Пиллачилик тармоғидаги мажбурият адо этилди лекин…

Анварбек

Ўзбекистон расмийлари мамлакат пиллакорлари қарийб 23,5 минг тонна пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини адо этганликларини маълум қилишмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан икки минг тонна кўпдир. Ўзбекистон қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича бу йилги мавсумда пиллакорлар 445 минг 687 қути ипак қуртини парваришлаб, ҳар биридан ўртача 53 килограммдан ҳосил олишган. Етиштирилган пилланинг асосий қисми юқори навларга етиштирилган.

Расмийлар пиллачиликка доир вазиятни ижобий баҳолаб, 2006 йилнинг 15 ноябрида қабул қилинган “Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори шу соҳа учун дастури амал бўлаётганини урғулаётган бўлишсада аксарият пиллакорлар бу соҳасида олиб борилаётган ишлардан норози бўлишмоқда. Уларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири ипак қуртининг асосий озуқаси ҳисобланган тут барги етишмовчилигидадир.

Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлиқ қишлоғида исиқомат қилувчи пиллакор Жўраева Дилфузанинг айтишича ипак қуртини яхши парваришлаш учун ушбу қишлоқ пиллакорлари ҳар куни 15 чақрим йўл босиб “Бўстон” жамоа ҳўжалиги ҳудудидан тут барги олиб келишга мажбур бўлишмоқда.

Расмийлар эса бу каби маълумотларни рад этган ҳолда жорий йилнинг баҳорида тутзорлар 2,6 минг гектарга кенгайтирилиб, умимий майдони 56 минг гектарга етказилгани, пиллакорлар учун барча зарур шарт-шароит яратилгани эришилган ғалаба учун мустаҳкам замин яратаётгани такрор ва такрор такидлашмоқда.

-Пиллакорлар тут барги етишмовчилиги кузатилаётган бўлсада, бир амаллаб ипак қурти етиштиришмоқда лекин уларнинг иқтисодий оғир вазиятдан чиқиб кетишларига имкон бермаётган ҳолат бу – етиштирилган маҳсулотни сотиб олувчи давлатдан ўзга харидорнинг йўқлигидадир,-дейди пиллакор Жўраева Дилфуза.

Расмий Ўз.А ахборот агентлигининг хабар беришича Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “Илғор ҳақиқат” фермер хўжалиги 17 қутининг ҳар биридан ўртача 80 килограммдан, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги “Карим Раҳмон” фермер хўжалиги 13 қути уруғнинг ҳар биридан ўртача 62 килограммдан ошириб “кумуш тола” олишган.

Бироқ шу соҳа ишчиларининг аксарияти эътироф этишича пиллакорлар ҳар қанча меҳнат қилишмасин иқтисодий қийинчиликлардан қутилиш бахтига мушарраф бўлишмаяпти.

Биргина мисол Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Кўкдала қишлоғида истиқомат қилувчи пиллакор Эргашова Райхон пилла тайёрлаш шартномасини бир ой илгари тугаллаб мажбуриятни бажарган бўлсада хозирги кунга қадар давлатга сотган “кумуш тола”сининг даромадига эгалик қилолмаяпти.

-Мен деялик ҳар куни маҳаллий банк идорасига бормоқдаман. Лекин ҳамиша бир гапни такрорлашади:
– Банкда пул йўқ.
Мен шикоят қилиб туман ҳокимлигига ҳам бордим. Лекин ҳеч ким менинг дардимни эшитишни истамади,-дейди пиллакор Эргашова Райхон.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares