Оқланмаган ишонч қиссаси (1-21)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)

Исмат Хушев, Канада

«Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари”

(ёки Ислом Каримов билан биринчи учрашув).

(21 боб).

Мен Тошкентда журналист сифатида ўз ўрнимни топдим. Исмат Хушев номини кўплар танийдиган бўлди. Нисбатан қиска фурсатда кўпчилик ҳавас қиладиган обрў-эътиборга эришдим. Агар 1987- йилнинг бошларида пойтахтга келиб «Саодат» журналига ишга жойлашган бўлсам, у ерда фақат уч-тўрт ой ишладим, холос. Кейин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да асосий фаолиятимни бошладим. Бу газета мени эл-юртга танитди. То 1989 йилнинг охирларигача маколаларим мунтазам босилиб турди. Демак, икки йил ичида яхшигина обрў қозондим. Ҳозир ҳам ўша машҳурлик соясида юрибман десам хато бўлмайди.

Матбуотнинг жамиятда тутган ўрни нақадар юксак эканини шу нарсадан ҳам билса бўладики, газета саҳифаларида халқ дардини кўтариб чиққан журналистлар салкам «халқ қаҳрамонлари»га айланиб кетишарди. Эл-юртга танилишнинг яккаю ягона воситаси – бу матбуот эди, телевидение эди. Мен демократия сари бораётган газеталарни назарда тутяпман. Ваҳоланки, ўша пайтларда ҳам мафкуравий сафсаталарга маҳкам ёпишиб олган, халқ манфаатини назар-писанд қилмайдиган реакцион йўналишдаги матбуот органлари ҳам бор эди. Асосан рус тилида чоп этиладиган аксар газета ва журналлар ҳануз Москванинг империячилик сиёсатини тарғиб килиш билан овора эди.

Лекин жамиятда бир-бирига қарама-қарши бўлган икки тўлқин курашаётган ўша замонда матбуотга нақадар катта эркинликлар бериб қўйилганини, мана, орадан ўн-ўн беш йил ўтгандан кейин яққол кўриб ҳис қиляпмиз. Бугунги мустақиллик матбуоти билан у пайтлардаги матбуот ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини ҳамма билади…

Жамиятда ошкоралик, демократия тамойилларининг қарор топишида Марказий телевидениенинг «Взгляд» кўрсатуви ниҳоятда катта рол ўйнаганди. Ўша кўрсатувнинг муаллифлари Влад Листьев, Саша Любимов, Александр Политковскийлар худди Голливуднинг кино юлдузлари каби машҳур эдилар. Ўзбекистонда эса Шуҳрат Қосимовнинг «Инсон ва қонун» ҳамда Дадахон Ёқубовнинг «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» «Взгляд» даражасида бўлмаса-да, лекин халқимиз яхши кўрадиган биринчи рақамли кўрсатувлар эди.

Ўзбекистонда ҳам миллий матбуот билан телевидение ўртасида ўзига хос рақобат пайдо бўла бошлади. Бу яхши маънодаги ижодий рақобат эди. Соврин гоҳ телевидениега, гоҳ матбуотга ўтиб турарди. Лекин Дадахон Ёқубовнинг кўрсатуви кўпинча ғолиб келарди. Уни кўрмаган одам қолмасди, оила аъзолари жам бўлишиб томоша қилишарди.

«Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувини, биласизми, нима билан қиёслаш мумкин?
Болалик пайтимизда бизнинг Китобда одамлар янги ҳинд киноларини кўрган пайтларида жинни бўлиб қолишарди (кейин билсам, бутун Ўзбекистон эс-ҳушини йўқотиб қўяр экан!). Мен мактабнинг бошланғич синфларида ўқиб юрган кезларим кинотеатрга оила аъзоларимиз билан биргаликда бориб, янги чиққан ўзбекча ҳинд киносини томоша қилардик-да, сўнг уйга ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қайтардик. «Сангам», «Жаноб 420», «Чангда қолган гул», «Зита ва Гита», «Бобби», «Ганга ва Жанга» ва бошқа киноларни кўрганимиздан кейин бир ҳафтагача ўзимизга келолмай юрардик. Мен кино санъатининг қудратини ўшанда сезганман. Кўча-кўйда ҳам, ишхонаю мактабларда ҳам фақат янги чиққан ҳинд киноси тўғрисида баҳс-мунозаралар бўларди. Одамлар уйдирма воқеаларни эмас, гўё куни кеча қишлоқда рўй берган ҳаётий ҳодисаларни муҳокама қилишаётгандай баҳс-мунозарага киришарди.

Хидир Деряев романи асосида тайёрланган «Қисмат», Ёқубжон Шукуровнинг «Қасос» номли кўп серияли телеспектакллари, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” пъесаси ҳам одамлар томонидан худди бўлган воқеадек кутиб олинарди. Кейин «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатуви ( гарчанд аксар томошобинлар уни яхши қабул қилишган бўлса-да) ўзининг чучмал мавзулари билан узоқ йиллар давомида одамларни чалғитиш ва овутиш билан машғул бўлди.

Аслида, кўпчилик одамлар «йиғлоқи», «кўпик», «турмуш икир-чикирлари»дан иборат томоша-ю, мелодрамаларга ўч бўлишар экан. Ғарбда ҳам, Америкада ҳам оломонга мўлжалланган ва чексиз давом этадиган сериаллар мунтазам бериб борилишини биз кейинчилик билдик.

Лекин «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» бизнинг ҳаётимизга янги нафас олиб кирди. Бутун оила аъзолари жам бўлиб Дадахон Ёқубовнинг кўрсатувларини томоша қиладиган, сўнг кизғин муҳокама этадиган бўлдик. Бу кўрсатув муаллифга жуда катта обрў келтирди. Кейинчалик у ҳар битта вилоят тўгрисида махсус кўрсатув тайёрлай бошлади.

Мен Дадахон Ёқубов билан Арманистондаги зилзила сафари пайтида яқиндан танишган эдим. Телевидениедан машҳур оператор Рафаэл Камолов, Бобур Алихонов ва Дадахон акадан иборат ижодий гуруҳ Арманистонга борганди. Биласиз бу ҳақда «Адабиёт ва санъат» газетасида «Арман жароҳатлари» номли сафар таассуротларимни эълон қилган эдим. Назаримда, бизнинг жиддий мулоқот ўша сафар давомида рўй беради. Шундан кейин биз Дадахон ака билан қадрдон бўлиб қолгандик. Қайтиб келганимиздан сўнг мен Дадахон Ёқубов билан суҳбат қилгандим. «Ёш ленинчи» газетасининг 1988- йил 7- май кунги сонида ўша суҳбатимиз ҳар иккаламизнинг ҳам суъратимиз билан бирга чоп этилганди.

Мен нима учун «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатуви тўғрисида махсус тўхталяпман? Агар «Адабиёт» газетасида бир ярим-икки йил ишлаган бўлсам, умрим асосан ноҳақликлардан, адолатсизликлардан одамларни ҳимоя қилиш билан ўтди; битта мақола ёзиш учун баъзан бир ой давомида фактларни ўрганардим, ижодий сафарларда бўлардим. Ҳақиқатни аниқлаш жараёни мухбирдан зийракликни, ҳалолликни талаб этади. Эсингизда бўлса, Қаҳҳор домла: «Агар ёзувчининг аxлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошка ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир… Шижоатсиз ҳалолликнинг ўзи ўлик сармоядир», деган эди. Тажрибасиз бўлсам-да, аммо ҳалоллик билан шижоат менинг қонимда бор эди, бу хислатлар менга отамерос эди. Туғма хислатларим ҳар бир мақоламни нурлантириб турарди.

Хуллас, жўшқин ижодий фаолият билан дўппини бир айлантиргунча икки йил ҳам ўтиб кетибди. Билмай қолибманки, Москвада бошланган қайта қуриш ва демократия шабадалари Тошкентга ҳам етиб келган экан. Бизда ҳам дастлаб Ёзувчилар уюшмаси даргоҳи теварагида норасмий ташкилотлар пайдо бўлади, бу ташкилотлар турли-туман долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқади. Масалан, Бўстонлиқдаги атроф-муҳитга зарар етказадиган Иттифоқ миқёсидаги кимёвий, радиоактив комбинат қурилишига қарши оммавий норозилик чиқишларини уюштирадилар; Орол денгизини қутқариш бўйича жамоатчилик комиссияси тузилади; ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашилади ва лотин алифбосини қайтадан жорий этишни (баъзилар араб имлосига қайтишни исташарди) талаб этадилар.

Биз бўлсак, ўқувчилардан келаётган хатларга маҳлиё бўлиб, «зўр одам эканман-ку!» деб юраверибмиз. Жамиятда демократик ўзгаришлар содир бўлаётганини сезмай қолибмиз. Мен нима учун жамиятдаги ўзгаришларни «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувига боғламоқчиман? Нега деганда у вилоятларда рўй берган ижтимоий адолатсизликларга Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ҳам айбдор эканини мардона туриб фош этиб ташларди.

Масалан, Дадахон ака ўзининг бир кўрсатувида Наманган вилояти партия қўмитасида 1980-82 йилларда Маъмурий бўлимда хизмат килган Даврон Раҳмонов тўғрисида ҳикоя қилиб беради. Бу одам Аҳмаджон Одилов бошқарадиган агросаноат фаолиятини тафтиш қилиш жараёнида қонунчилик қўпол равишда бузилганини аниқлайди. Бироқ, у пайтларда республикада «иккинчи шахс» деб ном чиқарган А.Одилов ҳақиқатпараст «ревизор»ни янчиб ташлайди. Яъни, Ўзкомпартия Марказқўмнинг Бюро йиғилишида Даврон Раҳмонов «шонли» компартия сафидан ўчирилади! У замонларда партиядан ўчирилган одам албатта қамаларди. Шундай ҳам бўлади…

Орадан беш-олти йил ўтгач, «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатуви ўша машъум ҳодиса тўғрисида ўз қарашларини баён этади. СССР Прокуратурасининг кўрсатмасига асосан Д.Раxмонов иши қайта кўрилиб, унга партия билети қайтарилгани ва бошқа ишга тикланганини илк маротаба халққа ошкор этади.

Мен Аҳмаджон Одилов ҳақида дастлаб Одил Ёқубовнинг дилбар очеркларидан ўқиб билган эдим. Кейин Марказий матбуот ҳам бу одам ҳақида кўп ёзди. Хусусан, “Огонёк” журналининг биринчи саҳифасида Аҳмаджон Одиловнинг рангли суърати билан бирга эълон қилинган туркум мақолалар у кишини иттифоқда ҳам хийла машҳур қилиб қўйди. Ўшанда “Огонёк”нинг Бош муҳаррири Анатолий Сафронов эди, назаримда.

Сўнг кўп ўтмай Телъман Гдлян бошчилигидаги СССР тергов гуруҳи Ўзбекистонга келгач, Аxмаджон Одилов ҳам бошқалар қатори ҳибсга олинади. Энди Марказ матбуоти бу одам ҳақида бошқача ёза бошлади. Мен “Литературная газета” да эълон қилинган – “Зона молчания”, яъни – “Жимлик сарҳадлари” номли суд очеркини ўқиб даҳшатга тушгандим. Кейин бунақа очерк ва мақолалар бошқа газета ва журналларда ҳам кўп чиқди. Табиийки, мен журналист сифатида бу одамнинг шахси ва фаолияти билан қизиқиб қолдим. Биласиз, “Ёш гвардия”ни ўқиб – Краснодонга, “Тинч Дон”ни ўқиб – Дон қирғоқларидаги Вёшенская станицасига борган йигитман.

Ўша пайтларда Самарқанд вилоят прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси бўлиб ишлаётган Исматилла Йўлдошев ҳам Т.Гдлян раҳбарлигидаги СССР тергов гуруҳи таркибига киритилган эди. Биз гоҳида шеърлар ёзишни машқ қилиб юрадиган бу шоиртабиат йигит билан яхшигина дўст эдик. Бир куни у мени Ғурумсаройга таклиф қилди. Ғурумсарой – Попга кираверишдаги чексиз чўл қўйнида ястаниб ётган беҳудуд ўлка. Аxмаджон Одилов раҳбарлик қилган ва бутун дунёга шов-шув бўлган мажмуа (комплекс) ҳам шу ерда жойлашган. У – йигирмага яқин йирик ва қудратли хўжалик ҳамда корхоналарни ўзида жамлаган улкан агросаноат бирлашмаси экан.

Мен Ғурумсаройда Аҳмаджон Одиловнинг гул ва райҳон иси уфуриб турган анвойи боғ ўртасидаги кўркам саҳнада жойлашган шинамгина кабинетини бориб кўрдим. Газета ва жўрналларда кўп ёзилган, кўп ўқиганим – кабинетдан кимсасиз қир-адирларга олиб чиқадиган яширин ер ости йўлига тушиб, уни томошо қилдим. Поезд вагонлари юриши учун релъслар ўрнатилган, метро станциялари каби кенг ва ёруғ бу яширин ер ости йўллари билан бирга, одамлар учун қурилган замонавий коттежлар, обод посёлкалар, фаровон шаҳарчаларни ҳам кўрдим…

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Бўгзимга тиқилган ҳаяжонимни,
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни,

-деб ёзганида истеъдодли шоир Муҳаммаджон Раҳмонов нечоғлик ҳақ бўлганига мен илк маротаба Ғурумсаройда иймон келтирган эдим…

Москва газеталарининг ёзишича, Аҳмаджон Одилов қамалганидан бўён ғурумсаройликлар байрам кайфиятида экан. Лекин биз Попда бўлганимизда бунинг аксини кўрдик. Халқ унинг қамалишини ўз шахсий фожеасидек қабул қилган эди…

Кейин, орадан йиллар ўтиб, республика раҳбарлигига келган Ислом Каримов, мустақил давлат бўлганимиз боис, “пахта иши” бўйича қамалган бир гуруҳ “собиқ” раҳбарлар – Усмонхўжаев, Худойбердиев, Салимов, Мусахоновлар қаторида Аҳмаджон Одиловни ҳам Россия раҳбарияти розилиги билан Ўзбекистонга қайтариб, озодликка чиқаради. (Марказқўмнинг собиқ идеология котибаси Раъно Абдуллаева ҳам ўзбек Президентининг айнан шу сайъи-ҳаракати натижасида Москвадаёқ ҳибсдан бўшатилиб, Тошкентга самолётда учиб келган эди).

Биз “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” ҳақида гапираётган эдик. Шу ўринда матбуот билан телевидениенинг имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Дадахон Ёқубов ўз кўрсатувида намойиш этадиган аксарият мавзулар бир пайтлар бизнинг газетамизда ҳам ёритилган бўларди. Лекин газета мухбирига караганда Д.Ёкубов кўпроқ халқимизнинг олқишига сазовор бўларди. Негаки, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси салкам бир миллион нусхада чоп этилса-да, аммо телекўрсатувларни энг камида ўн, ўн беш миллион (Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ўзбеклари ҳам мунтазам равишда Тошкент телевидениясини кўриб борарди) нафар халқ кўрарди. Яъни, телекўрсатув мухлислари бизнинг газетхонларимизга нисбатан ўн беш баробар кўпроқ эди. Телевидения бу пайтда халқ орасида жуда оммалашган бўлиб, бунинг устига қудратли ташвиқот ва тарғибот қуроли эди. Шу боис ҳам Дадахон акани том маънодаги миллий қаҳрамонга айланиб кетганди десак, менимча, муболаға бўлмас.

Биз Дадахон ака билан Арманистон сафарида қадрдон бўлиб қолганимиз учунми: «Исматжон, Қашқадарё вилоятига бағишланган кўрсатувни тайёрлашга киришсам, албатта, сизни ҳам олиб кетаман», деб олдиндан айтиб қўйган эди. Сабаби – бирор вилоятга кўрсатув тайёрлаш учун Дадахон ака энг камида икки ҳафталик ижодий сафарга борарди ва албатта ўша вилоятда танилиб қолган ижодкорлар билан бамаслаҳат иш кўрарди.

Ниxоят, Қашқадарё вилоятига ҳам навбат келади. Биз – Дадахон Ёқубов раҳбарлигида, операторлар Исмоил Ҳайдаров, Рафаэл Камолов, режиссёр Мели Маҳкамов – сафарга жўнаймиз. Ҳозир ҳам худди кечагидек ёдимда: дастлаб, биз Китобга борган эдик.

Одатда, Қашкадарё дейилса, одамларнинг кўз ўнгида беадад дашту саҳролар гавдаланади. Чироқчи, Қамаши туманлари ҳақиқатан ҳам чўлу биёбонлардан иборат. Шоир айтмокчи:

Кун кеча Нишонда ёвшан оралаб,
Нортуя қувганлар айтсинлар аён.
Қашқадарё дея сўзга очсанг лаб,
Тап-тақир саҳрони англарди жаҳон…

Лекин Қашқадарё воҳаси ям-яшил боғ-роғлар маскани Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан бошланади. Самарқанд тугаб, Ҳисор тоғлари аро Ургут ва Тахтақарача довонидан ўтилгандан сўнг, қаршингизда ям-яшил водий ястаниб ётади. Сиз Қашкадарёга келдим деб ўйламайсиз. Чунки Китоб худди Швеция ва ё Швейцарияга ўхшайди. Назаримда, менинг она юртим мадҳини ҳали ҳеч ким Абдулла Ориповчалик меёрига етказиб куйлолмаган:

Ҳисор тоғларининг нақ этагида,
Макон бор хушҳаво, сарбаланд, юксак.
Ажиб бир осмон бу, осмон тагида,
Юлдузлар қўл чўзсанг, шундоқ етгудак.
Она табиатнинг хуш санъати бу,
Инсон ва юлдузлар салтанати бу.
Атрофда водийлар товланар ҳал-ҳал,
Минг йиллик чинорлар кўкка боққан тек.

Бу ерда, во ажаб, юз йиллар аввал,
Дунёга келибди султон Улуғбек.
Ажиб тасодиф ё шаҳри Ҳумой бу,
Ҳойнаxой, даҳоси туганмас жой бу!
Бу ердан ўтибди ернинг белбоғи,
Беқасам тўн демак бу рангин диёр.
Фалакда юлдузлар чақнаган чоғи,
Нишондор ўзбекнинг суврати тайёр.
Улуғбек номида зўр кошона бу,
Дунёда бешдан бир расадхона бу.
Қўлингда тап-тайёр ҳадди-ҳисоб бу,
Ҳадди-ҳисоб берган – шаҳри Китоб бу!

Қисқаси, Китобга бориб «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувининг илк саҳифалари Жовуз деган тоғли қишлоқда суратга олинади. Чунки ўша пайтларда ҳукуматимиз бу сўлим қишлоқни ёппасига кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Қишлоқ аҳли эса ҳукумат қароридан норози бўлиб, ҳеч ким ўзининг сўлим ва оромбахш масканини тарк этишни истамасди.

Ажабки, «десантчилар» юртимизга бостириб келгандан сўнг кўчириш масаласи яна қўзғалди. Худди аввалгидек, яна халқ бир тараф, ҳукумат бошқа тараф бўлиб қолди. Тарафкашлик ҳамон давом этаётир. Жовуз – чигал муаммо…

Бутун Қашқадарё халқи «Жовузни кўчиришадими, кўчира олишмайдими?» деган жумбоқ устида бош қотираётган пайтда биз ўша қишлоққа ташриф буюрган эдик. Оқсоқоллардан, хотин-қизлардан, болалардан, фаоллардан интервьюлар олинади. Қишлоқнинг бетакрор манзаралари, зилол сувлари суратга туширилади. Қишлоқ аҳли ҳукумат номига ёзган шикоятларининг бир нусхасини бизга топширади. Биз ўз навбатида Дадахон аканинг кўрсатуви воситасида қишлоқ аҳлининг арз-додини қайсидир маънода ҳукумат раҳбарларига етказган эдик. «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» шу қадар қудратли эдики, ўша кўрсатувдан сўнг Жовуз қишлоғи кўчирилмайди – қишлоқ аҳолисининг талаблари қондирилади.

Жовуздан сўнг вилоят марказига – Қаршига йўл олдик.

Нормўмин Туроповнинг ўрнига областга янги раҳбар – Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё обкомининг биринчи котиби бўлиб келган эди. Дадахон Ёқубов билан тўппа-тўғри вилоят партия қўмитасига бордик. У кишининг одати шунақа экан: қаерга борсалар, албатта, маҳаллий раҳбарлар билан учрашиб, уларни ўз режасидан бохабар этиб, жўяли таклифлар чиқиб қолса, уни ҳам ҳисобга олиб қўяркан.

Афсуски, вилоят партия қўмитаси идорасида Ислом Каримов йўқ экан. Навбатчиларнинг айтишича, «вилоятдаги ҳамма раҳбарларни тўплаб, Нишон туманида кўчма семинар ўтказаётган» эканлар. Кўпинча вилоят миқёсидаги анжуманлар албатта обкомнинг мажлислар залида ўтарди, лекин Ислом Абдуғаниевич бундай йиғилиш кўпроқ амалий аҳамиятга эга бўлишини кўзлаб семинарни Нишон туманида ўтказишга қарор қилган эканлар. Обкомдагилар бизни Нишонга жўнатишди. Операторлар меҳмонхонада қолдирилди. Биз Дадахон ака билан ўзимизнинг «маршрутка»га ўтириб Нишонга кетдик.

Нишон туманидаги бир дала шийпонида кўрганим манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди: соя-салқин очиқ майдонда беш юз чоғли одам стулларда ўтиришарди. Ўшанда биринчи марта бир жойга тўпланган бунчалик катта миқдордаги раҳбарларни кўрганман: ҳаммасининг бошида шляпа, кун иссиқ бўлишига қарамасдан кўпчилиги костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олганди: Ҳаммаси ҳақиқий раис, ҳақиқий раҳбар эди! Ислом ака галстуксиз, оқ финка кўйлакда йиғилишни бошқарардилар.

Биз бир четга бориб ўтирдик. Дадахон акани кўпчилик таниди. Раҳбарлар орасида шивир-шивир бошланди ва ҳамма зимдан Дадахон Ёқубовни кузатиб ўтирди. Лекин менга ҳеч ким эътибор бергани йўқ. Орадан хийла вакт ўтгач, танаффус эълон қилинди. Бу орада бизни ҳам дастурхонга таклиф қилдилар. Худди тўйдагидек ош тортилди. Уч-тўрт киши бўлиб бир даврада ўтирдик.

Райкомнинг биринчи котиблари, Ислом ака бошчилигидаги вилоятнинг барча раҳбарлари алоҳида жойда ўтиришар экан. Янглишмасам, Қашкадарёда ўн учта туман, демак ўн учта райкомнинг биринчи котиби бор эди. Раисларга алоҳида жой килинганди. Хуллас, Ислом ака ҳам тамадди қилгани кириб кетадилар. Тўрга ўтирганларидан сўнг мухбирлар қаерда деб дараклайдилар ва дарҳол буёққа чақиринглар, дейдилар. Бир пайт Нишон район партия қўмитасининг биринчи котиби Тошпўлат Соатов ташқарига шошилиб чиқиб келди: «Сизларни Ислом Абдуғаниевич сўраяптилар», деди.

Кейинчалик Т.Соатов вилоят ижроия қўмитасининг раиси бўлди, ҳозир ҳам вилоят ҳокимлиги тизимида масъул вазифада ишлаётган бўлса керак. Биз Ислом ака ўтирган хонага кирдик. У ерда йигирмага яқин одам бор эди. Дастурхон шоxона безатилганди.

Шу ўринда Ислом Абдуганиевичга хос бўлган бир хислат тўғрисида айтиб ўтишим керак (бу менинг шахсий кузатишим). Бошка раҳбар бўлса: «Бўпти, мухбирларга ҳам овқат беринглар, қоринларини тўйдириб қўйинглар, тушдан кейин гаплашамиз», дейиши мумкин эди. Лекин Ислом ака айнан шу туманнинг раҳбарини, яъни мезбонни ташқарига чиқариб борибди: «Тезда буёққа таклиф қилинг!» дебдилар. Ислом Абдуғаниевич матбуотга, матбуот вакилларига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам у киши мухбирларни зиёфатга таклиф этган эдилар.

Биз хонага кириб бордик. У кишининг бир одати бор – кишининг кўзига тик ва синчковлик билан қарайдилар. Одамнинг кўзларидан ҳамсуҳбатининг ниятини англаб оладилар.

Бизга ҳам тикилиб-тикилиб қарадилар-да, Дадахон акадан кўзларини узмай:
-Сизни танийман, – дедилар. -Хуш келибсиз!
-Бу йигит ҳам журналист, ҳамкорлик қиляпмиз, – деди Дадахон ака мени таништириб.
-Лекин мен сизни танимадим, – деди Ислом Абдуғаниевич менга қараб. – Қани, марҳамат, ўтиринглар! – деб бизни райком котибларининг рўпарасига ўтқазиб қўйдилар. Бу менинг амалдорлар билан суришиб юрган курашчан ҳаётимда раҳбарлар билан тўкин сочин дастурхон атрофида меҳмон бўлиб биринчи ўтиришим эди…
-Ислом ака, телевидение мени анча машҳур қилиб қўйган, – деб ҳазиллашди Дадахон ака.
-Бўпти, иш тўғрисида кейин гаплашамиз. Марҳамат, дастурхонга қаранглар, – деб пиёлаларни тўлдириб ароқ қуйиб бизга узатдилар.

Чамаси, ўн минут давомида икки-учта райкомнинг биринчи котибларига сўз бердилар. Эзмалик қилаётган нотиқларнинг сўзларини бўлиб: «Қани, овқат совумасин, олинглар!» деб даврани бошқарар, ўзлари ҳам пиёладаги ичимликдан оз-оз нўш этиб ўтирдилар.

Ярим соатча тамадди қилингач, Ислом Абдуғаниевич биз билан гаплашгани ташкарига чиқдилар. Биз ҳам ўрнимиздан ирғиб турдик. Шуни айтиш керакки, ҳали тамадди қилишга улгурмаган райком котиблари ҳам ўринларидан туриб кетдилар. Вилоят раҳбаридан кейин ҳеч ким дастурхон устида қолмас экан. Орадан хийла фурсат ўтиб бир-иккита котиблар қолган овқатларини тамадди қилишга кириб чиқишди, лекин кўпчилик ичкарига киришга ботинмади. Маълум бўлишича, ҳали семинар тугамаган экан.

Дадахон ака қиска қилиб нима мақсадда Қашқадарёга келганини тушунтирди. Назаримда, Ислом ака Ғузордан, Қарши шаҳридан, Қарши туманидан икки-уч нафар оддий одамларнинг номларини айтиб, ўшалар билан суҳбат қилишни тавсия этди. Сўнг ўша туманларнинг раҳбарларига: «Йигитларга ёрдам беринглар!» деб тайинлагач, бизга омад тилаб хайр-хўшлашди.

Биз Ислом Абдуғаниевич билан ярим соатча бирга бўлдик, холос. Мен Ислом ака билан гаплашганим йўк, факат Дадахон ака гаплашдилар. Ўшанда мен Ислом Каримов билан биринчи марта учрашгандим. Бу 1988- йилнинг ёз ойларида содир бўлган эди.

Кези келганда яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, Ислом ака Қашқадарёда яхши ном қолдирган. У кишининг бир одати бор эдики, туманларга, чекка қишлоқларга олдиндан айтиб қўйиб, кейин бормасди. Ислом ака кутилмаганда ўзи лозим топган жойга бориб, ғўза қатор ораларига ишлов бераётган деҳқонлар, оддий одамлар билан гаплашарди. Боз устига, одамларни шийпонга ёки пайкал бошига чақиртирмасдан, ўзлари эгат оралаб колхозчиларнинг олдига бораверардилар. Биласиз, кўпинча ғўзаларни шира босиб кетарди: бир марта эгат оралаган одамнинг уст-боши қоп-қорайиб, дабдаласи чиқиб кетади. Лекин Ислом ака оддий одамларнинг кўнглидаги гапларни билиш учун оҳори тўкилмаган уст-бошларини аяб ўтирмасди.

У пайтларда, айниқса, пахта мавсуми давриларида этик кийиб юрардилар. Ўша пайтларда тушган суратларини кўрсангиз биласиз, этик ҳам у кишига ярашар эди. Кейин юзларига, кўзларига чанг ўтириб қолган ҳолатда шийпонларга бориб, колхозчилар даврасида тушлик қилганини ҳозиргача одамлар эслаб юришади. Ислом акага хос бўлган самимият одамларнинг меҳрини қозонади.

Тўғрисини айтиш керак, Ислом Каримов билан биринчи учрашув, у кишининг галстуксиз оқ финка кўйлакдаги табиий ҳолати, меҳмондўстлиги, дангаллиги ва ўта самимийлиги менда яхши таассурот қолдирди. Эҳтимол, кейинчалик у кишига меҳр қўйишда ва командасига ўтиб ишлашда ҳам мана шу биринчи учрашув қайсидир маънода яхши замин яратган бўлса ажаб эмас…

Хуллас, бўлажак йўлбошчи билан илк бора Нишонда учрашганман. Лекин кейинчалик яқиндан танишганимиздан сўнг Ислом ака ўша учрашувни эсламади ҳам, мен ҳам эслатмадим. Демак, Нишондаги учрашувдан кейин мен Ислом Абдуғаниевичнинг хотирасида қолмаганман.

-Ислом ака ажойиб инсон экан. Раҳбарлар орасида самимий кишилар кам бўлади, – деганди ўшанда Дадахон ака.

Биз Қашқадарёда ўз ишларимизни тугатиб, Тошкентга мамнун қайтдик.

БИРИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares