Жиззах вилояти сув хўжалиги бошқармасининг собиқ бошлиғи Зокир Исақулов тажриба алмашиш мақсадида Республикамизга келган Афғонистон мелеорация ва сув хўжалиги вазирини янги ўзлаштирилаётган ерларга олиб боради. Тасмадей чўзилиб кетган латокларни, каналларни кўрсатади. Зомин тоғларига олиб чиқади. Буларни кўриб оғзи ланг очилиб қолган вазирни “Амур Темур” дарвозаси ёнидаги дарё бўйида қурилган ресторанга олиб боради-да, Афғонистонда ҳам мелиорациянинг ривожи учун қадах кўтаришади.
Дарё шовуллаб оқиб турибди. Вазирнинг қувончи чексиз, қўлида қадах, тинмай оқ мўйловини силайди, бир вақт у виқор билан бошқарма бошлиғига савол бериб қолди.
-“Сангзор” деган сўз нимани англатади, биласизми?
Бошқарма бошлиғи кутилмаганда берилган бу саволга аввалига шошиб қолди.
Тўғрида “Сангзор” дегани нима экан-а? Лекин билмайман дейиш уят. Лоп этиб калласига Бахмалдан Ғаллаоролнинг Ўгат қишлоғига келин бўлиб тушган момоси келиб қолади. Момосининг исми Ойча бўлган. Қишлоқ кишилари бу исмга кўникиша олмай, уни Бахмалдан оқиб келаётган дарё номи билан “Сангзор” момо деб атаб юборишади.
-Биламан,- дейди бошқарма бошлиғи. Тап тортмай- менинг ўлиб кетган момомни англатади.
Вазир анграйиб қолди.
-Қанақа момо?!
-Менинг момомда. Вафот этганига 40 йиллар бўлдиёв.
Вазирнинг қўлидаги қадаҳи чайқалиб, оқ мўйлови қимирлаб кетади. Масхара қилаяпти деса ҳеч хам ундай эмас.Қотма, харакатлари чаққон, қорачадан келган хушчақчақ бу йигитнинг юзлари жиддий. Шунда вазир бошқарма бошлиғи бу сўзнинг асл маъносини билмаслигини англаб кулиб юборди.
-“Санг”-тош,”Зор”-сой,-дегани,билдингизми,бўтам! Сиз эса дарёни момом деб юрибсиз.
Бошқарма бошлиғи барибир паст кетмайди.Қадахни тўлғазиб томоғини қирганича нутқ ирод қилади:
-Биз ўгатликлар, момомизни жуда яхши кўрамиз. Шунинг учун бутун бошли бир дарёни унинг номига қўйиб юборганмиз.
Абулфайз Баратов.



