Қозоғистон пойтахти Остонада Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар бош вазирларининг мажлиси бўлиб ўтган.
Йиғинда Россия Бош вазири Владимир Путин, Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов, Хитой Бош вазири Вен Жиабао, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов, Қирғизистон Бош вазири Игор Чудинов, Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов иштирок этганлар.
Аъзо мамлакатлар бош вазирлари билан учрашувда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ташкилот аъзолари жорий иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш ва бу инқироздан минимал талофатлар билан чиқиш учун ҳамкорликда бир тизим ишлаб чиқиш керак, деган таклифни ўртага ташлаган.
«Ташкилотга аъзо давлатлар бири-бирига бозорларини очиши ҳамда ўзаро ҳисоб-китобнинг янги шаклини ўйлаб топиш керак», деб айтган Қозоғистон раҳбари.
Президент Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, дунёдаги бир валютага боғлиқлик ўша давлат ҳамда валютага қарам бўлишга олиб келади.
Қозоғистон президенти Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлари орасида янги валюта яратиш борасидаги ишларга ишора бериб ўтган.
Қозоғистон ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ягона иқтисодий бозорини, Шанхай ташкилотининг умумий транспорт йўлагини барпо этиш таклифини ўртага ташлаган.
Остонадаги музокараларда Хитой томони Марказий Осиё мамлакатларига молиявий инқироз оқибатларини бартараф этишда ўз таклифини илгари сурган.
Хитой Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг қўшма иқтисодий лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратишга тайёрлигини билдирган.
Имзоланган қўшма баёнотда айтилишича, томонлар ўзаро савдо, сармоя алоқалари учун барқарор шароит яратиш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва сув заҳираларидан самарали фойдаланишга ката эътибор қаратишлари лозим.
Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ягона энергетик кенгашини тузиш масаласи ҳам кун тартибидаги масалалардан бўлган.
Кузатувчиларга кўра, бошида асосан терроризм, бўлгинчилик ва экстремизмга қарши курашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг дунёда юз бераётган иқтисодий бўҳрон ортидан иқтисодий масалаларга ҳам салмоқли эътибор қаратишига тўғри келмоқда.
Расмийларнинг билдиришларича, Шанхай ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси жорий йилда 70 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.
BBCUzbek.com



