Аллоҳ раҳмат қилсин!
Уни хотирлаб, ўзимни эса овутмоқ илинжида нимадир қоғозга қоралаган бўлдим…

Ўткинчи бу дунё синоат экан,
Ҳар банда ўзгача бир ҳилқат экан-
Ҳар одим, ҳар сўзи бир ибрат,
Ҳар Одамнинг ўзи бир неъмат экан,
Одам Одам учун ғанимат экан-
Сен буни англатдинг, Султоним-укам!
Эй, Юрак, эзилма ғамнинг кўпидан,
Эй, Қаддим, эгилма қазо юкидан,
Жигарим, кўзларга чиқмасин қонинг,
Букиб ташламасин, Бағрим, армонинг,
Ини оға учун ғанимат экан,
Ўлим ҳамиша ҳақ-ҳақиқат экан-
Сен буни англатдинг, Султоним-укам!
Танамда жон эмас тоқат руҳ бўлди,
Кўзим қум тўлди, тош-қорачуғ бўлди,
Кипригим юзимни тилди-тиғ бўлди,
Жигарим дардида жигар чўғ бўлди,
Тириклик аслида бир ғафлат экан,
Жонсиз вужуд бунга зўр ибрат экан-
Сен буни англатдинг, Султоним-укам!
Елкамда тобутмас бир тоғ силкинди-
Кўксимда шу он тоғдек доғ силкинди,
Бўғзимда тош қотган ўтли оҳ силкинди-
Куйдириб ташлади юрак-бағримни,
Сени кўмдим, кўмолмадим дардимни,
Ортда қолмоқ чексиз уқубат экан,
Тириклик аслида бир ғафлат экан-
20.Х.2008



