, Франция ҳукумати ташкилот номини, шаънини, ғурурини, орини юксакларга олиб чиқди», дейди Мўътабар Тожибоева.
1988 йилда таъсис этилган Франция Республикасининг «Озодлик, тенглик, биродарлик» мукофоти жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига берилади.
Бу мукофот билан эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли, 2003 йилдаги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Ширин Ибодий, ёзувчи Таслима Насрин, Иброҳим Ругова, кубалик фаол Элизардо Санчез тақдирланганлар.
20 ноябрда Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Наванетем Пиллей Мўътабар Тожибоевага халқаро «Мартин Энналс» мукофотини топширган эди.
«Мартин Энналс» жаҳондаги 10 та йирик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари таъсис этган нуфузли мукофотдир.
Ўзбек ҳукумати Андижон қирғинидан сўнг жиноий айблар билан қамаган Мўътабар Тожибоева шу йил июнида шартли равишда қамоқдан озод этилганди.
Мўътабар Тожибоеванинг соғлигига қамоқдалигида жиддий путур етган, у даволаниш учун Оврўпога келган.
BBCUzbek.com



