“Бирдамлик” ҳаркатининг Наманган вилоят бўлими раҳбари Зоҳиджон Зокиров

Юртимизда илк бора демокртатик қадрятлар илдиз отиб, озодлик шамоли эса бошлаган вақтларда мен 13 ёки 14 ёшдаги ўсмир эдим. Ўша вақтларда дадам менга илк бора ОЗОДЛИК ва ДЕМОКРАТИЯ ҳақида тушунтириш берган эди. Ўша дамлардан бошлаб мен Абдураҳим Пўлат, Мухаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов ва В.Иноятова каби кучли ва ҳавас қилса арзигулик фидоий шахслар борлигини билаган эдим ва уларнинг ижобий хислатларини ўзим учун ўрнак сифатида қабул қилар эдим.
Мен ўшанда ўзимни гўёки ҳамма нарсани биладиган ва ҳамма нарсага ақли етадиган инсондек ҳис этар эдим. Лекин вақт ўтиши билан мен янада кўпроқ нарсаларни идрок эта бошладим ва дунё қарашим ўзгара бошлади. 25-ёшимда мен илк бора инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғиллана бошладим. Мухаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов ва Жаҳонгир Маматов каби инсонлар борлигидан фахрланиш ҳисси мени сира ҳам тарк этмаган бўлсада лекин ушбу ҳиссиёт билан бирга менига ўзгача бир ҳиссиёт ўз қамровига ола бошлади.
Бу афсусланиш ва ранжиш ҳиссиёти эди. Ҳа, мен ҳозирги кунга қадар мухолифат орасида тарқоқлик борлигидан афсусланаман. Ранжийманки, улар ҳамиша бир-бирларини нималардадир айблаб келишмоқда. Надоматларким, улар ўзларининг бу ҳатти ҳаракатлари золимларга кони фойда бўлётганини баъзида унитиб қолишади. Ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган етакчилари бу ҳақда билишади ва лекин шундай бўлсада ўзларини гўёки билмасликка олишади. Ҳар қадамда бу ҳақда эшитишади лекин эшитишмаганга олишади.
Мен оқ-қорани ажрата оладиган ёшга етганман. Ҳа, бугун мен 34-ёшдаман. Мен ўзимнинг ушбу мақолам билан улани нимададир айбламоқчи ёки қораламоқчи эмасман. Лекин ҳайрон қоламанки, наҳот улар ўзларини демократлар қаторига қўшишмайди. Номигагина “мен демократман”- деб бонг уришгани билан ўз айбларини тан олишмайди. Ахир танқидни тўғри қабул қилиб, ўз айбини ошкора тан олиш ҳам инсоний хислатлардан бири-ку!
Истасак ҳам истамасак ҳам вақти соати келиб ҳаммамиз бу ёруғ дунёни тарк этамиз. Дунёни талашиб тортишганимиз билан орттирган бойлигимиз ёки шон-шуҳратимизни нариги дунёга ўзимиз билан олиб кета олмаймиз. Бас, шундай экан яна бир карра ақл юргизайлик. Ҳалқ манфаати йўлида юртни ҳимоя қилган яхшими ёки золимга йўл бўшатиб берган яхшими?
Мен бу саволни тарқоқ мухолифат вакилларига бермоқчиман. Ҳар бир мухолифат аъзосига бермоқчиман.Тўғри мен фикр билдириш давомида нималарнидир назардан қочирган бўлишим ва сиёсат қонун қоидаларини тўлиқ тушунмаслигим мумкиндир. Лекин мен узлуксиз давом этаётган зулмни кўриб туриб индамай ўтиришни онасини ёки синглисини кимдир хўрлаётган бир пайтда жим ўтириш билан тенглаштираман. Агар гапларим мухолифат вакилларига оғирроқ ботган бўлса узр лекин гапни лўнда қилиб айтганда барчамизнинг, ўзбек мухолифатининг, сизнинг ва бизнинг тарқоқлигимиз рад этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Айнан шунинг учун ҳам, мухолифат вакиллари орасида ҳамжиҳатлик йўқлиги сабаб ҳам аксарият ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар қолаверса мухолифат фаоллари Андижон воқеасидан кейин ватанни тарк этиб ҳижратга юз тутишдан ўзга чора тополмадилар. Баъзан ўргимча тўридек тармоқланиб кетган интернетдаги ўзбек мухолифати веб-саҳифаларини кузатар эканман афсусланиб кетаман. Эълон қилинган мақолаларнинг аксарияти кимнидир лойга белашга, ахлат улоқтириш-у беобрў қилишга қаратилган. Улар ўзларининг ушбу ҳаттиҳаракатларидан уялишмайди балким кимнингдир кирдикорини одилона фош этган ШЕРЮРАК каби мағрурлик ҳиссини туюшади. (Мен ўз фикрларим учун жавоб берман)
Кейинги кунларда мухолифатга янги бир касал юқди. Бу касаллик номи ГУМОНСИРАШ. Яъни, кимнинг қандайлигини билмайсан, фалончанинг қадам олиши бежо ва қаёқдан биласан биз ҳақимизда тегишли жойга маълумот бераётгандир,-деган иддаолар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Ачинарлиси бу каби иддаоли фитналарга кўзга кўринган мухолифатчилар ҳам аралашиб қолишмоқда. Тушунмайман, қачонгача бир-биримиздан гумонсираб юрамиз? Вақт ўтиб бормоқда ахир. Эртага келажак авлод вакиллари ҳам биз каби қийналмаслиги учун нимадир қилишимиз керак.
Ҳис қилмоқдаманки, мен ўзимнинг аччиқ ҳақиқатдан иборат ўзимнинг ушбу мақоламни интернетда эълон қилишим билан айрим мухолифатчилар мендан ранжишади, кимлардир тош отишни бошлашади, турли хил изоҳлар битишади ва ҳаттоки мени қандайдир ташкилотнинг содиқ ходимига чиқаришади.
Ҳа, мана шунақанги аҳвол бугунги ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИДА.
Тушунмайман, аниқроқ айтадиган бўсам тушунолмайман. Шунақанги вазият ҳукумронлик қилаётган бир вазиятда мухолифат сафида юришнинг нима кераги бор? Мухолифат деганда гўёки бир-бирининг устидан мағзава ағдариш тушуниладиган бўлиб қолди сўнгги вақтларда. Эй мухолифат вакиллари ИЙМОНимизни йўқотмайлик ва юртимизда эркинлик бўлиши учун курашишни давом эттирайлик. Идрок этайлик биз ўзимизнинг ушбу ҳатти-ҳаракатимиз билан золимлар олдида кулгига қолмоқдамиз. Фаҳмлайлик, золимлар ҳалққа зуғм ўтказишмоқда, бизлар эса ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолмоқдамиз.
Кейинги кунларда ҳалқ орасида ҳам мухолифат вакилларининг обрўси тушиб кетмоқда. Тўғри Ўзбекистонда кўплаб интернет сайтларига тўсиқ қўйилган, лекин шундай бўлсада ҳар қандай мухолифат веб-саҳифасини очиб ўқий оладиганлар кам эмас.Айнан шунинг учун кейинги вақтларда, фалон мухолифат вакилининг мақоласини ўқидик, пистончи ҳақида ундай деб ёзибди ёки пистончи мухолифат фаоли фалончини лойга белаб шармандасини чиқарибди деган гаплар кунсайин кўпроқ қулоққа чалинмоқда. Ҳозирги кунда мухолифат вакилларидан кўра кўпроқ оддий инсонлар халқ дардини кўпроқ ўйлайдиган бўлиб қолди. Сабаб мухолифат ҳақиқий маънодаги мухолифат бўлмай қолди.
Юқорида зикр этиб ўтганим каби тарқоқликдан энг ката фойда кўраётган қатлам бу золимлар қатлами.
Мен Голливуд кино ижодкорлари томонидан суратга олинган ва бор ролда Мел Гибсон суратга тушган “Шерюрак” фильмини кўз олдимга келтириб, уларни ҳозирги ўзбек мухолифатига ўхшатаман. Ушбу фильмда бир эпизод бор, шотландларнинг бир қавми иккинчи қавми билан келишаолмай қолишади, худди ўзбек мухолифати каби. Лекин кейинчалик ушбу қавмлар бирлашиб ғалаба қилишади лекин ўзбек мухолифати мана 17 йилдирки бирлашиш ҳақида умуман ўйламайди.
Баъзан ўйлаб қоламан, қарийиб мустақилликка эришганимиздан буён хижратда юрган мухолифатчилар наҳотки шу кунга қадар ўз она ватанларини соғинишмаган бўлишса? Онаи зорларини, опа-сингилларию қон қариндошларини соғинишмагн бўлишса? Наҳотки юртимиз келажаги шунақанги бир иғвогар мухолифатчиларга қолган бўлса? Ахир бизлар ҳам инсонлармизку! Бас шундай экан инсонлардек зуғмсиз бир вазиятда кун кечиришга тўла ҳақлимиз.
Баъзан афсусланиб кетаман, ўзбек мухолифати вакилларида оддий бир аёл кишида бўлганчалик қаттият йўқ. Ҳа, такрор айтаман ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИ вакилларида Покистон озодлиги учун курашга отланган Беназир Буҳоттонинг иродаси йўқ. Буҳотто ўзини мамлакат ичкарисида қандай нохушликлар кутиб турганини жуда ҳам яхши англасада она юртига қайтиш учун ўзида куч топа олди ва ҳалқ фаравонлиги йўлида жонини фидо айлади. Уни отиб кетишди лекин у жисмонан тириклар оламини тарк этган бўлсада руҳан ҳали-ҳамон Покистон ҳалқи билан ҳамнафас яшамоқда.
Мақоламни якунлар эканман, ўзини мухолифат вакили деб ҳисоблаган ҳар бир инсонга қарата мурожат қилмоқчиман. Ҳурматли ватандошлар келинглар қўлни қўлга бериб курашишнинг янги босқичини бошлайлик. Майли вақт ўтиб анчагина кечикиб қолсада орамиздан кўтарилган ҳамжиҳатликни қайта тиклайлик. Ҳечдан кўра кеч мақолига амал қилиб сўнгги дақиқаларда бирлашиш учун ўзимизда ирода ва шижоат топа олайлик.
Мен ишонаман, Мухамамад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов ва Жаҳонгир Маматов каби инсонлар ўзларидаги қаттиятга суянган ҳолда ўзаро тош отишни бас қила оладилар. Мен инонаман, барча мухолифат вакиллари бирлаша оладилар.



