Парижда Франция расмийлари билан учрашувдан кейин Мўътабар Тожибоева Женевага халқаро мукофотни олиш учун борган.
19 ноябр куни таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер ва Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича давлат котиби Рама Йаде билан учрашган.
Пайшанба куни Женевадаги машҳур «Ариана» музейида Мўътабар Тожибоевага халқаро «Мартин Энналс» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтган.
Мукофотни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Наванетем Пиллей хоним топширган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари аввал ҳам кўплаб мукофотларга лойиқ кўрилганлар, аммо Мўътабар Тожибоева «Мартин Энналс» мукофотини олаётган ва бу каби юқори даражада тақдирланаётган ўзбекистонлик илк ҳуқуқ фаолидир.
Дунёдаги ўнта йирик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари таъсис этган нуфузли мукофотнинг ҳуқуқ фаолига берилиши шу йил 15 майида, Мўътабар Тожибоева қамоқдалигида эълон қилинганди.
Мукофот таъсисчилари унинг жасорати учун, қамоққа ташлангани ва қийноқларга қарамасдан, ҳақиқатни айтишдан тўхтамагани ва бутун умр оддий одамларга ёрдам бериб келганини таъкидлашган.
Ўзбек ҳукумати Андижон қирғинидан сўнг жиноий айблар билан саккиз йилга маҳкум этилган Мўътабар Тожибоевани озод этиш борасида халқаро босимлар остида қолди.
Мўътабар Тожибоева шу йил 2 июнида шартли равишда қамоқдан озод этилганди.
Шартли деганини Ўзбекистонда жим юриш, ортиқ инсон ҳуқуқлари билан шуғулланмаслик деб тушуниш керак.
Аммо Мўътабар Тожибоева жим тургани йўқ ва қамоқдан озод этилган илк дақиқаларданоқ у ердаги қийноқлар, даҳшатлар ҳақида гапириб келаяпти.
У Ўзбекистон қамоқхоналарини қийноқлар ороли, деб атаган.
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг муҳокамаси
Мўътабар Тожибоеванинг тақдирланиши ва Оврўподаги маросимлардан мақсад – Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига эътибор қаратиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун қамоққа ташланган бошқа фаолларнинг аҳволига эътибор қаратиш.
Женевадаги маросим арафасида қамоқдаги бошқа бир ҳуқуқ фаоли сирдарёлик Алишер Кароматовнинг давомли қийноқлар ва сил хасталиги оқибатида ўлимга юз тутаётгани ҳақида хабарлар олинган.
Мўътабар Тожибоеванинг ўзи беш ой аввал қамоқдан озод этилганда ярим жон, чалажон бир алфозда эканини айтган эди.
Унинг соғлигига жиддий путур етган ва у бугунги тадбирдан сўнг Оврўпо шифохоналаридан бирида муолажани давом эттириши айтилмоқда.
Келаси ой Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама қилади.
Ва Мўътабар Тожибоева сингари қамоқ ва қийноқ азобларини бошидан ўтказган ҳуқуқ фаолининг мисоли ва гувоҳликлари катта аҳамиятга эга.
Ва, албатта бу, Ўзбекистон ҳукумати учун мамлакатда қийноқлар йўқлиги ва инсон ҳуқуқларининг аҳволи тобора яхшиланиб бораётгани ҳақидаги мавқеини ҳимоя қилишни янада қийинлаштиради.
BBCUzbek.com



