Оқланмаган ишонч қиссаси (1-15)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
Мен суйган суюкли…

(15 боб)

Ётоқхонага бориб алламаҳалгача тўлғониб ётдим. Бир пайт Абдулҳамид Чўлпоннинг “Гўзал” номли шеъри ёдимга тушиб қолди.

Бу шеър Тошкентда талабалар ўртасида қўлма-қўл бўлиб юрадиган шаҳиди шариф шоиримизнинг чоп этилмай қолган энг охирги тўпламида ҳам бор эди. Ўша муборак қўлёзмани ўқиш навбати менга келганда тун бўйи ухламасдан ўттизтача шеърларини кўчириб олгандим. Кейинчалик қўлёзмадан кўчирилган қўлёзмамни кимларгадир бергандим…

Танишларим эса ўз навбатида, Чўлпон шеъриятидан олган ҳис-ҳаяжонларини дарҳол ўртоқлашиш ниятида яқинроқ танишларига тақдим этишади. Чунки битта мавзу ҳақида гаплашиш учун ўша мавзуни суҳбатдош ҳам билиши керак. Хусусан, Чўлпон тўғрисида тўлқинланиб гаплашиш учун шоир шеъриятидан қисман хабардор бўлган ҳамсуҳбатга эҳтиёж сезилади.

Шундай қилиб, Чўлпоннинг ўттизинчи йилларда таъқиқланган тўплами талабалар орасида қўлма-қўл бўлиб юрарди. Студентлар “таъқиқланган адабиёт” ни ўқиётганини айрим ўқитувчиларимиз билишарди, аммо ўзларини билмасликка олишарди. Баъзан: “Ҳушёр бўлинглар! Катта давраларда Чўлпон тўғрисида гап очманглар, ораларингда “қуда” томоннинг одамлари бўлиши мумкин”, деб огоҳлантириб қўйишарди…

Биз талабалар Чўлпоннинг шеърларини кўз қорачиғидек авайлаб-асрардик. Китобларим орасидан Чўлпоннинг “Гўзал” шеъри қўлёзмасини қидириб топдим. Қоронғи кечани безовта қилиб бор овоз билан ўша шеърни ифодали ўқий бошладим:

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,

Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.

Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,

Айтадур: “Мен уни тушда кўрамен,

Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,

Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!”

Кўзимни оламен ой чиққан ёққа,

Бошлаймен ойдан-да сени сўрмоққа,

Ул-да айтадурки: “Қизил ёноққа

Учрадим тушимда, кўмилган оққа.

Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,

Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”

Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,

Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.

Айтадур: “Бир кўриб йўлимдан озиб,

Тоғу тошлар ичра истаб юрамен,

Бир кўрдим мен уни, шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”

Ул кетгач кун чиқар ёруғлик сочиб,

Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда.

Ул-да уятидан беркиниб, қочиб,

Айтадир: “Бир кўрдим, тушдамас ўнгда,

Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, мендан-да гўзал!”

Мен йўқсил на бўлуб уни суюбмен?!

Унингчун ёнибмен, ёниб куюбмен.

Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.

Мен суйиб… мен суйиб… кимни суюбмен?

Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!

Албатта, талабалар уйғониб кетишади, деразадан бошларини чиқаришиб, ғаройиб шеърни эшитадилар, шеър сеҳрига маст бўладилар, асир бўладилар:

– Исмат ака, раҳмат, кам бўлманг! Илтимос, яна бир марта қайтаринг юборинг! Бошини эшитмай қолдик! – деган хитоблар янграйди.

Шеърни яна бир марта янада тўлқинланиб ўқийман. Ётоқхона сув қўйгандек жим-жит бўлиб қолади…

Эрта тонгда комсомол ташкилотининг секретари Исмат Хушевнинг бедаво дардга мубтало бўлганини ҳамма эшитади. Мен бўлсам, ҳеч нарса бўлмагандек ишга бордим. Одатда, иш пайтида режалар дафтаримни кўздан кечириб, аввало муҳим топшириқларни бажаришга киришардим. Бу гал эса шеърий иқтибосларни ўзимча ўзбекчага ўгирдим.

Китобдан нохуш хабарлар кела бошлади. Отам биринчи марта совчиликка борганда: “Қизимиз ҳали ёш, ҳали-бери куёвга бермаймиз!” деб жавоб беришибди.

