Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон жамиятининг Жиззах вилоят бўлимига Жиззах шаҳрида яшовчи Мукаррам Исломова номли аёл ариза билан мурожаат қилиб, тухмат орқали жиноий жавобгарликка тортилган ўғли Дилмурод Исломовга ёрдам беришни сўраган экан. Бўлим фаоллари адвокат ёллаб, адолатни тиклашга ҳаракат қилишибди. Лекин уларнинг Жиззахда ҳақиқатни юзага чиқариш учун қилган саъй-ҳаракатлари бесамар кетган.
Мазкур ҳуқуқ ҳимоячилари Д.Исломов билан кечган воқеаларни батафсил ёритувчи материал – онаси номидан ёзилган мактубни “Эзгулик” жамиятига ҳам йўллашибди. Қуйида диққатингизга шу мактубни бир оз қисқартириб ва таҳрир қилиб, ҳавола этамиз.
*****
1982 йилда туғилган, Жиззах шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласидаги 1-сонли милиция бўлинмасида профилактика нозири вазифасида ишлаб келаётган ўғлим Дилмурод Исломов баъзи «ҳуқуқ муҳофазакорлари»нинг ўч олиш мақсадида уюштирган туҳматлари қурбонига айланди.
Ўғлимга фожеа олиб келган воқеа 2008 йилнинг 8 июнига ўтар кечаси соат тахминан 2 дан 45 минут ўтганида содир бўлди. 1-сонли милиция бўлинмаси навбатчиси ёрдамчиси Раҳматилла Ҳайдаров ўғлимга рация ва қўл телефони орқали қўнғироқ қилиб, 2517-сонли автокорхонада ўғирлик содир бўлганлиги учун тезда етиб келишини айтади. Маълум бўлишича, 4 нафар фуқаро автокорхонадаги ишчилар ётиб турадиган хонага ўғирлик учун киришиб, ҳеч нима тополмагач, ташқарида турган телевизорни кўтариб жўнаётганларида, ишчилар уларни ушлаб олишади. Ўғрилардан биттаси қочиб кетишга улгуради.
Ўғлим телевизорни ашёвий далил сифатида бўлинмага олиб боради-да, эгасидан ариза ва тушунтириш хати ёздириб олиб, Р.Ҳайдаровга топширади ва «Ф-1» рўйхат китобига қайд этиб қўйишини тайинлайди. У бўлса ўғлимга шаҳар ИИБ навбатчилари билан гаплашганини, улар аризани ўзлари руйхатга олишларини айтганларини билдиради. Бу – кечаси соат 4.00 лар атрофида бўлган гаплар.
Айни вақтда ўғлим ўзига қарашли ҳудудда навбатчилик қилаётган вилоят ИИБ ходимлари Аслиддин Қаршибоев ва Зоҳид Сафаровни чақириб, ўғирлик қилган 3 нафар фуқародан улар иштирокида тушунтириш хатлари ёздириб олади. Эрталаб соат 5.30 ларда ўғлим ўз машинасида ухлайди. Эрталаб соат 6.30 ларда 1-сонли милиция бўлинмаси бошлиғи ўринбосари Азамат Ўринбоев ўғрилардан Ҳакимов Ҳабибуллога тегишли бўлган машинани текшириб, баённома туздингми деб сурайди ўғлимдан. Ўғлим машинанинг барча ҳужжатларини навбатчи ёрдамчиси Р.Ҳайдаровга топшириб, машинани қулфлаб қўйганлигини айтади.
Эрталаб вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходими Ёрқин Маҳкамов бўлинмага келиб, суриштирув ишларини олиб боришга тўсиқ бўлиб, туҳматдан иборат ҳужжатлар тузишни ташкил қилади ҳамда мансабидан фойдаланиб, ўғрилар О.Сафаров, М. Эшқораев, Ҳ.Ҳакимов ва К. Аҳмедовларни озод этиб юборади. Албатта, у бизда хусумати бўлганлиги сабаб шундай қилади. Кейин ўғлимни чақириб,
– Бу ҳужжатларни сен ўғри деб ушлаб келган кишилар ёзиб берди, сен ўз мансабингдан фойдаланиб, уларни қийнагансан, куч ишлатгансан. Ҳакимов Ҳабибуллонинг машинасидаги магнитофон ва колонкани ҳам сен ўғирлаб яшириб қўйгансан, – деб ўғлимни қўрқитади. «Аканг холанг Юсупова Раъно билан жанжаллашганида, даъвосидан қайтмаган эди. Қайтар дунё дейдилар буни. Энди кунингни кўрсатаман, – деб дағдаға қилади.
Ҳақиқатан ҳам, Ё.Маҳкамов ўғлимнинг кунини кўрсатиб қўйишга аҳд қилган экан, шекилли, шу воқеа содир бўлган 8 июн куни тушларда ўғлимни 1-сонли милиция бўлинмасига чақиради. Бўлинмага кираверишда Ё.Маҳкамов ўғлимнинг хизмат гувоҳномасини зўрлик билан олиб қўяди. Ўғлим бошлиқ хонасига кирганида у ерда бўлинма бошлиғи И.Турсунов, ППХ ва ЖТСБ бошлиғи ўринбосари Ш.Эгамов, вилоят ИИБ ШТБИХ бошлиғи ўринбосари, милиция подполковниги Р.Абулқосимов ўтиришган экан. Ё.Маҳкамов улар олдида Ҳакимов Ҳабибуллонинг машинасидаги магнитофон ва колонкани сен ўғирлагансан, уларни қийнагансан, ишдан бўшашлигинг тўғрисида рапорт ёз, тилхат ҳам ёзиб бер, – деб бақиради. Ўғлим рапорт ва тилхат ёзиб беришга мажбур бўлади.
10 июнь куни 1-сонли милиция бўлинмасининг навбатчиси ўғлимга қўнғироқ қилиб, тезлик билан Ё.Маҳкамов ҳузурига етиб бориши кераклигини тайинлайди… У ўғлим билан гапни чўзиб ўтирмай, мана қўлимда сени панжара ортига тиқадиган далилий ҳужжатлар, агар 500 доллар берсанг, буларни ҳозироқ йиртиб ташлайман, дейди. Ўғлим ҳеч қандай айби йўқлигини, бунинг устига, бунча пулни топиб бера олмаслигини айтади. Сўнгра ўғлим шаҳар ИИБ бошлиғи Э.Ҳусановга учрашиб, унга воқеани гапиради. Бошлиқ ўғлимга, сен 7 июн куни ишдан бўшаган экансан, ўғирлик килганинг ҳақида бизга ҳужжатлар келиб тушди, деб, уни кабинетидан чиқариб юборади.
Ажабо, ўғирлик 8 июнга ўтар кечаси рўй бериб, барча машмашалар, иғвогарона хатти-ҳаракатлар 8 июнь кунидан бошланган бўлса-ю, қайси асосларга кўра ўғлимни 7 июндан вазифасидан озод килишган экан? Ана шу ҳолатларга Э.Ҳусанов мутлақо эътибор бермади. Бу ҳолатлар бўйича шаҳар прокуратурасига қилган мурожаатларимиз ҳам самарасиз кетди.
Энди яна воқеа ривожиги қайтамиз. 9 июн куни ўғлим яна Э.Ҳусанов хузурига кириб, менинг ишимни прокуратурага ўтказсангиз деб илтимос килади. Э.Ҳусанов: «Мен бу ишни қила олмайман, юқоридан топшириқ бор», деб жавоб қилади. Биз топшириқни Ё.Маҳкамов берганлигини, ҳақиқатан ҳам, у холасининг ўчини олишга қаттиқ киришганини сезиб, бор гапларни қоғозда Жиззах вилоят прокуратурасига ҳавола этдик. Аммо шикоятимиз жавобсиз қолди.
Ўғлим юқори идораларга шикоят қилаверганидан сўнг шаҳар прокурори Сагатов, шаҳар ИИБ бошлиғи Э.Ҳусанов, вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходими Ё.Маҳкамовлар ўғлимга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чорасини қўллаб, уни ҳибсга олиш учун ИИБ терговчиси Улу?бек Эркаев орқали шаҳар судига тақдимнома киритишади. Жиззах шаҳар суди 24 июн куни ушбу талабномани қондириб, ўғлим қамоққа олинади. У.Эркаев эса ўғлимга нисбатан ўғирлик айбларини юклашдан ташқари, ўғирликда айбланиб қўлга олинганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, уларга енгил тан жароҳати етказганлиги, бўлинмада ушлаб, қисқа муддатли чеклов жиноятларини содир этганлиги хусусида айблов эълон қилиб, жиноят иши қўзғатади.
Ўғлимга нисбатан ЖПКнинг 240-, 242- ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинади. Ўғлимнинг ҳимоячиси С.Сувонов Жиззах шаҳар судининг ноқонуний ажрими ҳақида вилоят жиноий ишлар судига апелляция шикояти киритади. 2008 йилнинг 27 июн куни Жиззах вилоят жиноий ишлар суди апелляция инстанциясининг ёпиқ суд мажлисида судлов ҳайъати (судга раислик қилган И.Қувватов) апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, ўғлимга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгаришсиз қолдиради.
Шундай бир вазиятда дардимизни республикадаги нуфузли идораларга айтмоқчи бўлдик, шояд улардан адолат топсак деб. Ўзбекистон Олий Мажлиси Вакили (Омбудсман) С.Рашидовага 3 марта шикоят йўлладик. Шикоятларимиз чора-тадбирлар белгилаш учун республикадаги тегишли идораларга юборилибди. Ушбу идораларнинг жавоб ёзадиган босма станоги бор, шекилли, мазмуни ва ёзилиши деярли бир хил жавоблар билан мени кўмиб ташлашди десам, муболаға бўлмайди. Тошкентдан вилоятга, вилоятдан шахарга, шаҳардан ҳозир ўғлимнинг суди кетаётган Зафарободга учирма қилинаётган барча жавобларда ўзининг иғвогарона қилмишлари билан ўғлимни шу куйга солган вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходими Ё.Маҳкамов ва терговчи У.Эркаевларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида ҳеч гап йўқлигига хайрон қолаяпмиз. Ваҳолонки мен шикоятларимнинг барида ноқонуний жавобгарликка тортилган ўғлим билан бир қаторда юқорида номи тилга олинган кимсаларнинг жинояткорона хатти-ҳаракатларига баҳо берадиган одам Жиззахда топилмаганлиги сабабли расмий Тошкентдан мадад кутгандим. Афсуски, у ердаги раҳбарлар ҳам шикоятимга чала-чулпа кўз югуртириб, вилоятга, мен килмишларини тилга олган мутасадди кишиларга жўнатиб туришди.
Республика Бош прокуратурасининг судларда жиноят ишларини кўришда прокурорлар ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Б.Пайзиев, бош прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи О.Набиев, Бош прокуратурада ички ишлар органларида конунлар ижроси устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Э.Жўраевларнинг, яъни учалаларининг Жиззах шаҳридаги тегишли идораларга ва менга юборган хатлари бир қолипдан чиққандек. Модомики, шундай экан, дардимизни кимга айтишимиз керак?!
Ўғлимнинг ишини кўраётган Зафаробод туман суди Б.Муротов Жиззах вилоят прокуратурасидан 4 та, Жиззах шаҳар жиноий ишлар судидан 2 та расмий хат олди. Хатда ўғлим Д.Исломов ҳақида гап кетади-ю, аммо ўғлимни шу даражага олиб келган иғвогар орган ходимлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Адолат тарозиси палласини тенг ушлаши керак бўлган муҳтарам судья Б.Муротов ҳам, терговчи У.Эркаев ҳам вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходими Ё.Маҳкамовнинг ўғлимни ҳеч бир сабабсиз калтаклаб, унга нисбатан оғир тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги экспертиза хулосасини инобатга олишмади. Ё.Маҳкамов шу даражага етиб бордики, у опаси Ламинова Мадинани ўғлим ётган камерага киритиб, ўғлимни ҳақоратлаш учун шароит яратиб берди. Шу тариқа, ўғлимга йўқ айбларни қўяётган шаҳардаги ҳуқуқ-тартибот органларининг жилови Ё.Маҳкамовнинг қўлида эканлигига яна бир карра амин бўлдик.
….2008 йилнинг 29 сентябрь куни оилам ва ўғлим учун чинакамига фожеали кун бўлди. Ўғлимни суд қилаётган Зафаробод туман жиноий ишлар суди раиси Б.Муротов ҳеч бир асосга эга бўлмаган ҳукмни ўқиб эшиттирганида, мен судлов тизимининг ҳақиқий жирканч башарасини кўргандек бўлдим. Сариқ касаллигига чалиниб, оғир ахволда бўлган ўғлимга 5 йиллик қамоқ жазоси беришди. Юзида қилт этган ўзгариш сезилмай, бамайлихотир ҳукмни ўқиётган суд раиси Б Муротовнинг тили узилиб тушмаганига хайрон қолдим.
Суд раиси тантанавор тарзда ҳукмни ўқиб бўлиб, у ёқ-бу ёғига яхшилаб қараб олгач, бизга юзланиб, «Қани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ўша халқаро ташкилотинг, сизларга қандай ёрдам бера олди?» дея тиржайди. Ҳолбуки мен ҳеч жойдан нажот топа олмаганим учун ҳам ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган эдим. Икки нафар адвокат – Лапас Камолов ва Султон Сувонов ҳамда кузатувчи сифатида қатнашган ҳуқуқ химоячисининг – Ўзбекистон Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган, ўз муҳри, тамғаси ва низомига эга бўлган ташкилот раисининг барча саъй-ҳаракатлари самарасиз кетди. Воқеа қандай тарзда ривожланмасин, мени битта умид юпатади:
ҲАҚИҚАТ ЭГИЛАДИ, АММО СИНМАЙДИ. У РЎЁБГА ЧИҚИШИГА ИШОНАМАН.
http://www.ezgulik.org/



