Оқланмаган ишонч қиссаси (1-13 давоми)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)Исмат Хушев, Канада.
Ошкора қотиллик қиссаси

13 боб. (Охири)

Йиғилишларда менга умуман сўз беришмасди. Шунга қарамасдан, қайсидир бир йиғинда сўз олдим ва: “Комсомол ишлари оқсаётган бўлса, бунга биринчи навбатда Манзура Рўзиевна айбдор!”, дедим очиқчасига. Ўз фикр-мулоқазаларимни қатор далиллар билан исботлаб бердим.

Ўшандан кейин у ҳам Валерий Александровичнинг ноғорасига ўйнай бошлади.

Орамизда бўлиб ўтган паст-баланд гапларни ёзадиган бўлсам, бутун бошли “Уруш ва тинчлик” эпопеясига айланиб кетади. Аммо мен бекорга вақтимни сарфлаб ўтирмайман. Ундан кўра, биринчи Бюродан кейин содир бўлган воқеалар тўғрисида гапириб бераман.

Биринчи воқеа: Қарши шаҳар партия қўмитаси ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири М.Т. Тиркашев билан шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи М.Н. Нурматов ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатдан кўчирма:

М. Тиркашев. – Ўртоқ Нурматов, сиздан илтимос, пединститутга беркитилган участка инспектори, лейтенант Хўжамуродовни дарҳол бизнинг ҳузуримизга жўнатсангиз!

М. Нурматов. – Тинчликми ишқилиб.

М. Тиркашев. – Тинчлик. Институт комсомол ташкилотининг секретари Исмат Хушев масаласида гаплашмоқчимиз. Эшитишимизча, Исмат қайсидир бир тўйда ичиб олиб, тўполон қилган экан. Ўша воқеани кўрган гувоқларни топиш лозим. Қисқаси, комсомол секретарининг ичиб олиб, тўполон қилгани тўғрисидаги маьдумот исботланиб, расмийлаштирилиши шарт.

М. Нурматов. – Кеча Валерий Александрович ҳам шу ҳақда сўраб-суриштирганди. Лекин ўша воқеага салкам бир йил бўляпти…

М. Тиркашов. – У ёғи билан ишингиз бўлмасин. Йигитча бизнинг қароримиздан норози бўлиб, ҳар жойларга шикоят қилиб юрибди. Хуллас, участка инспекторини топиб, ҳузуримизга жўнатинг! Қолган ишларни ўзимиз эплаймиз…

Иккинчи воқеа: Жисмоний тарбия ва спорт факультетининг 1- курс студенти Наримон Шодиевнинг менга ёзиб берган “Тушунтириш хати”дан кўчирма:

“Мени яқинда, аниқроғи, 20- декабрь куни шошилинч равишда шаҳар партия қўмитасига чақириб қолишди. Мен коммунист эмасман, лекин партияни ҳурмат қиламан, чақирилган жойга дархол етиб бордим. У ерда “Исмат Хушев битта тўйда ичиб олиб, тўполон қилган” деган мазмунда хат ёзиб беришимни илтимос қилдилар. Менга чой дамлаб беришди, оилавий аҳволим билан қизиқишди, келажакда ёрдам қиламиз дейишди. Майли, ёрдам берадиган бўлсангизлар, мен бор гапни ёзиб беришим мумкин, дедим.

Бор гап шундан иборат эдики, бундан олти-етти ойлар муқаддам ётоқхонамизга яқин жойдаги мақаллада ярим кечагача дабдабали тўй давом этганди, тўйхонада музикани овоз кучайтиргич билан бақиртириб қўйишгани учун талабалар дарс ҳам таёрлай олмадилар, ухлашмади ҳам.

Шунда сиз уч-тўртта бақувват студентларни (мен ҳам шулар орасида эдим) ёнингизга олиб тўйхонага боргандингиз ва музикани ўчиртириб қўйгандингиз. Мен “тушунтириш хат”имда шуларни ёздим. Уларга ўша воқеанинг тафсилотлари нима учун керак бўлиб қолганини дастлаб тушунмадим. Ҳатто менга ёрдам бериш мақсадида атайлаб синаб кўришяпти деб ўйладим.

Кейин билсам, улар сизни партия аьзолигига қабул қилишмаган экан. Ўлай агар, ўша “тушунтириш хат”имдан сизга Қарши дастак сифатида фойдаланишлари мумкинлигини қаёлимга ҳам келтирмагандим. Биз студентларнинг назарида сиз, Исмат ака, партияга муносиб инсонсиз! Биз ҳам сиздек ҳақиқатпараст бўлишни орзу қиламиз. Горкомга ёзиб берган “тушунтириш хат”им учун мени кечиринг…

Н. Шодиев. 10- январь, 1986- йил. (Имзо).

Учинчи воқеа: Жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчиси Тоштемир Арслоновнинг менга ёзиб берган “Тушунтириш хати”дан кўчирма:
“Бир куни шошилинч равишда горкомга чақириб қолишди. Ўзимни йўқотиб қўйдим. У ерда мендан Исмат Хушев тўғрисида бўлмаган гапларни ёзиб беришимни талаб қилишди. Ўртоқ Тиркашевнинг хонасида участка инспектори ҳам бор эди. Масьул ўртоқларнинг юзларидан ўтолмасдан, битта тушунтириш хати ёзиб бердим. Кейин маьлум бўлишича, ўша хатни дастак қилишиб, сизни партия аьзолигига қабул қилишмабди. Мен бундай бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Мен комсомол секретаримизни яхши дўст, қизларга гап отмайдиган ҳушёр сиёсий раҳбар деб биламан.

Т. Арслонов, 7- февраль, 1986- йил. (Имзо).

Тўртинчи воқеа: Ўша кунларда вилоят партия қўмитасининг Бюро аьзолари вилоят комсомол фаоллари билан ушрашдилар. Мен учрашув чоғида сўз олиб, шаҳар партия қўмитаси ва унинг такаббур биринчи секретари фаолиятини танқид қилдим.
Газета хабаридан: “Транспорт муаммолари, студентларнинг овқатланиши ва маиший турмушига ҳамда шаҳар партия қўмитасининг бевосита фаолиятига доир масалаларни Қарши Давлат педагогика институти комсомол ташкилоти секретари И. Хушев кўтариб чиқди. Вилоят партия қўмитасидаги учрашув комсомол ташкилотларига партиявий рақбарликни янада яхшилаб юборади”. (”Кашкадарьнская правда” газетасининг 1986- йил 8- февраль сонидан).

Бешинчи воқеа: Депутат В.А. Лозицкийнинг сайловчилар билан учрашуви чоғида унга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдим:
1.”Ҳурматли Валерий Александрович, Сиз биринчи секретарь ва Республика Олий Советининг депутати сифатида ўз ишингизда ва умуман, шаҳар партия қўмитасининг фаолиятида кечириб бўлмас ва қўпол хатоларга йўл қўйилаётганини тан оласизмиқ”

2.”Мана, Ўзбекистон Марказқўмининг ХVI- Пленумидан кейин бир ярим йил вақт ўтди. Сиз, Валерий Александрович, ўз ишингизни ХVI- Пленум кўрсатмалари бўйича қайта қуришни қачон бошлайсиз?”

В.А. Лозицкийнинг сайловчилар билан мазкур учрашуви 1986- йилнинг 15- февраль куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтади. 16 февраль куни эса мени шаҳар партия қўмитасига чақиртиришди. Биринчи Бюродан сўнг турли йўллар билан тўпланган “айбларим” билан ўзимни таништиришди:
– Энди аьзоликка тавсия этилмайсиз. Буниси аниқ. Бундан кейин жимгина юрмасангиз, шаҳардан бадарға қилиб юборамиз! – деди Лозицкий.
Мен ўзимни тутиб тура олмадим:
– Валерий Александрович, Сиз менинг устимдан бўҳтон уюштиришга қанчалик ҳаракат қилманг, лекин мен партия аьзолигига барибир ўтаман. Сиз ҳали бу қилмишларингиз учун жавоб берасиз! Мен партия билетимни шу ерда, биринчи секретарнинг қўлидан оламан! Аммо ўша пайтда Сиз бу кабинетда бўласизми-йўқми, буни аниқ айтолмайман, – дедим ҳаяжонланиб.
– Токи мен бор эканман, икки дунёда ҳам коммунист бўлолмайсан! – деди Валерий Александрович ўшқириб.
– Менга ўшқирманг! Уйингизга бориб арзанда қизингизга ўшқирасиз! – дедим-у, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетдим…

Орадан бир соат ўтар-ўтмас, мени партия аьзолигига ўтишим учун тавсиянома ёзиб берган коммунистлар – тарих фанлари доктори, профессор Обод Жўрақулов билан доцент Неьмат Элмуродовлар шошилинч равишда шаҳар партия қўмитасига чақиртирилади. Улардан менга берган тавсияномаларини қайтариб олиш талаб қилинади. Лекин улар бундай талабни қатьиян рад этадилар. Шундан сўнг менинг устимдан бўҳтон уюштириш компанияси янада қизитиб юборилади. Ғаюр кимсалар ҳар бир қадамимни кузата бошлайдилар.

Кейинги кунларда рақамсиз оқ “Жигули” изимдан тушганини сезиб қолдим. 4- февраль куни Казакова кўчасида турган машинамнинг орқа рақамини (94-40) ечиб кетишди. Маьлум бўлишича, рақамни участка инспектори Маҳмудов ечиб олган экан (Ўртоқ Маҳмудов нинг Қарши шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи номига 1986- йилнинг 10- февраль куни ёзган 576- сонли рапорти ҳам буни тасдиқлайди).

Уч сўм жарима тўлаб, машина рақамини қайтариб олдим. Лекин нима учун жарима тўлаганимни ҳалигача билмайман. Чунки ўша кўчада қар куни машинамни қолдирардим, бошқаларниинг машинаси ҳам ўша ерда турарди (агар ўша уч сўмни “Пахтакор” стадионига футбол кўргани кириб, операторга берганимда, мени беш-олти марта ашаддий мухлис сифатида экранга яқин келтириб кўрсатган бўларди).

13- февраль куни шаҳар партия қўмитаси биносининг рўпарасида кичик зобит Эшонқулов тўсатдан ҳайдовчилик талонимни тешиб берди. Айбим нималигини айтмади. Вақоланки, бир йилдан буён машинамни шу жойга қўярдим, ҳеч ким миқ этмасди.

17- февраль куни вилоят партия қўмитасининг иккинчи секретари М.Ф. Солдатов қабулида бўлдим. Обком биносидан чиқиб машинамга ўтирган пайтимдан эьтиборан ўша рақамсиз оқ “Жигули” изимдан таьқиб этиб келаверади – орқани кузатиш кўзгусидан уни зимдан кузатиб боравердим. “Заря” меҳмонхонасининг рўпарасида у мени қувиб ўтиб йўлимни тўсди-да, яна талонимни тешиб берди. Суриштириб билсам, рақамсиз машина хайдовчиси – ГАИ ходими Ўрол Жумаев экан. Унвони – старшина. Ўша ўзбошимча устидан шикоят қилиш учун Қарши шаҳар ички ишлар бўлимига бордим. Бўлим навбатчиси Йўлдош Раҳмонов арз-додимга қулоқ солиш ўрнига ҳамма ҳужжатларимни олиб қўйди…

5, 11, 16, 21- февраль кунлари участка инспектори Хўжамуродов ётоқхонамга кетиб, менинг ичган-ичмаганимни текшириб кетди.

Март ойида ҳам унинг кузатуви остида бўлдим.

Бир куни вилоят партия қўмитасига бориб:

– Қандайдир шубҳали кимсалар мени кузатиб юришибди, – дедим. – Агар менга бирор кор-хол бўлса, ўзларидан кўришсин! Шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Лозицкий мени ёлланма қотилларнинг қўли билан йўқотиб юбормоқчи деб хат ёзиб, ишончли одамларга тарқатиб қўйганман. Бир неча нусхада. Айтиб қўяй, менинг ўлигим жуда қимматга тушади! – деб очиқчасига огоҳлантирдим.
Ажабки, эртаси кунидан бошлаб мени ҳеч ким кузатмай қўйди. Қўрқишдими ёки менга раҳмлари келдими – билмайман.

15- февраль куни Ленин кўчаси бўйлаб кетаётсам, узун бўйли, келишган ГАИ ходими машинамни тўхтатди, ҳужжатларимни текшираётиб, паст товушда:

– Сиз ростдан ҳам Хушевмисиз? Институт комсомол ташкилоти секретаримисиз?- деб сўради.

– Ҳа, менман, – дедим негадир юрагим ғашланиб.

– Қайси райондансиз, ука?

– Китобданман. Нимайди? – дедим.

– Ёнингизга ўтирсам майлими? – деб изн сўради. Бир оз ўйланиб ўтиргач: – Мен сизга бир гап айтаман, лекин кимдан эшитганингизни бировга айтмайсиз. Келишдикми?

– Бўпти, айтмайман, – деб ваьда бердим.

– Вилоят ГАИси дачасининг биллиардхонасида 1- февраль куни шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи Нурматов билан вилоят

ГАИсининг бошлиғи Азимов учрашишди. Улар Исмат Хушев тўғрисида гаплашдилар. Суҳбат давомида Валерий Александрович билан шаҳар паррандачилик фабрикаси директори Меркуловларнинг номлари бир неча марта тилга олинди. Улардан сизни кузатиб, устингиздан маьлумот тўплаш тўғрисида топшириқ олишган. Вилоят ГАИсида завхоз бўлиб ишлайдиган Хасан ака ўша суҳбатни эшитган. У меҳмонларга палов дамлаб берган, косагуллик қилган. Ўша куни эрталаб Меркуловни Азимовнинг қабулхонасида учратишган. Биласизми, йўқми, Меркулов Лозицкийнинг божаси бўлади. Шунинг учун ҳам паррандачилик фабрикасининг хизмат машинаси рақами “11-70 КФО”. Ҳолбуки, бундай рақамлар фақат обком ва облисполкомга қарашли машиналарга берилади. – деди ГАИ ходими. – Синглим институтда ўқийди, биз ҳам сизга хайрихоҳмиз. Ҳушёр бўлиб юринг…

ГАИ ходимлари орасида ҳам инсофли, диёнатли инсонлар бор экан.

Кейин Қаршида сайловчиларнинг И.Б. Усмонхўжаев билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўша учрашувда қатнашадиган сайловчилар ҳам олдиндан “сайлаб” олинди. Мен сайлаб олинган сайловчилар рўйхатида йўқ эдим. Институт парткоми Жалил Шукуровичдан:

– Нега рўйхатга мени киритмадингиз – деб сўрадим.
– Узр, Исматжон, горкомдан шундай кўрсатма беришган, – деди у рўй-рост.
– Лекин мен бари бир учрашувга бораман ва сўзга ҳам чиқаман! Керак бўлмса, шоир Усмон

Азимовнинг ХVI- Пленумга бағишланган балладасини ёддан ўқиб бераман! – дедим одатдагидек ҳаяжонланиб.
– Қанақа баллада? – деди Жалил Шукурович хавотирланиб.
– “Ёшлик” журналида эьлон қилинган, “Тазарру” деб аталади. Охири: “Ленин тирик экан, ишондим!” деб якунланади…
– Ҳа-а, – деди партком секретари енгил тин олиб, – мен ўйлабманки, партияга Қарши шеьрмикан деб…

Лекин ўша куни воқеалар бошқача тус олиб кетди. Соат ўн иккиларда институтга шаҳар ҳарбий комиссарлигидан майор Муродов келиб, мени роса қидиради. Мен бўлсам, кутубхонада ўтириб, оташин нутқ сўзлашга ҳозирланаётган эдим.
– Зудлик билан военкоматга етиб борсин! – деб майор Муродов менга чақириқ қоғози ташлаб кетибди. Бу расмий қоғоз (повестка) бўйича, кечки соат 16.00 да ҳарбий комиссарликда ҳозир бўлишим лозим эди. Айтилган муддатда комиссарликка бордим. Улар мендан паспорт билан ҳарбий билетимни талаб қилишди. Бердим.

– Ўртоқ сержант, сизни уч ойлик ҳарбий хизматга сафарбар этамиз, – дейишди.
– Майли, Афғонистонга урушга юборсаларинг ҳам боравераман, – дедим пинак бузмасдан.
– Нима бало, у ёқда сизни Аҳмадшоҳ билан Ҳикматёр нон-туз билан кутиб оладими? – деб пичинг қилди иккинчи бўлимнинг бошлиғи.

Индамадим. Девордаги соатга қараб ўтиравердим. Билардимки, менга хайрихоҳ бўлган “партизанлар” аллақачон ҳаракатни бошлаб юборишганди. Дарҳақиқат, “партизанлар”им (фаол комсомоллар) мени қўққисдан ҳарбий комиссарликка чақириб кетишганидан отамни ҳабардор қилгандилар. Отам эса керакли жойларга телефон қилиб, шов-шув кўтаради. Шу боис роппа-роса кечки соат саккизда менга комиссарликдан жавоб беришди. Лекин Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев билан учрашув аллақачон бошланган, ҳозир якунланиш арафасида эди…

Хуллас, В.А. Лозицкий 7- апрель куни республика рақбарининг олдида ўзини фош этиши мумкин бўлган потенциал “сайловчи”ни шу йўсинда зарарсизлантириб қўяди.

Қизиқи шундаки, Китоб район партия қўмитасининг биринчи котиби Ю.А Мелентьев бир куни отамни ҳузурига чақиртириб:
– Маҳмуд ака, агар ота-бола яна уч-тўрт ой жим юрсаларингиз, Исматжоннинг ишлари ҳам ижобий ҳал этилади, – дейди. – ҳадеб шикоят қилаверишдан фойда чиқмайди. Ростини айтсам, менга вилоят партия қўмитасидан сим қоқиб шундай дейишди. Отам тўғри гапни айтгани учун унга ташаккур билдиради…

Ниқоят, шаҳар комсомол қўмитаси мени ишдан бўшатиш тўғрисида Бюро қарорини чиқарди. Ўртоқ М.Р. Хидирова виқор билан институтга келди:

– Исмат Маҳмудович, марҳамат қилиб комсомол секретари хонасини бўшатиб қўйинг! Сейфнинг калитини, муҳрни менга топширинг! – деди у.
– Кечирасиз, яхши қиз, мен бу вазифага институт комсомол ёшларининг умумий йиғилишида сайланганман. Агар йиғилиш чақирилиб, институт ёшлари менга ишончсизлик билдирсалар, ана ўшандагина мендан ишимни ҳам, кабинету сейфларнинг калитини ҳам олишингиз мумкин.

Манзура Хидирова дарҳол шаҳар партия қўмитасига телефон қилиб, маслаҳат сўрайди:
“Милиция чақириб, кабинетидан қувиб чиқаринг, муҳрни тортиб олинглар!” деб кўрсатма беради Розия Аёзовна. Лекин Хидирова бундай қилишга журьат этолмайди. Чунки менга тарафдор бўлган институт комсомол ёшлари милицияни менинг кабинетимга яқин йўлатмаслигини у яхши биларди…

27- февраль куни мени шаҳар партия қўмитасининг иккинчи Бюросига таклиф этишди. Ўша куни эрталаб горком инструктори Ботир Эгамов институтга келиб партком секретари Ж. Шукуров ва унинг ўринбосари Л. Яковенколарга учрашади:
– Агар Исмат партияга аьзо бўлишни истаса, биз тайёрлаган ҳужжатларда кўрсатилган камчиликларни тан олиши ва йиғилишда сайрамасдан, жим ўтириши лозим, – деб огоҳлантиради.
– Қанақа ҳужжатлар, нималар ёзилган экан? – деб сўрадим улардан. Инструктор қандай ҳужжатлар тўғрисида гапирганини партком секретари билмасди.

Бюро йиғилишига бордим, лекин мени қабулхонага чиқариб қўйишди. Бир соатлардан сўнг ичкарига таклиф этишиб:
– Яна номзод бўлиб юриб турасиз… – дейишди.

Иккинчи Бюро йиғилишидан сўнг мен шаҳар партия қўмитаси Бюроси аьзолари орасида ўзининг мустақил фикрига эга бўлган бирорта коммунист борлигига ишонмай қўйдим. Тўғри, икки киши ўша Бюрода мени қўллаб овоз берибди, бир киши “бетараф” бўлиб қолибди.

Ўша кунларда Москвада КПССнинг XXVII қурултойи иш бошлаган эди. Мен ўйлаб-ўйлаб, ахийри қурултой номига телеграмма йўллашга қарор қилдим. Мана, ўша телеграмманинг ўзбекча нусхаси:

“Қурултой кунларида мен сизларни коммунист сифатида табрикламоқчи эдим. Бироқ, Қарши шаҳар партия қўмитасининг фаолиятини кескин танқид қилганимдан сўнг, уларнинг менга муносабатлари тубдан ўзгариб қолди. Шахсан биринчи секретар В.А Лозицкийнинг таьқиб ва тазйиғига учрадим. Шаҳар ички ишлар бўлимининг ходимлари изимдан пойлаб юришибди. Горкомнинг ташкилий ишлар бўлими эса менинг устимдан бўҳтон ва сохта маьлумотлар тўплаш билан машғул.

Ҳатто мени КПСС сафига тавсия этган коммунист ўртоқларни шаҳар партия қўмитасига чақиришиб, менга берган тавсияномаларини қайтариб олишларини талаб этишяпти. Бундай кўнгилсиз воқеалардан сўнг одамлар мендан ўзларини олиб қочадиган бўлиб қолишди. Шунинг учун менинг партиявий масаламга шошилинч равишда аралашиб, бу ишни бир ёғлик қилиб беришларингни сўрайман”.

Орадан икки кун ўтиб, Мени шошилинч вилоят партия қўмитасига чақиришди. Парткомиссия аьзолари мен билан суҳбатлашдилар.
Сўнгра вилоят партия қўмитасининг ташкилий ишлар бўлими мудири Яков Михайлович мени ўз ҳузурига чақириб:
– Баҳористон район газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлашни хоқлайсанмиқ – деб сўради.
– Партия мени қаерга юборса, ўша ерда ишлайвераман! – дедим ҳаяжон билан.
– Жума куни масалангни яна Бюрога қўямиз. ҳар қалай, партия аъзолигига номзодни бош муҳаррирга ўринбосар этиб юбора олмаймиз, – деди Яков Михайлович. Мен билан обкомда бўлган мазкур суҳбатда вилоят комсомол қўмитасининг биринчи ва иккинчи котиблари Саидмуродова ва Семёновлар ҳам иштирок этган эдилар.

Мен қувонганимдан йиғлаб юбораёзгандим: партияга аьзо бўлсам, Ҳатто Мадагаскарга бориб ишлашга ҳам рози эдим…

13- март куни мени учинчи марта Бюрога таклиф қилишди. Унда вилоят партия қўмитаси ҳузуридаги парткомиссия раиси, обком Бюроси аьзоси Николай Михайлович Видешин ҳам иштирок этди. Одатдагидек, бу Бюрода ҳам ҳеч қандай савол-жавоб бўлмади.
Бирданига менинг аьзо бўлиш-бўлмаслик масаламни овозга қўйишди: олти киши менга қарши, беш киши мени ёқлаб овоз беришди. Валерий Александрович қўл кўтаришга шошилмади. Агар у ҳам мени ёқлаб овоз берса, ҳисоб “дуранг” бўлиб қоларди. Бундай вазиятда биринчи секретарь қайси тарафда бўлса, ўша томон қолиб келарди. Бироқ, В.А. Лозицкий “қаршибойлар” сафига ўтиб кетди. Парткомиссия раиси жаҳл билан, мен эса яна умид билан Бюрони тарк этдик…

Ҳаммаси яна бошидан бошланадиган бўлди. Ўзимнинг кимлигим тўғрисида ҳужжатлар тўпладим. қалингина папкадан иборат бўлган бу ашёвий далиллар билан В.А. Лозицкийнинг оғзига уришни истардим.

“Ўртоқ Хушев И.М. интизомли, ижрочи ҳодим сифатида ўзини кўрсатди. У институтнинг жамоат ҳаётида фаол иштирок этади, комсомол етакчиси сифатида партия ва совет ҳукуматининг қарорларини зўр ғайрат билан ҳаётга тадбиқ этади. Студентлар ва профессор-ўқитувчилар орасида катта обрў-эьтиборга сазовор бўлган. Унинг характеридаги ташкилотчилик қобилиятини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим”. (Қарши Давлат педагогика институтининг ректори, профессор М.Н. Болтаев (имзо), партия ташкилотининг
секретари, доцент Ж.Ш. Шукуров (имзо), маҳаллий қўмита раиси А.А. Аминов (имзо).

Худди шундай “характеристика” Москвага ўқишга кетаётган пайтимда ТошДУ ректори, академик Т.А. Саримсоқов томонидан ҳам берилган эди, унинг нусхасини ҳам “шахсий папка”га тикиб қўйдим.

Бундан ташқари, В.А. Лозицкийнинг Ленин мавзолейига қандай қилиб гулчамбар қўйганимни сўраб, ажабланганига жавобан ўша пайтларда қандайдир сабаблар билан Абдулла Орипов ёзиб берган хатни ҳам “папка”га қўшдим: “Мен яқинда бирталай ўзбек адиблари билан СССР ёзувчиларининг VII – сьездида иштирок этиш учун Москвага борган эдим. Биз ҳар гал ватанимиз пойтахтига борганимизда Ленин мавзолейини зиёрат қилишни одат этганмиз. Бу сафар ҳам биз сьезд делегатлари билан қизил Майдонда бўлиб, доҳий мавзолейини зиёрат қилдик. Шу маросимда адабиётимизнинг ёш авлодига мансуб бўлган талаба
укамиз Исматжон ҳам иштирок этди. У ҳаммамизнинг номимиздан саф олдида туриб гулчамбар кўтарди. Мен ушбу ҳолатни кўриб ниҳоятда фахрландим. Шу фахр бизни сира ҳам тарк этмасин!” (Абдулла Орипов, Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофотининг лауреати, 1981- йил, 5- июль,(имзо), Москва шаҳри).

“Шахсий папка”мга ҳатто ҳарбий хизматда юрган кезларимда олган Фахрий Ёрлиқ билан “ташаккурнома”ни ҳам илова қилдим…”
Ҳозир орадан ўн беш йил ўтгандан сўнг, аьзолик азобларини ўйласам, гоҳ кулгим қистайди, гоҳида хўрлигим келади. ғўр эканман, дейман ўзимга-ўзим. Исматбой, аҳмоқ экансан, дейман ўзимга ўзим! Беҳуда ўтган кунларимга ачинаман, увол бўлган соф туйғуларимга мотам тутгим келади.

Лекин барибир беҳуда курашлар билан ўтган кунларим ҳаётимда из қолдирди-ку деб, ўзимга таскин бераман. Тўғри, ўша курашлар ўн беш йилдан кейин кулгили туюлади, беҳуда чиранишларга ўхшаб кўринади. Бироқ, мен ўша пайтларда ҳам ўзим учун муқаддас бўлган принципларни ҳимоя қилган эдим, яьни қорним учун эмас, қадрим учун ҳузур-ҳаловатимдан воз кечгандим. Бу курашлар менга сабоқ бўлди, кўзларимни мошдек очиб қўйди.

Хўш, менинг кўрган-кечирганларим ҳам айнан “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшамайдими? Афсуски, бу қисса учун номзодимни Нобель мукофотига тавсия этиш нари турсин, ҳатто қарғиш теккан партия аьзолигига ҳам раво кўришмаганди!

(Давоми бор)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares