
Ўзбекистон давлат энергия компанияси – «Ўзбекнефтегаз» 2009 йилда Россиянинг «Газпром ширкатига 14 миллиард кубометр газ сотиш ниятида.
«Ўзбекнефтегаз» мулозими бу жорий йилдагига қараганда 1 миллиард кубометрга кўпроқ эканини айтган. Мулозим келаси йилдан бошлаб ўзбек гази келишилган нархда эмас, балки бозор нархида сотилишини айтган.
Ўзбекистон газ нархини кўтариш ниятида эканини аввал ҳам айтган, аммо ҳозиргача янги нархнинг қанча бўлиши номаълум. Қирғизистон расмийлари ўзбек томони келаси йил учун ҳар минг кубометр газга 300 доллар нарх белгилаш ниятида эканини айтган.
Хўш, Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа давлатларга газни бозор нархида сотиши нимани англатади? Би-би-си ушбу савол билан Россияда нашр этиладиган Russia Energy Weekly бош муҳаррири Михаил Крутихинга мурожаат қилди.
Михаил Крутихин: Ҳозирда Ўзбекистон ўз газини «Газпром»га узоқ муддатли келишув асосида сотаяпти. Бундай келишув «Газпром» билан Туркманистон ўртасида ҳам бор. Аммо келаси йилдан бошлаб, бозор нархларига ўтиш ҳақида келишилган. Бунинг қандай нархда бўлиши ҳозирча эълон қилингани йўқ. Бироқ Россия Оврўпога сотаётган газ нархи билан баробар бўлади, деб тахмин қилинаяпти. Фақат ундан транспорт харажатлари ва «Газпром» оладиган устама ҳақ чегириб ташланади. Аммо бу устама ҳақнинг қанча экани бизга қоронғу. Шунинг учун янги нарх ўзгарувчан бўлиши мумкин.
Би-би-си: Бу Россия Оврўпога ёки дейлик, Украинага сотадиган газ нархига қандай таъсир кўрсатади?
Михаил Крутихин: Бу ҳеч қанақасига таъсир қилмайди, чунки «Газпром» ҳозирда Украина ва Оврўпога сотаётган газнинг, миллий мансублиги йўқ. Бу Россиянинг гази. Украина Марказий Осиё газини Россия қувурлари орқали олади. Уни ўзбек гази ёки туркман гази, деб ажратишнинг имкони йўқ. Оврўпога сотилаетган газ ҳам шу.
Би-би-си: Яъни, «Газпром» ўзбек газини янги нархда сотиб олишга аллақачон рози бўлган, шундайми?
Михаил Крутихин: «Газпром» бунга рози бўлишга мажбур. Чунки Россияда газ танқислиги сезилаяпти. Марказий Осиё гази «Газпром» учун ҳаётий муҳим нарсага айланган. Аммо бу ерда Россия учун битта кўнгизлсизлик бўлиши мумкин, у ҳам бўлса Россия Ўзбекистон ва Туркманистондан ўзи умид қилаётган ҳажмдаги газни ололмаслиги мумкин. Ўзбекистон келаси йил газ экспорт қилишни 15 фоизга кўпайтиришни режалаган. Бироқ бу газ Россия эмас, балки Хитойга мўлжалланган бўлиши мумкин, деган хавотирлар бор. Биласиз, ҳозир Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга узанган газ қувури барпо этилаяпти. Бу газ қувури ҳозирда айнан «Газпром»га сотиб келинаётган ҳажмдаги газни сиғдиради. Менимча, Россия Марказий Осиёдан 50 миллиард кубометрдан ортиқ газни ололмайди ва минтақа давлатлари келажакда ўз газларини Хитойга йўналтиришади.
http://www.bbc.co.uk/



