«Бирдамлик» ҳаракати фаоли Анварбек

Барчамизга маълумки шу кунга қадар мамлакатимизда солиқ тизимига доир бир неча қарор ва фармойишлар эълон қилинди ва эълон қилинмоқда. Гарчи шундай бўлсада юртимиздаги солиқ тизимига доир аҳвол жуда ҳам абгордир. Мамлакат раҳбари И.Каримовнинг фармойиши билан 2008-йилнинг 1-январдан бошлаб кучга кирган қарор ҳам мамлакатимиздаги солиқ тизимига доир вазиятни ўнглай олмади.
Барчамизга яхшигина маълумки мамлакатимиз раҳбари И.Каримов ўз вақтида давлат иқтисодини юксалтира олишини баралла айтган ҳолда бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойилини ишлаб чиққан ва қаерга бориб марузалар ўқимасин шу беш тамойини тез-тез тилга олар эди. Лекин мана орадан анча вақт ўтган бўлсада бу ислоҳатлар ўз самарасини бермаяпти. Келинг шу ўринда мамлакатимиздаги аҳволга бир назар ташласак. Бугунги кунда мамлакатимизнинг деярлик ҳар бир хонадонидан бир киши Россия ва ёки Қозоғистонга бориш ишлаб, ўз оила аъзоларига пул жўнатмоқда.
Қудратдаги ҳукумат расмийлари эса кейинги кунларда шу муҳожиратда ишлаб ўз яқинларга пул жўнатаётган инсонларнинг ҳам хорижий мамлакатда ишлаб топган маблағидан маълум фоиз солиқ йиғиб олмоқда. Бу қароқчиликнинг ўзганаси эмасми? Зеро ўзга мамлакатларга бориб ишлаётган фуқаролар амалдаги қонунларга биноан бир тийин ҳам солиқ тўлашга мажбур эмаслар. Фақатгина пул жўнатаётганларида банк хизмати учун маълум миқдорда тўлов тўлашлари керак холос.
Аммо мамлакат расмийлари бу ҳолатни жаҳон тажрибасидан ўрнак олиш натижаси ўлароқ амалга оширилаётганига урғу беришмоқда. Лекин Ўзбекистон тараққий этган эмас, балким тараққий этиб бораётган мамлакат эканлигини расмийлар тан олишни исташмайди. Ўз.А расмий ахборот сайти мухбири Норгул Абдураимова 14.11.2008 санасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Янги солиқ кодекси—иқтисодий ислоҳатлар меваси” мавзусида анжуман ўтказилгани ҳақида хабар берди. Журналист аёл Абдураимова хабарига кўра ушбу анжуманни Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев бошқариб борган ва унда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятларидан икки мингга яқин тадбиркорлик субектлари вакиллари, бухгалтерлар иштирок этган.
Шу нарсани алоҳида такидлашимиз керакки бу каби анжуман-у йиғилишлар мамлакатдаги солиқ тизимига доир вазиятни ўнглаш учун бирон-бир янги имкониятлар очиб бермаслигини йиғилиш иштирокчиларининг барчаси, йиғилишни бошқариб борган жаноб Б.Парпиев ҳам ва ҳаттоки тадбирни ёритиб бораётган журналист Норгул Абдураимованинг ўзи ҳам яхши билади. Лекин билишсада, самарасиз бўлсада шу каби йиғилишлар ўтказиб туришга мажбурдирлар. Чунки ҳалқни алдаш учун, авомларни гўёки жаннатда яшаётганлигига ишонтира олиш учун бу каби тадбирлар жуда ҳам муҳимдир.
Хабардан маълум бўлишича сўнгги ўн ой давомида ўтказилган уч мингга яқин тадбирда 239 мингга яқин солиқ тўловчи иштирок этган. Шундан билиб турибдики бу каби самарасиз тадбирларни уюштириш ва давлат пропагандасини тарғиб қилиш учун бир ёки бир неча идора ходимлари эмас балким бутун боши мамлакат расмийлари аниқроқ айтадиган бўлсак барча амалдорлар жалб этилган.
Солиқ тизимидаги аҳволни ўнглаш учун менинг фикримча қудратдаги ҳокимият алмашуви керак ва аҳолининг солиқ тўлай олиш имкониятларини ошириб мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш керак. Бугунги кунгидек мамлакатнинг яримидан ошиқ аҳолиси ўзга давлатларда мардикорчилик қилиб, ҳукумат бир гуруҳ олчоқлар ихтиёрида қолар экан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Менинг фикрларим кўпчилик учун янгилик эмас бироқ надоматлар бўлсинким мамлакатимиз раҳбари ҳурматли Ислом Каримов муттахасислиги бўйича иқтисодчи бўлсада мамлакат иқтисодни қандай ўнглашни билмайди. Ёки билсада қасддан ҳақиқий ислоҳатлар ўтказмайди.



