Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятидан чиқишини билдирган.
Расмий Тошкент 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг МДҲ таркибидаги тузилмалар, жумладан, Коллектив Хавфсизлик Шартномасига қайтадан аъзо бўлиб кирган эди.
Овроосиё ҳамжамиятидан чиқиш тўғрисидаги қарор Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жазо чораларини бекор қилиши ортидан янграмоқда. Хўш бу нимани англатади? Би-би-си Москвадаги МДҲ институтидан Андрей Грозин билан суҳбатлашган.
Андрей Грозин: Бу бошидан кутилган эди. Ўзбекистоннинг 2005 йил майидан кейин олиб борган ташқи сиёсатини кузатган ҳеч ким у Россия ва Хитойга бутунлай юз буради, деб ўйламаган. Бу Марказий Осиёдаги барча давлатларга хос кўп қиррали ташқи сиёсатнинг кўринишидир. Уларнинг ҳаммаси қудратли давлатлар ўртасидаги рақобатдан фойдаланиб қолишга, улардан кўпроқ нарса ундиришга ҳаракат қилиб келадилар. Фақат бунинг усули ва шакли бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Қозоғистоннинг кўп қиррали сиёсати анчайин мувозанатли бўлса, Ўзбекистон кескин қадамларни қўяди. Ўзбекистон, бир қарасангиз, коллектив хавфсизлик шартномасидан чиққан, бир қарасангиз, унга қайтиб кирган ёки бир кун ГУАМ кириб, эртаси кун ундан чиқади ва ҳоказо. Бу кўп қиррали ташқи сиёсатнинг ўзбекона кўринишидир.
Би-би-си: Яъни сизнинг-ча, Ўзбекистонниннг ташкилотдан чиқиш қарори ҳеч ким учун кутилмаган бўлмаган?
Андрей Грозин: Менимча йўқ. Мисол учун охирги бир ярим – икки йилдаги Россия матбуотини олиб қарасангиз, ҳамма Тошкентдан шунга ўхшаган бир қадамни кутиб келаётганини кўрасиз. Чунки Ўзбекистон башорат қилиб бўлмайдиган ва ташқи сиёсатини тез-тез ўзгартириб турадиган давлат эканини ҳамма яхши билади. Қолаверса, Ўзбекистон ташқи сиёсатида субъективлик жуда ҳам кучли. Ташки сиёсатга доир барча қарорлар, жиддий қарорларни фақат битта одам – Президент Каримов қабул қилади. Жуда кўп нарса унинг кайфиятига боғлиқ. Президент Каримов эса, анчайин ҳиссиётга бериладиган шахс. Евразеснинг охирги саммитида Ўзбекистонни янги божхона иттифоқига таклиф этишмади. Бу эса, шубҳасиз, Каримов учун ҳақоратдек туюлган…
Би-би-си: Аммо Овроосиё ҳамжамиятидан чиқиш қарори ортида жаноб Каримовнинг шахсий ҳиссиётларидан ташқари, Ўзбекистоннинг аниқ иқтисодий ва сиёсий манфаатлари турибди, деб ўйламайсизми? Чунки ташкилот минтақа миқёсидаги чегара ёки сув-энергетика муаммоларини ечишга ёрдам беролмади…
Андрей Грозин: Шубҳасиз. Аммо иккинчи томондан, Ўзбекистон ҳеч қачон Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси бўлмаган. Унинг ташкилотдаги мақоми ўзига хос эди. Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиб кирган, аммо айни пайтда унинг кўпгина келишувларини ратификация қилмаган. Масалан, божхона тартиби, маҳсулотлар транзити ёки ташкилотга аъзо қўшни давлатлар билан ўзаро чегараларни очишга доир келишувлар. Хуллас, Ўзбекистон Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятида бўлгани ҳолда, унинг тўлақонли аъзоси бўлмаган.
Би-би-си: Сизнинг-ча, Ўзбекистоннинг Овроосиё ҳамжамиятидан чиқиш қарорини ғарб томон кескин бурилиш, деб талқин қилиш мумкинми ва бунинг ортидан Ўзбекистон МДҲдаги бошқа тузилмалар, хусусан, Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан ҳам чиқади, деб ўйлайсизми?
Андрей Грозин: Мен бундай бўлади, деб ўйламайман. Назаримда, Ўзбекистон ўз зиммасидаги коллектив масъулиятни бироз камайтирмоқчи. Менимча Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан чиқмайди. Чунки бундай қадам Россия билан муносабатларда анчайин жиддий совуқлашишга олиб келган бўлур эди. Менимча, Каримов буни истамайди.
BBCUzbek.com