Яна икки-уч кун кутдим. Кейинги хабар мени яна-тағин жанговар ҳолатга қайтарди қўйди. Отам иккинчи марта совчиликка борганда: “Ўғлингиз бизнинг қизимизнинг тенги эмас. Ҳар ҳолда тенг-тенги билан…” дейишиб, узил-кесил рад жавобини беришибди.

– Йўғ-э! – дедим телефон қилган опамга. – Ҳали коммунистлар бойларнинг қизига тенг бўлмай қолибдими?..

– Исматжон, ўзингни босгин, Китоб тўла қиз, келгунингча беш-олтитасини кўз остига олиб қўямиз, танлаганингни оласан!

– Менга бошқа қиз керак эмас! Хотинсиз ўтсам ўтиб кетаманки, лекин бошқа қизга уйланмайман! Уйлансам, фақат Наргисга уйланаман! Бу қанақаси ахир, отам совчиликка бориб, бошини эгиб, қайтиб келаверадими?

Йўқ, бундай бўлмаслиги керак, биз ғолиб келишимиз лозим!

Наргисга атаб кечалари шеър ўқиб ётсаму, отаси ишқимни паймол қиладими? Ажаб, бизга қизини бермайдиган одам ҳам бор экан-да…

Коммунист бўлганимдан сўнг маиший ҳаётим ҳам изга тушиб кетиши лозимдек туюларди. Келажагим порлоқ бўлишига асло шубҳаланмасдим. Ҳавойи орзулар қанотида учиб юрган йигит учун Наргиснинг отаси эскилик сарқитларига муккасидан кетган феодал бўлиб кўриниши табиий ҳол эди. Мен ҳали у кишини танимасдим, фақат Шаҳрисабзда “Заготзерно”нинг директори эканини эшитгандим, холос.

Ғалла тайёрлов ташкилоти у пайтларда ҳар қандай кишида ўз-ўзидан шубҳа уйғотарди. Раҳбари ҳалол бўлиши мумкин, намозхон бўлиши мумкин, халқ мулкига хиёнат қилмайдиган қип-қизил коммунист бўлиши мумкин, аммо очиқ омборларда тўлиб-тошиб ётган ғалладан, хеч бўлмаса, “сичқонлар ташиб кетди, каламушлар еб кетди”, деб инсоф билан чегириб ташланмаслигига, қонуний йўсинда, ими-жимида ўзлаштирилмаслигига ҳеч ким ишонмасди. Жумладан, ўзим ҳам кўпчилик қатори шундай фикрда эдим. Майли, дедим, ҳозирча у ёғини ковлаштирмай турайлик, эртага қайнота-куёв бўлиб қолсак, кўз-кўзга тушганда ўсал бўлиб қолмайлик, деб шайтонга ҳай бердим.

Шошма, Исматбой, аввал қизнинг ўзи билан яна бир гаплашай-чи, дедим. Сўраб-суриштирсам, Наргис шамоллаб, район касалхонасига тушиб қолибди. Воҳ, дедим, қулай фурсатни қўлдан бой бермаслик керак, дедим. Ўша кеча ҳам ухламасдан Наргисга хат ёздим, хатни ишхонамда яхшилаб машинкада кўчирдим, у ёқ-буёғига сайқал бердим. Хат унчалик катта бўлмаса-да, лекин ниҳоятда пурмаъно эди: биринчидан, “мен муҳаббатни қандай тушунаман?” деган масалага фалсафий жавоб бергандим. Иккинчидан, “Мен севган қиз қандай бўлиши керкак?” деган саволга ҳам ўзимнинг қарашларимни баён этгандим. Учинчидан, “Қизлар учун замонавий йигитлар қандай фазилатларга эга бўлиши керак?” деб масалани кўндаланг қилиб қўйгандим. Албатта, учинчи саволга жавоб бераётиб, ўзимни бутун дунё йўқсилларига намуна этиб кўрсатишни ҳам эсимдан чиқармагандим. Хат шоирона руҳда ёзилганди:

“Юрагимнинг бир парчасига,

Айланган ул санамга салом!

Салом азизим Наргиза! Ҳозир сенга хат битаяпман-у, сенсиз келгуси ҳаётимни тасаввур ҳам қилолмаслигимга ақлим етди:

Сен экансан менинг бир умр,

Зор-зор кутган бахт-у, иқболим.

Бахт-иқболим ҳаққи-ҳурмати,

Доим соғ бўл, соҳибжамолим!

Мана ҳозир соат тунги бир. Менинг эса уйқум келмайди. Хаёлимда фақат сен ўзинг. Шу қадар қалбимга кириб келгансан. Биласанми, бу нима? Бу – муҳаббат! Бу – севги! Бу – бахт! Қанча йиллар кутган эдим мен бу дамларни. Ҳамма-ҳаммаси учун сенга раҳмат, азизим.

Наргизам, яхшиям дунёда борсан,

Мен учун бир умр сўлмас баҳорсан!

Сен менинг шунча йил кутган умидим,

Мен учун иймонсан ва ифтихорсан!

“Мен ўз рафиқамни қандай тасаввур зтаман?” Назаримда, мен бу саволга олдинги мактубларимда тўлиқ жавоб беролмагандекман. Менинг рафиқам дунёдаги энг бахтли аёл бўлмоғи шарт деган эдим. Ҳа, азизим! Биринчидан, мен суйган суюкли ўзини энг бахтли деб ҳисоблаши шарт! Иккинчидан эса, у худди сендек журъатли, жасоратли, ўз фикрини дадил айта оладиган бўлиши керак эди. Не бахтки, сен худди шунақа экансан. Ҳам чиройинг, ҳам ақлинг, ҳам фикринг билан. Мен – бир оз ўйчан, бир оз мулоҳазали ва албатта майда-чуйда гап-сўзларга, иғво-ю бўҳтонларга ишонмайдиган маҳбубани орзу қилардим. Сен худди шунақа киз бўлиб чиқдинг. Бўлмаса, мен ҳақимдаги гап-сўзлар дадангнинг хаёлларини паришон қилиб қўйган бир пайтда, сен ҳеч иккиланмасдан бир фикрга келган бўлармидинг? Йўқ, албатта!

Кейин бизнинг оиламизга ҳамма нарса ҳавас қиладиган бўлиши керак: Рўзғор ҳам, фарзандларимиз тарбияси ҳам, яшаш ҳам, эр-хотин орасидаги муносабат ҳам, меҳр-оқибат ҳам. Ва албатта, оиламиз – турмушимиз иқтисодий томондан ҳам одамларнинг ҳавасини келтирадиган даражада бекаму-кўст бўлиши керак. Бу албатта, кўпроқ, оила бошлиғи – эркакнинг зиммасига тушади. Мен эса шубҳасиз ишонаман – сен билан чиройли турмуш қуришимизга!

Ана шуларнинг ҳаммаси – бир сўз билан айтганда – чиройли турмуш – кишининг умр йўлдошига боғлиқ. Нима учунлигини ҳозир сенга айтолмайман. Лекин менинг фикримча шундай! Эр кишини бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам – хотин деб бежиз айтишмаган. Ана шунинг учун ҳам, азизим, мен сени, сенга етишишни илоҳий бир ҳол деб ёзганларим ёдингдадур.

Кеча ушбу хатни тугатолмай, иккиларда ухлаган эдим. Ҳозир соат етти бўлибди. Яна давом этаяпман. Дарвоқе, бугун сенинг туғилган кунинг. Агар билсанг, бу менинг ҳам туғилган – қайта дунёга келган куним! Нима учунлигини – мен ёзган мактубларимни бир-бир ўқиб чиқсанг, ҳар бир жумласини яхшилаб таҳлил қилсанг, эҳтимол жавоб топарсан. Бугун албатта олдингга бораман. Шаҳло кўзларингга, нурли нигоҳларингга боқиб сени туғилган кунинг билан, ўзимни эса қайта дунёга келган – сендек бир дилбар фариштамни, соҳибжамол малагимни топган куним билан табриклайман!

Наргиза! Мен сен билан учрашганимда ҳам, хатларимда ҳам бу дунёда сени мендек ҳеч ким тушуна олмаса керак деб кўп бор айтганман. Нима учун шундай деганимни мана энди тушунаётгандирсан. Чунки ҳамма йигитлар ҳам мен сенга ёзаётган нарсаларни худди мендек тушунавермайдилар-ку. Уларнинг кўпчилиги учун хотин – бу шунчаки уй бекаси, хизматкор, болаларнинг онаси, холос. Мен учун эса шулар билан бирга у – ҳаётимнинг мазмуни, умрим безаги! Юрагимнинг бир парчасига айланиб қолиши шарт бўлган вафодор ёрим!

Хуллас, мен умр йўлдошимни ана шундай – умрим мўъжизаси деб биламан. Сен менинг йигирма саккиз ёшимда кашф этилган ноёб мўъжизамсан! Кашфиётимсан! Бир сўз билан айтганда эндиги – ҳаётимсан! Бу ҳаётимнинг қандай кечиши сенга боғлиқ. Ёлғиз ўзингга! Мен сени – умрим йўлдошини – дилбар рафиқамни хаёлимда ана шундай тасаввур қилган эдим. Ва, не бахтки, худди шундай ҳолда учратдим! Шунинг учун сенга раҳмат, азизам!

Энди кечгача хайрлашамиз. Китобда дийдор кўришгунча. Сени соғиниб қолувчи – Исмат Хушев.

25-26 август 1986 йил, Қарши шаҳри.”

Зўр чиқди, ҳатто ёш Вертер ҳам ўзининг севгилиси – Шарлоттага бунчалар оташин мактуб йўллай олмаган бўлса керак. Хат тайёр бўлгач, милицияда ишлайдиган Бурҳон исмли укахонимни чақирдим.

У институтимизнинг сиртқи бўлимига кираётганда бир-икки балл етмай қолганди. Шунда аппеляция ҳайъатининг бошқа аъзоларига эмас, менга арзи-ҳолини айтганди. Қарасам, хушмуомала, оқ-қорани танийдиган йигит экан. Уни ректор ҳузурига эргаштириб кирдим. Муҳаммаджон Назаровичга: “Милиция таркибида Бурҳонга ўхшаган инсонпарвар йигитлар хизмат қилса, менимча, жамиятимизга фойда бўлади. Домла, келинг, шу йигит институтимизда таҳсил кўрсин, ўзингиз қўллаб юборинг!” деб илтимос қилгандим. Ректоримиз мандат пайтида Бурҳонни қўллаб юборади – у сиртқи бўлим студенти бўлади. Шу-шу қачон учрашиб қолсак: “Исмат ака, айтинг, қанақа хизмат бор?” деб самимий салом-алик қилиб юрарди. Хуллас, ўша йигитни ҳузуримга чақириб, вазиятни тушунтирдим:

– Мана шу хатни Китобдаги район касалхонасида даволанаётган Наргис исмли қизга – бўлажак келинга элтиб берасиз. Отаси Ғалла тайёрлов ташкилотининг директори, қизини ҳамма врачлар таниса керак, – дедим.

– Бўпти, ака, буёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, машинам янги, тезда қайтаман, – деб Бурҳон Китобга жўнаб кетди.

Чопар кечга томон қайтиб келди.

– Жавобини ҳам ёздириб олдим, мана, деб бир варақ қоғозни узатди.

– Қойилман, раҳмат Бурҳонжон! – дедим қувониб.

Наргиснинг жавоб бериши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бурҳон эса милиция ходимлиги учунми, дарҳол ашъёвий далилни қўлга киритади. Тўғри, жавоб хатида “Менинг измим дадамларда…” деган қисқагина жумла ёзилганди, холос. Бари-бир эмасми, мен оғзимни тўлдириб: “Наргисдан хат олганман, жавоб олганман, деярли кўндириб қўйганман”, дейишим учун қўлимда дастак бор эди.

Кайфиятим кўтарилиб, руҳим тетиклашиб қолди. Кўнглимда умид уйғонди. Кечқурун Китобга бориб Наргизни туғилган куни билан табриклаш истаги энди қаъий қарорга айланди. Шеърий сатрлар ҳам ўз-ўзидан туғилиб кела бошлади:

Бугун сендан йироқларда,

Юрибман мен ғариб, ёлғиз

Мени сен бу фироқлардан,

Халослар айлагил, эй қиз.

Сени деб бу аламларда,

Куйиб кул бўлмасам ҳаргиз.

“Ихтиёрим дадамларда…”

Деб мени қийнама, Наргиз!

Ана шундан кейин ректорнинг олдига кирдим:

– Домла, келинликка номзодни ўзим топдим. Лекин отам совчиликка борган экан, қизини беришмабди. Энди ваъдангизнинг устидан чиқасизми? – деб масалани кўндаланг қўйдим.

– Бўлмасам-чи, Исматжон, йигит – сўзидан, арслон – изидан қайтмайди! – деб Муҳаммаджон Назарович дарҳол обрў-эътиборли профессорларни ҳузурига чақиртирди. – Фақат ўша қизни оласизми, бошқаси бўлмайдими?

– Йўк, фақат Наргисни дейман! Унга уйланмасам, йиғиб-териб қўйган иқтибосларим ҳайф бўлиб кетади…

Кўп ўтмасдан ректор кабинетида институтнинг машҳур профессорлари Даврон Шодиев, Анвар Чориев, Обод Жўрақулов ва Малла Очиловлар ҳозир бўлишди. Улар менинг партия аъзолигига ўтишимга йўлланма беришган эди.

– Отаси ким экан? – деб сўрашди даставвал домлалар.

– Ғалла тайёрлов идорасида ишлайди, – деди ректор. – Хуллас, мана шу комсомолни уйлантириб қўймасак бўлмайди. Маъқулми?

– Бажонидил, – дейишди профессорлар қўлларини қовуштиришиб.

Ректор кабинетида пухта режа тузилди. Совчиликка кимлар бориши аниқланди, ҳар эҳтимолга қарши, қўшимча вариантлар ҳам белгилаб олинди.

Маълумки, у пайтларда институтнинг иккита профессори совчи бўлиб борса, ҳеч ким “йўқ” демасди. Биз томонларда тирик профессорларни кўрган одамлар ўзларини бахтли инсон ҳисоблашарди.

Битта декан уловини тўғрилаб:

– Хизматни, мана, биз қиламиз! – деди қўлини кўксига қўйиб.

“Жигули”га ўзим ҳам чиқиб олдим. Қаршидан Китобга йўл олдик. Наргизларнинг уйи район ҳарбий комиссарлигининг ёнида – Ҳамид Олимжон номли маҳаллада эди. Совчилар виқор билан менинг тақдирим риштаси боғланиб қолган хонадонга кириб кетишди. Мен бўлсам, машинани ичидан қулфлаб, хушхабар келишини пойлаб ётдим. Ўчакишгандек, совчилар гўё бир йил йўқ бўлиб кетишди. Охири кайфиятлари чоғ бўлиб қайтиб чиқишди. Қайтиб чиқишди-ю, лекин нуқул дастурхонга қўйилган ноз-неъматларни таърифлайдилар. Ҳа, совчилар тансиқ таомлару сархил ичимликлар билан меҳмон қилинган бўлса, демак ишлар “беш” бўлган деб ўйладим. Наргиснинг отаси рози бўлган… Тўй кунини қачон белгилашди экан?..

Машина ўрнидан қўзғолди. Ҳамон бояги ноз-неъматлар мавзусидаги суҳбат давом этарди. Китоб ҳудудидан ҳам чиқиб кетдик, Қарши йўлига тушиб олдик… Лекин лаънати дастурхон ниҳоятда тўкис бўлган экан, сира таърифининг чек-чегараси кўринмасди. Охири юрагим торс ёрилай деди, ўзимни тутолмадим:

– Бўрими, тулки? – деб сўрадим. – Ишқилиб розилигини олдиларингми?

– Ҳозирча… чиябўри, – деди профессор Обод Жўрақулов. – Қизи борнинг – нози бор дейдилар. Яна бир марта келмасак бўлмайди, комсомол, таомил – урф-одатимиз шунақа…

Дарҳақиқат, меҳмондорчилик зўр бўлибди. Бўлажак қайнотам ҳам ниҳоятда зиёли, одамухон инсон экан.

– Қанийди вақтимиз бемалол бўлсаю ётиб олиб эрталабгача суҳбатлашсак! Одамнинг тафтини одам олади, жонон суҳбатлардан сўнг кўнгилдаги ғуборлар ҳам тарқалиб кетади, – деди Анвар ака Чориев мамнун қиёфада.

Кўнглим бир оз хотиржам бўлди.

Ректоримиз Муҳаммаджон Назарович ҳам бизни кутиб ўтирган экан. Тўғри у кишининг кабинетига кириб, ахборот бердик.

– Шунақами? – деди ректор ҳомуш тортиб. – Майли, кейинги гал Жалил Шукуровични ҳам қўшиб юбораман, – деди.

(Давоми бор).
http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares