Оқланмаган ишонч қиссаси (1-19)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.

Ижодкорлар ётоқхонаси
(Ёки Қулмон Очилов, Абдимўмин Тиловов, Азамат Суюнов ва Карим Баҳриев ҳақида)

(19 боб)

Ўша даврга алоқадор архивимни кўздан кечираётсам, Абдулла Ориповнинг тугалланмаган битта шеъри чиқиб қолди:

«Бўлурман суҳбат ичра гоҳо Исмат билан бир кун,
Гоҳо Ҳикмат, Гоҳо Қудрат, гоҳо Нусрат билан бир кун.
Биларманки, умр боқий, ҳаётим то адо бўлмас,
Яқо тутмам умидвормен, қаро кулфат билан бир кун.
Нечунким яхши дўсту ёр, нечунким яхши даврон бор,
Ўтарким яхши даврон ҳам дуруст улфат билан бир кун.
Шу чексиз катта дунёни фаҳм этди кичик каллам,
Аё дўстлар, ғолиб келгум шону шуҳрат билан бир кун….»

деб бошланувчи мазкур шеър ғазал йўналишида ёзилган бўлиб, унинг яккаю-ягона нусхаси ўзимда сақланиб қолган экан. Бундан ташқари менинг биринчи муҳаббатимга бағишлаб ёзилган яна бир гўзал ғазал ҳам борки, Абдулла Орипов ўзининг шундай ўлмас ва бетакрор асарлари менда борлигини эҳтимол билмас.

Биз баъзан Муҳаммаджон Раҳмонов билан учрашиб қолган дилхуш дамларда шароб ичиб, шеър айтишни яхши кўрардик. Муҳаммаджон ака, айниқса, менинг омадсиз илк севгим ва севгилимга бағишлаб ёзилган ўша машҳур ғазалнинг:

“Заъфарон ул мисли япроқ, сен каби гул олдида,
Айни хор бир гул эрурким, зор у сунбул олдида.
Ростин айтай, дил ишончин сўйлади Исмат менга,
Айлагил озроқ карамким, ул каби қул олдида…”

деган сатрларини тинглаб, Абдулла Орипов барибир буюк шоир деган хулосага келарди. Мен бир пайтлар телбаларча меҳр қўйган улуғ устозимнинг бу бетакрор шеърий дурдоналарини, яхши ва ёруғ кунлар келиб, китобларим Ўзбекистонда чоп этилиши мумкин бўлган муборак кунларда, тўлалигича эълон қилиш ниятидаман…

Энди шахсий ҳаётим масаласига келсак, 1987-йилнинг 31-октябръ куни менинг тўнғич қизим – Ҳулкарим туғилди. Ҳануз Оқтепадаги ижарахонада яшардик. Эсимда, оиламни пойтахтимиздаги биринчи шаҳар касалхонасига олиб борганмиз. Ўшанда Қулаҳмад ака Ризаев бош врач эдилар. Наргиснинг қон босими кўтарилиб кетган, биринчи фарзанд туғилиши эди. Туғиш жараёни оғир кечади. Шунда Қулаҳмад ака бутун шифохона врачларини оёққа турғизиб, рафиқамни оғир аҳволдан сақлаб қолганлар. Қулаҳмад ака доим биз ижодкорларга қўлидан келганча яхшилик қилиб келганлар, Билмадим, рафиқалари Бернора Қориева санъаткор бўлганлари учуми, ишқилиб, Қулаҳмад ака бизга ўзгача меҳр кўрсатардилар. Ким нима деса десину, лекин мен шахсан оилам билан у кишидан умрбод миннатдор ва қарздорман…

Ўшанда ишқ ва муҳаббатни тараннум этгувчи дилбар қиссалар муаллифи Ўлмас Умарбеков Ўзбекистонда маданият ишлари вазири эди. Иброҳим Ғафуров у киши билан жуда қадрдон экан. Мен оилам билан ижарахоналарда қийналиб юрганимни билиб, жуда катта ёрдам берганлар. Шу ўринда яна бир нарсани очиқ айтиб ўтишим керак: биз Карим Баҳриев икковимиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ходимлари орасида ўқувчилардан энг кўп хатлар олардик.

Муқаддам таъкидлаганимдек, менинг тилга тушган мақолаларимни Иброҳим Ғафуров эринмасдан таҳрир қилиб берарди. Бизнинг Иброҳим ака билан яқинлигимиз Аҳмаджон Мелибоевнинг ғашини келтирарди. Умуман, газета редакциясида бир-бири билан зимдан рақобатлашадиган иккита гуруҳ пайдо бўлганди. Хусусан, Абдунаби Ҳайдаров, Бекқул Эгамқулов, Ашурали Жўраев, Рашид Раупов, Камол Матёқубов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мурод Абдуллаев ва Аҳмаджон Мелибоев бир тараф бўлса, биз – Иброҳим Ғафуров, Маҳмуд Саъдий, Карим Баҳриев ва мен яна бир тараф (гуруҳ) эдик.

Қизиқ ҳолат мавжуд эди. Очиғи, Иброҳим ака бизни кўп балолардан асраб юрарди. Лекин у киши ҳеч кимни “Зўр ёзяпсиз, офарин!” деб мақтамасди. Аввало, Иброҳим ака мендан ҳадиксираб юрди. Кейинчалик билсам, у киши нима учундир ТошДУ журналистика факультети профессори Очил Тоғаев билан унчалик чиқишмаскан – ораларидан қора мушук ўтган экан. Биз эса, Очил Тоғаев билан салкам ота-бола эдик. Устига-устак, мен Қашқадарёдан – домланинг ҳамюрти эдим. Шу нарса Иброҳим акани чўчитиб юрарди, чамамда. Иброҳим аканинг менга меҳри тушиб қолишига бир воқеа сабаб бўлади.

Одатда, мен топшириқларни бажаришга жон-жаҳдим билан киришардим. Бир куни Аҳмаджон Мелибоев менга қандайдир топшириқ беради. Кундуз куни керакли маълумотларни тўплаб, кечаси билан ишхонада машинкада мақола ёзиб, тонг отганини ҳам билмай қолибман. Машинкада тез ёзаман: Москвада ҳам, армияда ҳам машинкада тез ёзишнинг ҳавосини олганман. Ёзаётган пайтимда тўлган саҳифаларни столнинг устига, агар столга сиғмаса – полга ёйиб қўядиган одатим бор. Чунки керакли саҳифани излайдиган бўлсам, қоғозни варақлаб ўтирмасдан қараб олишим осон бўлиши учун шундай қилардим.

Хуллас, бир куни тонг саҳар редакциядаги осойишталикдан фойдаланиб машинкада мақола ёзиб, саҳифаларни йўлаккача ёйиб, ишлаб ўтирсам, негадир Иброҳим ака келиб қолдилар. Билмадим, бозорга чиққан эканларми, сейфдан пул олиш керак эканми, ишқилиб, кутилмаганда редакцияга келадилар ва менинг ишлаб ўтирганимни кўрадилар. Дам олиш куни эди. Дик этиб ўрнимдан туриб салом бердим, саломимга алик олдилару, ўз ишларини битириб чиқиб кетдилар. Боя айтганимдек, у киши “э-э, қойил!” деб одамни ҳовлиқтириб юбормайдилар. Душанба куни редакцияда йиғилиш бўлади. Мен топшириқ билан қаёққадир кетгандим, мажлисда йўқ эдим. Шунда Иброҳим ака:

– Мен Исматжонни жиддий қабул қилмас эдим. Жуда ажойиб йигит экан. Машинкада қандай тез ёзишини, ижод билан қандай шуғулланишини кўрдим. Айрим ўртоқлар қандай ишлашни Исматжондан ўргансалар ёмон бўлмасди, – деган эканлар…

Ўша воқеадан сўнг биз Иброҳим ака билан иноқлашиб кетдик. Кейин Ёзувчилар уюшмасида Иброҳим аканинг 50 йиллик юбилейи бўлади ва унда мен сўзга чиқиб: “Иброҳим аканинг яхши одам, яхши таржимон, яхши мунаққид эканини ҳамма айтаяпти. Лекин Иброҳим ака биз ёш эрлар учун ҳам ўрнак бўладилар. Мен у кишининг телефонда ўз рафиқаларига “Ойдинжон” деб мурожаат этганларини эшитганман”, деганимда залда гулдурос қарсаклар янграйди. Кечқурун эса профессор Очил Тоғаев менга қўнғироқ қилиб: “Сен қандайдир муттаҳамни мақтадинг, тутуруғинг йўқ экан-ку!” деб дашном беради. Ўшандан сўнг мен Очил Тоғаевнинг “шогирдлари” сафидан чиқарилган эдим…

Иброҳим ака истеъдодли, умидли ёшларнинг бошини силардилар. У киши айрим кимсалардек маҳаллийчи эмас. Бир куни Иброҳим ака мендан қаерда яшаётганимни сўраб қолдилар. Мен бор гапни айтдим. Шунда Иброҳим ака Ўлмас Умарбеков номига хат ёзиб бердилар: “Газетамизнинг истеъдодли ходими Исмат Хушевга Маданият вазирлиги қарамоғидаги ётоқхонадан жой ажратиб беришингизни сўрайман”, деб ёздилар. Хатни олиб борганимда Ўлмас ака дарҳол “Берилсин!” деб имзо қўйиб берганди.

Биз тез кунларда Наргис ва Ҳулкар қизим билан Хадрадаги тўққиз қаватли оилавий ётоқхонага кўчиб борганмиз. Маданият вазирлигига қарашли, Ҳамза театрининг орқасида қад ростлаган бу ётоқхонада асосан санъаткорлар истиқомат қилишарди. Бизга тўққизинчи қаватдан жой беришди. Қўшни хонада Муҳаммадали Абдуқундузов оиласи Валя опа ва икки ўғли билан яшарди. Ҳозир у киши Ўзбекистонда машҳур санъаткорлардан. Айниқса, Бобур ролини қойилмақом қилиб ижро этганларидан сўнг эл назарига тушдилар.

Кейинчалик иккинчи фарзандим – ўғлим айнан шу ётоқхонада дунёга келди. Унга Шукрилла Мирсаидовнинг таклифи ва Ислом Каримовнинг розилиги билан “Ислом” деб исм қўйганмиз. Бу пайтда Ислом Каримов республика раҳбарлигига келганига эндигина бир ой бўлганди. Бу ҳақда иккинчи китобнинг “Ислом аканинг биринчи отдоши” номли бобида батафсил ҳикоя қилинади…

Ислом Каримовнинг ҳокимиятга келиши ва ўғлимнинг туғилиши баробарида менинг ҳам ғариб ва нотавон, лекин курашчан ҳаётимда нурли ва юлдузли, шукуҳли кунлар бошланади. Биз эса, ўзимиз учун азиз ва қадрдон бўлиб қолган ғариб ва кўримсиз ижодкорлар ётоқхонасидан кўркам ва муҳташам Ҳукумат дачасига кўчиб ўтамиз. Лекин буларнинг ҳаммаси ҳақида кейин. Ҳозирча эса Ўзбекистонга Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилиб турибди. Ислом Каримов ҳали узоқда – Қашқадарёда…

Қулмон Очил, Абдумўмин Тиловов, Карим Баҳриевлар ҳам Хадрадаги ўша оилавий ётоқхонада яшардилар. Қизиқ, дастлаб мени ҳар тонг хизмат машинаси ётоқхонадан ишга олиб кетарди. Сўнг, кўп ўтмай – депутат бўлгач Карим Баҳриевга ҳам хизмат машинаси кела бошлади. Қулмон билан Абдумўмин гоҳ менинг, гоҳ Каримнинг машинасида ишга кетишарди. Бу хизмат машиналари бир неча бор алмашди, янгиланди. Кейин йиллар ўтиб, аввал мен, сўнг Каримжон бирин-кетин амалнинг бу оҳанграбо рутбасидан айрилдик. Биздан сал кейинроқ мансаб пиллапояларига чиққан Қулмон ҳам, Абдумўмин ҳам, мана, салкам ўн йилдирки, ҳануз хизмат машинасида. Улар Президент билан яқин бўлиш бахтига муяссар бўлмадилар. Биз эса Каримжон билан Президентга шахсан таниш эдик – у билан, не бахт ва ё не кулфатки, яқин эдик! Бу йиллар давомида бизнинг шўрлик бошимиз не-не азоб-уқубатлар кўрмади, подшоликнинг – саройнинг не-не сиёсий найранглари ва ўйинларига дуч келмади, дейсиз. Қуёшга яқин бўлсанг куйиб кетасан, дейишгани шу бўлса керак-да…

Абдумўмин Тиловов – самимий ва дилкаш йигит. Биз бир муддат “Адабиёт” газетасида бирга ишлаганмиз. Ўшанда унинг Чироқчидаги сариқ касаллиги муаммосига бағишлаб ёзилган мақоласи республикада катта шов-шувга сабаб бўлган ва унга анча обрў келтирган эди. Кейин Ислом Каримов ҳокимиятга келиб, ўзим Бош муҳаррир бўлгач, масъул котиб бўлиб менга ишга ўтди. Икки-уч йил ишлагач, “ойлиги катта экан, форма бераркан, унвон учун ҳам ҳақ тўларкан” деб “Постда” газетасига ўтишига кўмаклашишимни илтимос қилди. Ўшанда Ички Ишлар Вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари Равшан Ҳайдаров эди, у кишига айтиб ишга жойладим. Сўнг кўп ўтмай: “Бу ер бизга тўғри келмас экан. Лекин энди бўшатишмаяпти” деб яна илтимос қилди. Ички Ишлар соҳасига ишга кириш ҳам, бўшаш ҳам жуда қийин экан, энди вазир Зокиржон Алматовдан илтимос қилишга тўғри келди.

Умуман, Президентга яқин бўлиб юрган пайтларимда Ички Ишлар вазирига турли масалаларда бир неча маротаба мурожаат қилганман. Аксарият ҳолларда органдан ноҳақ урилган кишиларни ҳимоя қилиб вазир ҳузурига борардим. Зокиржон ака мени ҳар гал иззат-икром билан кутиб олиб, илтимосларимни ижобий ҳал этишга ҳаракат қиларди. Ҳатто бир гал у кишининг қабулидан совға сифатида маҳбуслар қамоқхонада ясаган ажойиб ханжар олиб қайтганман. Кейин эса кўп ўтмай ўша совға берилган бинонинг қон ва тер ҳиди анқиб турган ертўласида узоқ муддат ҳибсда ҳам бўлганман. Ана шулар ҳақида ва шу баҳонада бу одамнинг ўзбек давлати ва сиёсатидаги ўрни борасида иккинчи китобнинг “Машинамнинг ўғирланиши ёки Зокир Алматовнинг сиёсий портретига чизгилар” номли бобида батафсил ҳикоя қилинади…

Хуллас, Абдумўмин дўстим “Постда” газетасидан бўшаганидан сўнг, божхонада ишлашни орзу қилиб қолди. Ўшанда Божхона Давлат Қўмитасининг бошлиғи – милициядан чиққан машҳур ўзбек генерали Ўрайимжон Абдуғаниев эди. Бордик. Қўмита – ҳозирги шаҳар бошқармаси жойлашган Чилонзордаги бинода эди. “Исмат Хушев айтганидан кейин йўқ деб бўладими” деб Ўрайимжон ака ўша куниёқ Абдумўминни ишга олиш ҳақида буйруқ бердилар. Миллий Хавфсизлик Хизмати тизимида ишлаб юрган Юлбарс Шералиев ўша пайтларда Ўрайимжон Абдуғаниевнинг биринчи ўринбосари эди. Бугун ҳам Абдимўмин Тиловов ўша ерда – матбуот хизматининг раҳбари…
Қулмон Очилов ҳам самимий ва дилкаш, лекин жуда ҳушёр йигит. Мен амалда юрган пайтларда оилавий борди-келди қилардик – жуда яқин эдик. Биринчи маротаба қамалиб чиққанимдан сўнг негадир мендан ўзини олиб қочадиган бўлди. Иккинчи ва учинчи маротаба қамашганларидан сўнг мендан ҳазар қилишини яшириб ўтирмади. Ҳолбуки, мен ҳур фикрлилигим – исёнкорлигим боис тазйиққа олинганимни у яхши биларди. Бу пайтга келиб у Мурод Муҳаммад Дўст гуруҳига аъзо ўлароқ – Ўзбекистон Ахборот агентлиги раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Мана, ўн йилдирки, ҳамон шу вазифада. Баъзан унинг оппоқ тишларини кўрсатиб, қизариб, ҳаёли кулишларини, “Жўра!” деб самимий чақиришларини қўмсаб қоламан. Хадрадаги ётоқхонада бирга яшаган бедард ва беташвиш кунларимизни, яқин бўлган бегидир ва масъум дамларимизни соғинаман…

Карим Баҳриев – мен учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам шахси, ижоди ва сиёсий қарашлари ҳали тадқиқ ва таҳлил қилинадиган, адабиёт ва сиёсат дарсликларига киритиладиган бир шахс. Теран қалбли, тафаккурли йигит. Мен шундай бир ноёб истеъдод соҳиби билан замондош эканимдан фахрланаман. Мен уни дастлаб Ислом Каримов билан таништирган ва Пиримқул Қодиров раҳбарлик қилаётган Олий Мажлис қошидаги “Миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият” қўмитаси масъул котиби бўлишига кўмаклашган эдим.

Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланишида ҳамда мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнаган қатор шахслар билан бир қаторда нисбатан ёш сиёсатчилардан фақат Карим Баҳриевгагина бу китобда алоҳида махсус боб бағишланган. Нега? Нима учун? Бунинг сабаблари ҳам ўша бўлимда батафсил баён этилади. Масалан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Фармони билан ҳали 1992-йилдаёқ ўттиз ёшли Карим Баҳриев “Ўзтелерадио” компанияси раиси муовини – вазир ўринбосари этиб тайинлангани ва кўп ўтмай бу Фармон бекор қилинганини кўпчилик билмас. Буни фақат Президент, унинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ва мен билардик. Президент суҳбатидан чиққан Каримжон ҳам ҳали Фармон имзоланганидан бехабар эди. Кейин кутилмаганда бу лавозимга Жаҳонгир Маматов тайинланади… (Бу ҳақда ҳам иккинчи китобда батафсил ҳикоя қилинади).

Ижодкорлар ётоқхонасида биз билан бирга яшамаган бўлса-да, лекин ўша даврдан буён ҳамиша сафимизда – даврамизда бўлган яна бир йигит борки, у ҳақда ҳам айтиб ўтмасак, ҳикоямиз кемтик бўлиб қолиши мумкин. Бу ажойиб ва ғаройиб дўстимизнинг номи – Азамат Суюнов. У ҳақдаги ҳикояни анча илгаридан – мозийдан бошлашга тўғри келади.

…Илгари айтиб ўтганимдек отам етмишинчи йилларнинг бошларида районимиздаги Бешкалтак қишлоғидаги мактабга директор бўлиб ўтади. Кенжа ўғил бўлганим боис баъзан шанба-бозор кунлари мени ҳам мотоциклининг аравачасига солиб Корабулоққа чўмилгани олиб борарди. Юқориоқбой билан Корабулоқ қишлоқлари ўртасида жойлашган бу сўлим манзил шовуллаган боғ-роғлар маскани бўлиб, айниқса чиллаки – сурхак узумлари билан машҳур эди.

Бир гал Китобдан эндигина келиб, отамнинг идорасига кираётганимизда, кўчада париллаб Т-28 трактори келиб тўхтади. Тележкасидан бир бола ошиб тушиб, менинг ёнимга шахдам юриб келди ва “Ҳў, домуллонинг боласи, кел, танишайлик!”-деди.
– Яхши, – дедим мен шаҳар ўспиринларига хос беписандлик билан нотаниш болага бошдан-оёқ разм солиб. Офтобда пишган, чайир, қорасоч, қоракўз, миқти бола менга қўл узатиб: – Азамат, – деди. Кафтларимни қаттиқ сиқди: “Кучи мўл, гапирганда кўзингга тикилиб турар экан”. Унда илк бор кузатганим шу бўлди.

– Исмат, – дедим мен.

Шу-шу Қорабулоқда менинг биринчи ва ягона орттирган жўрам Азамат бўлиб қолди. Кейинги гал у тағин бир таклиф билан келди:
– Кел, бир олишиб кўрайлик, – деди у.
– Шарти нима? – сўрадим мен.
– Йиқитсам, отангнинг мотоциклида бир учирасан, – деди у.
– Мен йиқитсам-чи? – сўрадим мен. Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган экан, боши қотиб қолди.
– Унда сенга бир сузма халта ёнғоқ бераман…

Кекса тут тагидаги саҳнада олиша кетдик. Олдинига тиришиб-тиришиб, қучоқлашиб, ҳеч бир-биримизни йиқитолмадик. Кейин иккаламиз баравар ёнбош тушдик.
– Кел, кучимиз тенг, олишувимиз дуранг бўла қолсин, – дедим мен.
– Бўлмайди, олишувда бир киши енгилиши керак, – деди у.

Тағин ёқалаша кетдик. Оқибат, пишмаган шаҳар боласи – мен йиқилдим. Жуда алам қилди. Рости, чақирилмаган жўрамдан қаттиқ хафа бўдим. Узоқ вақт аразлаб, ундан ўзимни олиб қочиб юрдим. Бир куни Китобда – марказий бозор орқасида жойлашган сомон гузардаги ҳовлимизнинг дарвозаси тақиллаб қолди. Чиқиб очсам, остонада Азамат турибди.
– Мен келдим, жўра, – деди у жилмайганча қулоч ёйиб, – қишлоққа бормай қўйдинг…

Бир-биримизни бағримизга босиб, ердан узиб-узиб, қучоқлаша кетдик. Азаматнинг қўлидаги бир халта сузма ёнғоқ ҳар силкинганимизда “шиқир-шиқир” қиларди…

Ўшанда биз 11-12 ёшлардаги беғам ва беташвиш болалар эдик. Шу гапларга ҳам мана, оз эмас, кўп эмас, 30 йил бўлибди. Ҳар гал Азаматни кўрсам, раҳматли отам, беғубор болалик йилларим, Қорабулоқ ва Бешкалтакнинг мусаффо боғлари кўз ўнгимда қайта жонланади. Энтикиб кетаман…

Ҳарқалай, Азамат билан болаликдан дўст бўлганимиз бежизга эмас, иккаламизнинг ҳам пешонамизга журналистиканинг қаттиқ нонини заҳмат чекиб ейиш ёзиб қўйилган экан. Биримиз Тошкент ва яна биримиз Москва Давлат университетларининг журналистика факулътетларини бирин-кетин битириб келдик. Республика газета-журналларида ишладик. Яхши-ёмон кунларни бошдан кечирдик…

Очиғини айтсам, Азаматнинг журналистикадан бошқа соҳаларда ҳам ноёб қобилияти бор. У, масалан, эпчил полвон, номдор спортчи ҳам бўлиши мумкин эди. (Тўйларда кураш тушиб, эчки-улоқ олиб қайтганларини ҳали-ҳануз эслаб юраман). Яхши олим, зукко педагог ҳам бўла оларди. Ундан зўр, адолатпарвар ҳуқуқшунос ҳам чиқиши турган гап эди. Совет замонининг битта ёш раҳбари вазифасини ҳам зўриқмасдан уддалай оларди. Лекин нима дейсиз – у журналист бўлди.

Тақдир аъмолида ёзилмаган бўлса, ўзбекнинг ҳокисор зиёлиси Шерали Турдиевга куёв бўлармиди? Қисмати қўшилмаган бўлса, журналистика тадқиқотчиси, истеъдодли шоира Кавсар Турдиевага уйланармиди? Жўрамнинг битта одати бор – ҳаммани, катта-кичикни ўзига тенг кўради. Паст олмайди, юқори тутмайди – тенг кўради. Баъзи калондимоғлар, маънавий тамагирлар бундан ранжишади: “Ким бўлибдики, ўзини бизга тенг кўради!” деб. Мен биламанки, бу Азамат дўстимнинг ундайларга ҳали ҳам ҳиммат кўрсатгани бўлади. Аслида, улардан бир-икки бўйга баланд туради…

Кейинги йилларда, кексалар айтмоқчи, “ақлимиз қуйилганда” у тағин менга кўмакка келди. “Туркистон”, “Инсон ва қонун”да орттирган тажрибаси билан мен раҳбарлик қилаётган янги “Ҳамкор” газетасининг туғилиши, оёққа туриши, мазмун ва қиёфа касб этишида менга беминнат ёрдам берди. Айни чоғда биродаримнинг тағин бир янги қирраси намоён бўлди. У яхшигина мутойиба – ҳажв қаламига эга эканлигини кўрсатди. “Ҳамкор”даги ҳангомалари ўзига ҳам, газетага ҳам обрў келтирди.

Азамат фавқулоддаги қобилияти билан маълум муддат Фавқулодда вазиятлар вазирлигида матбуот котиби бўлиб хизмат қилди. Хизмат қилганда ҳам қойилмақом қилиб ишлади – юзлаб мақолалар ёзди. Касбига, соҳасига, вазири (Баҳодир Қосимов) га кўп меҳр кўргизди, аммо меҳрибонлик кўрмади. У баъзан менга: “Сен уч марта қамалиб, уч марта Бош муҳаррир бўлдинг. Мен умримда бир маротаба муҳаррир бўлсам ҳам, армоним қолмасди” – деб ҳавас қиларди…

…Хадра майдонининг “Ҳамза” театри орқасида жойлашган тўққиз қаватли мўъжагина бинода – ижодкорлар ётоқхонасида маълум муддат биз билан бирга истиқомат қилган дўстларимнинг ҳаёт саҳифалари ана шундай ёрқин ва қизиқарли, ибратли лавҳалардан иборат. Кимдир буларни ўқиб, шу гапларни ёзиш шартмиди деб ўйлар. Эҳтимол, улар ҳам ўзича ҳақдир…

Саксонинчи йилларда мунис ва меҳмондўст, лекин ғалвали пойтахтда ўз ўрни ва йўлини топиш учун қишлоқдан келиб ўз билганича курашган ва қайсидир маънода бунга эришган биз – беш йигит, беш “жўра” бундай деб ўйламаймиз. Гарчи бугун тақдир бизнинг йўлларимиз ва дилларимизни турли манзил ва ғоялар сари бурган бўлса-да, лекин мақсадимиз бир – шу мустақил Ватанга муносиб бўлиш, унинг шаън-шавкати учун курашиш. Фақат бу мустақилликни, бу муносиблик ва бу курашни ким қандай тушунади – бу энди бошқа масала…

(давоми бор)
http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares