Муаммолар қуршовида қолган диёр

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Гулшан Қораева.

Дунё афкор оммасига сир эмаски бугунги кунга келиб Ўзбекистонда кечаётган ҳар бир ва ҳар қандай жараён халқнинг аҳволи янада ночорлашишига замин яратиб бермоқда.Бир қарашдан кўплаб воқеликлар кўзга ташланмасада аслида кун сайин муаммолар долзарблашиб бормокда.

Республика мустақиллиги даврида қамоқхоналар мамлакатига айланган Ўзбекистонга янги бир муаммо илдиз отди. Бу ХХ аср вобоси,- дея номланувчи ОИТС хасталигидир. ОИТСга чалинган инсонларни сил касаллиги ўз бағрига тортмоқда. Шу кунларда мамлакатнинг жанубий вилоятларидан бири саналадиган Қашқадарёда ОИТС билан хасталанган фуқаролар бошқалардан кўра кўпроқ азоб чекаётганлиги яққол сезилмоқда.

Ушбу вилоятда ОИТС хасталигини юқтириб олган ва ўлими яқин қолган беморлар Қарши шаҳри ва унинг атрофидаги шифохоналарда доволаниш ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолганлиги кузатилмоқда. Гарчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан шу касаллик билан оғриган беморларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш борасида қатор халқаро қонунлар қабул қилинган бўлсада, вилоятда бу қонунларга риоя қилинмайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак Қашқадарё вилоятига ушбу қонунлар етиб келгани йўқ, етиб келган бўлсада маҳаллий шифохоналарда бунга риоя этилмаяпти.

“ОИТС га чалинганлар аксария ҳолларда сил хасталигини юқтириб олишлари ҳаммага аён”, – дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган маҳаллий шифокорлардан бири – “уларнинг организми турли вируслар қарши курашда ожизлиги, устига-устак аҳолининг иқтисодий ночор аҳволи, кам истеъмол қилиши сил хасталигининг тарқалишига замин яратмоқда”.

Шифокорнинг фикрига кўра, асосан қамоқхоналардан тарқалаётган ОИТС ва сил хасталигии аҳоли орасида ҳам турли инъекция йўллари билан тарқалиб бормоқда. Гиёҳвандликка ружу қилган фуқаролар эса хасталикга чалинаётганларнинг асосий қисмини ташкил этади. Уларни вилоятнинг тегишли шифохоналари сил хасталиги билан оғириганини аниқлаб, касаллик ташхисини аниқланган бўлсада, аҳволи оғирлашиб қолганида мазкур касалхона шифокорлари “у бизнинг касал эмас” – деган хулосани ёзиб бериш билан уларни бошқа шифохоналарга юборишмоқда. ОИТС билан касалланиб, сўнгги умидидан ҳам маҳрум бўлган ҳолда носилкада нажот излаб шифохонама-шифохона юрган беморларни деярлик ҳар кун кўриш мумкин. Биз ўз фикрларимиз исботи тариқасида кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин бироқ беморларнинг исми ошкор бўлиб қолиши эҳтимоли бизни аниқ маълумотлар кўрсатмасликка ундамоқда.

Гиппократ қасамига содиқ қолган ҳолда шу бугунги кунга қадар фаолият олиб бораётган қашқадарёлик шифокорлар деярлик қолмаган. Оқ халат кийиб бемор ҳаётини ҳамма нарсадан устун қўйиши керак бўлган шифокорлар ўз хотиржамлигини ва ҳамёнини ўйлаб иш тутишмоқда.

Шифоркор номига доғ тушираётган Рўзиев ва хакозолар шулар жумласидан. Бу каби ҳолатларни Қашқадарё вилоят ОИТС марказининг бош шифокори хам тасдиқламоқда.

“ОИТС хасталигига учраган беморлар касалхоналарда даволашдан бош тортишаяпти, уларни ўзим олиб бориб даволаниш муассаларига жойлаштиришга мажбурман бўлаяпман” – дейди бош шифокор.

Вилоятда ОИТС билан касалланган инсонлар сони тобора кўпайиб бормоқда, бироқ улар ҳаёти суғурта қилинмайди. Бугун соғлом бўлганлар эртага шу хасталик билан оғримасликларига эса бирор-бир кафолат йўқ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares