Жавоб йўқ!


Ҳа ростдан ҳам жавоб йўқ. Нимага ва ниманинг жавоби йўқлигини билишни истасангиз қуйдаги содир этилган воқеага аҳамият қаратинг.

Америка Кўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчисининг сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича учинчи маслаҳатчиси жаноб Ричард Фицморис жорий йилнинг 2-октябрь куни Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари «Эзгулик» жамиятининг Сирдарё вилоят бўлимига ташриф буюрган эди.

Ушбу ташриф чоғида жаноб Ричарднинг илтимосига биноан унга кузатувчилик қилган жамият аъзоси Карим Бозорбоевни мехмонлар кетгач Сирдарё вилоят Ички Ишлари Бошқармасининг терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи, подполковник Муса Норматович Ражабов тайзиқ остига олган.

Карим Бозорбоев тайзиқ ва зўрлик исканжасига олиниб бирон-бир идорага олиб борилмаган ҳолда, ҳеч қандай расмий ҳужжатлар қайд этилмай уни автомашинага мажбуран ўтқазиб шахсониятига тегарли даражада хақоратланиб, хуқуқ ва эркинликлари поймол килишди.

Ушбу ҳолат содир этилганидан сўнг ўз хақ – хуқуқи бузилган, -деб ҳисоблаган “Эзгулик” жамияти аъзоси шу йилнинг 3-октябрь куни тегишли идораларга мурожаат килиб, шикоятига биноан Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг 1 – ўринбосари М.М.Тошматовга мактуб йўллади.

Шундан сўнг жорий йилнинг 8-ноябрь куни айнан М.М.Тошматовнинг имзоси билан К.Бозорбоев номига 14/ И-Б-8 – сонли жавоб хати келди ва ушбу хатда қуйдаги сўзлар битилган эди:
“Ўтказилган хизмат текшируви якунида вилоят ИИБ бўлим бошлиғи М.Ражабовнинг содир этган ҳатти – ҳаракатларини муҳокама этиш учун уни Сирдарё вилоят ИИБнинг катта офицерлар таркибидаги “Ахлоқ – одоб суди”да кўриб чиқилиши белгиланди ҳамда хизмат текшируви хулосаси нусхаси вилоят прокуратурасига юборилди”.

“Ўтказилган хизмат текширувининг якуний хулоса нусхаси талаб қилинганлиги учун Сирдарё вилоят прокуратурасига ва маълумот учун бошка бир қатор хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди”- деган мазмундаги жавоб юборилганинг ўзи шу нарсадан дарак бермоқдаки, кейинги жавоб “Сизнинг мурожаатларингиз ўз тасдиғини топмаганлиги учун тўхтатилди” -деган мазмунда бўлади.

Шундай жавоб келишига ҳеч бир шубҳа билан қарамасак ҳам бўлаверади. Сабаб Ўзбекистон Республикаси миқёсида содир этилган “Дилнура Қодиржонова” фожиасидай катта тўфонлар олдида Карим Бозорбоевнинг “иши” денгиздан бир қатра томчидир.

Бугунги кунда табиий бир ҳолга айланиб қолдики, оддий инсонлардан – террорист, ҳизбут таҳрир фаоли, акромий ясаган, қанчадан – қанча бегуноҳ инсонларни ёстиғини қуритиб, сохта айбловлар билан Қарши, Жаслиқ турмаларига жўнатган, ўзини ва ўзгаларни ҳуқуқини ҳимоя қилганинг учун аёлингни фоҳишага айлантираман, -деб таҳдид қилиб иш юритган куч ишлатар тизим ходимлари ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди. Уларни оқланиши учун ҳамиша қандайдир асослар топилади.

Жабрланганларнинг сўзларига қулоқ тутилса, бор хақиқат юзага чиқади, аммо ўша хақиқатни эшитадиганларнинг ўзи йўқ. Оддий халқ қўрқув ва зўрлик остида яшаши шарт. Бундай ҳолатлар айнан Мусса Ражабовларга ўхшаган ходимларга қўл келиб, шунинг орқасидан мавкейи кўтарилади, катта шахсий манфатдорлик кўриб, оддий фуқаро иш хақи билан етиша олмайдиган осмондаги орзу -ҳавасларга, улар шундай қингир йўллар билан бир пастда эга бўлади.

Яқин – яқингача “Гулистон” жоме масжиди имом хатиби бўлиб фаолият олиб борган М.Усмоновнинг ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатлар ва қинғир ишлар содир этганини ўз кўзи билан кўрган, шундай ҳолатларни гувоҳи бўлган ёш номозхон ҳожилар Сирдарё вилоят ИИБ бўлими ходими, подполковник Муса Ражабов томонидан шу даражада сикувга олиндики, бечоралар охири “ҳеч нарсани кўрганимиз йўқ” –деб қутулишдан бошқа иложлари қолмади.

Бечора оддий фуқаро айбсиз бўлса ҳам зўрлик ва тайзиқ ўтказиб, бошига сув тўлдирилган боклашкалар билан уриб, оёғининг бошмолдоғига михлар қоқиб қийноққа тутишлар, қилмаган айбини бўйнига қўйиш, аёлингни фоҳишага айлантираман, – деб таҳдид килиш ва иккинчи жаҳон уришида Гитлер томонидан ҳам содир этилмаган шундай қийноқлар қачонгача давом этади?

Наҳотки бизнинг тинчлигимизни ҳимоя қилувчи посбонларимиз, халқ ишонган намояндалар мустақил диёримизнинг порлаб турган буюк келажак куёшини тўсишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйиган бўлишса?

Оддий фуқаролар қалбидаги қўрқув ва ситамлар васвасаси йўқолиб, эртанги кунга умид билан боқиш вақти қачон келади?

Шундай ҳолатларга қачон чек куйилади?

Содир этилаётган ҳодисаларга ким ва қачон жавоб бера олади?

Шундай саволларга қайси ердан жавоб излаш керак?

Савол кетидан савол, аммо ҳеч бирига жавоб йўқ.

23 ноябрь 2008 йил.
«Чакан бургути»

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares