
Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда… Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.
Бугун жаҳонда ОИТС хасталигига қарши кураш куни нишонланмоқда. ОИТС эпидемияси ўсишда давом этар экан, турли мамлакатлар уни жиловлаш йўлида турли усулларни қўллашмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда ВИЧга чалинган 1 минг 330 нафардан ортиқ киши рўйхатга олинган. Бундан саккиз йил олдингига қараганда ВИЧ вирусини юқтирганлар сони 110 бараварга кўпайган. Мутахассислар фикрича, улар сони аслида рўйхатдагига қараганда камида ўн баравар кўп бўлиши мумкин. Тожикистонда биринчи марта ВИЧ вирусига чалинган киши ошкора сўзлашга рози бўлган. Унинг айтишича, ВИЧ-ОИТСга қарши энг самарали кураш йўлларидан бири айнан ошкораликдир. Ўзини Василий Гизбрехт деб таништирган бу киши билан хўжандлик мухбиримиз Ўринбой Усмон суҳбатлашган:
Мен Василий Гизбрехтман. 38 ёшдаман.Чкалов шаҳрида туғилганман, ҳозирда Хўжанд шаҳрида яшайман. 2000 йилда ВИЧга чалиниб қолдим. Менга ВИЧга чалинганимни айтишганда бутунлай карахт бўлганим йўқ. Чунки бу ҳақда оз бўлса-да хабарим бор эди. Лекин барибир ўзимни алланечук бир хўрланган дея ҳис қила бошладим. Мен ВИЧ ни ўлим деб ўйлардим. Ўша пайтда мен бу мавзуга унчалик қизиқмасдим, шунчаки юзаки у-буни билардим. Бу нарса бошимга тушгач, ВИЧга тааллуқли бўлган ҳар қандай ахборотга қизиқа бошладим. Ҳозирда мен агар тўғри қўлланилганда одамларга умрларини узайтиришга ёрдам берадиган, шифокор кўрсатмасига кўра дориларни тўғри истеъмол қилган пайтда ҳар бир одам қандай яшаса, ўшанча умр кечириш имконини берадиган тиббий дори-дармонлар, кимёвий даволаш борлигини биламан.
* * *
ВИЧ вирусини мен турмада юқтирдим. Турмага ВИЧ юқтирган киши келди. Бу борада ҳаммага маълум бўлди, чунки уни дарров бошқалардан ажратиб қўйишди. Бу Душанбедаги турмада юз берганди. Мен турма беморхонасига тушиб қолгандим ва шифокорларга у ёқ-бу ёқни тозалаш ишларида қарашиб юрардим. Ўша ВИЧ вирусини юқтирган одамнинг барча соқол олиш ускуналари менда турарди. 2000 йилда турмаларда соқол олиш ускуналари масаласида қийинчиликлар бор эди. Соқолим ўсиб кетганлиги учун турма мулозимлари ВИЧга чалинган одамнинг устараси билан соқол-мўйловимни қиришга мажбур этишди. Мен соқол олаётиб, у ер-бу еримни кесиб, қонатиб олдим. Шундан кейин мен ўзимни алланечук бир нохуш сеза бошладим. Ўша ВИЧга чалинган одамнинг тиббий маълумоти бор эди. Мен унга ўзимдаги ўзгаришларни айтиб бердим. Суякларим қақшаб оғриётгани, ичкетар бўлганлигимни айтдим. У мабодо менинг ускунам билан соқол олганинг йўқми, деб сўради. Мен мажбур қилишгани ва ўзимники йўқлиги учун унинг ускунасидан фойдаланганимни айтдим. У агар бирон жойингни кесиб, қонатган бўлсанг, энди томошангни кўрасан, деди. Қисқаси, мен руҳий тушкунликка тушиб кетдим. Ўзимга устма-уст савол ёғдирардим, “ВИЧ юқтирдимми-йўқми, юқтирдимми-йўқми? Мен турмадан озод бўлдим. Лекин ҳеч қанча ўтмасдан бошқа иш билан яна қамоққа олишди. Мен турма мулозимларига ВИЧ юқтирганимни айтдим. Тиббий хизмат қисми ходимлари қонимни текшириб кўриш учун ундан намуна олишди, Алматига таҳлил этиш учун жўнатишди. 2002 йил август ойида турмага тиббиёт бўлими бошлиўи, яна икки фуқаро кийимидаги киши келиб, менга ВИЧга чалинганимни маъум этишди.
* * *
Бунинг учун мен устарасидан фойдаланган киши айбдор эмас. Чунки у мени соқол олишга мажбур қилгани йўқ эди. Шу пайтгача у билан муносабатим яхши, дўстмиз дея айта оламан. Фақат кимнингдир ўйламай-нетмай қилган ҳаракати, балки бу атайлаб қилингандир, бунисини билмайман, мен соғлиғимни йўқотдим дейишим мумкин. Бир томондан мен ўзим айбдорман, лекин иккинчи томондан турма мулозимлари ҳам айбдор. Бу масала бўйича мен прокуратурага шикоят ёзганман. Лекин ҳозирча жавоб олганим йўқ. Турмалигимда қонимда вирус борлигини билгач, менда одамлардан қасос олиш, бошқаларга ҳам ВИЧ вирусини юқтириш ўйи пайдо бўлганди. Лекин мен яхши инсонларни учратдим. Суғд вилояти ОИТСга қарши кураш марказида ишлаётган кишилар менга бошқалардан ўч олиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини, қайтага бутун дунёнинг бошоғриғига айланган бу муаммога қарши биргаликда курашиш зарурлигини тушунтиришди.
* * *
Оилам, ота-онам, ака-сингилларим менинг ВИЧ юқтирганлигимни билишгач, уйимизни сотиб, бир ўзимни ташлаб, кўчиб кетишди. Уларга нисбатан ҳеч қандай адоватим йўқ. Балки улар ВИЧ-ОИТС борасида мен билганимча маълумотларни билишмас. Балки шунинг учун мени ташлаб кетишгандир. Мен ҳозир Суғд вилоятидаги “Дина” ижтимоий ташкилоти уйида яшаяпман. Бу ташкилот гиёҳвандларни даволаш учун тузилган. Шунингдек, улар турмадан озод бўлган кишиларга ёрдам бериш билан ҳам шуғулланишади. Ҳужжатларини тиклашга ёрдам беришади. Яна ВИЧ юқтириш ҳолларини олдини олиш, бу хатарни камайтириш билан ҳам шуғулланишади. Игна орқали гиёҳванд модда қабул қилувчиларга игналардан фойдаланиш борасида тушунтириш ишлари олиб боришади. Шаҳвоний тижорат билан шуғулланадиганларга эса, жинсий яқинлик пайтида ВИЧ юқтирмасликнинг олдини олиш учун зарур воситаларни тарқатишади. Чунки бу йўл билан ВИЧ юқтириш ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Одамларнинг ВИЧ вирусига бўлган муносабатлари уларнинг бу хасталикдан қанчалик хабардор эканликларига қараб ўзгаради… Бу ҳақда етарли маълумотлари бўлмаган одамлар менга ўхшаганларни нимага чалинганликларини очиқ айтишга эмас, аксинча, яшириб юришга мажбур этишади. Агар ВИЧга чалинган одам нима юқтирганини яшириб юрса, ким биландир жинсий алоқа қилса, кимлар билан биргаликда битта игнадан фойдаланса, турли ножўя ишларни қилса, у билан бошқа одамларни ВИЧ юқтириш хатари остига қўяди. Ана шу амали билан бутун дунё бу хасталикка қарши кураш олиб бораётган бир пайтда ОИТСдан ўзини четга оладиган, камситадиган одамлар ВИЧнинг тарқалмаслиги учун курашаётганлар йўлига билиб-билмай тўғаноқ бўлишади.
* * *
ВИЧ вируси тез тарқалаётганининг асосий сабаби одамларнинг бу борада оз маълумотга эга эканликларидадир. Кўпчилик таҳлил этиш учун қон топширишдан чўчишади. Шу боис бу инфекцияни юқтирган-юқтирмаганликларидан хабарсиз юраверишади. Одамлар ВИЧга чалинганликларини билмаган ҳолда жинсий алоқа қилишади, гуруҳ-гуруҳ бўлиб игна санчиш орқали гиёҳванд модда қабул қилишади. Ана шунда бошқаларга ВИЧ юқтирилади. Мен Россияга ишга борган, у ерда ўзини асраш ҳақида ўйламасдан пала-партиш жинсий алоқа қилаверган ва ВИЧ вируси юқтирган одамни биламан. У Тожикистонга, уйига қайтиб келиб, хотинига ВИЧ юқтиради. Лекин бу унинг хотини боласини туғиш учун туғруқхонага ётганидагина маълум бўлади. Инсон бошқаларга ВИЧни юқтирмаслиги керак. Бу унинг виждонига боғлиқ. Мен унинг устидан ҳукм чиқара олмайман. Унга нисбатан Худо ҳукм чиқаради. Хотинига ВИЧ юқтиргани учун вақти келиб уни виждони қаттиқ қийнайди деб ўйлайман. У хотиржам яшай олмайди, юрагини мудом оғир бир тош босиб ётади. ВИЧ вирусини юқтириш хатари игна санчувчи гиёҳвандлар, шаҳвоний тижорат билан шуғулланадиганларда кучли. Шунингдек, турмаларда ВИЧ юқтириш хавфи ҳам мавжуд. Мен ўзим у ерда бўлганман ва бу ҳақда биламан.
* * *
Тожикистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, ВИЧга чалинган кишиларга ҳеч қандай бир ғаразсиз муносабатда бўлиш зарур. Яъни ВИЧ юқтирган кишига нисбатан ҳеч қандай бир камситишга йўл қўймаслик керак. Тўғри, бошқа одамларга ВИЧ юқтириш хавфи мавжуд бўлган айрим касблар бор бўлиб, уларда ВИЧга чалинганлар ишлашлари мумкин эмас. Масалан, жарроҳни олайлик. У жарроҳлик амалиёти ўтказаётганда, бирон ерини кесиб олди дейлик, унинг қони мижоз қони билан қўшилса, ВИЧга чалинган бу жарроҳ соғлом мижозга ҳам уни юқтириши мумкин-да. Мен шу каби айрим касбларда бошқалар ҳаётини хатарга қўймаслик учун ВИЧга чалинганлар ишламасликлари зарур деб ўйлайман. Лекин бизнинг жамиятимизда буни яхши тушунишмайди. Айрим ерларда ВИЧ вируси борасида таҳлил учун қон топширишга кўрсатма беришади. Бу қонунга хилофдир. Бу иш ҳар бир кишининг ўз ихтиёри билан амалга оширилиши зарур. Мен бир воқеани биламан. Бу Суғд вилоятининг Қайроққум шаҳрида юз берган. Милиция мулозими ВИЧ вируси юқтирган. Уни ишдан бўшатиб юборишди. Атрофдагиларга хавф туғдирмаса, унинг қони бошқа қонлар билан қўшилмаса, қандай қилиб милиция мулозимини ишдан бўшатиш мумкин? Мен буни камситиш дея ҳисоблайман. ВИЧга чалингани ҳақида билиб қолишса, уни ҳар хил важлар билан ишдан бўшатишади. Бу ҳол юз берганда қонунга мувофиқ бу киши маҳкамага мурожаат этиши мумкин. Лекин маҳкама жараёнида у ўзининг ВИЧга чалингани ҳақида ошкор этиши керак бўлади. Буни унча-мунча одам истамайди. Бу ҳам қонунчиликка мувофиқ келмаслиги билан изоҳланади. ВИЧга чалинганлар ҳеч қандай камситишга учрамасликлари учун қонунчиликни зарур меъёрга келтириш масаласи билан ҳукуматимиз шуғулланиши зарур.
* * *
Келажакда Худонинг кўмаги билан инсоният бу хасталикка қарши дори-дармон топиши мумкин. Мен бундай дори топилишига умид қиламан. Мен унча-мунча адабиётларни ўқиганман. Улардан биридан Иккинчи Жаҳон уруши йилларида қўлланилган бир тажриба ҳақида хабар топганман. Ўшанда жамлоқларда маҳбуслар танасига қандайдир бир дори юборишган. Шунда маҳбусларнинг жисми ёшарган. Агар мен бу моддани топа олсам, ўзимда тажриба ўтказиб кўраман. Мен танамга игна санчиб, ўша дорини юбораман. Ундан кейин бир неча марта таҳлил учун қон топшираман. Агар қоним яхшилана борса, мен бу тажрибани давом эттираман. Балки бирон нарса амалга ошар… Мен сўзимнинг охирида ВИЧга чалинганлар билан эмас, балки ВИЧ инфекцияси билан курашиш зарур деб айтмоқчиман. Чунки Умуминсон декларациясига мувофиқ, ВИЧга чалинганлар ҳам бошқа ҳар бир инсон эга бўлган ҳуқуққа эгадирлар. Инсон кимнингдир ҳуқуқини камситса, у бошқа одамларни ранжитиб қўяди. Лекин инсонлар бир-бирларини хафа қилмасликлари зарур, чунки барча динларга мувофиқ, одамлар бир-бирларига ака-ука, опа-сингиллардир.
Давоми бор
BBCUzbek.com




